Мустақиллик декларациясининг 30 йиллиги

Суратда: Ўзбекистон Халқ депутатлари (ўнгдан) Воҳид Аъзамов, Тойиба Тўлаганова ва Жаҳонгир Муҳаммад (1990 йил)

Суратда: Ўзбекистон Халқ депутатлари (ўнгдан) Воҳид Аъзамов, Тойиба Тўлаганова ва Жаҳонгир Муҳаммад (1990 йил)

Ёрқин кун

1990 йилнинг 20 июн куни Ўзбекистон Мустaқиллик декларацияси қабул қилинган эди. Мустақиллигимизнинг шу ёрқин куни муносабати билан сизларни самимий қутлаймиз.

Ана шу ёрқин кун ортида қанчадан-қанча ёритилмаган воқеалар, оқ ҳолича турган саҳифалар бор. Бир кун тарих бу саҳифаларни тўлдиришига ишончимиз комил.

Қуйида шу тарихий ҳужжат борасида Жаҳонгир Муҳаммаднинг хотираларидан парчани ўқинг. Turonzamin.

Мустақиллик декларацияси

Мустақиллик ғояси ҳамма жойда тўлқинланган ва бу тўлқин бирин-кетин соҳиллардаги қояларни йиқитаётганди. Баъзи жумҳуриятларда бу тўлқин қаршисига танклар, турли силоҳлар олиб чиқилса-да, тўхтатишнинг имкони бўлмаётганди. Чунки бу тўлқиннинг орқасида енгиб бўлмас куч – халқ бор эди. Бу тўлқин эстираётган шамол ҳар бир эшикдан ичкарига кираётган ва инсонларнинг қалблари, шуурларини қитиқлаётган эди.

Аммо биз энг орқада бўлмасакда, энг орқадаги ўринлардан бирида эдик. Анашу орқадалик демократ депутатларга тинчлик бермас эди. Мустақиллик ҳар биримизнинг кўнглимиздаги энг улкан орзу эди.

1990 йилнинг 18 июнида бошланадиган Ўзбекистон Олий Кенгаши 12 чақириқ иккинчи сессияси олдидан кун тартибини муҳокама қилиш учун раёсат мажлиси чақирилди. Олий кенгаш раиси, ўринбосарлари ва қўмиталарнинг раислари раёсат аъзоси бўлганлари учун мажлисда ҳал қилувчи овозга эгадирлар. Аммо биз ҳам қатнашсак, бизни чиқариб юбориш ҳуқуқлари йўқ эди. Шу боис бу мажлисга кирдик ва мустақиллик  масаласини кўтардик.

-Бугун бўлажак сессиянинг кун тартибини муҳокама қилаяпсизлар, – дедим раёсатда сўз олиб. – Биламан, раёсатимиз “юқори” билан маслаҳатлашмасдан қарор чиқара олмайди. Лекин бу масала маслаҳатни кутмаслиги учун ҳам уни кун тартибига киритишларингизни сўраймиз. Ёки бугун раёсат бир ҳайъат тузсин ва сессия иш бошлагунга қадар лойиҳаларни кўриб чиқиб, муҳокамага ҳозирласин.

-Тўғри,-дея қўллади Маданият қўмитаси раисининг ўринбосари Алижон Қўчқоров. -Мана мен узоқ йиллар партия марказқўмида ишладим, лекин бугун мустақиллик дея тўлғанаётган йигитларга қўшиламан. Бу бир ёки икки кишининг ташаббуси эмас. Бу бутун халқнинг дарди. Шу сабабдан унга қўшилмасдан ва уни қўллаб-қувватламасдан иложимиз йўқ.

Унинг ёнида Бахтиёр Қодиров деган депутат ўтирганди, у ҳам қўшилди. Кейин мен каби раёсат аъзоси бўлмасада мажлисга кирган бошқа депутатлар ҳам дастаклашди бу фикрни.

Раис Мирзаолим Иброҳимов ҳеч нарсага “йўқ” демас эди. “Хўп” дерди, куларди, лекин ваъда амалга ошмай қолаверарди.

Кутилмаганда Эркин Воҳидов сўз олди׃

-Менимча бу ўйлаб кўрилиши керак бўлган масала. Ҳозир бирдан кун тартибига қўшсак сессияда шошиб қоламиз, тайёр бўлмаган нарсани қандай қилиб муҳокамага олиб чиқиш мумкин? Олдин халқдан сўраб кўрайлик. Қани нима дейди? Шу боис мен бу масала билан шуғулланадиган бир  ҳайъат тузишни таклиф қиламан. Унгача Оқсоқолнинг  фикрларини ҳам биламиз.

Эркин ака ва ҳамқурлари Ислом Каримовни “Оқсоқол”  дейишарди.

-Ҳурматли Ислом акага ўзим тушунтираман. Эркин аканинг таклифлари эса жуда тўғри, мен ўзим Ислом акадан изн олиб бу масалани сессияда муҳокамага қўяман.- деди Мирзаолим Иброҳимов “Оқсоқол”нинг ўрнига “Ислом ака”ни ишлатиб.

-Лекин тавсия қилинадиган кун тартиби қўлингизда, ҳозироқ унга киритиб, қабул қилиш мумкин, – дея луқма ташладим.

-Тушунаман, ёшларнинг қони қайнаб туради. Аммо бу масала жуда ҳам жиддий, уни икки оғиз гап билан ҳал қилиб юбориб бўлмайди, қолаверса таклифингиз рад қилинмади, қабул қилинди деб ҳисоблайверинг, ука, – юмшоқ оҳангда эътироз билдирди раис.

-Бу ерда Мустақиллик Декларацияси матнини тайёрлайдиган гуруҳ тузиш таклиф қилинди, ҳеч бўлмаса буни амалга оширайлик, иш давом этиб турсин, – деди Алижон Қўчқоров.

-Бизга имкон беринг, агар йўлини топсак гуруҳ-пуруҳсиз ҳам бу масалани ҳал қиламиз…,-жавоб қилди раис  бироз зарда билан.

Шундан кейин сессия олдидан “Мустақиллик Декларацияси” деган ном билан иккита ўзбекча матн пайдо бўлди. Биринчиси, “ЭРК” партияси тайёрлаган ва иккинчиси “Бирлик” халқ ҳаракати.

Биринчиси анча мукаммалроқ бўлиб, бир саҳифадан кўпроқ эди. Иккинчиси, эса ярим саҳифа бўлиб, умумий руҳдаги чақириқ каби ёзилганди. Олий Кенгашда ишлайдиган ходимлар “Булар шунчаки оддий қоғозлар” деб қўл силташарди.

Биз Олий Кенгаш идорасида ишлайдиган  демократик руҳдаги депутатлар эса  ҳар иккаласидан ҳам фойдаланган ҳолда янада аниқроқ ва мукаммалроқ лойиҳа тайёрлашни ўйлардик. Яъни унга қонуний тус бериш кераклиги ҳақида бош қотирар эдик. Лекин баъзи қўмита раислари ва ҳайъатдагилар бунга  қарши эдилар. Москвадан ажралиш керак, деган гапни эмас, СССР таркибида қолиб, Иттифоқ Шартномасини имзолаб, кенроқ ваколатлар олиш кераклигини афзал кўришарди.

Чунки ўша кунларда Москвадан шундай бир таклиф юборилган ва қандай ваколатлар исталиши ўрганилаётган эди. Қўмита раислари қуруқ гапдан кўра,  амалий одим тарафдоримиз, Москвадан кўпроқ эркинлик олсак бу фойда деган фикрларини бизга ҳам сингдиришга уринишарди. Каримов ҳам кўпроқ эркинлик билан Иттифоқ таркибида қолиш кераклигини ва айниқса ўзи иқтисодчи бўлгани учун ҳам бунинг афзаллигини тушунишини бот-бот такрорларди. Унинг фақат битта  ўйи борлиги яққол сезилиб турарди: бу ўй нима бўлса ҳам Москва менга тегмасин, қолгани дунёни сув босса ҳам тўпиғимга чиқмайди қабилида эди.

Сессия бошланишидан бир кун олдин кўнглимга бир фикр келди. Нега сессия котибияти аъзолари олдиндан  тайинланиб қўйилади ва сессияда номлари ўқиб бериладию  “тасдиқланди” деб ўтиб кетилаверади? Ваҳоланки бутун сессиянинг тақдири ана шу котибиятнинг қўлида. Агар котибият мустақил бўлса, мажлислар эркин ўтади, кун тартибига исталган нарсани қўшиш мумкин?

Олий кенгашдаги дўстларимга:

-Мажлис очилиши билан котибият эълон қилинар экан, ҳар биримиз биттадан номзод кўрсатайлик. Улар ўн беш номзод кўрсатишса, биз ўн олти кишини кўрсатайлик. Мажбуран овозга қўяди. Ўтгандан кейин бизнинг одамлар котибият мажлисида раис номзодини ўзимиздан кўрсатсин. Чунки мажлиснинг тақдири котибият раисининг қўлида. Бутун рўйхатлар, қарорлар унинг қўлида бўлади. У эса бирортасини ҳам раисга бермайди, сенариясиз сессия ўтказамиз деб эълон қилади. Депутатларнинг талаблари сифатида Мустақиллик Декларацияси муҳокамасини ҳам кун тартибига киритишни сўрайди…,- дедим. Уларга маъқул бўлди бу фикр.

Сессия куни Каримов чет эллик меҳмони билан водийга кетганди. Бу ҳам ишни қулайлаштирди. Котибият аъзолари тасдиғи бошланганда  “Менда таклиф бор” дея ўрнимдан турдим ва  котибият аъзоларини янгидан сайлаш керак деган таклифни айтдим. Мирзаолим Иброҳимов:

-Укам, ҳеч жим ўтирмадингиз. Котибиятга у аъзо бўлди нима, бу аъзо бўлди нима? Шу котибият ўзгаргани билан бир нарсага эришасизми?- дедию қўшимча қилди: -Менда ҳам таклиф бор, Жаҳонгир Маматовнинг ўзи командаси билан секретариатни эгалласин, кўрамиз қани нима бўларкин? Қани рўйхатингизни ўқинг!-деди.

Мен шошиб қолдим, чунки қўлимда рўйхат йўқ эди. Аммо бундай имкониятни бой бермаслик учун чўнтагимдан ён дафтарчамни чиқардим-да, гўё унга исмлар ёзилгандек, аслида эса хаёлдан, янги номзодлар рўйхатини ўқий бошладим. Олий кенгашда биргаликда фаолият кўрсатаётган дўстларимнинг исмлари бор эди бу “рўйхатда”.

Бошқаларга таклиф киритиш учун ҳожат ҳам қолмади. Бир зумда мен таклиф қилган “рўйхат” тасдиқланди ва биз орқадаги хонага ўтиб, котибият мажлисини қилдик. Аслида ўзим “рўйхат”да йўқ эдим. Чунки ўз номимни ўзим таклиф қила олмас эдим. Аммо Мирзаолим Иброҳимовнинг таклифи ўлароқ исмим рўйхатга кирди ва котибиятнинг илк мажлисида  раис этиб сайландим.

Каримов бўлганда бунга йўл бермасди. Мирзаолим Иброҳимов эса ҳаётининг энг катта “хато”сини қилиб қўйганидан бехабар эди.

Бир пайт Каримов кириб келди. У минбарда котибият учун ажратилган жойда ўтирганларни кўриб ҳайрономуз термулди-да, “салом” дегандек менинг елкамга уриб қўйди ва раиснинг ёнига бориб утирди.

Раисдан сўз сўрадим.

-Сўз котибият раисига, – деди Мирзаолим Иброҳимов.

Ўртадаги минбарга чиқдим-да:

-Раёсат таклиф қилган кун тартиби аниқ. Лекин истаган одам кун тартиби бўйича таклиф киритиши мумкин. Котибиятга келган таклифларингизни албатта ошкор этамиз ва овозга қўямиз. Мана бу сўзга чиқувчилар  рўхати эса олдиндан тайёрлаб қўйилган экан, уни йиртамиз.

Шундай деб, қўлимдаги қоғозларни иккига бўлиб, йиртдим.

–Сўзга чиқувчилар ҳам котибиятга таклиф берсинлар, биз рўйхатни таклифларнинг келган соати, дақиқасига қараб тузамиз, – дедим.

Мажлисда жонланиш юз берди. Уйқусираб ўтирадиган тўраларнинг ҳам пайтавасига қурт тушди.

-Мен қайси қоғозга қараб иш юритаман, – дея киноя қилди Мирзаолим Иброҳимов. У Каримовнинг келиб қолганидан ваҳимага тушганди.

-Кун тартибига қараб раислик қилаверасиз, – деб  минбардан тушиб, ўрнимга келиб ўтирдим. Каримов эса ўрнидан турди-да қўл силтаб чиқиб кетди. Унинг нимага келиб, нимага кетганини ҳеч ким тушунмади.

Мирзаолим Иброҳимов нима қилишини билмай қолди. Олдидаги қоғозларнинг аксарияти  бекорга чиқиб қолганди. Котибият аъзолари мажлисга юзма-юз қўйилган жойда ўтириб таклифларни йиға бошладилар ва мен муҳокамага қўйиладаган масалаларнинг номларини  эълон қилиб, сўзга чиқувчилар номини  Мирзаолим Иброҳимовга етказиб  турдим.

Залда Мустақиллик Декларациясини кун тартибига киритиш учун ҳаракат ҳам бошлатилди. Аввалига депутатлар лойиҳаларни тўппа-тўғри Иброҳимовга берибдилар. У  эса олиб, столнинг устида тескари қилиб қўйганича қарамабди ҳам. Шундан кейин қайтадан котибиятга келди. Унда “Мустақиллик Декларацияси кун тартибига киритилиши учун овозга қўйишингизни сўраймиз” дейилган ва 167 депутатнинг имзоси илова қилинган эди.

Шу ўринда котибиятга келган ва архивимда сақланиб қолган мактубларнинг баъзиларини мисол сифатида келтирмоқчиман:

“Секретариат раиси Жаҳонгир Маматовга. Сўзга чиқиш имкониятингиздан фойдаланиб қўйидагиларни депутатларга-сессияга  етказишингизни илтимос қиламан:

1.Олий Кенгаш раиси таклифларни нега танлаб-танлаб овозга қўяди?

Биз кўпчилк депутатларга қўл қўйдириб, “Мустақиллик Декларацияси”ни овозга қўйдиришни сўрагандик. Буни эътиборсиз қолдириш ҳуқуқини М.Иброҳимовга ким берган?

2.Шулар асосида ва икки марта норозилик билдирганим ҳам инобатсиз қолгани  сабаб энди раисга ишончсизлик билдираман.

Ҳамза Эшназараов, 385-сайлов округи”.

“Мен Маржонбулоқ олтин конида ишлайман.Тезроқ Мустақиллик Декларациясини қабул қилайлик. Кеч бўлаяпти, кеч…

Абиёр Баротов, 386- Қўйтош округи”.

“Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич!

Биз 167 халқ депутати “Мустақиллик Декларация”сини муҳокама қилишни талаб этдик. Лекин раислик қилувчи овозга қўймаяпти. Бир депутат талаби ҳам овозга қўйилиши лозим. Конституцияни ҳимоя қилишни сиздан сўраб, ушбу масалани бугун кун тартибига киритиб, сессия охирида қабул қилиш керак….

Сизга ишонч билан

Карим Баҳриев, 327-Қўйқишлоқ сайлов округи”.

Каримов мажлис залига Бош вазир Шукрулло Мирсаидовга баъзи гапларни айтиб қўйиш учун келган экан. Чунки водийдан қайтиб энди Марказий Осиё лидерлари йиғилишида қатнашиш учун Алматига бориши ҳам керак экан.

У орқадаги хонада Мирсаидовни кутиб, ичкарига у ерга улаб қўйилган радиодан мажлисдаги тортишувларни эшитиб қолиб, раисга танбеҳ бериб қўйиш учун сессия бўлаётган жойга чиққан экан. Каримов Иброҳимовни “чимчилаб”  қўйгандан кейин орқа хонага ўтиб,  Мирсаидов билан гаплашиб турганда  мен кириб бордим. Қўлимда бир даста мактуб ва Мустақиллик Декларациясининг матнлари бор эди.

-Нима гап, яна бузғунчилик-ку?- деди Каримов.- Қоғозларни йиртган билан  иш тамом деб ўйлайсизми? Олдингиси дарс бўлмаганга ўхшайди.

У Журналистлар уюшмасида ютқазганимизга шаъма қилаётганди.

-Миллатвакилларининг кўпчилиги Мустақиллик Декларациясини қабул қабул қилишимизни сўрашаяпти, -дея гап бошладим мен.

Аммо Каримов  гапимни охиригача эшитмади.

-Уша миллатвакилларингиз …  қисиб ўтирсин, – дея қўлини мушт қилиб кўрсатди.

Бу гапи қаттиқ ботди. Чунки мен ҳам ўша миллатвакилларидан бири эдим. Шу боис унга жавоб бериш зарур деб ҳисобладим ва:

-Сизни маданиятли одам деб эшитгандим…,- Аслида маданиятсиз калимасини ишлатмоқчи эдим, аммо  тилим бормади.

Каримов яна  сўзимни кесди:

-Бу депутатлигингиз узоққа бормайди, деб неча марта айтдим, тушунасизми ўзи? Қолганларники ҳам. Мустақиллик эса хоинлик.  Орқадан пичоқ уришдир. Гапиришни биласиз ҳаммангиз,  иш эса менга қолган. Мана бу Декларация бир тийинга қиммат қоғоз, буни туалетда ҳам ишлатиб бўлмайди, билдингизми? Шукур Раҳматович керак бўлса шу гапни чиқиб халққа ҳам айтади,- Каримов авзойи бузилиб бақира бошлади.

Шукрулло Мирсаидов вазиятни юмшатмоқчи бўлди, шекилли, гапга аралашди:

-Нима экан ўзи бу лойиҳалар? – деди.

-Мен лойиҳаларни бу ерга олиб келмаслигим мумкин эди, аммо бир юз олтмиш етти миллатвакили бу лойиҳаларнинг остига имзо отган, президентнинг номига мурожаат ёзган. Истасангиз, чўнтагингизга солиб қўйинг, бизда муҳокама қилиш учун бошқа нусхалари бор,- дедим Мирсаидовнинг саволига жавоб берар эканман Каримовга юзланиб. Кейин қўлимдаги қоғозларни Каримовга узатдим. Аммо  у эмас Шукрулло Мирсаидов олди. Каримов эса 167 рақамини эшитиб, бир лаҳза эсанкираб қолди. Сўнг  Бош вазирнинг қўлидан рўйхатни олиб, исм-шарифларга назар ташлади.

-Вой, аблаҳлар, вой нонкурлар,-дер экан, лойиҳаларни ўқиди-да, саккиз сатрлисини менга узатди:

-Мана шунисини мажлис охирида кўриб чиқишсин, – деди.

Каримов ажратиб берган саккиз сатрли лойиҳада ҳеч гап йўқ эди.Чиқиб кетар эканман яна Каримовнинг гаплари қулоғимга чалинди:

-Бу жўжахўрозлар билан ади-бади айтиб ўтиришга ҳолим йўқ. Агар боягини муҳокамага қўйишадиган бўлишса, мустақиллик деган сўзларни “суверенитет” калимаси билан алмаштириб, Москванинг қонунлари ҳудудимизда ўз кучини сақлаб қолади, деган қўшимча билан қабул қилиш мумкин. Ўшанда ҳеч гап бўлмайди. Кейин истасак қайтадан ёзамиз, истасак эълон қилмаймиз. Ўзингиз сўзга чиқиб, бунинг бир парча қоғозлигини тушунтириб беринг, булар ҳали иқтисоднинг “и” ҳарфини билишмайди…Исмоил Ҳакимовичга айтинг, анқайиб ўтирмасдан ана у имзо қўйганлар билан гаплашиб қўйсин…

Каримов бирдан мен томонга қаради ва:

-Яна бирор гапингиз борми?- деди. Уларнинг гапига қулоқ тутиб қолганим одобсизлик эканлигини ҳис қилиб “узр” дедимда  мажлислар зали томон кетдим.

Шу орада Каримов Эркин Воҳидовни чақиртирди. Мен учун унга танбеҳ бера бошладида дея кўнглим хижил бўлди. Мард бўлса гапини ўзимга айтақолмайдими, деб ранжидим. Аммо гап бошқа эканлигини кейин тушундим.

Мустақиллик Декларациясини муҳокамага  қўямиз десак Эркин ака сўз сўради.

-Мустақиллик ҳаётимизнинг энг муҳим ва энг керак масаласи. Шу сабабдан бу ҳақда Декларация қабул қилиш учун махсус ҳайъат тузишимиз керак. Бунга ёзувчилар, шоирлар, ҳуқуқшунослар, олимлар, сиёсат арбоблари, хуллас ҳамма соҳадан вакиллар кирсин. Шундай бир ҳужжат қабул қилайликки, дунё бизга қойил қолсин. Сихни ҳам кабобни ҳам куйдирмасдан иш қилайлик…,- деди у.

Ундан кейин  Аҳмадали Асқаров, Муҳаммад Солиҳ, Ойгул Маматова, Мурод Жўраев ва яна бир неча   киши сўзга чиқиб ўз фикрларини айтдилар. Кўпчилик ҳайъатни шу заҳоти тузиб, Декларацияни мажлис охирида қабул қилиш кераклигини айтди. Мен ҳам сўз олиб иккинчи лойиҳа мукаммаллигини ва уни муҳокама этиб, қўшимчалар билан қабул қилиш кераклигини айтдим.

Муҳокама давом этар экан, Каримов чақиртирди.

-Сиз ука нима қилаясиз, бу ўйинчоқ эмас, катта давлат, нега сиз  менга бошқа нарсани кўрсатиб, мажлисга бошқа гапни айтаяпсиз. Биласизми буни нима дейишади…?,- деб сўкинч гапни ишлатди..

-Бўлмаса сиз ҳам баъзи нарсаларни билиб олинг,- дедим қизишиб.-Биз қабул қилгандан кейин ҳужжатлар имзоланиш учун сизга боради. Фикрингизни ана ўшанда айтасиз. Истасангиз қўл қўймасдан яна бизга қайтарасиз, вето ҳақингиз бор ва биз қайта кўриб чиқамиз. Лекин  президент олдиндан кўриб чиқади, деган гап йўқ. Шунга қарамасдан мен сизга кўрсатдим. Чунки сизнинг номингизга ёзилган мурожаат ҳам бор эди. Депутатлар сизга ишонч билдириб ёзишганди уни. Ўзингиз лойиҳалардан биттасини танлаб менга бердингиз. Мен эса иккинчисини таклиф қилдим, чунки…

Каримовнинг жаҳли чиққан эди, гапимни кесди.

-Менга чунки-мункини гапирманг. Сизлар бир нечта жўжахороз бу ерни ҳам Москвага айлантириб юбормоқчисизлар. Аммо билинглар, бу ерда Горбачевга ўхшаган латтачайнар йўқ. Сизлар чалган мусиқага ўйнаб ўтирадиган одам йўқ бу ерда. Мусиқани мен чаламан. Мен айтдимми, тамом, ҳозирнинг ўзида чиқиб лойиҳанинг иккинчисини қайтиб оласиз ва биринчисини ўртага қўясиз.

-Энди орқага қайтиш мумкин эмас. Қолаверса биринчи лойиҳада ҳеч гап йўқ. Уни эълон қилдигу қилмадик, ҳеч фарқи бўлмайди,-дедим мен.

Каримов мушти билан столга уриб бақирди.

-Мен айтганни бажар деяпман, сенга!

-Мени сенсираманг ва бу оҳангда буйруқ ҳам қилманг! Васвасага тушганингизни ҳозир чиқиб депутатларга эълон қиламан,-дедим.

Каримов энди пешонасига муштлади.

-Ҳаммасига эшшак КГБ айбдор, Мелкумов айбдор!  Санларни бу ерга яқин йўлатмаслик керак,  дегандим. Битта ишни эплолмади аблаҳлар.Тарқатиб юбораман, қайтадан тузаман. Санларга эса алоҳида турма қуриб бераман. Чириб кетасанлар ўша ерда.

-Биз чириб кетадиган нима иш қилдик? Мамлакатимиз мустақил бўлсин десак, бу жиноятми?

-Ҳа жиноят. Мамлакатимиз битта. Совет Иттифоқи. Ўшанда туғилдик ўшанда ўламиз. Ҳозир қулай пайти келган, Москвадан кўпроқ ҳақ олишимиз мумкин. Бюджет тешилиб ётибди. Санлар оёғимга болта ураяпсанлар, билдингми? Москва бизни мустақил бўлишга қўймайди. Оёғимиздан осади. Халқингни ҳам, санларни ҳам қириб ташлайди. Санлар тарихни ҳам билмайсанлар.

-Агар сенсирашда давом этсангиз мен ҳам сизни сенсираб гапираман,- дедим Каримовнинг беписанд оҳангига  қарши.

-Сиз билан ҳали камерада сизлашиб гаплашаман, унда мен гапираман, сиз эшитасиз, чунки жавоб қайтарадиган мана шу тилингиз кесилган бўлади!

– Ҳали қассоблик ҳунарим ҳам бор денг…

Билмаган ҳолда Каримовнинг энг нозик нуқтасига “уриб” қўйибман. Унинг отаси Абдуғани ака Самарқандда қассоб бўлгани, туя гўшти сотиб қўлга тушгани, бу эса Каримовда энди партияга ўта олмайман деган фикр ўйғотгани ва шундан кейин отасини дўппослаб уйдан чиқиб кетганини кейин эшитдим. Ўша кезда отаси ёки бирор яқин кишиси қамалган бўлса, партияга аъзо қилиб олишмас эди. Аммо Каримовнинг омади чопган экан. Отаси ўлиб кетган бўлсада акаси ва укаси қамоқда бўлишига қарамасдан У Ўзбекистон Коммунистик партияси Марказий Комитетининг биринчи котиби этиб “сайланган” эди. КПСС Марказий Комитети Сиёсий бюросининг аъзоси ҳам бўлди.

Каримов бирдан бақириб юборди.

-Шукур! Ўлдираман сани, сан айтгансан буларга. Ман санга қассобликни кўрсатаман, аблаҳ!

У очиқ эшик  томонга қараб сўкина бошлади. Шукрулла Мирсаидов  бизнинг тортишувимиз пайтида қўлидаги сигаретни кўрсатиб ташқарига, яъни кичик хонадан каттароқ  жойга ўтганди. У нима гап, дегандай кириб келганда Каримовнинг оғзидан кўпик сачраб сўкинаётган эди.

Шу пайт Олий Кенгаш қўмиталаридан бирининг раиси Абдуваҳоб Йўлдошевнинг айтган гапи эсимга тушди.

-Бу одамнинг қуянчиғи бор,-деган эди Каримовнинг жаҳли чиқишига шаъма қилиб.

Абдуваҳоб Йўлдошев илгари Тошкент вилоят ижроия қўмитасида раҳбар бўлган. Кейин уни Самарқанд вилоят ижроия қўмитаси раислигига юборишганда танишган эдим. 1988 йилда у киши билан бирга Афғонистонга борган эдик. Кўнгли очиқ, самимий одам. Мени яхши танигани учун ҳам маслаҳат бериб турар, Каримовдан эҳтиёт бўлишга ундарди. Аслида ҳам  ҳали Каримовни яхши билмас эдим, аммо у киши унинг мусиқасини эшитиб кўрган, уни яқиндан танир эди.

У oғир, ҳар бир гапини ўйлаб гапирадиган ва  қишлоқ хўжалиги иқтисодини яхши биладиган одам. Олий кенгашнинг Иқтисод қўмитасини бошқарар эди. Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтида ишлаган депутат  Эркин Хўжаев эса унга ўринбосар эди. Улар битта хонада ўтирар эдилар. Ўзи ёлгиз бўлсагина анча гаплашардик. Тажрибали, билимли бу одам билан суҳбатлашиш мароқли эди. Кейинчалик билсам, ниҳоятда тарбияли, ҳар бир сўзини ўйлаб гапирадиган, ўз ишининг билимдони бўлган бу кишини  ҳам  Каримов кўп ҳақоратлаган  экан. Мана энди унинг  “Каримовнинг қуянчиғи бор”  деган гапини эслаб, ростдан ҳам шундай эканми, деб ўйлаб қолдим.

Абдуваҳоб Йўлдошев бундай пайтда йўлини қилиб, ундан узоқ кетиш керак, дер эди. Шу ўгитга амал қилиб, ташқарига чиқдиму сессия бўлаётган томонга ўтиб кетдим. Депутатлар орасидан Нурали Қобул, Муҳаммд Солиҳ, Эркин Воҳидов ва бошқаларни топиб, бўлаётган гапларни айтиб бердим ва уларни орқадаги хонага келишларини сўрадим.

Орадан кўп ўтмай сессияда Шукрулла Мирсаидовга сўз берилди.

-Бу бир парча қоғоз. Ҳамма нарса шу билан ҳал бўлиб қолмайди, -деди у. – Масаланинг иқтисодий томонларини ҳам кўриб чиқишимиз керак. Мен билан ёнма-ён ўтирадиган бир депутат “Боғча қуриш аҳамиятлими, мустақиллик баёнотими?” деб сўради. Ана шу саволнинг ўзи кўрсатаяптики, бу масалани бир ҳайъатга юклашимиз ва бутун таклифларни инобатга олган ҳолда ўртага чиқаришимиз керак. Мана менинг қўлимда иккита лойиҳа бор. Хўш, бунинг қайси бирини қабул қиламиз? Мен мажлисда танаффус эълон қилинишини ва бутун вилоятларнинг вакиллари йиғилиб, бу масалани муҳокама қилишларини таклиф этаман.

Каримов аллақачон  барча вилоят раҳбарларини ичкарига чақирган экан.

Шу орада котибиятга СССР халқ депутати Золотухинни сессияга киритишмаяпти деган хат келди. Мирзаолим акадан сўрасам у киши Марказий қўмита ташкилий ишлар бўлим мудири Ўткир Зокировни кўрсатди. Масалани аниқлаш учун унинг ёнига бордим.

-Сизлар нима қилаяпсизлар ўзи. Охири ёмон бўлади. Бу исён билан баравар,- деди у.

У билан  ҳам ади-бади айтиб ўтиргим келмади. Золотухин ҳақида сўрасам:

-Хомсизлар, дедимку, бундай масалани бошқа одам ҳал қила олмаслигини, фақат ўзлари қарор беришлари мумкинлигини билишингиз керак,-деди у орқа хонага ишора қилиб.

Ичкарида Каримов тўпланган  раҳбарлар билан гаплашаётганди. Кириб борганимни кўриб:

-Яна нима гап?- деди.

-Қонунларимизга кўра СССР халқ депутатлари сессияга киришлари мумкин. Мустақиллик Декларациясини қабул қилганимиздан кейин бу масалани ҳам кўриб чиқамиз. Лекин ҳозирча…

-Биласизми? Сиз эмас биз кўриб чиқамиз.Ўша иплос Золотухин ким? Ҳе, унинг онасини…

Каримов бақир-чақир қилиб ҳали исмини айтиб улгурмаганим Золотухинни сиртдан сўка бошлади. Вилоят раҳбарлари бош эгиб ўтирардилар. Хоразм вилоятининг раҳбари аёл эди. У бир нима демоқчи бўлганди Каримов уни ҳам эркакчасига сўкиб берди.

Мирсаидов ҳеч нарса бўлмагандек масалани Декларация томонга бурди. Базъи раҳбарларга жавоб бериб юборди ва фаол депутатларни чақиртирди. Каримов эса бир четда Эркин Воҳидов, Нурали Қобул ва Муҳаммад Солиҳ билан Декларация ҳақида гаплашаётган эди. Улар нимани гаплашдилар менга қоронғу, лекин Каримов жаҳлидан тушиб, ўзини анча эркин сезиб қолганди. Шу боис биз тўпланган жойга яқин ҳам келмади. Мирсаидов унинг ёнига бориб келди-да:

-Таклифларни инобатга олган ҳолда янги бир матн тайёрлаш учун беш кишилик ҳаъат тузамиз,-деди. Кейин кимларни ҳайътга киритишни сўради. Беш кишини кўрсатишди. “Шукрулло Мирсаидов, Жаҳонгир Маматов, Муҳаммад Солиҳ,  Мурод Жўраев, Ойгул Маматовадан иборат ҳайъат тузилсин” деган қарор олинди.

Вақт алламаҳал бўлиб қолганди. Ҳамма кетиб қолди. Аммо матн эрталабга тайёр бўлиши керак эди. Бу иш Вазирлар маҳкамасининг умумий ишлар бўлими мудири Равил Абдуқодиров билан иккаламизга қолди. Кейин билсам, Каримов матнга СССРнинг барча қонунлари Ўзбекистонда ҳал қилувчи кучга эга, деган моддани киритишни истаган экан.

Биз Равил Абдуқодиров билан шу ернинг ўзида ўтириб матнни қайта ёза бошладик. Равил Абдуқодиров ҳам рус тилида, ҳам ўзбек тилида ҳужжатларни ёзишга жуда уста экан. Қисқа вақтда бир неча вариантни ёзиб қўйди. Ҳар бир вариантни олиб бориб Ефимовга кўрсатиб келишарди. У Коммунистик партия марказий қўмитасининг иккинчи котиби ва матнларни Москва билан келишаётган экан. Хуллас, иш оқшомдан эрталабга қолди ва эртаси куни тушга қaдар давом этди. Тушдан кейинги сессия очилиши билан Мирсаидовгa сўз бердик:

-Кеча ярим тунга қадар лойиҳани кўриб чиқдик,- дея у матнни ўқиб берди ва қабул қилинишини сўради.

Кўпчилик мустақиллик ташнаси эканлиги сезилиб турарди. Мирзаолим Иброҳимов тортишувлардан кейин масалани овозга қўйди ва яна залга қараб ҳам ўтирмасдан “Бир овоздан қабул қилинди” деб эълон этди.. Ҳамма ўрнидан туриб қарсак чаларкан, Ефимов, Ҳамидовлар ҳам бу шиддатли сел каби оқимнинг кучига дош беролмай оёққа қалққандилар. Миллатвакили Насрулло Саййид миллий байроқни ўртага олиб чиқди. “Яшасин мустақиллик!” дея ҳайқирди. Унинг бу ҳайқириши тоғларда акс садо бергандек қатор ораларида такрорлана бошланди… Унга Имом Файзи қўшилди. Ҳатто раис “дўппилик йигит” деган миллатвакили ҳам…”Мустақиллик!” дея ҳайқираётганлар қандайдир ўй – фикрларга эмас, қалбларига қулоқ солаётгандилар.

Мустақиллик декларацияси қабул қилингандан кейин Каримов яна норози бўлди. Чунки матн унинг изнисиз муҳокамага қўйиб юборилишини у кутмаган экан.

-Бу яна нима гап?,- дея бақира бошалди у.

Мустақиллик Декларацияси қабул қилингандан кейин Каримов яна норози бўлди. Чунки матн унинг изнисиз муҳокамага қўйиб юборилишини кутмаган экан.

-Бу яна нима гап?,- дея бақира бошалди.

Шу пайт Мирсаидов келиб, лойиҳалар муҳокама қилингани ва Ефимовга кўрсатилиб деярли қайта ёзиб чиқилганини айтди. Каримов қўлидаги қоғозни унга пеш қилиб бақирар экан, мен чиқиб кетдим, чунки дўстларим кутиб туришганди. Тошкент меҳмонхонасига бориб, у ердаги депутатлар билан ресторанда байрам қилдик, ҳамма бир- бирини қутлаган, шод эди.

Ўшанда биз Олий кенгашда ишлаган депутатлар Вазирлар маҳкамасига қарашли меҳмонхода яшар эдик. Кечқурун телевидениеда сессия ҳақида маълумот берилиб, Декларация ҳақида гап бўлмади. Қўшни хоналарга ўтиб Мели Қобулов, Ойгул Маматова, Ҳамза Эшназаров  ва бошқаларни тўплаб масалани муҳокама қилдик.

Норозилик баёноти ёзиб эълон қиламиз, деган қарорга келдик. Сўнгра Марказий Қўмитанинг телевидениени назорат қилувчи  котиби  Жаҳонгир Ҳамидовга сим қоқдик.

-Биз ҳам шунинг дардида ухламай  ўтирибмиз, – деди Ҳамидов. – Бошқа норозилар ҳам бор, мухолифат митингга чиқмоқчи экан, Ислом акага телефон қилаяпмиз, боғланишнинг иложи бўлмаяпти…

1990 йилнинг 20 Июнида қабул қилинган Мустақиллик Декларацияси ниҳоят  22 июнда  “Совет Ўзбекистони” газетасида босиб чиқарилди. ”Ўзбекистон адабиёти ва санъати газетаси” эса декларацияни 29 июнда эълон қилди. Декларация Каримов томонидан тузатилган ва ундаги “Ўзбекистон” калимaлари “Ўзбекистон ССР” деб ўзгартирилган ва Москвани қониқтирадиган бир қанча ўзгаришлар киритилганди. Яъни Каримов ўз сўзида “турган” ва  Декларацияни ўзига мослаб эълон қилганди. Масалан, ундаги 12- модда муҳокама қилинганда қуйидагича эди:

“12. Ушбу Декларация мустақил Ўзбекистоннинг янги конституциясини ишлаб чиқиш учун асосдир”.

Каримов томонидан матбуотга берилган матнда эса бу модда қуйидагича эди׃

“12.Ушбу Декларация Ўзбекистон ССР нинг янги конституцияси  ҳамда иттифоқ шартномасини ишлаб чиқиш учун асосдир”.

Ўшанда Москва республикаларга Иттифоқ шартномаси тузишни таклиф қилган пайт  бўлгани учун ҳам бунга урғу  берилган бўлса ажаб эмас?!

Қуйида Ўзбекистон Мустақиллик Декларациясининг 1990 йил 20 июнда қабул қилинган ва Каримов томонидан  ўзгартириб икки кун кейин эълон қилинган матнини келтирмоқчиман.  Қора ҳарфлар билан ёзилган ва  остида чизиқ бўлган калималар Декларация халқ вакиллари томонидан қабул қилингандан сўнг унга  зўравон ҳукумат томонидан қўшилган сўзларадир.

“Мустақиллик Декларацияси

Ўзбекистон СОВЕТ СОЦИАЛИСТИК РЕСПУБЛИКАСИ Олий совети:

Ўзбек халқининг давлат қурилишидаги тарихий тажрибаси ва таркиб топган бой анаъналари,

Ҳар бир миллатнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминлашдан иборат олий мақсад ҳақи,

ҳар бир кишининг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашни олий мақсад деб билган ҳолда,

Ўзбекистон халқларининг келажаги учун тарихий масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда,

халқаро ҳуқуқ қоидаларига, умумбашарий қадриятларга ва демократия принципларига асосланиб,

Ўзбекистон СОВЕТ СОЦИАЛИСТИК РЕСПУБЛИКАСИнинг давлат мустақиллигини эълон қилади.

1.Ўзбекистон ССРнинг демократик давлат мустақиллиги республиканинг ўз ҳудудида барча таркибий қисмларида ва барча ташқи муносабатлардаги танҳо ҳокимлигидир.

2.Ўзбекистон ССРнинг давлат ҳудуди, чегараси дахлсиз ва бу ҳудуд халқнинг муҳокамасига қўйилмай туриб ўзгартирилиши мумкин эмас.

3. Ўзбекистон ССРда давлат ҳокимияти унинг ҳудудига кирадиган барча таркибий ва бўлинмас қисмлари устидан амалга оширилади ва шу ҳудудда яшайдиган аҳолига тааллуқлидир.

4.СССР Олий Советида қабил қилинадиган қарорлар Ўзбекистон ССР конституциясига мувофиқ Олий Совет томонидан тасдиқлангандан кейингина Ўзбекистон ССР ҳудудида кучга эга бўлади.

(ИЗОҲ:Ислом Каримов бу бандни “СССР Олий Советида қабул қилинадиган қарорлар Ўзбекистон ССР конституциясига мувофиқ Ўзбекистон ССР ҳудудида етакчи кучга эгадир” тарзида таклиф қилган аммо депутатларнинг қаттиқ талаби билан унга “Ўзбекистон Олий Совети томонидан тасдиқлангандан кейингина” деган қўшимча киритилган эди.-ЖМ)

5. Ўзбекистон ССР давлат ҳокимияти ваколатига Ўзбекистон ССР ички ва ташқи сиёсатига тегишли барча масалалар киради.

6. Ўзбекистон ССР халқаро ҳуқуқнинг асосий принсипларини тан олади ва ҳурмат қилади.

7. Ўзбекистон ССР ИТТИФОҚДОШ РЕСПУБЛИКЛАР  ВА бошқа давлатлар билан ўзининг сиёсий, иқтисодий, маданий ва бошқа муносабатларини шартномалар асосида белгилайди ва амалга оширади.

8. Ўзбекистон ССР ўзининг тараққий йўлини,  ЎЗ НОМИНИ ЎЗИ БЕЛГИЛАЙДИ ва давлат белгиларини (Герб, Байроқ, Мадҳия) ўзи таъсис этади.

(ИЗОҲ:Бу банд Ўзбекистон  ўзининг тараққий йўлини ўзи белгилайди ва Ўзбекистон ССР  Ўзбекистон Республикаси деб ўзгартирилганини эълон этади ва Ўзбекистон республикасининг давлат белгиларини (герб, байроқ, мадҳия) ўзи таъсис этади.” тарзида эди-ЖМ).

9.ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН МУХТОР СОВЕТ СОЦИАЛИСТИК РЕСПУБЛИКАСИ МУСТАҚИЛЛИГИНИ МУХТОР РЕСПУБЛИКА КОНСТИТУЦИЯСИ ТАЪМИН ЭТАДИ. ЎЗБЕКИСТОН ССР УНИНГ АСОСИЙ ҚОНУНИ ВА ЎЗБЕКИСТОН ССР КОНСТИТУЦИЯСИ АСОСИДА ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН МССРНИНГ МАНФААТЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛАДИ.

(ИЗОҲ:Асосий матнда бу банд қуйидагича эди: Қорақалпоғистон келажагини Ўзбекистон қонунлари доирасида бу ҳудудда яшаётган халқларнинг вакиллари ўлароқ бу жумҳуриятнинг олий совети белгилайди”. Бу мазкур минтақа депутатларининг таклифи эди.-ЖМ).

10.Ўзбекистон ССРнинг қонун чиқарувчи ҳокимияти Ўзбекистон ССР давлат мустақиллигини амалга ошириш учун зарур бўлган қонунларни ишлаб чиқади. Ўзбекистон ССРнинг сиёсий ва иқтисодий системалари таркибини ва қурилишини белгилайди.

11.Ўзбекистон ССР Олий Совети умумхалқ муҳокамаси асосида демократик ҳуқуқий давлат тузишга қарор қилганини билдиради. Ўзбекистон ССРда яшаётган барча миллат ва элатларнинг қонуний, сиёсий, иқтисодий, этник, маданий ҳуқуқларига ҳамда она тиллари ривожлантирилишига кафиллик беради. (Бу модданинг иккинчи жумласи асл матнда йўқ эди. Билишимизча  русларнинг ва рус тилининг манфаати кўзланган ҳолда бу сатрлар киритилган.-ЖМ)

12.Ушбу Декларация Ўзбекистон ССР нинг янги конституцияси  ҲАМДА ИТТИФОҚ ШАРТНОМАСИ ни ишлаб чиқиш учун асосдир”.

Аслида демократик жамиятларда парламент қабул қилган ҳужжатга бундай ўзгартириш киритиш тасаввурга ҳам сиғмайди ва бу  жуда катта жиноятдир.Ўзбекистонда эса барча қабул қилинган  қонунларга сессиядан кейин ҳам қўшимча киритилаверади. Бу эса диктатуранинг жиноят клубидан иборатлигини кўрсатувчи бир далилдир.

Хуллас, бу бўлимга илова қиладиган яна битта нарса бор. Иккинчи сессиядан кейин Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитасининг пленуми чақирилди ва сессияда жиловни депутатларга бериб қўйгани учун Мирзаолим Иброҳимов масаласи муҳокама этилиб, унинг раисликда қолиб қолмаслиги савол остига қўйилди.

Шунча бўлган воқеаларга қарамасдан, Ўзбекистон Мустақиллик Декларацияси халқимизнинг, унинг вакилларининг, мухолифатнинг (“ЭРК” ва “Бирлик” назарда тутилмоқда) азмини ўртага қўйган улкан ҳодисадир.

Ушбу тарихий ҳодисадан кейин орадан бир йилу икки ой ўтиб Каримов қайтaдан Мустақиллик эълон қилар экан, депутатларнинг бепарволиги, ҳатто қарсак чалишмагани бугунга қадар масхара қилинади. Аслида бу уларнинг Каримовга, унинг иккиюзламачилиги, сўзбўямачилигига қарши яна бир исёнлари эди…

ЖАҲОНГИР МАМАТОВ.

(1992 yil)

Leave a comment