БАШОРАТ ЭШОВА:

Ўғлимга мактублар

 
Биринчи мактуб
 
Жондан азиз дилбандим Улуғбек, бугун 18 ёшга тўлган кунингда сенга табрикнома ўрнида хат ёзгим келди. Биз эскиларда 18 ни армия ёши дейишади. Яқинда сениям армияга кузатамиз. Йигитлик бурчингни ўтаб қайтганингдан сўнг, ўзинг хоҳлаган мелисаликка киришинг осон бўларкан. Илоё мақсадингга етгин, болам. Ахир, кўз очиб кўрган тўнғичимсан. Илоё укаларинг билан орқамиздан қолинглар.
 
1993 йил май.
Иккинчи мактуб
 
Тоштурмага бу хатни бағриқон онаизоринг ёзмоқда. Афсус “Мен қиламан тўққиз, эгам қилади ўттиз” деганлари тўғри экан. Улуғбегим, сени бу ёшда ҳарбий кийимларда кўришни орзу қилган эдим. Афсус, маҳбус кийимида кўрадиган бўлдим. Бу ота -оналарга қанчалик азоб эканлигини билсайдинг. Айб ўзи бизларда, тирикчилик ташвиши билан андармон бўлиб тарбиянга етарли эътибор қилолмагандурмиз. Ўзиям мустақилликка чиқиб олдик, ҳаммаёқ тўкин-сочин бўлиб кетади, ўрислардан қутилиб олак, деб ишонтирган эди-да ахир Каримов бова. Қайдам, мустақилликка чиққанимиздан кейин қайтанга тирикчилик тошдан қаттиқ бўлиб кетди. Мен ҳам отанг ҳам икки жойда ишлашимизга қарамай рўзғогрнинг ғори тоборо тубсиз бўлиб кетяпти. Икки жойда ишлаганимиз учун мана безориларга қўшилиб қолганингни сезмай қолибмиз, болагинам.

1993 йил 30 июнь.
 
Учинчи мактуб
 
Болам, ишинга адвокат ёлладик. Қайданам, шу жиноятга қўл урдинг. Дўхтирлар отангни операция қилиш учун фалон сўм пул керак, дейишган эди. Билдим, сен ўша пулни топиш учун жиноятга қўл урдинг. Очиғи, бировнинг уйига ўғирликка киришингни отангни ҳам мени ҳам етти ухлаб ҳам тушимизга кирмаган эди. Адвокат айтди ўғирлган нарсаларинг қиймати 156 сўм бўлган эркакларнинг иккита уст кийимию, телевизорнинг янги антенаси экан.
Адвокатга 500 сўм бердик, у сени чиқишинга чандон ишонтирди пулни олаётиб. Хаста отанг кечасига яна бир жойга қоравулликка ишга кириб олди. Майли пул топилади, бу кунларни кўрмагандек ҳам бўлиб кетармиз. Отангни юраги санчийдиган бўиб қолди. Эски касали бот-бот қўзғаяпти. Опрерция ордона қоладиган бўлди. Ўртасаройдаги табиб гиёҳлардан дори қилиб берди, отанг шўрлик тинмай ўшани ичаяпти.
 
Тўртинчи мактуб
 
Жондан азиз болажоним, адвокатинг йўқолиб қолди. Суриштирсам,айб унда ҳам эмас экан. “Проста” Каримов бова энди ҳар қандай майда жиноятларга ҳам катта статья қўйинглар, деб буйруқ берганмиш. Энди қонунлар ўзгараркан. Кейинги ҳафта судинг. Ажабмас, ёшлигингни ҳисобга олиб, гулдай умрингни ҳазон қилмасдан чиқариб юборишса. (Ахир адвокат пулнинг ярмини судяга бераман дегандику).
 
Бешинчи мактуб
 
Эй яратган парвардигорим, нима ёзиғим бор эдия! Улуғбегим, судда сенга 10 йил қамоқ жазоси тайинлашди. 10 йила?! Уйинг куйгур судя билан прокурор киприк қоқмай шу муддатни айтдия. Вой дод! Энди нима қиламан. 10 йилни сенсиз қандай ўтказамана? Отангни суд залидан насилкага солиб олиб чиқиб кетишди. Айтишларича, “Уюшган жиноятчиликка қарши курашни кучайтириш” ҳақида ҳатто Каримовнинг пармони чиқибди. Сен энди уюшган жиноятчиликнинг аъзоси экансан. Наҳотки, қайдам?! Каримов бова президент бўлса, биздан ақлл бўлса. Ўзинга бардам бўл ўғлим. Ўзинга бардам бўл, ўғлим. Кўз очиб кўрган тўнғичимсан. Отангни ўтган ҳафта тупроққа қўйдик. Очиғи, Каримов бовадан ҳам кўнглим қолди, ишонсанг. Ахир сенинг уюшган жиноятчиликка нима алоқанг бор экан, тушунмадим. Ваҳоланки адвокатинг бунии бошида майда ўғирлик, деб айтган эди. Э фармони ҳам бошидан қолсин.
 
Олтинчи мактуб
 
Араблар билиб айтишган экан. Соатинга қараб ўтирсанг, дақиқалар имиллаб ўтаётгандек туюулар экану, ойлар чопиб, йиллар учиб кетганини сезмай ҳам қолар экан одамзот. Мана пешонанга битилган ўн йилнинг беш йили ҳам ўтди, кетди, Улуғбегим, укаларинг ҳам катта бўлиб қолди. Рўзғордан ортириб тўйинга пул йиғяпман. Анув, яхши кўрган қизинг бор эдику. Нариги маҳаллада турадиган қиз. Оти нимайдия? Ҳах тилимнинг учида турибди. Ҳа энди бунинг аҳамияти йўқ. У яинда эрга тегиб кетди. Кутганида бўларди. Отаси “жиноятчига” бермайман, деган бўлса кера. Майли, сиқилма Тошконда дарахтни тепсанг қиз ёғиладиҳозир. Аллоҳимнинг сенга атагани ҳам бордир, болам.
 
Еттинчи мактуб
 
Ўлмаган қул. Қамалганинга роппа-роса 6 йил бўлди. Яна адвокат ёлладим. Тўйинга йиғаётган пулдан очиғи ярми кетди. Адвокатинг юз хил ташкилотларга хат жўнатиб ётибди. У ёзиб чарчамаган бўлса, мен қўл қўйиб чарчадим. Айтган гапи рост бўлса, бу йил жазонинг учдан икки қисмини ўтаб бўлганинг учун амнистяга тушар эмишсан. Ё Аллоҳ! Ўзинга шукур. Бағримгга қайтаётгангинг рост бўлсин, болам.
 
Саккизинчи мактуб
 
Адвокатинг яна йўқолиб қолди. Телефонини кўтармайди. Мен ҳам анойи эмасман. Шунча пулни қўлига бериб қўйиб. Билсанг, ақлим, сиёий даражам анча ўсиб қолди. Эртага тўғри канторасига бораман.
Улуғбегим, укаларинг сени роса соғинишди. Сени ҳар куни сени сўрашади. Мен соддарайҳон адвокатинга ишониб, яинда “армиядан” қайтишингни уларга айтгандим-да. Қурғур “армиянг” ҳам буёғини айтсанг, чўзилгандан чўзилиб кетди. “Уёқдан” чиқишинг биланоқ тўингни бошлаб юборамиз. Меҳрибон тоғажонинг тўйинга атаб новвос семиртириб қўйибди. Тунов куни уйига борсам, новвос оғилхонада пишқириб ётибди.
 
Тўққизинчи мактуб
 
О пешонам бунча шўр бўлмаса! Йўқчилик қурсина, сен амнистияга тушган кунинг турмага бориб эшиги тагида ётиб олмайманми. Одамларнинг гапига лаққа ишонибмана. Ахир улар амнистия эълон қилингани билан қамоқдагилар босқичма-босқич озодликка чиқаришади, дейишганига ишонибман. Ақлим, одатдагидай кеч кирди. Бу амнистия дегани ҳам турма бошлиқларига нақд тилла балиқ тутиб олишдек омадли иш экан аслида. Белида пули борлар амнистиянинг биринчи кунларидаёқ турма хўжйинининг оғзини мойлаб, озодликка чиқиб кетавераркан. Камбағалнинг боласи эса… Юриб-юриб дўкондан тухум сотиб олса, ичидан сариғи чиқмасмиш. Яъни у итнинг кейинги оёғидек судралиб амнистиянинг охирига қоларкан.
 
Ўнинчи мактуб
 
Кўзимнинг оқу қораси нуридийдам Улуғбек . Мен нотавон , қўли калта, кўча- кўйда бекатларда писта сотиб рўзғорини амаллаб, кун ўтказаётган онагинангни кечиргин болам. Йўқчилик қурсин. Йўғасам, уй жойимни сотиб бўлсаям, ўша лаънати минг долларни топиб амнистиянинг биринчи кунларидаёқ сени ўша дўзах ўтидан олиб чиқиб кетсам бўлмасмиди? Бу шўр пешона кўрган кўргуликлар каммиди. Эй худо. Менга берган шунча синовларинг каммидия! Ўзингга шукр, ўзингга товбалар қиламан. Болагинамга раҳминг келсин. Оғзимиз энди ошга етганда нима бу кўргулик.
 
Ўн биринчи мактуб
 
Ўзим ҳам ишонмай турувдима. Охирги марта сени кўргани борганимизда укаларингга қанчалар термулиб боққанингни, кўзингдан севинч ёшлари оққаниниди… Ўша лаҳзаларни ҳар гал эслаганимда ўша дўзаххонадан чиқиш иштиёқинг қанчалик кучли эканлигини сезувдим, ўзи. Йўқ илло-билло сен бу ишни қилмагансан. “Ахир, онажон тез кунларда амнистияга тушар эканман, мен туфайли шунча азоб чекканингиз етади. Озодликка чиқсам сизни ишлатмайман. Уйда ўтирасиз келинингизга иш буюриб, укаларимга қараб. Отамнинг ўрнига ўзим оилани боқаман. Кўрасиз ҳали”, деган гапларинг ҳеч қулоғимдан кетмаяпти.
Ўн иккинчи мактуб
 
Адвокатинг сени отувга ҳукм қилишлари мумкинлигини айтди. Э худо, энди менга бу ёруғ дунё қоронғу. Бошимни энди қайси тошга урай. Ё ўзимга ўт қйсаммикан, осонгина машинанинг тагига ташлайми? Энди бу азобли дунёда чувалчангдек судралиб хору зор яшашага маҳкумман. Сен турмадан чиқмасанг, мен ўлиб кетсам, ука-сингилларингга ким қарайди. Қанийди, ўлибгина бу азоблардан қутилардима, сени отмасларидан бурун. Унда мана бу норасидаларнинг тақдири не кечади. Отаси йўқ гул етим, онаси йўқ чин етим, дейишади. Эй худо, бу қаттол шавқатсиз дунёда одам боласи азоблардан ўлиб ҳам ўлолмайди, қолиб ҳам қололмайди. Эртага судинг…
 
Ўн учинчи мактуб
 
Улуғбегим, сен жиноий гуруҳнинг бир аъзоси сифатида олий жазо ўлимга – отиб ўлдирилишга ҳукм қилиндинг. Ундан кўра, қафасга солиб пойлаб ётган, миршаблар сени ўлдиргунча, биқинидаги тўппончасини чиқариб мен бахтиқаронинг пешонасидан отса бўлмамиди? Ўшанда бу кўзларим шашқатор ёшларингни кўрмаган, қулоқларим “ойижон, бу гапларга ишонманг. Мен у одамни ўлдирмадим, ахир менга нима керак, қаёқдаги бегона ўрисни ўлдириш. Эрта индин амнистияга чиқаман, деб турганимда, деган сўзларни эшитмаган бўлардим. Кейин билсам, мени суд залидан беҳуш олиб чиқиб кетишди.
 
Ўн тўртинчи мактуб
 
Одамнинг жони қаттиқ, дейишади. Аёл зотида эса ана шундай қаттиқ жондан қирқта бўлиши тўғри экан. Отанг раҳматли бу азобларни кўрмай осонгина ўлиб қутилиб кетди. Мана бугун уйда ўтириб бўлиб ўтган воқеаларни мушоҳада қила бошлаяпман. Адвокатинг менга тушунтирди. Унинг айтишича, сен амнистияга тушган кунинг турма бошлиғига кириб ялинибсан, ёлворибсан, онажонимнинг қўли калта, отам йўқ, менга жавоб беринг, кетақолай, биламан сизнинг ҳам ҳаражатларингиз бор. Вазирликка узатиб туришингиз керак. Ишлаб пул топганимда келиб сизни рози қилиб кетмасам, номардман, дебсакн. Бироқ , сувни кўрмай этик ечмайдиган бўлиб кетган турма бошлиғи ўшанда сени ҳайдаб юборибди. “Камбағалнинг ови юрмас, ови юрса ҳам дови юрмас” деганлари шу бўлса керакда. Болажоним, менгина қўли калта, пешонаси шўр онангни кечиргин.
 
Ўн бешинчи мактуб
 
Жондан азиз жигарим Улуғбек! Ўзи ўша куни нима ҳодисот рўй берган эди. . Яни 1994 йил 4 октябрь куни. Билишимча, сал бурунроқ Россиядан Борис Левинев деган “вор в законе”, яъни қонундаги ўғри Бухорога келган экан. Турмаларингнинг бошлиғи билан олди-бердиси бор бўлган. Ўртадан низо чиқиб улар катта пул устида ғижиллашиб қолишибди. Ўртадаги пул анча бўлган шекиллии, турма бошлиғи пулни қайтаргиси келмай, ўғрибошини гумдон қилиб қўйишни авфзал кўрибди. Суд залидаги қора курсида ўша турмабошлиғи қаторида сени ҳам кўриб қалтираб қолдим. Сенгина бир камбағалнинг майда боласи бунақа катта ишларга , катта жанжалларга аралашадиган ҳолинг йўқ эдику? Ўлай агар нима бўлаётганини тушунмаяпман.
 
Ўн олтинчи мактуб
 
Кўнглимнинг бир четида бегуноҳ эканлигингни сезардима болажоним. Қора курсида ўтирганингда миршаблар ёнинга яқинлаштиришмасада “онажон, ишонманг бу гапларга, еганингдаёқ сезувдима бегуноҳлигингни. Ўксинма болам, адвокатинг пулни каттароқ олиш учун сеги отувга ҳукум қилади, деб гапираверади. Кўрасан, сендан ҳам мендан ҳам кечирим сўраб охирги куни суд залидан чиқариб юборишади. Ахир кеча телевизорда Каримов бова “Биз дунёдаги энг адолатли давлат қурамиз ҳали” деб куюниб гапирдику. Болагинам, бу кунларни кўрмагандек бўлиб кетамиз ҳали. Бу ерда қандайдир англашувмовчилик бўлган холос. Кўрасан ҳали, адолат албатта юзага чиқади. Озодликка ҳам чиқасан. Тўйлар қиламиз ҳали, болам. Прокурорлар валдирашса ҳам одил судьяларимиз оқни оқ, қорани қорага ажратадиган кунлар яқин.
 
Ўн еттинчи мактуб
 
Улуғбегим, бугун нимагадир Ўзбекистон номидан устингдан ҳукм ўқилди. Адвокатинг ҳақ, мен ноҳақ бўлиб чиқдим. Сени чинданда отувга ҳукм қилишди. Лекик бегуноҳлигингнинг яна бир исботи мана судья кўп қатори сени ҳам отувга ҳукм қилинган ўша лаънати қоғозни ўқиётганида овози қалтираб кетди ва бугуноҳ қатли омга ташланган мен каби жабрдийдаларга қарата “узр, мени ушбу ҳукмни ўқитишга мажбур қилишди” дея олди холос. Мард экан судья, шу изҳори диллари билан лоақал нариги дунёсини куйдирмади. Унинг исми шарифи……………..Ҳозир у Бухорода адвокатларнинг каттаси экан.
 
Ўн саккизинчи мактуб
 
Ҳаётим дўзахга айланиб кетди, болагинам. Йўқ-бунга сен айбдор демаяпман. Охирги марта сен билан Тоштурмада 2001 йил 4 октябрда кўришдим. “Онажон, бир хафтадан кейин мени отишаркан. Ҳозир тишларимни даволашяпти. Эсингизда борми, қамоққа тушмасимдан олдин иккита тишимни пломбалатишга дўхтир палон сўм сўраган эди. Пул тополмагнимиз учун тишимни пломбалаш қолиб кетган эди. Турма тартиблари ғаройиб экан отишдан олдин маҳбусларни буткул даволашармиш. Укаларимни ўқитмоқчи эдим. Ўзим ўқимаганимга яраша. Сизга ҳам бир умрлик дардисар бўлдим. Кечиринг мени, онажон! Йиғламанг. Кечирақолинг, нобакор ўғлингизни. Ишонинг, мен ҳеч кимни ўлдирмагандим. Ўшанга ўзим ҳам ўлгим келмаяпти. Бирам яшагим, ёнингизда тиргак бўлгим келяптики, деган эдинг ўшанда. О болажоним! Боласидан шу гапларни эшитиш учун онаизорнинг қулоқлари темирдан, йўқ-йўқ чўяндан бўлиши керакку. Лекин ҳаттоки чўян қулоқлар ҳам бу фарёдлардан сув-сув бўлиб эриб кетишлари аниқ. Афсуски, эрталаб турмасинглан “Оламни маҳлиё айлаган диёр, жон Ўзбекистон”деб куйланадиган жамиятнинг қулоқлари қамоқдаги сен каби минглаб махбусларнинг дод фарёдини эшитавериб битиб кетган экан. Ана энди мен ҳаётимни ўша эшитмас қулоқларни тешишга баҳшида этаман. Болажоним, токи мен каби онаизорларнинг оху зорлари парвардигорга етиб борса, арши аъло бу даҳшатлардан ларзага келиб ер юзидан Тоштурмасию, Жаслиғига қўшиб бутун Ўзбекистонни супуриб юбормасдан бурун.
Йигирманчи мактуб
 
Суд ҳукми ўқилди. Бу ҳукмни эшитгунча қулоқларим узилиб тушса бўлмасмиди, Улуғбегим, болагинам. Сени отшга ҳукм қилишни сўраган прокурор Аҳмад Тўхтаевни суд залида тиз чўкиб, чин юракдан қарғадим. Илоё, ўзинг болангни ўлигини устида ўтиргин, дедим. Ўзинг ҳам эшитдинг-ку бу фарёдимни. Дод солиб прокурорни қарғаганимдан кецин миршаблар қўлимдан судраб суд залидан олиб чиқиб кетди. Ўшанда сенинг панжарага ёпишганингни “Онамга тегманглар, мен одам ўлдирмаганман” деб бошингни темирга ура бошлаганингни ва юз-кўзинг эса қонга беланганини кўриб эса хушдан кетибман.
 
Йигирма бирини мактуб
 
Улуғбек! Боласини бекор қарғаган эканман прокурорнинг! Ундан кўра ўзини қарғасам бўлмасмидия. Бир ойлар чамаси вақт ўтгач, прокурорнинг 22 яшар боласи данғиллама ҳовлисида ўзини осиб қўйгани хабарини адвокатдан эшитдим. Прокурор боласининг ўлимига ўзим айбдордек бошим ҳам бўлди ва биринчи марта мазлумларни дуоси ҳам қарғиши ҳам ижобат бўлишига имон келтирдим.
Йигирма иккинчи мактуб
“Озод деҳон” партияси тузилаётган экан. Унинг ташаббус гуруҳига аъзо бўлдим. Мақсадим Ўзбекистондаги адолатсизликларга қарши курашиш эди. Назаримда, бу партия эркин сайловларга қўйилса, ғолиб чиқадию, юртимизда адолат байроғи ҳилпирй бошлайди. Адолат тантана қилса, тузган чўнтак партиялари ютқизган Каримов бова қўлини мардларча кўтариб, “Бўлди, мен эплолмадим. Ваъда берганимдек, кетаман, бу ёғига эплаганлар юртни бошқарсин, ахир мен ҳам 70 ни қоралаб қолдим, энди бола чақаларим, набираларимни бағримга босиб тинчгина ўтираман” дегич эди. “Озод деҳқон” партияси ютса, юртда адолат тантана қилади. Ана ўшанда Олий суд раиси Мингбоев жаноблари мендан кечирим сўраб, сени озодликка чиқариб юборадигандек туюлаверди.
 
Йигирма учинчи мактуб
 
Чучварани хом санаган, бекорларни бештасини айтган, эканман. “Озод деҳқон” партияси рўйхатга олинмашгани майли, уни тузмоқчи бўлган ташаббускорлар қайтанга тазйиққа тушди. Раҳбарларимизнинг бири қамалиб, бошқалари зўрға чет элдан бошпана топишди. Каримовгина бова қўлни кўтариб, сиёсий саҳнадан кетиш ўрнига конституцияга хилоф равишта энди Прездентлик муддатини 7 йилик қилиб белгилади. Қонун ижодкорлари Олий мажлис депутатлари унинг бу ноконституциявий қарорини кўтаринки руҳда, гулдурос қарсаклар билан кутиб олишди. Ана шунда мен, ўқимаган бир аёл зиёлилари такага ўхшаб бошласа халқнинг подага айланишини кўриб биринчи маротаба этим сесканди.
Йигирма тўртинчи мактуб
 
Улуғбек, мен сиёсатга ақлим етганча аралашсамда, ҳаёлимда ёлғиз сен эдинг. Олий Суд раисининг қабулиги ёзилдим. Амалдорларнинг олдига кириш ҳам осон эмас Ўзбекистонга. Бир ой кутиб қабулига киргач раисга йиғладим, сиқтадим. Сенинг суддаги оҳу зорларингни адвакатимизнингт ўринли иддаоларини судялар ҳатто эшитгиси ҳам келмаганини айтди. Мингбоев гапларимни диққат билан эшитди. Ҳужжатларингни чақириб олиб, диққат билан шахсан ўзи уларни ўрганишини айтди. Лотариясига мошина ютуғи чиққан камбағалдай унинг ҳузуридан хурсанд бўлиб чиқдим. Назаримда, шу одам адолатли қарор қабул қиладигандак ўша кеча биринчи марта тинч ухладим. Афсус…
Ўзбекистондаги рократик шароитда ҳужжатлар қанча муддатда Олий Суд Раисига етиб бориб шусиз ҳам иши бошдан тошиб ётган Мингбоев буни қачон ўрганиб, қачон адолатли қарор қабул қилиши мумкин? Тинч уйқим бир ҳафтага чўзилди холос. Мингбоев… ҳақиқий бойлардан экан. Сиртдан ўзини камбағалларнинг дардини диққат билан эшитса-да, бойларга боқадиган амалдорлардан, экани маълум бўлди. Бир ҳафтадан кейин ўринбосарлари имзолаган юмлоқ ёстиқ – хат уйимизга келди,Улуғбегим. Хатда ўғлингиз отувга тўғри ҳукм қилинган. Шикоятдан норози бўлсангиз бориб, катта холангизни эрига мурожаат қилишингиз мумкин, қабилидаги жавоб келди. Сиқилма, Улуғбек, онанг сен учун мингбоевлар эмас керак бўлса ундан катта амалдорларнинг эшиги тагига танда қўйиб оламан ҳали.
 
Йигирма бешинчи мактуб
Тирикчилик ордона қолиб кетди. Ҳаёлимда фақат сенсан. Укаларингни қишлоққа, укамнинг олдига ташладиму тўйинга атаб йиққан пулларни белимга тугиб яна… жангга отландим. Суриштирсам, Ўзбекистонда Мингбоевдан каттароғи инсон ҳуқуқларини ҳимроя қиладиган коттакон Акмал Саидов деган кимса экан. Уям бизга ўхшаган қишлоқи. Боз устига ўзимиздан. Тошкент вилоятидан чиққан экан. Телевизорда бир икки бамаъни гапларини эшитдим. Унинг гапираётганда кўзойнагининг қаншарини тез-тез тўғрилайдиган одати бор экан. Назаримда айни шу йигит “шесть”секундда сени турмадан чиқариб юборадиган қудратли зиёли инсондек туюлди.
 
Йигирма олтинчи мактуб
 
Ўшанда 2003 йил эди адашмасам. Бир гала судлардан куйган оналар инсон ҳуқуқлари фаоллари билан тўдалашиб Акмал Саидовнинг қабулига кирдик. Навбат етганда кўп қатори дардимни дастурхон қилди. “Ёппирай, шундай “улуғ зот” ҳамгапларимни диққат билан эшитди. Эшитиш асносида икки-уч марта кўзойнакнинг тилла қаншарини тўғирлаб ҳам олди. Унинг нигоҳларидан “Наҳотки, Ўзбекистонда шунча адолатсизликлар бўлсаю, мен бехабар бўлсам” деган маънони уқиш мумкин эди. Мен ҳам камига йиғи -сиғи қилиб олдим. Акмал Саидов олдидаги чиройли графиндан менга сув қуйиб, меҳр билан узатаркан, “опажон, сизга албатта ёрдам берамиз, шикоятингизни шахсан ўзим текшираман. Келиб яна оввора бўлиб юрманг бу иссиқларда. Натижасини яшаш манзилингизга юбораман” деган эди руҳим осмон сари кўтарилди. Эҳҳе ўша воқеалардан сўнг қанча сувлар оқиб кетди. 17 йил ўтибдики, Акмал Саидов жанобларидан менинг яшаш манзилимга ҳалигача жавоб хати келади.
Баъзан Ўзбекистон телевидениесидан инсон ҳуқуқлари билан ҳалиям фаол шуғулланиб келаётган Акмал Саидовга кўзим тушади. Ўша-ўша маънодор кўзлар, ўша-ўша тилла қаншарли кўзойнак. Куни шундай амалдорларга қолган бешора халқимни ўйлаб юрагим эзилади, йўқ-йўқ лаҳта-лаҳта қон бўлади. Ўғлимдан эса ҳамон дарак йўқ. Гарчи порталга охирги тўрт йилда қирқ маротаба хат ёзган бўлсам ҳам.
Йигирма еттинчи мактуб
 
“Адабиёт” газетасининг бош муҳаррири Бахтиёр Каримга!
Ҳурматли муҳаррир. Сизга бу хатни олис Швейцариядан бир онаизор йўлламоқда. Ўзбекистонни янгилаш ташаббуси билан чиққан профессор Хидирназар Аллоқуловнинг чиқишларини, биргаликдаги суҳбатларингизни чет элдаги барча ватандошлар каби нафас олмай эшитдим. Негадир, охирги умид сифатида сизларга ишонгим келди. Ҳақиқатдан ватанимиз Ўзбекистон янгиланишга муҳтож. Буни мен аянчли тақдирида яққол сездим. Ўғлим Улуғбек Эшов мана 27 йилдирки,Ўзбекистон қамоқхоналарида азоб чекиб келмоқда. Мен онаизори унинг на ўлиги, на тиригини билмай доғдаман. Бу ҳақда халқ қабулхоналарига ёзган аризаларимга лоақал икки энлик жавоб хати ололмайман. Адолатни истаган мен каби жабрдийдаалар манфур каримов замонида тазйиқларга бардош бера олмай она юртимизни ташлаб бошқа демократик тузумлардан сиёсий бошпана сўрашга мажбур бўлишди. Мана 14 йил бўлибдики, мен Европада, Алп тоғлари этагида яшайман. Улуғбегим, тез-тез тушларимга киради. Афсуски, Ўзбекистондаги сиёсий ислоҳотларга муҳтож тизимга менианг аянчли ҳолатимнинг қизиғи йўқ. Сизга бош муҳаррир ўғлимга шу йиллар давомида ҳаёлан йўллаган хатларимни жўнатяпман. Лозим кўрсангиз, лаб-лунжини тўғрилаб газетангизда чоп этарсиз. Ё Ўзбекистондаги мен каби юзлаб суд-ҳуқуқ идораларига юлллаган минглаб аризаларим каби уларни ахлат қутисига итқитарсиз. Буёғи ўзингизга ҳавола.
 
Башорат Эшова,
Швейцария
%d bloggers like this: