Таҳлил

КОРРУПЦИЯ ЗАНЖИРИ
 
Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда коррупцияга аралашмаган бирор амалдор қолмагани борасида кўп бор ёзилган. Ҳатто коррупция хукумат барқарорлигининг фундаменти экани ҳам иддао этилади. Коррупциялашган амалдорлар хукуматнинг ҳар қандай талабини бажариб, ҳар қандай мантиқсиз қарорини сўзсиз қўллаб қувватлашга мажбур қолишади. Бундай қилмаган амалдорларнинг коррупцияга аралашгани “аён бўлиб” уларга нисбатан зудлик билан чора кўрилади.
Натижада нураб бораётган миллий иқтисодимиз ва тугаб битган саноатимизга қарамасдан “жадал иқтисодий ўсиш”да давом этмоқдамиз. Қўшиб ёзиш амалиёти инсоният тарихида кузатилмаган юқори даражаларга олиб чиқилган. Кўзбўямачилик ва Ислом Каримовга кўрсатиш учунгина хўжакўрсинга амалга ошириладиган ислоҳатлар оддий халқ манфаатларига хизмат қилмаслик билан бирга аксинча халқ манфаатларига зид ўлароқ амалга оширлиши одатий ҳол бўлиб қолган.
Бу сиёсатнинг охир оқибатда инқирозга олиб келишига ҳеч қандай шубха йўқ. Балки шунинг учундир бугун хукумат доимгидек “ўзига хос ва ўзига мос” усулда коррупцияга қарши курашни янги босқичга олиб чиқди. Махбуслар борасида дунёда энг паст кўрсаткичга эга эканимиз аён бўлган бу кунларда хукумат структураларида фаолият олиб бораётган амалдорларнинг деярли хаммаси потенциал махбус хисобланишади. Ахволни бу даражага олиб келган ҳам, буни шу ҳолда сақлашдан манфаатдор ҳам юқорида айтганимиздек Ислом Каримов ва унинг хукумати хисобланади.
Бугун хукумат поғоналарининг ҳеч бир босқичида хизмат вазифаси юзасидан амалдорнинг жавобгарликка тортилиши кузатилмаган соҳа қолмади. Ижроий ҳокимият ва хуқуқни муҳофаза қилиш органлари сафида бу жиноятларнинг кўплиги бўлса юқорида айтганимиздек айнан уларнинг ўзи коррупцияни рағбатлантираётганининг далилидир. Шунга қарамасдан жон бошига махбуслар сони бўйича энг паст кўрсаткичларга эга эканимиз бўлса жавобгарликка тортилганларнинг ҳам қайсидир йўллар билан жазодан озод қилинаётгани кўринишида юқоридаги фикримизни икки карра исботлайди.
Хўш бунинг нимаси ёмон? Амалдор порахўр бўлса, айби исботланиб қўлга тушса ва етқазган зарарини қоплагач қўйиб юборилса, шунинг ўзи адолатнинг пировард оқибатда таъминлангани эмасми? Агар ахвол хақиқатдан шундай бўлганида коррупцион фаолият билан шуғулланиш ҳеч бир амалдор учун манфаатли бўлмас, аксинча “Топган тутганимдан айрилганим етмагандек ёмон отлиқ ҳам бўламан” деган тушунча билан бу ишдан кўпчилик тийилган бўларди. Демак уларни тийилишдан қайтарадиган омиллар мавжуд.
Бу омилларнинг биринчиси ҳар қандай амалдор олган порасининг сезиларли қисмини юқори поғонадаги амалдор билан бўлишишга мажбур. Манашу уларда жазога тортилишдан бартараф этадигандек ҳис уйғотади. Бу занжир реакциясининг тепасида бўлса том маънода жавобгарликка тортилишдан иммунитети мавжуд гуруҳ туради. Бу гуруҳнинг ким эканини ҳар бир соҳа ходими ўз йўналиши бўйича яхши билади. Масалан МХХда раис ва ўринбосарлари, вазирликларда вазирлар ва уларнинг ўринбосарлари, бошқарма ва агентликларда ҳам энг юқори поғона амалдорлар жавобгарликка тортилишдан иммунитетланган кишилардир.
Баъзи истесно таъриқасида “Шофёри коррупцияга аралашгани учун ишдан олинди” шаклидаги иммунитети борларнинг ҳам “шартли жазога махкум этилиши” холлари бўлса бу иммунитетнинг ҳам нисбий тушунча эканини кўрсатмоқда. Аммо хақиқий равишда хисоб сўралмайдиган бир гуруҳ борки, уларнинг жазога тортилиши Ислом Каримов иқтидорда пайтида амалга оширилмайди. Қолган барча амалдорлар, истаса улар юқори, ўрта ёки қуйи поғона амалдор бўлсин, ҳар бир дақиқада ўзларига берилган иммунитетнинг бекор қилиниш таҳликаси остида яшашади.
Яқинда бу борада сухбат қилар эканман Хоразм вилояти хуқуқ тартибот тизимида ишлайдиган танишим гапириб берган фактлар мени ҳайратга солди. Ўтган йили оддий туман газ таъминоти бўлими ходимининг пул олаётганда қўлга олиниши занжир реакцияси шаклида вилоят газ таъминоти бошқармаси раисининг ҳам жавобгарликка тортилиши билан якун топган экан. Ҳудди шундай оммавий жавобгарликка тортилиш мисолларини республиканинг исталган ҳудудида тез-тез кузатиш мумкин.
Ўша танишим яқинда келтирган яна бир хабар унданда қизиқ. Коррупцияга аралашганликда айбланиб Хоразм вилоят Миллий Хавфсизлик Хизмати бошқармаси раиси хизмат хонасида ўринбосари билан бирга Тошкентдан келган махсус гуруҳ томонидан қўлга олиниб республика МХХ биноси ертўласида сўроқ қилинган. Иш бу билан тугамасдан Хоразм вилоят МХХ бошқармаси бошлиғининг тергов қилиниши ўша пайтда вилоят ҳокими лавозимида бўлган шахснинг мазкур коррупцион жараёнларнинг бошида турганини ошкор қилиб қўйган. Натижада ўша МХХ бошлиғи ва вилоят ҳокимининг ҳар биридан давлат бюджетига 500 минг доллардан жарима тўлатиб уларни жавобгарликдан озод қилишган. МХХ ходими ими-жимида нафақага кузатилган бўлса вилоят ҳокими “қайсидир йўллар билан” Республика Санитария Хизмати бошлиғи лавозимига тайинланган.
Манашу фактнинг ўзи коррупция занжирининг энг бошида шахсан президент Каримов турганини кўрсатади. Ахир етқазилган зарарни қоплаш учун давлат бюджетига йирик миқдорда нақд доллар тўлаган амалдорнинг қайтадан республика миқёсидаги ташкилотга бошлиқ қилиб тайинланиши қандай мантиққа тўғри келади? Демак Каримовнинг коррупцион амалдорларни жавобгарликка тортишидан мақсад уларнинг бу фаолиятига чек қўйиш эмас, аксинча улар олган ноқонуний даромадларидан ўзи лозим деб хисоблаган даражада улуш олишга эришишдир.
Сўх муаммоси мисолида Каримов хукуматининг хаддан ташқари лаёқатсизлиги яққол намоён бўлиб қолди. Кимлар Каримовга жўр бўлиб осмонга бармоқларини бигиз қилиб бу борада “учинчи кучлар”ни айблаган бўлса, бошқалар қирғиз амалдорларининг масалага ноҳолис ёндашгани эътироф этди. Аммо юқорида келтирилган мисоллар кўринишида фақатгина коррупцион шартлар асосида субординация таъминланган хукуматнинг лаёқатсизлиги кимни ҳам ажаблантирарди?
Мамлакатда рахбар лавозимига келиш учун ўз соҳасида қанча пора олиб кимлар орасида қандай нисбатда тақсимлашни билиш энг муҳим омил хисобланади. Халқ хўжалиги тармоқларининг бугунги ахволи нақадар ачинарли экани хаммага маълум. Жорий рахбарларнинг вазифаси бўлса ўзлари бошчилик қилаётган соҳани ривожлантириш эмас, аксинча қаерда қанча ўғирлик қилиш мумкинлигини тўғри идрок этиш ва бу фаолият натижасида қўлга киритилган даромадни юқоридаги “бенефицарийлар” орасида тўғри тақсимлай олишдан иборат бўлиб қолган.
Янада аниқроқ айтилса рахбарларнинг асосий вазифаси қандайдир ислоҳатлар амалга ошириш эмас, ўз қўли остидагиларни иложи борича кўпроқ коррупцион фаолият олиб боришга мажбур қила олишдир. Ҳар бир рахбар ўз қўли остидагилар қанчалик кўп корруцион фаолият олиб бора олса шунча катта даромад кўради. Аммо қайсидир ходим бу фаолияти натижасида қўлга тушса юқоридагилар худди айнан манашу киши туфайли бутун бошлик тизим оқсаётгандек соҳанинг барча камчиликларини унинг гарданига юклашга уринишади. Бунга муваффақ бўлишлари учун эса тергов олиб борадиган органлар билан “яқиндан ҳамкорлик” қилишларига тўғри келади. Натижа яна аввалгидек. Кичик бир мурвати ишдан чиқиб зудлик билан алмаштириб қўйилган йирик тегирмондек олдинги коррупцион фаолият жадаллик билан давом этаверади.
Бугун хароба ахволга келиб қолган саноат инфраструктураси мисолида бу коррупция ботқоғининг туби йўқлигини ва охир оқибатда юқорида турганларни ҳам ўз домига тортиб кетишга мажбур бўлишини иккиланмасдан айтишимиз мумкин. Албатта энг юқорида турган ва “бошқарувчиларни бошқариб туриш” учун маъсул саналганлар бу гирдобга тушмайдилар. Улар янгидан-янги “бошлиқлар” тайинлаб коррупция тегирмони тўхтаб қолмаслигини таъминлаб туришади.
Ислоҳатлар натижасида бирор соҳани изга солишнинг имкони қолмаган бугунги кунда ягона ечим коррупция тегирмони айланиб туришини ташкил эта олишдир. Айни сабабдан соҳани яхши тушунган ва ҳалол мехнат қилиш илинжида бўлганлар ўз соҳаларини ўзгартириб, кўпчилик ҳолларда виждон азобидан кўра ишсиз қолишни афзал билишмоқда. Янги тайинланаётган амалдорлар бўлса ўз зиммаларига юкланаётган маъсулиятни тушуниб етмайдиган, аксинча “Ётиб қолгунча отиб қоладиган замон, нима ҳам қилардик” мафкураси сингдирилган авлод вакилларидир. Уларнинг ақллари кириши учун бўлса албатта жиддий жавоб бериш навбати уларга ҳам келиши зарур. Атрофидаги ходисалардан тўғри ҳулоса чиқаролмайдиган бу кимсалар ўз нафслари ва юқоридагиларнинг жирканч сиёсати қурбони бўлиш учун навбат кутиб яшаётганларини англаб ета олмайдилар.
Мисол учун охирги йилларда одатий холга айланган бензин тақчиллиги муаммосини олинг. Хукуматдагилар “Даракчи” газетасида “Ўзнефтмаҳсулот” корхонаси бензин тақчиллигида нопок кимсаларни айблагани тўғрисида берган ахборотни ўқиган одамлар бунга ишонади деб ўйлашадими? Улар масаланинг асл мохияти нефт махсулотлари импортини йўлга қўя олмаган Каримов бошлиқ лаёқатсиз хукумат эканини аксарият ахоли англаб етмайди деб умид қилишадими? Ёки уларнинг наздида лимит асосида берилган бензинни икки баравар ва ундан ортиқ нархда сотаётган оддий бензинфурушлар жавобгарликка тортилса бензин тақчиллигига барҳам берилиши чўпчагига одамлар ростдан ҳам ишонадими?
Аслида бензинфурушлар олган даромадининг катта қисмини юқоридагилар билан бўлишаётганини, уларнинг даромадларидан энг катта манфаатдор яна хукуматнинг энг юқори поғонасидагилар эканини хамма жуда яхши билади. Шунинг учун қайсидир бензинфурушни хуқуқ тартибот органлари ушлаб кетиб жаримага тортса “Ана энди бензин тақчиллиги бартараф бўлади” деган хулосага келишмайди. Аксинча, худди шу қўлга тушган бензинфурушнинг қўшнисиникига бориб икки баравар қиммат нархда бензин олишда давом қилаверишади. Чунки хамма биладики бу муаммонинг ечими иммунитети бор энг юқори қатлам коррупционерларнинг тақдири билан боғлиқ. Хукумат учун бўлса ўзи лаёқатсизлигини номига бўлсада бошқасининг гарданига илибгина қолмасдан ўзига яхшигина ноқонуний даромад ҳам келтирадиган бу жараённи тўхтатишдан ҳеч қандай фойда йўқ. Аксинча, уни қўллаб қувватлаш, тақчилликни ошириб янада камроқ бензинни қимматроқ нархда сотиш улар учун манфаатлироқдир.
Бу шароитда бензинфуруш ўзидан олдин қаллоб газчига, газчи ўзидан олдин ноинсоф савдогарга чора кўрилишини умид қилиб яшайди. Энг қизиги бензинфуруш қиммат сотган бензини билан газчини, газчи ноқонуний олган тўлови билан бензинфурушни чув туширдим деб хурсанд бўлиб юраверади. Бу чув туширишларнинг энг катта манфаатдори бўлган амалдорлар бўлса ўз қўли билан ҳеч кимни чув тушурмагани учун “қўлга тушмасанг ўғри эмассан” тамойилига биноан юргизаётган нопок сиёсатларини ҳар сафар янгидан янги қўллар билан амалга оширишда давом этаверишади.
Шаклланиб улгурган бугунги тизимда юқорида айтилганидек занжирнинг боши шахсан Ислом Каримовга бориб тақалгани учун порани унга етқазиб берадиган бир гуруҳ жавобгарликка тортилиш иммунитетидан хеч қачон махрум бўлмайди. Демак манашу даҳлсизлиги бор кишилардан бошқа ҳамма жавобгарликка тортилиб чиқса ҳам мамлакатда коррупция жараёни тўхтамайди. Бу гуруҳ бўлса қўл остидаги амалдорларни, ўз навбатида улар ҳам ўз қўл остидагиларни эзиб, коррупцияга мажбур қилишда давом этаверишади. Шу ўринда “оёқ остидагиларни эзишда давом этишади” иборасини ишлатиш янада тўғрироқ бўлади. Чунки Ўзбекистонда амалдор ва ходим муносабатлари айнан шу тамойилга асосан ўрнатилган.

Каримов иқтидорда қолар экан бугунги муаммоларнинг ҳеч бири, айниқса коррупция муаммоси ҳеч қанчон бартараф этила олмайди. Янада аниқроғи Каримов коррупция муаммосини ҳеч қачон ҳал қила олмайди. Бутун Ўзбекистон фуқаролари жавобгарликка тортилса ҳам на бирор соҳада реал ислохатлар амалга оширила олинади, нада бирор энг юқори даражали “хақиқий коррупционер” жазо ўташга мажбур қилина олинади. Энг қизиғи Каримовдан кейин Гулнора президент қилиб қўйилган тақдирда бошланади. Сўз билан таъриф қилиб бўлмайдиган бу ҳолни руслар таъбири билан айтганда “яшасак кўраверамиз”.

Ўктам Худоёров, Тошкент.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Tahlil. Bookmark the permalink.