Бир улуғ инсонни ногоҳ танидик,
Жаҳонгир исмли зот тимсолида…
Маддоҳлар қавмини жиндек янидик –
Ортиқ яйраманг, деб қафасингизда…
Бундайин, инсонлар дунёга келиб,
Аччиқ ҳақиқатни айтиб кетади.
Бир гала маддоҳлар югуриб, елиб –
Золимлар шаънига шеърлар битади.
Золимлар яшайди бадмасту аласт,
Шукр кишанига бош эгар миллат.
Бу жаҳон аслида бир маккор қафас –
Нажотдек кўринар энг ёвуз иллат.
Элим уйғон десак ғофил бўлдикми,
Жаллод золим десак жоҳил бўлдикми?!
Адолат дорларин қурайлик десак –
Арқонни қизғанган бахил бўлдикми?!
Мисни олтин, деган саррофдек маълун,
Кимлардир зарларни уюб яшнайди.
Билмаслар. Аллоҳим кимлардан мамнун –
Қиёмат кунида кимлар қақшайди?!
Мен бир содда шоир, хабарчи холос,
Ўзимга аёндир ички сирларим.
Кимлар Ватанимни этгайдур халос –
Омон бўл тўғрисўз – жаҳонгирларим!
Хамроқул Асқар – 21 Аср.
Filed under: 1.BOSH SAHIFA, Uzbek |