Аҳмад Турон

Авторитар тизимлардан қутилиш – 21аср талаби

Қадим Фиравн давлатларидан то бугунги авторитар тизимларгача зўравонлик, сохтакорлик ва маддоҳбозлик асосига қурилган бўлиб мехнаткаш халқ яратган бойликлар устида кам сонли зодагонларни эгалик қилишлари учун хизмат қилиб келмоқда.   Интернет ва ижтимоий тармоқларнинг ривожланиши уларнинг башараларини очиб ташлади ва халқнинг хақли норозилигига олиб келди.

Аввал Украина,  бугун эса Белоруссия ва Россиянинг Хабаровск минтақасини қамраб олган норозиликлар Советлар давридан қолган авторитар тизимларга қарши халқ чиқишларидир.    Собиқ Совет республикаларида ҳукуматларни очиқ-ойдин қонунларсиз, сохта сайловлар билан эгаллаб олган авторитар президентлар ва улар атрофидаги амалдорлар хокимиятда қолар экан ривожланиш бўлмаслиги, мамлакат бойликлари талан-тарож бўлиши аниқ бўлган сари халқлар кўчаларга чиқармоқда.

Ўзбекистонда вазият тинч кўринса-да Мирзияевнинг авторитар режимидан ўзбек халқининг ҳафсаласи аллақачон совиб бўлган. “Озодлик” радиосидаги сухбатда Ўзбекистондаги таниқли журналистлардан бири “Президентни “мухтарам” деб маддоҳлик қилмай уни хўрозқанд каби ялайвермайлик, акс ҳолда Каримов каби ялаб тугатамиз, яъни диктатор қилиб йўлдан чалғитамиз”, – деган хулосага келди.     Бунга маддоҳбозликнинг авж олгани, мамлакатдаги иккинчи расмий шахс – Танзила Норбоева ҳам “Бизникидай Президент дунёда йўқ” деб ёзган мақоласи сабаб бўлди. Афсуски отахон журналистнинг ўзи “Озодлик” журналистининг Президент сиёсатидаги айрим камчиликларни айтишга оғиз жуфтлашга ҳам бермай бу сиёсатнинг тенги йўқлиги, Мирзияевнинг тарихий шахс эканлигини шундай чизиб ташладики, анча-мунча йўқ нарсадан бор ясайдиган мусаввирларга дарс бўлди.

Аслида бу сухбат Каримов-Мирзияев тизими тарафдорларининг, давлат арбоблари, журналистлар, ва хатто баъзан амалдорларни танқид қилишга журъатлиларининг ҳам авторитар тизим олдида ночорлигини, халқ аҳволи, дунё ривожланиши ва дин асосларидан узоқлигини, тафаккурлари якка-ҳокимликка тобъеликдан чиқа олмаётганини кўрсатди.

Каримов давридаги каби Мирзияев сиёсатини танқид қилиш мумкин эмас, унинг бошқарувидаги камчиликлар гапирилмайди, гўё мамлакатни энг тўғри йўлдан олиб бормоқди.

Асл холат эса Ўзбекистон тўғри йўлдан кетмаётганини, Каримов тузган аксилхалқ, Cоветлардан қолган, номигина ўзгартирилган яккаҳокимлик-авторитар тизим мамлакатни тобора иқтисодий ва ижтимоий инқироз томон судраб кетаётганини барча соҳалар яққол кўрсатиб турибди.

Тўрт йилдан буён иқтисоднинг ривожланмагани, саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика, йўл ва транспорт инфраструктурасининг тикланмагани, билакс орқага кетгани, халқ яшаш даражасининг янада қашшоқлашгани, ишчи кучларининг четга чиқиб кетиши ортгани бунинг исботидир.    Пандемия сабаб ўн минглаб ўзбекларнинг четда қолиб кетгани, мамлакатни қарзга ботирилган ҳолда ахолига қўшни мамлакатларчалик ҳам ёрдам берилмагани, 2019да Олий Мажлисга сайловларнинг сохта бўлгани Мирзияевнинг халқ манфаати учун қониқарли ишлай олмаслигини кўрсатди.

Мамлакатда табақаланиш янада кучайди, қашшоқлик аҳолининг аксари қисмини қамраб олгани ҳолда хокимиятга яқин кам сонли кишилар коррупcия, давлат ва халқ мулкини ноқонуний ўзлаштириш ҳисобига бойиди.  Бу эса мамлакатда ижтимоий тарангликни кучайтирди ва охир оқибат катаклизмга олиб келиш эҳтимолини оширди.

Бу жарликдан чиқишнинг бирдан-бир йўли қуйидагилардир:

Ички сиёсатда,

– Каримовнинг даврига сиёсий баҳо бериш, диктаторлик тизимига хизмат қилган амалдорларни сўзсиз истеъфога чиқариш,

– Зудлик билан сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни бошлаш, эътиқод ва сўз эркинлигини таъминлаш, сиёсий ва диний махкумларни озод қилиш ва бундай таъқибларга барҳам бериш,

– Сталин давридан қолган, зулмга хизмат қилувчи Диний идорани тугатиш,

– Бошланғич, ўрта ва олий таълим тизимини дунё стандартларига олиб чиқиш.

Ташқи сиёсатда,

– Москва ва Пекинга сиёсий ва иқтисодий қарамликдан қутилиш, Атом элеcтр станцияси, Eвроосиё, ШОС каби проектлардан чиқиш, ривожланган мамлакатлар билан хамрокликни кучайтириш;

– Туркия, Афғонистон, Туркистон ва Кавказ мамлакатларини ўз ичига олувчи Турон иқтисодий – сиёсий бирлигини яратиш тарихий заруратдир.  Фақат шундай бирликгина минтақа халқлари дин ва маданиятини икки қудратли империянинг ютиб юбориш хавфидан қутқариб қолади. Руслаштириш сиёсатини бошидан кечирган халқимиз эртага уйғур қардошларимизнинг аянчли куни юртимизга келишини яхши тушуниши зарур.

Мамлакатни хароб қилган 27 йиллик Каримов давридан кейинги 4 йилнинг ҳам самарасиз йўқотилгани Мирзияев ва ҳукуматининг бундай ислоҳотлар қила олишга қодир эмаслиги, бундай иқтидор ва малакага эга ҳам эмаслигини узил-кесил исботлади.   Бугунги кунда халқ Мирзияевдан мамлакат конститутцияга итоат қилиб ўзбек миллатига сўз ва cиёсий эркинликларини бериш, мухолиф сиёсий партиялар тузиш ва уларни сайловларда қатнашишига имкон беришни талаб қилиши керак. Фақат шу ишгина унга мамлакат тарихида ижобий шахс сифатида қолиш имконини беради.

Агар Мирзияев ва унинг амалдорлари халқнинг бу талабини бажармаса, мавжуд авторитар ва корруцион тизим сақлаб қолинса, нафақат Ўзбекистон, балки Турон халқлари учун ҳам тузалмас хато бўлади ва минтақа яна кўп йиллар дунё ривожланишидан ортда қолаверади. Инсоният жамиятидан текинхўр ва адолатcиз тизим – автократия таг-томири билан йўқотилмас экан инсон хеч қачон эркин ва фаровон ҳаёт қура олмайди.

 

%d bloggers like this: