МУАЛЛИМ МУРОД: МУСТАҚИЛЛИКНИ КИМ ТОПТАДИ?

2. ҚАТАҒОН ПСИХОЛОГИЯСИ

Магистратуранинг биринчи курсида ўқир эдим. Бирданига эртага пахта деб эълон қилишди. Олийгоҳ ичида жойлашган академик лицейга янги ишга киргандим, пахтага кетаётганим ҳақида у ердагиларга бир оғиз айтиб қўйишим лозим эди. Шу мақсадда эртаси куни эрталаб магистрантларни олиб кетаётган автобусни кузатаётиб, декандан ярим кунга жавоб сўрадим. Деканимиз дуруст одам эди, вазъиятимни дарров тушунди, фақат узоғи билан эртага пахтага етиб боришим кераклигини таъкидлади.

Лицейдан университет ҳовлиси орқали ўтиларди, шундай катта олийгоҳ ҳовлисида одам сийрак, шундаям кўринган одамнинг юзида бир ташвиш, ҳар ким бир иш кетидан югур-югур қилар, ҳар йилги пахта мавсуми эканлиги илк кундаёқ ўзини билдираётган эди.  Педагогика факультетидан ректоратга олиб борувчи нисбатан тор йўлакда стол-стуллар териб қўйилган, ҳали ўтганимда бу ерда ҳеч ким йўқ эди, ҳозир эса ректор ўтирарди. Узоқдан менга кўзи тушиши билан тараддудлангани билинди. Мен ҳам тезда олдидан ўтиб кетишга чоғландим. Одатдагидек қўлимни кўксимга қўйиб салом бердим, йўлимда давом этмоқчи эдимки, олдига чақирди. Кўринишидан важоҳати яхши эмасди, афтидан, мени кўриб ғазаб олови гуриллаганга ўхшарди. Ёнига боришим билан тап тортмай:

– Нимага пахтага бормасдан санғиб юрибсан!? Ҳе онангни … сени – деса борми?

Икки кўзимдан олов чиқиб кетди, қулоғим ғувуллай бошлади. Бунчалар оғир ҳақоратни балоғатга етганимдан бери энди эшитмоқда, эшитгандаям нуфузли олийгоҳнинг “идеал” раҳбари оғзидан эшитмоқда эдим.

– Менга бунақа муомала қилманг! Мен Сизнинг малайингиз эмасман!.. – ёнида исковуч итлардай менга ташланишга шай турган ходимларига ишора қилдим-да, нари кетдим.

Бу муомалам ректорга қаттиқ ботган экан, ортимдан таъқиб қилиб келаверди, аввалига унга эътибор қилмай университет ҳовлисидан чиқиб кетай дедим, лекин қилган ҳақоратидан теккан ўт энди мени ёндира бошлаганди. Устига устак, лайчадек ортимдан эргашиб келиши чипқон устига дард бўла бошлади. Шартта тўхтадим, орқамга ўгирилдим. Ректор етиб келди, лекин важоҳатимни кўрибми ё бошқа сабаб биланми, шашти сусаётгандек кўринди.

– Сен нимага ҳамманинг олдида менга гап қайтаряпсан!? – деди аввалги ғазабини сақлашга уринаётган сохта товушда.

– Сиз нимага ҳамманинг олдида ҳақорат қиляпсиз!?

– Бу ёққа юр! Мен сенга кўрсатиб қўяман! – менинг жавобимни кутмасдан ректорат тарафга юрди. Унга эргашдим. Ҳозир мени нима кутаётгани ҳақида эмас, ўзимни қандай тутишим лозимлиги тўғрисида бош қотиришим зарурлигини англадим, бунинг учун эса ихтиёримда бор-йўғи бир неча сония бор эди. Нима бўлсаям ўзимни босиқроқ тутишга қарор қилдим. Ректор мени кабинетига олиб кирди, мен бу кабинетга илгари бир неча бор уриниб ҳам кира олмаган, ҳар сафар ректор ёрдамчилари бирор баҳона билан остонадан қайтаришган эди. Кабинет анча ҳашаматли экан, эшик ичида яна эшик борлиги диққатимни тортди. Девордаги расмларга кўз югуртира бошлагандим, ректорнинг овози хаёлимни ўзимга келтирди. Ректор мени шарманда қилиб, университетдан ҳайдайман дея дағдаға қилди, мен ўзимни босиб, жим турдим.

– Нега жим турибсан!? Гапир! – бақирди бирдан.

Дағдағасига жавобан мендан тавба кутаётганлигини энди тушундим.

– Майли, билганингизни қилинг, – дедим.

Бу гапдан кейин ректор баттар тутақди:

– Сен ким билан гаплашаётганингни биласанми!? Биласанми деяпман?! – столи устида турган Ўзбекистон байроғи билан урмоқчи бўлди. – Менга кўзингни лўқ қилиб қарама, ҳозир чиққан жойингга …

– Жойингизга ўтириб олинг! – дедим. Овозим асабий ва фавқулодда бўғиқ эшитилди. Ректорнинг дами ичига тушиб кетди…

Онам тўрт ёшимда вафот этишган, у кишининг исмлари мен учун муқаддас; онамни ҳақорат қилганларни кечира олмайман… Кейинроқ бўлган воқеани эшитган яқин курсдошим мендан астойидил хафа бўлди:

– Катта хато қипсиз, ўртоқ, – деди у аттанг қилиб, – ректорни уриш керак эди. Шахсан мен онамни ҳақорат қилишмас, унга сал гап теккизганидаям, башарасини ясаб қўярдим!

– Аслида гапингиз тўғри, – дейман унга, – лекин ёши улуғ одамни қандай қилиб ураман?..

– Уни(нг) ҳақорат қилгани ёшига муносиб иш тутганими!? Ё лавозимига ярашадими талабани(нг) онасини сўкиш, айтинг!.. – тутақади ўртоғим…

Бу одатим камчилигимми ё ютуғим – билмайман: менда одамларни ҳурмат қилиш ҳиси ривожланган, бу одат бировларнинг ноҳақликларига кўп ҳолда жавоб қилмаслигимга сабаб бўлади. Ҳарҳолда, ўшанда шу одат менга надомат келтирган, онам қадри, ҳурмати, шаъни қаршисида ўзимни айбдор, уятли, орин йўқотган бир ўғил тарзида ҳис қилган эдим…

Ректор мендан қасосини олди: ўша куниёқ мажлис чақириб, масаламни қўйибди; кафедрамиз мудири ва илмий раҳбарим ҳисобланган шахсни чақириб, олдимда менга бир дунё туҳмат қилди; “Буни мен бир тийинсиз магистратурага олганман” деб ҳамма магистрантлардан фарқли равишда пора бермасдан кирганимни миннат қилди; илмий раҳбаримдан мендан воз кечишини талаб қилди. Илмий раҳбарим, гарчи бир вақтлар унинг шогирди бўлишимни ўзи истаб, иккиланганимда қистаган бўлса-да, уялмай ректорнинг шартига рози бўлди ва мен билан ишламаслигини ошкора айтди. Мен унга:

– Ректор бизнинг ишимизга аралашишга ҳаққи йўқ, илмий раҳбарлик масаласини Сизнинг кафедрангиз ҳал қилиши керак, – десам,

– Бу одам сенинг отангдай гап; нима десалар, хўп дейишинг керак, бунақа дема! – дейди илмий раҳбарим. Ректор бўлса:

– Бунақалар ота деганни тушунармиди! Бундайлардан яхши террорист чиқади. Булар Президентниям ҳурмат қилмайди. – деди. Кейин менга юзланди, – Сен Президентимизга қаршимисан!?

– Мен Президентга қарши эмасман, лекин, майли, фараз қилингки, қаршиман. Нима бўпти?..

– Ё тавба! Бунақасини энди кўришим…

Шу сабаб бўлди-ю, мени университетда тавқи лаънат деб эълон қилишди, бакалавриатда етмиш қиздан камида ўттизтасининг ардоқлиси эдим, энди магистратурада ҳамма курсдошларим бирданига мендан юз ўгиришди; ўқитувчиларим менга душман бўлиб қолишди. Ректор билан бўлган гап-сўз қандайдир ёмон из қолдиришини билардим, лекин худди шундай ҳол юз беришини кутмагандим. Ичдан эзилар, лекин танҳо юришга, ўз оламимда яшашда давом этардим. Орадан кўп ўтмай менинг ҳайдалишим тўғрисида башоратмонанд пичирлашлар мавж ура бошлади. “Нима гап?” дейин десам, биров мен билан сўзлашмас, фақат Худо билан савол-жавоб қилишга маҳкум эдим. Ниҳоят, мени бир куни декан чақиртириб, магистратурадан кетиш учун ариза ёзишимни сўради, “Бу ректорнинг талаби” деди. Мен рози бўлмадим. Сессия вақти келганда барибир ректорнинг айтгани бўлди, ўқитувчиларим менга баҳо қўйишмади. Мен бакалавриатда факультетимизнинг энг аълочи талабаси сифатида эътироф этилганман ва бу эътирофда асос бор эди, лекин магистратурада аъло баҳо тугул 3 баҳониям ололмасдим. Яна ўз ўқитувчиларимдан. “Агар баҳо қўйсак, деканнинг балосига қоламиз” деб узр сўраган бўлишарди; декан олдига кирсам, “Буни фақат ректор ҳал қилади” деб ўзини олиб қочарди. Буларнинг бари охири шунақа жонимга тегдики, бир йиллик академик таътил учун ариза ёзиб бердим. Қолган ҳужжатларни, яъни сохта касаллик варақасини деканнинг ўзи тўғрилаб, менинг таътилга чиқишимни “қонунийлаштирди”.

Таътил вақтида университет АРМидан фойдаланишимга тўғри келарди, чунки у пайтларда ҳали интернет ривожланмаган, менинг шахсий компютерим йўқ эди. Ҳар куни АРМга борар, биринчи илмий мақолалар тўпламимни тузаётгандим. Бир куни ўша ерда ректор юрганлигини кўриб қолдим, менга ёнидаги кишиларга ректор мен ҳақимда нималардир деётгандек туюлиб кўнглимда нохушлик ҳис қилиб турдим; у чиқиб кетиши билан АРМ директори ёнимга келиб “Сиз университетдан ҳайдалган экансиз, бу ерда ишлашингиз мумкин эмас. Ҳозироқ чиқиб кетинг, бу ректорнинг буйруғи!” деди… Шундай қилиб ректор мени университет даргоҳига яқин йўлламайдиган қилиб қўйди…

Мен магистратурани бор-йўғи бир семестр ўқиганман, иккинчи курсда эса мутлақо бормадим. Фақат давлат имтиҳонида қатнашдим ва менга диплом беришди. Ўйлашимча, бунинг сабаби – университет раҳбариятининг мени ўз ҳақ-ҳуқуқи учун курашади деб ҳисоблашида. Яна бакалавриатда бирга ўқиган курсдошларимнинг эслашларича, менинг бирор марта бўлсин ҳеч бир порахўрга пора бермаганлигим, бир вақтлар бир порахўр менга қасддан баҳо қўймаганда у билан баҳслашиб “давлениесини кўтартирганлигим”, иккинчи порахўрнинг эса “қўрққанидан 5 қўйиб берганлиги” мени университет миқёсида „ёмон“ талаба сифатида „машҳур“ қилган. Шунинг учун университет раҳбарияти мени фақат университетдан узоқлаштириш ва шу йўл билан мендан қутулиш сиёсатини юритишган. Лекин буни бошқача талқин қилса ҳам бўладики, бунисини ҳам инкор қилиш мушкул: бундай сиёсат инсонни жамиятдан қувғин қилишнинг ва маънан эзишнинг бир кўриниши!

2009 – 2010 йилларда вилоятда, жумладан, университетимизда навбатдаги қамаш бошланди, бир қанча дуруст ўқитувчилар, ҳалол, порадан ҳазар қиладиган, эркин фикрлайдиган устозлар сирли равишда қамалиб кетди. Бу оғир кун менинг бакалавриатдаги гуруҳ раҳбарим, илмий ва маънавий устозим бошига ҳам тушди. Энди университетда унинг шаънига тош отувчилар кўпайиб кетди. Орадан йиллар ўтиб эшитдимки, ректор ташаббуси билан менинг номимга ҳам дело очилган ва „террористлигим“ ҳақида кўплаб мен билган-билмаган одамлар, жумладан, устозларим ҳам гувоҳлик беришган экан. Бу гап қанчалар ҳақиқат билмайман, лекин ўша вақтда магистратурада „яккамохов“ бўлиб юрганимда бунинг ҳидини сезганман. Менга хайрихоҳ, лекин атеист бир устозимизнинг айтишича, ўзининг „У динга танқидий ёндашади“ деган кўрсатмаси ишнинг ёпилишига сабаб бўлган. Яна билмадим, билгучи – Ҳақ таоло…

Орадан йиллар ўтди, бироқ ҳали-ҳамон қачонки бирор олийгоҳда қайсидир талабага зулм қилганларини эшитсам, ҳар сафар ўша ўзимизнинг ректорни эслайвераман. У ректор ҳозир раҳматли бўлиб кетган. Унинг гапига кириб мендан воз кечган илмий раҳбарим билан икки йил олдин кўришдим. Ўша воқеаларни эсладик. Кўп нарса ёдида йўқ экан, мендан воз кечганини эслай олмади ёки атайин ўзини шундай тутди, лекин кўнглим учун мендан узр сўради. Мен у одамга қараб туриб тузум манқуртлаштирган кимсалар ҳеч қачон ўзгармаслиги мумкин деган фикрга келдим. Бу манқуртликнинг даҳшати шундаки, бунда одамнинг қадри бўлмайди, у гўё пашшадек қийматсиз, эзғилаб ташланаверади ва бунга ҳеч ким ачинмайди ҳам…

Мен яна бир ўзимдек хўрланган одамни ҳеч учратмаганман, аммо гоҳида „Фалончини йўқотишибди, пистончини қамашибди“ деган пичир-пичирларни эшитиб қолсам, менинг кўрмиш-кечирмишим дарёдан томчилиги, бизнинг шўрлик халқимиз бошидан ўтказиб, сабрини қалқон қилиб келган қисмат келажакда дил қони-ла битилажак минг достон эканлиги аён бўлади. Бундай фитналар ортида албатта катта раҳбарлар, мансабдор шахслар туришини ҳамма билади. Уларга нима керак – ҳеч тушунмайман! Бировнинг ҳаётини заҳарлаш уларга нега бунча зарур – англолмайман. Кимнингдир ноҳақлик қурбони бўлганини, бошига туҳмат тушганлигини эшитганимда “Наҳотки одам шундай қилса, қила олса?” деб қўяман…

МУАЛЛИМ МУРОД

%d bloggers like this: