МУАЛЛИМ МУРОД: МУСТАҚИЛЛИКНИ КИМ ТОПТАДИ?

1. КАРИМОВНИ ТАНИШ

Ҳар қандай инсон борасида, жумладан, катта давлат раҳбарлари ҳақида гапириш, унинг фаолиятига, айниқса, инсоний хусусиятларига баҳо бериш катта масъулиятни талаб қилади. Шу масъулиятдан соқит бўлиш учун, кўпинча, гапирмаган дурустроқдай туюлади, лекин давлатлар тарихига қарасангиз, раҳбарлар ҳақида гапирмагандан гапирган, уларни таҳлил қилмагандан кўра таҳлил қилган фойдали эканлигига амин бўласиз. Негаки, давлат раҳбарлари шахсиятида халқнинг тақдири мужассамлашади, уларнинг ютуқлари ўз халқини обод, хатолари барбод қилади.

Бугун Ўзбекистонда озгина бошқача об-ҳаво ҳукмрон. Яъни аввалги Президентимиз Каримов ўлиб, Мирзиёев давр сурмоқда. Даври ўтгани, халқонароқ қилиб айтганда, отдан тушгани учун Каримов ҳақида гапирувчилар кўпайган бир замон ҳозир. Қарангки, аксарият гап-сўзлар собиқ Президент ҳақидаги негатив, салбий хабарлар, кашфиётлардир. Албатта одамлар давлат раҳбари ҳақида гапиришга, унинг хатоларини санашга ҳақли. Ҳатто фуқаронинг оддий одамга қараганда мансабдор шахс, раҳбар тўғрисида гапиришга кўпроқ ҳаққи бор деб биламан, негаки раҳбар ҳақида гапириш – бу, ўз тақдири тўғрисида гапиришнинг айни ўзи.

Масаланинг иккинчи томони борки, менинг шахсий принципимга кўра, қачон ва қандай шароитда гапириш муҳим. Масалан, кўпчилик ҳозир Каримовни бемалол, ўзини барча масъулиятдан холи тутган ҳолда ёмонлашга тап тортмайди, шахсан мен учун Каримов ҳақида ҳозир бирор нима дейиш илгари ўзининг ҳокимияти даврида уни танқид қилгандан кўра қийинроқ. Мирзиёев ҳукмронлиги даврида туриб Каримов айбини санашим ўзимга ярамасликдай, қўрқоқликдай туюлади баъзан. Чунки агар танқид зарур бўлса, ҳозир Каримовни эмас, Мирзиёевни танқид қилишим керак эмасми? “Каримовнинг замонида нега жим эдинг?”, “Ўшанда Каримов 30 миллион инсонни зулм тиғи билан идора этганда қаерда эдинг, қайси бурчакда моғор босиб ётгандинг?” дейман ўз-ўзимга. Шунинг учун собиқ Президент замони тўғрисида ёзилажак ушбу битигимга муносабат, танқид деб эмас, хотира тарзида ёндашилиши тарафдориман.

Каримов ҳақида билганларим, таассуротларим, у барқарор қилган тузум туфайли кўрган зарарларим ҳақида ёзмоқ аввалдан режамда бўлган, афсуски, мен ёзиб ул номани Каримовга бермасимдан у қазо қилди. Узоқ иккиланишдан сўнг барибир ҳам ёзишим керак деган фикрга келдим. Асосийси – ҳаддан ошмасам, йўқни бор қилмай, борни кўпиртирмай ёзсам, шу эмасми бир фуқаронинг ўз ҳаддини билиши? Умид қиламанки, номамни ўқиган ўқувчи менинг ёзганларим билан Каримов шахсига бўлар-бўлмасга тош отувчиларнинг гапи ўртасида фарқ борлигини кўра олади ва иккисини бир-биридан алоҳида деб қарайди.

Албатта менинг Каримов ҳақидаги билимим таассуротлар ва шахсий ижтимоий-сиёсий кузатма-таҳлиллардан иборат; мен уни шахсан ҳеч қачон кўрмаганман, демакки, унинг асл инсоний қиёфаси ҳам менга қоронғу. Бироқ мен ҳам миллионларнинг бири сифатида шу Ўзбекистонда яшайман, шу давлатда юз берган катта-кичик воқеаларнинг озми-кўпми менинг ҳаётимда ҳам таъсири бор.

Каримовни мен 1991 йилда таниганман. У пайт Ўзбекистон энди сиёсий мустақилликни қўлга киритган давр бўлиб, мен энди иккинчи синфда ўқир, ҳали оқ-қорани тузук-қуруқ ажратмас эдим. Айтишим жоизки, узоқ йиллар давомида Каримов ҳақида катталардан бирор тузукроқ гап эшитмаганмиз, ҳамма нуқул ёмонлагани-ёмонлаган эди. Совун нархи ошганлиги учун Каримовнинг отасини лаънатлаган кампирлар, пул қадрсизланаётгани учун уни сўккан маҳалла эркаклари ёдимда қолган. Ёш-қари эркаклар туманимиз марказидан қатновчи эски совет автобусларида Каримов ҳақида гапиришар, унинг Россия билан узоқлашиш сиёсатини юритаётгани туфайли халқнинг қийналаётганидан куюнишарди, ғазабланишарди. Бир жиҳати эътиборлики, 90- йилларнинг ўрталаригача одамлар кўча-кўйда, жамоат жойларида, автобусларда Президентни танқид қилгани, уни сўккани ҳечам ҳайиқишмасди. Қўрқув деган офат одамлар ҳаётига кейинчалик кириб келди. Майли, бу ҳақда кейин гаплашамиз… Хуллас, мен ёш бола Каримов деганини ҳеч кимга ёқмайдиган, барчани қийнаш учун ҳокимиятга келган бир жаллод сифатида тасаввур қилардим. Каримов ҳақидаги яхши гапни фақат мактабдаги ўқитувчимиздан эшитардик, у “Каримов бизни мустақил қилди” дерди. Биз эса мустақиллик не эканлигини тушунмас, фақат бу гўзал сўзнинг ҳуснига маҳлиё эдик, шу сўзнинг ўзи билангина қониқиб, унинг бизда, ҳаётимизда борлигидан фахрланардик.

Тахминан, 1992 йил. Наманганда Жума Намангоний дегани чиққанмиш. Ким экан у? Дадамнинг айтишича, у агар Каримовни енгса, бизнинг ҳаммамизни мусулмон қилармиш.

– Дада, мусулмон қанақа бўлади? – сўрайман мен қизиқиб.

– Мусулмон намоз ўқийдиган одам, – дейдилар дадам.

– Санам бибимга ўхшаган одамми? Санам бибим намоз ўқийди, кейин ҳаммамиз намоз ўқиймиз экан-да…

Мен шу кампирдан бошқа намоз ўқийдиган одамни деярли кўрмагандим. Менга Санам бибининг намоз ўқиши ёқар, бу хатти-ҳаракат қандайдир кўзимга сеҳрли ва гўзал кўринар, мени ўзига жалб этарди. Шунинг учунми, одамларнинг яқинда намозхон бўлиши хабари мени хурсанд қилган, шу куннинг келишини кута бошлагандим. Лекин бу кун келмади, аксинча, кейинроқ одамларни намоздан – диндан узоқлаштириш сиёсати юритилди. Намоз ўқиган одамларнинг Каримов даврида чеккан хўрликлари, зарарлари ҳақида ҳамма яхши билади…

1993 йил. Бир куни ўқитувчимиз синфга кеч қолиб, лекин шошганча кириб келди-да, салом-алик ҳам қилмай:

– Дафтарларингни очинглар, мадҳия ёзамиз! – деди.

Сўнг бўрни олиб, доскага ёза бошлади: “Серқуёш, ҳур ўлкам, элга бахт, нажот…”

Мадҳиянинг қуйидаги мисраси бор: “Улуғ халқ қудрати жўш урган замон”; шу мисрадаги “урган” сўзини Сўҳроб “ўлган” деб ёзибди, хатосини айтгандим, тан олмай “Мен тўғри ёзганман, ўзинг хато ёзибсан” деб даъво қилди. Сўҳроб синфимиздаги энг аълочи ўқувчи бўлгани, яна бошқаларга таъсири катталиги учун болалар унга овоз беришди ва “урган” деб ёзганлар ўчириб сўзни “ўлган”га ўзгартиришди.

– “Ўлган замон” ўликлар жойини – қабристонни англатади, “жўш урган замон” дегани тирикликни билдиради, – дедим. Бу гапимдан сўнг болалар мен тарафга ўтишди…

Ҳозир ўйласам, аслида Сўҳроб ҳақ бўлгандек туюлади. Албатта у матнни тушунмасликдан шундай хато қилганди, бироқ тақдир худди биз яшаган Каримов даврининг туб моҳиятини шу Сўҳробнинг арзимас хатоси ичига яшириб қўйгандек… Чиндан, тириклигимиз ҳамма вақт ҳам тан олинмади, эркин фикр сабабли, озод сўз туфайли бошимиз мусибатдан чиқмади, ҳар биримизнинг иродамиз қўрқув аталмиш тошдан-да қаттиқ девор билан иҳота қилиб ташланди…

  1999 йил. Менда кескин ўзгаришлар бўлган давр сифатида бу йил эсимда қолган. Биринчидан, бошқа синфдошларимга қараганда жисмонан ривожланганроқдек эдим; аввал мени назар-писанд қилмайдиган болаларнинг кўпи мен билан ҳисоблашадиган, айримлари қўрқадиган бўлиб қолди. Ақлим ҳам хийла ривожланган, фикрларим ўқитувчиларнинг эътиборига тушган, шеър ёзишда қўлим анча келишиб қолган,  фалсафий-ҳаётий қарашларим онгимга сиғмай бошлаган эди. Назаримда, энди уйғонаётгандек эдим. Аммо, афсуслар бўлсинки, уйғониш – роҳат эмас экан! Уйғондим-у, атрофимдаги чиркинликлар, муҳитимдаги тангликлар, катта-кичик муаммолар бирданига кўзимга кўриниб қолди. Эндиги ҳаётим муаммолар билан курашишдан иборат бўлиб қолди. Нетайки, Каримов “озод ва обод” дея шундай мустабид ва барбод давлатни бино этиб қўйган экан. Не тонгки, атрофимда ҳамма бошқача фикрлар, тўғрироғи, ҳеч ким фикрламас эди. Мен кўраётган нарсаларни наинки синфдошларим, катталар ҳам кўрмас, агар мен уларнинг эътиборини шундай муаммоларга қаратмоқчи бўлсам, улар муаммони эмас, менинг ўзимни таҳлил этишга киришарди. Менга қозилик қилишар, ҳаётимни, фикрларимни ўзлари истаган ва ҳаёт йўли деб таниган ўзанга бурмоқчи бўлишарди. Мен одамларга тушунмас, нега менга бунчалар ҳавони сиқиқ, эшикларни ёпиқ қилишаётгани сабабини англаб етмас, нажотни фақат уларнинг носоғлом мафкураларига қарши курашда деб билар ва курашардим. Натижада келгуси ҳаётим муаммоларга тўлиб-тошди, кўпчиликнинг башоратича, бу муаммолар тошқини кун келиб мени оқизиб кетиши лозим эди. Лекин, билиб турганингиздек, мен ҳамон жойимда турибман ва камига ҳалиям тирикман. Умид шуки, муаммолар мени эмас, мен муаммони енгиб ўтгум. Зеро умр – азиз, инсон ҳаёти ҳар қандай ғоялардан, тузумдан устун туради. Кимдандир умрини қайсидир ғояга ёки мафкурага хизмат қилдиришини талаб қилиб, кутиб бўлмайди – ҳатто ундай ғоялар олий қадриятлар бўлса ҳам. Талабалик йилларимда менинг коррупционер амалдорларга бўлган муросасиз муносабатимдан огоҳ бўлган бир мунофиқнинг қасддан “Сиз Ватанимизни севасизми?” дея берган саволига тахминан қуйидагича жавоб бергандим:

– Бизнинг Ватан ҳақидаги тушунчамиз, унга қарашимиз бир хил деб ўйламайман. Менинг ўз Ватанимни севишим масаласида айтишим мумкинки, бунинг Сизга ҳечам алоқаси йўқ; сизнинг Ватанингизни эса мен севолмайман! Сиз мени Ватанни севмас экан деб ҳисобласангиз ҳам розиман ва бу билан ҳеч нарса ўзгармайди…

Мен бу жавобимда ким нимани севишини назарда тутганман: кўпчилик мунофиқлар, сохта ватансеварлар Ватанни севишни ниқоб қилиб, аслида унинг бойликларини, мансабу мартабаларини севишади; бундайлар шу нарсаларни беришга қодир саналган казо-ю катталарнинг қозонини ялайди ва кези келганда катталар оёғи тагини супуриб тўплаган тоши билан бечоралар бошини ёради!

У мунофиқ менинг сўзимни тушунмаган, шунинг учун мақсадига зид ўлароқ, гапимдан фитна қуроли сифатида фойдалана олмаганди. Ҳақиқатдан, нега кўпчилик одамнинг жамият ва давлат олдидаги ҳурмат-эҳтиромини “Мен Ўзбекистонни севаман!” деган биргина ичи бўш жумла билан белгилайди? Бу ашаддий мафкурабозликнинг худди ўзи-ку! Нега одамлардан шу сўзни айтишини талаб қиламиз!? Агар кимдир Ўзбекистонни севмайдигандек таассурот қолдирса, у балога қолиши тўғрими? Унинг ҳаёти шу азиз Ватанда хорликда ўтаётган бўлса-чи? Бир умр Ватан учун қора тер тўкиб ҳам косаси оқармаган бўлсаям-а, барибир унга қарши нафрат тиғини тортаверамизми!?. Менга қолса, ҳатто Ватанни, жумладан, Ўзбекистонни ҳам севиш-севмаслик, бу – ҳуқуқ, бировнинг ҳуқуқига эса дахл қилмаслик шарт!

Менинг билишимча, бизда ватансеварлик тушунчаси кенг миқёсда барҳам топган, ўлдирилган. Мисол, мен кўрган-билган қўлига давлат куч-қудрат берган одамки бор, шу Ўзбекистондан нимадир ўмарсам дейди; ўз манфаати учун шу Ватанни қурбон қилсам дейди. Бунда қани ватанпарварлик? Ваҳоланки Ватанни севиш деган ибора асосан шулар тилида айланади, булар яна чайналавериб эриб кетган сақичдек бу сўзни ўз оғизларидан олиб, бошқаларнинг оғзига солишади ва чайнашга мажбурлашади. Оддий, қийналган, умри дала-ю даштда меҳнатда ўтадиган кишиларга қарасангиз, улар бундай лофни тилга олмайдилар; пешоналаридан меҳнат-у машаққат шўри кетмаса-да, уларнинг шудгор чоғи хиргойи қилган қўшиқларидан одамга, демакки, Ватанга меҳр таралади; ёнларидан ўтиб қолиб салом берсангиз, тушликка таклиф қилиб кўрсатажак илтифотларида Ватаннинг эртанги умиди барқ уради; улар умрларида бирор бора бўлсин минбарга чиқиб “Мен Ўзбекистонни севаман!” деб бировнинг энсасини қотирмасалар-да, шу Ўзбекистоннинг ғаму ташвиши аларнинг елкаларида, Ватаннинг бугун-у эртаси учун улар молу жонларини, азиз умрларини омонатга қўйишган…

1999 йил. Мени биология, химия каби фанларни яхши билмаслик, дарсларда ўқитувчилар маърузаларини тушунмаслик қийнар, шу муаммога ечим топиш учун китоблардан тинмай конспект тузар, тушунарсиз сўзлар маъносини ўқитувчилардан сўраб-билишга уринардим. Лекин дарсларда ўқитувчилар кўп саволимга жавоб беришни исташмас, ҳатто савол беришимга очиқ монелик қилишарди. Мен уларнинг ўз соҳалари устаси эмаслигини, мен тушунмаган нарсалар улардан кўпининг ўзига ҳам тушунарсизлигини кейинчалик – ўзим ўқитувчи бўлиб, яна уларнинг айримлари билан қайта учрашганимда билдим. Ўша ўқитувчиларимнинг катта хатоси – билимсизликдан ташқари буни яширишлари бўлган деб биламан. Бу фикримга ҳозир ҳам кўпчилик ўқитувчилар қўшилмайди, айримлари менга айтганки, „Болага билмаслигингизни иқрор қилиш обрўйингизнинг тўкилишига олиб келади. Бу тарбияда зарарли“. Мен бу фикрга қўшилмайман, ўзим билмаган нарсамни ошкор иқрор қиламан ва керак бўлса, саволига  жавоб беролмаганим учун ўша ўқувчидан кечирим сўрайман. Албатта бундай ҳолат менда қарийб юз бермаган, лекин келажакка Худо пошшо, ҳар қандай одамнинг, ўқитувчининг камчилиги бор. Бундай чоғда, аминманки, ўзимнинг ҳолимни эслайман, саволларимга жавоб ололмай хуноб бўлганларимни, натижада шифокорлик бўйича ўқишга топширишга ўзимни ноқобил ҳис этганимни…

Ўқитувчиларим бу билан қаноат қилмай, яна бир катта хатога йўл қўйишган – менга қарши курашишган. Афсуски, бу тарбияни кўзловчи, ҳақ кураш эмасди, бу душманликдан ўзга нарса бўлмаган.

Ҳурматли ўқувчи, ўйламангки, бу одам ўз ўқитувчиларига тил теккизмоқда. Агар шундай ўйласангиз, ноҳақлик қилган бўласиз. Менинг мақсадим – Сизга соф ҳақиқатни айтишдан иборат холос; бўлиб ўтган ўтди, энди вақтни орқага қайтариб ҳам бўлмайди, лекин менинг бу кечмишимнинг кимгадир ибрат томони бор. Ҳозир ўзим бир ўқитувчи сифатида кўряпман, кузатяпман, гувоҳи бўляпманки, мактабларда баъзан ўқувчи билан ўқитувчи бир-бирига ит-мушук, бир-бирини ошкор-ғойибидан ҳақоратлашдан, ҳурматини тўкишдан тоймайди. Мен ўз ўқувчисига душман бўлишга ботинган шундай кўплаб ўқитувчиларни кўриб, ўша мактаб ёшимда бундай ўқитувчиларга „иккичи“ деб аниқ баҳо қўйганимга амин бўлмоқдаман…

Ўқитувчиларим ўқувчилар онгига шундай мафкурани қўйишгандики, улар мактабда бошқа ҳеч иш билан шуғулланмай фақат ўқишга берилганимни, дарсларда кўп савол беришимни камчилик деб баҳолашар, ўқитувчи билан дарс юзасидан баҳслашишимни жанжалкашлик ва камситиш дея тушунишарди. Менга кўп синфдошларим:

– Савол берма, сенга нима, нима қиласан у билан тортишиб? – қабилида маслаҳат беришарди. Мен уларга кўпинча мақсад саволимга жавоб олиш эканлигини тушунтиролмас, тушунишса ҳам, мақсадимнинг тўғрилигига ишонишмасди. Худди шундай, ўқитувчилар мендан ўртоқларимнинг ишончини ҳам тортиб олишганди. Мен ҳам қараб турмадим, директорга айтиб, ўша ўқитувчиларни дарсдан кейин менинг саволларимга жавоб бериш учун вақт ажратишига мажбурлатдим, “Бу дарсда қасддан саволимга жавоб бермагани учун!” деб сабаб кўрсатдим. Албатта, бундай мажбурий дарслар узоқ давом этмади, директорнинг ўзи душманимга айланди, отамга, амакиларимга устимдан шикоятлар қилди, тили заҳар амаким орқали мени минг марта ҳақорат қилдирди. Кўча-кўйда таниш-билишлар “Директорга нима қилувдинг?” дея менга кўзларини катта-катта очиб боқадиган бўлиб қолишди. Иш шу даражага бордики, менга ҳеч қаерда – на мактабда, на кўча-кўйда ва ҳатто на уйда тинчлик бермайдиган бўлишди. Ўша вақтда мен икки йиллик режа тузган, мактабни битиргач, Тошкент юридик институтига ҳужжат топшириш учун тарих, ўзбек тили ва адабиёти, немис тилидан пухта тайёргарлик қилишни мақсад қилгандим. Бироқ, айтганимдек, вазъият бунга имкон бермас, у замонда мактабда ва дўконларда на тегишли китобларни, на бирор ахборотномани топиб бўларди, мен Фарғона шаҳрига қатнаб китоб дўконларида сийрак пайдо бўлувчи ўзимга керакли ҳамма материални харид қилиб турардим.

Директор билан муносабатимиз борган сари ёмонлашди. Директор туманимиз мактаб раҳбарлари орасида энг обрўлиси, унга халқ таълими мудири ҳам ҳурмат билан муомалада бўлар, кибри ҳам осмонда, истаган одамини гап билан қотириб-музлатиб ташлар эди. Унинг менга энг ёққан фазилати – ўта нотиқ одам эди, мен шу пайтгача ва айниқса, ундан кейин учратган ҳамма сўзамол нотиқлардан кўра ҳам нотиқроқ киши эди. Гапирганда битта ҳам хато қилмас, ҳеч қачон сўзини йўқотиб қўймас, ҳар бир сўзи аниқ нишонга тегар, кайфият овоз тони ва ритмикасида аниқ ифода топар, сўз билан тингловчини эритиш ҳам, юрагига мих қоқиб ўлдириш ҳам унга ҳеч вақо эмасди гўё…

Ниҳоят, директорнинг  ўзимга нисбатан ривожланаётган шахсий адоватига барҳам бермоққа қарор қилдим. Аввал вилоят халқ таълими бошқармасига, у ердан вакил келиб “қиличи синиб” кетгач, Республика халқ таълими вазирлигига шикоят ёздим. Хатдан сўнг вазъият ўзгариб, менга нисбатан муносабатлар юмшайди деб умид қилгандим. Ҳаммаси тескари тус олди, вазирлик хатимга бепарво қаради, вазирликдагиларни тартибга ва қонунга риоя этишга чақириб қайта-қайта хат жўнатдим. Бўлмади. Бу муаммо бир йилдан ошиқ чўзилди, охири Президент номига хат ёздим. Яна бўлмади…

Директор мени чақириб, талабимни қондиришини айтди, мен учун ўзим истаган фанлардан қўшимча дарслар ташкил этиб беришга ваъда берди. Ваъдаси бажарилмаган эса-да, директор энди юзига сохта мулойимлик ва ғамхўрлик ниқобини тутган эди. Менга шунинг ўзи ҳам катта гап эди, энди атрофимдаги мени таҳқирловчи ўқитувчилар ҳайиқиб қолишган, ошкора душманлик қилишга ҳеч ким журъат қилолмасди. Лекин менда Каримовга нисбатан тасаввур шаклланган, бу тасаввур унинг ватанпарвар эмас, қонунбузар эканлигига далолат қилар эди.

Ҳозир ўйлайман: одамга нима керак? “Кўнгил хотиржамлиги” дейман. Ўшанда агар жамъият мени тўғри қабул қилганда, таҳқирламаганда мен албатта бировнинг орқасидан шикоят қилиб Каримовгача бормаган бўлардим. Кейинчалик юзлаб одамларни учратдимки, улар турли хил ҳуқуқлари тикланиши учун йиллар давомида идорама-идора, судма-суд, вазирликма-вазирлик сарсон бўлишган ва пировардида ишлари ҳал қилинмаган. Қандай хулоса қилайин? Демак, Каримовнинг сиёсати шундай одамларни хўрлашга, уларнинг дардини эшитмасликка асосланган экан-да! Ё Сиз буни инкор этасизми? Майли, ихтиёрингиз, қолаверса, одамнинг ўз принципида қолишини ҳурмат қиламан. Каримов даврида “Муҳтарам Президентимиз!”, “Халқпарвар, фидойи Юртбошимиз” дея уни кўп ва хўп терисига сиғдирмадиларинг! Қарши эмасман, лекин қўшилолмайман бундай гапларга. Ўшанда ҳам бундай фикрларга қаршилигимни ўзимга хос аудиторияларда айтгандим. Лицейда ишлаганимда директор ва бошқалар менга қарши фойдаланиш қасдида ана шундай гапларимни айрим ўқувчилар орқали диктофонларга ёздириб олишган, орамизда низо чиққанда мени йўқ қилиш учун фойдаланишган ҳам…

Каримов ўлди, ёв қочса, ботир кўпаяр қабилида энди унга қарши истаган одам гапира оляпти, уни ҳақорат қилишгача боришяпти. Лекин мен мақсад шунчаки гапириш бўлишига қаршиман. Қолаверса, мен “Каримов ўлган” деган фикрга ҳам қўшилмайман. Йўқ, у ўлган эмас, битта Каримов ўлгани билан юзлаб, балки минглаб Каримовлар тирик! Улар халқнинг қонини сурмоқда давом этмоқда. Бундан ташқари, ҳалиям замон – Каримов замони; у барпо этиб кетган сохта мафкуралар, ижтимоий-сиёсий муносабатлар ҳозир ҳам барқарор. Шу важдин халқ ўз эркини ҳали ҳамон ботқоқ қаъридан сув юзига олиб чиқолмаётир; айрим ватандошларимиз Каримовдан кейин навбатдаги пахта қўйишга ўтган ва уч йилдан бери “Муҳтарам Президентимиз” дея оғизларин ўргатган Мирзиёев, менинг назаримда, ҳали  том маънодаги раҳбар эканлигини исбот қилолган эмас. Мисол, менга мамлакат тахтида гўё Мирзиёев эмас, ҳамон Каримов ўтиргандай туюлади. Демак, ё мен ҳали уни танимайман, ё Мирзиёев халққа ўзини олий раҳбар сифатида танитиши лозим! Умид шуки, Мирзиёев тез орада ҳокимият тепасида ўтирган Каримов эмаслигини ва бу билан ўзининг Президент сифатида борлигини исботлайди.

МУАЛЛИМ МУРОД

%d bloggers like this: