Қаерда ишлаш яхши?
Бунда икки йил олдин шу савол билан мурожаат қилган дўстларим бугун ҳам ўша фикрда. Улардан бири масалан, “Бугун учун энг зўр касб СНБда ишлаш” деган бўлса, яна бири “прокуратура ҳам ёмон эмас” деди. Қаерга борса сканворд олволиб, ундаги тўртта сўзни аранг топа оладиган яна бир дўстим эса бу икки тахминни пачоқ қилди. “Э-э, СНБ ҳам, прокурор ҳам ҳозир ҳеч нарса эмас, Ўзбекистонда сразу или президент бўлиш керак, или Ўзбекистондан кетиш керак”, деди у. Аввал давра боши, сўнгра биз кулиб юбордик.
Умуман олганда унинг гапи анча мантиқли топилди. У ҳатто буни ўзича изоҳлаб ҳам берди. “Масалан, ҳеч қайси қонун, қарор сен учун кучга эга эмас, йўлинг ҳамма вақт очиқ, чет элга бемалол чиқаверасан, бутун мамлакат аҳли аранг 65 ёшгача яшаса, сен 101га кирсанг ҳам йиқилмайсан, хуллас кайф”, деди сканворд “устаси”. Шу пайт сигаретининг сўнгги донасини олиб, синиб кетгани боис сўкиниб нари отган яна бир дўстимиз сўзга аралашди. Унинг айтган сўзи энг оригинал деб топилди. Унинг мантиқига кўра, “Ўзбекистонда зўр яшаш учун президент бўлиш шарт эмас, унинг қизи бўлиш ҳам зўр оғайни, даже лучше”. “Ўғли бўлиш дегин”, дедим уни адашган санаб, у эса бош чайқагани ҳолда, “ўғли бўлмайдида унинг… қанақанги фантазияларга берилган чоғингда ҳам халқни ҳурмат қилиш керак-ку ахир, қизи шунчалик бўлганда ўғлини тасаввур қил”, деди кашанда. Ҳамма тағин кулиб юборди.
Бу сафар компьютер устаси бўлган дўстим ўз фикрини айтди. Унинг айтишича энг зўр иш бу, етук компьютер программачиси бўлиш. Зеро, ана шу касб эгалари бугун Ўзбекистонда “дефицит” экан ва шунинг учун ҳам бозори чаққонмуш. Ажойиб фикр, дедим мен унинг елкасини қоқиб. “Мелиса бўлиш ҳам в принципе яхши”, деди табиатан кам овқат ейдиган ва шу боис ҳамма қовурғасини ўн етти метр наридан ҳам бемалол кўриш мумкин бўлган яна бир дўстим. Давра боши унга бир қарадию, “так и рождаются козлы”, деди. Ҳамма кулиб юборди. Хафа бўлган дўстимиз эса, “нега куласанлар, ахир бугун ким, нима иш қилмоқчи бўлмасин шу касб эгаларига юзма-юз келадими? Ҳа. Шуларга узатадими? Ҳа, демак…” деб ўз фикрини ҳимоя қилишга тушди. Шу пайт ошпаз амаки, “у ҳолда энг зўри судья бўлишлик экан”, деб юборди. Вообшето тўғри, тўҳтовсиз “олиб” юрасан, деган иддао билан ошпаз амакининг гапини маъқулладик.
У ёғига қий-чув кўтарилди, сабаби дўстлар қизиқиб кетиб униси яхшироқ, буниси яхшироқ дейишга тушган эди. Супермаркет эгаси бўлишлик ҳам айтилди, ЖЭК бошлиғи бўлишлик ҳам, у ёки бу ишлаб чиқариш директори, президент маслаҳатчиси, Бош вазир, унинг ўғли ёки ўринбосари, чет элда элчи бўлишлик ҳам эсланди, шифокор бўлишлик, қурувчи фирма бошлиғи, тан соқчи… Тан соқчи? Ҳамма бирдан жим бўлиб қолди. Яъни? Бу таҳминни ўртага ташлаган дўстимиз изоҳлашга киришди, “масалан президентнинг тан соқчилари ҳам яхши яшайди, улар ҳам почти президент-ку”…
Анча ўтирдик, яна бир нечта қулай касблар эсланди. Сўнгра ҳаммамиз кўчага чиқдик. Вақт алламаҳал бўлгани боис айрим дўстлар дарҳол кетиб қолди. Мен яна уч дўстим ва ошпаз амаки эса яёв кетдик. Йўлда ким нима деганини эслаб чунонам “хо-хо”лабмизки, ҳатто кеч бўлгани, мумкин одамлар уҳлаётганини унутибмизу. Бир маҳал, “ғийқ” этиб ёнимизга иккита милиция машинаси келиб тўхтади. Ҳеч бир сўзсиз машинага чиқиш айтилди. Чиқдик. Милиция бўлинмасига келганимиздан сўнг ўта қўпол оҳангда суҳбат бошланди. Ундоқ десак ҳам, бундоқ десак ҳам бўлмади. Тамом, бўлинмада тунаймиз, чоғи. Анча овора қилишди, ниҳоят протокол деган нарса қоралана бошланди. Милиция ходимлари беш ўғлоннинг исм фамилиямиз, туғилган йилимиз, уй манзилимизни ёзиб олгач, ким қаерда ишлаши ҳақда сўради. Энг қизиғи шунда бошланди. Биринчи бўлиб ошпаз амаки боплади, мен фалон заправкада (ёқилғи қуйиш шахобчаси) ишлайман, кимга қарашли эканини биларсизлар-ку а, деди. Милиция ходими жим бўлиб қолди…
“Сиз қаёқда ишлайсиз”, кейинги дўстимизга мурожаат қилди милиция ходими, “радио Террада” деди у (Г.Каримовага қарашли) ҳам жиддий туриб. Милиция ходимининг ютунгани, назаримда қўшни хонага ҳам эшитилди-ёв. Кейинги дўстим “Сен ёлғиз эмассан” жамғармаси бошлиғи ўринбосари бўлди (Лола Каримованинг жамғармаси), яна бири “такси Фортуна” молиячиси, тўртинчи дўстим “Фонд.Форум.уз” (бу ҳам Г.К.га қарашли)да ишлашини, айтди. Милиция ходими унга қараб анқайиб туриб қолган эди, дўстим хоҳламайгина бу нелигини ва ким томонидин ташкил этилганини билдириб қўйди. Милиция ходими яна ютинди.
Навбат менга келди, азбаройи калламга ҳеч қандай таниқли ташкилот келмагани боис, мустақил журналистман дедим. Милиция ходими ёзгани қоғозни кўтариб қўшни хонага чиқиб кетди. Сал ўтмай чой, қанд, иккита нон ва қайноқ кабоб кўтарган икки милиция ходими, уларнинг кетидан яна иккитаси кириб келишди. Улардан бири бўлинманинг каттаси, бугун туғилган куни экани ва шу кабобларни бизга илинганини айтди.
Чой ичилиб, кабоб ейилгач дўстларни кузатишди, менга эса бироз кутиш айтилди. Ўн дақиқа ўтгач мени ҳам қўйиб юборишди. Милиция бўлинмаси коридори бўйлаб борар эканман, кузатиб бораётган милиция ходими, “Ака, дўстларингиз катта одамлар экану а, бошлиқ бояги қоғозни кўриб, қўрқиб кетди”, деди. Индамадим. “Сизни кечроқ кузатаётганимизнинг боиси, бир икки жойга қўнғироқ қилиб, эркин журналист нима дегани ҳақда сўрашни буюрганди” деди. “Сўрадингларми?” қизиқдим ундан, “ҳа” деди у. “Нимайкан?”, милиция ходими узоқ жим борди-да, дарвозадан чиқариб юборар чоғи, “дўстларингиз яхши жойда ишлашар экан, ака” дедию, ичкари кириб кетди.
Ташқарида ошпаз амаки ва уч дўстим кутиб турарди. Қайта кўришдик ва индамай йўлга тушдик. Анча йўл юргач, бўлиб ўтган воқеани эслаб кулиб юбордим, дўстлар ҳам кулишди. Ошпаз амаки эса, “тинчликми?” деб сўради. “Қаерда ишлаш яхшироқ экан?”, дедим мен кулишда давом этиб. Яна ҳамма кулиб юборди…
Нидои Мазлум.
Filed under: 1.BOSH SAHIFA, Uzbek |
Leave a Reply