Жаҳонгир ИСМОИЛОВ: САБАБ ВА ОҚИБАТ

Ассалому алейкум қадрли отдош!
Бугунги ёйинингизда ўзингизни ниҳоятда қийнаб келаётган саволни ўртага ташладингиз. Аслида уларнинг жавобини ҳам ўзингиз бошқалардан кўра жуда батафсил даражада билишингизга ишончим комил. Албатта, тўла асосланган мулоҳазаларингиз якунида саволни бу тахлит қўйганингиз бошқаларни мулоҳазага ундаш, мамлакат тақдири, келажагига бефарқ қарамайдиган жуда кўп бошқаларнинг акс садо беришлари нуқтаи назаридан муҳимдир. Мен ҳам жавоб сифатида мавзунинг қайсидир жиҳатлари ифодаланган шеърларимни жўнатишни лозим топдим.
Сизни республика радиосида ишлаганингиздан бери биламан. Ўша йилларда мен адабий-драматик эшиттиришлар бош таҳририятига ишга кириш учун анча пайт синовга қатнаб, бир-ярим очерклар ёзиб, эшиттиришлар тайёрлаб юрардим.
Нарзулла Жўраев билан тенгдош, дўстлигимиз, вилоятдошлигимиз сабабли у ишлайдиган “Ёшлик” таҳририятидагилар билан ҳам киришиб кетгандим. Ўзим яшаган давлат хўжалигидан тайёрлаган интервью, соҳа пешқадамлари тўғрисида
тайёрлаган материалларимни ўша пайтда ажойиб камтарин, дилкаш инсон Эркин ака (Эркин Неъмат), Сиз ҳам бердиргансиз.
Мавриди келгани боис, аввалги ёйинларингизда “Олтинчи қават” қиссангиз воқеаларига боғлаб билдирган қуйидаги фикрингизга ҳам муносабат билдирмоқчиман. Бош Қомус қабул қилингани муносабати билан республика раҳбарияти, Каримов иштирокида ўтказилган зиёфатда адабиётимиз дарғалари – Саид Аҳмад ва Одил Ёқубовнинг қутловларини келтиргандингиз. Саид Аҳмад кейинчалик “Келинлар қўзғолони”да собиқ иттифоқнинг парчаланишини қаламга олганман, Ўзбекистон фалончи тимсолида ифодаланган, деган бўларди” дегандингиз. Менга устоз Саид Аҳмад Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига тавсия бергандилар. Ўзаро суҳбатимизда чиндан ҳам ўша машҳур саҳна асарида шўро давлати яккаҳокимлик, буйруқбозлик сиёсати билан узоққа боролмаслигини, албатта бир кун парчаланишини билардим. “Келинлар қўзғолони”да шу ғояни акс эттирганман. Фаҳми етган ўзи тушуниб олади”, дегандилар. Фармон биби ва бошқа иштирокчилар тимсолларида Москов ва иттифоқдош республикаларни ифодалаганларини айтгандилар.
Сизга ва оила аъзоларингизга аввало инсон учун энг муҳим бўлган мустаҳкам тани-соғлик, хотиржамлик, хонадонингизга фаровонлик бардавомлигини тилайман! Ижодий режаларингиз амалга ошишида Оллоҳ мададкор бўлиб, жўшқин илҳом бағишлаб турсин! Пурмаъно, холис ёйинлар ўтказишдан асло чарчаманг!
Эҳтиром билан: Жаҳонгир ИСМОИЛОВ.

САБАБ ВА ОҚИБАТ
Биз шундай…
Бирлашсак илму меҳнатда
Кўлами, қудрати беқиёс кучмиз.
Ва лекин тарқоқмиз, қўл келган пайтда
Аввал ўзимизни ўйлашга ўчмиз.
Оллоҳим силаган манглайимизни,

Биз қуёшли юртда унган, кўкарган.
Баъзи биримизнинг танглайимизни
Энага майда гап билан кўтарган.
Биз шундай…
Яшашни истаймиз бахтли,
Қайсидир касбу кор, соҳага масъул.
Кези келганида ноҳақми, ҳақми,
Ҳар ким ўз гапини қилади маъқул.
Мақтовга, олқишга мойилу маҳтал,
Аксар ўзимизни санаймиз даҳо.
Биримиз “оқ”ни “оқ” атаган маҳал,
Бошқамиз “қора”га йўямиз гоҳо.
Биримиз қаноат қилсак борига,
Бошқа биримизнинг нафсимиз ўпқон.
Гоҳида кимнингдир яраб корига,
Гоҳида яйраймиз кимдир ютса қон.
Олқишлаб, тутқизсак бир қўлда гул бор,
Кўзга сепар бўлсак бир ҳовучда хок.
Биримиз уччига чиққан қув, айёр,
Биримиз феъли кенг, ҳалол, кўнгли пок.
Гоҳ зулмат қўйнидан излаймиз ёғду,
Гоҳ тўсиқ қўямиз нурнинг йўлига.
Бировга тирик пайт ичириб оғу,
Ҳамд-сано айтамиз тиққач гўрига.
Биримизда доим ғурур, ор устун,
Ноҳақлик олдида эгмаганмиз бош.
Биримиз қандайдир манфаат учун,
Ҳар қандай таҳқирга берамиз бардош.
Бошимиз етса ҳам осмонга қадар,
Ерда, эл қатори қўямиз қадам.
Биримиз бойисак ё тегса амал,
Танимаймиз ҳатто отамизни ҳам.
Биримиз кечганмиз илм наҳрини,
Қарашимиз теран, орифлик раво.
Биримиз бурундан кўрмай нарини,
Донишманд рутбасин қиламиз даъво.
Юксакка бошлаймиз қўлидан тутиб,
Пайқасак кимдадир жиндай иқтидор.
Лекин минг таассуф, зўрни камситиб,

Пойидан чалиш ҳам қонимизда бор.
Оғиз чучимайди десак-да ҳолва,
Ноз-неъмат яратмоқ нечоғли оғир.
Ўроқда, машоқда кўрсатмай қора,
Биримиз хирмонда бўламиз ҳозир.
Илмлининг қадри бир четда қолиб,
Баъзан эъзозлаймиз гумроҳ, ходани.
Боиси, у юрар “лаганча” олиб,
Ёки қай мансабдор зотнинг одами.
Қўрқитса, ё амал улашса ағёр,
Бир бирин сотувчи қолар топилиб.
Шундайлар дастидан ноҳақ бўлдик хор,
Ўтмишда қанчамиз кетдик отилиб.
Хуллас, давом этар шу тахлит ҳаёт,
Олдинга юрсак энг қийин, ёмони;
Назарга ташланар кам эмас, зиёд,
Аксар ҳар мусбатнинг манфий томони.
Биз шундай…
Бирлашиб яшасак ҳалол,
Оқил йўлни тутсак беқиёс кучмиз!..
Ва лекин тарқоқмиз, токи шу аҳвол,
Нохуш савдоларга бир умр дучмиз.

ФОЖЕАМИЗ
1.
Дўстим, теран назар солсанг аъмолга,
Бир бирига зиддир ёлғон билан рост.
Рост – имони покка, лафзи ҳалолга,
Ёлғон – субутсизга, ваъдабозга хос.
Меҳнатда тинмаймиз, еримиз – олтин,
Фаровон яшашга минг бор ҳақлимиз.
Лекин томир ёйган фожеамиз шу:
Ростдан кўра кўпдир ёлғон гапимиз.
2.
Бўлса-да ҳар кимда турлича назар,
Ҳалолни ҳаромдан яхши фарқлайди.
Қилмоқ керак, дейди биридан ҳазар,
Бирин пок иймонга хос, деб шарҳлайди.
Ҳар доим ҳам келмас иш бароридан,
Виждони, ори бор кетмас асло паст.

Қаноатли тўяр насиб ҳалолдан,
Қанча ҳаром есин, тўймайди баднафс.
Устувор бўлсайди кўнгил поклиги,
Тўкис яшар эдик чандон аслида.
Фожеамиз: тўқнинг кўзи очлиги,
Ҳарчанд олган билан тўймаслигида.
3.
Куюнчак дардини айтар қотириб,
Лагандардор алқаб қанот ёздирар.
Холис фикр, танқид ҳушёр торттириб,
Мақтов ҳаволатиб йўлдан оздирар.
Вақт –ҳакам, бир куни қилгайдир сўроқ,
Кун ўтиб бормоқда, қуёш ботади.
Ҳақ сўзни тинглашга тоқатимиз йўқ,
Ҳамд-сано айтсалар мойдек ёқади.
4.
Бу уч фожеанинг турли хуружи,
Жабрини ўтмишда тортдик жуда кўп.
Сувни кесмай қўйди адолат кучи,
Не оқил бошларда синди қанча чўп.
Дилимизга тугган ниятлар эзгу,
Саф олдини кўзлаб қўямиз қадам.
Дадил юрмоғимиз душвор, токи шу-
Учта фожеага бермасак барҳам.

* * *
Лол қолди, тан берди меҳмонга келган:
Бу қандай беқиёс зеб очган диёр.
Қаёққа қараса ютуқ акс этган,
Энг олий мақсадлар акс этган шиор.
Ёздик: кам эмасмиз бизлар ҳеч кимдан,
Муддао, сўзимиз фақат эзгулик.
Яшадик амалда бўлмаганда ҳам,
Қоғозу шиорда ҳавас этгулик.

* * *
Ўзимизни етук санаймиз ақлан,
Гарчи, адолатга азал чанқоқмиз;
Лекин айтолмаймиз ҳақ сўзни баъзан,
“Менга нима”, деймиз ёки қўрқоқмиз.

Юрамиз эшитиб, илғаймиз қараб,
Зарур пайт қулоқ кар, забонимиз гунг.
Ноғора қоқамиз гўё тўй тугаб,
Ёки ғишт қолибдан кўчганидан сўнг.

%d bloggers like this: