Жаҳонгир ИСМОИЛОВ:

Мундир шарафи

Ассалому алейкум қадрли отдош!
Ҳатто ёлғондан мақталсак, ҳамд-сано эшитсак соатлаб тинглаб роҳатланишга, қолаверса маддоҳга миннатдорлик билдиришга мойиллик, лекин ҳатто жиндай хато- камчилигимиз ўринли, тўғри айтилса-да уни инкор этиш учун “асос” излаш, ўзимизни оқлашга уриниш, жиззакилик қонимизда бор. Халқ таълими вазирлигининг Дўсовни судга бергани тафсилотини кузатиб, Сизнинг ёйинингиздаги мулоҳазаларингизни тинглаб кўнглимдан шу фикр кечди.
Жараённинг бориши ва қандай якун топиши фикримча, айниқса ОАВ, блогерлар, ижтимоий тармоқларни фаол кузатиб бораётганларда нисбатан катта қизиқиш уйғотган.
Даъвогар томон вакили навбатдаги суддан сўнг мухбирларга берган интервьюсида Дўсов “хоин” деган сўзи учун кечирим сўраса, даъволарини қайтариб олишини айтди.
Таълим соҳаси синов майдонига айлангани сир эмас. Мустақиллик йилларида муқобил дарсликлар яратилиб, вазирлик қайси муаллифнинг ёзганини маъқул топса, ўша дарслик тавсия этилди, қайси нашриётда чоп этиш лозим кўрилса ўша нашриётга тақдим қилинди. Бу мақсадларга ниҳоятда катта маблағлар ажратилиши табиий. Кўп ҳолларда жараёнга дарслик муаллифларининг эгаллаб турган лавозими, нашриёт раҳбарларининг тавсия этадиган масъуллар билан муносабати, бу ишлар замирида ким қанча ва қандай моддий манфаат кўриши нуқтаи назаридан ёндашилмаганига ҳеч ким кафолат беролмайди.

Хуллас, ошна-оғайнигарчилик, коррупция чуқур илдиз отган жойда жамият манфаатидан кўра шахсий манфаат муҳимлиги инкор этиб бўлмас ҳақиқат.
Шу воқеа боис шўро даврида ўзимнинг бошимдан ўтган бир кечинма ёдимга тушди. Терговчи бир қарияни машинасида уриб, ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчининг ҳаракатида жиноят таркиби йўқ, деб топади.

Воқеа суриштирув ишида қуёш ҳали ботмаган маҳали, йўлнинг чекка қисмида бўлган пиёдани фожеа юз берган вақт
ўзгартирилиб, гўё қоронғу тушган, қарама-қарши томондан келаётган машинанинг чироғи ҳайдовчининг кўзини қамаштирган, пиёда йўлнинг транспорт воситалари ҳаракатланадиган қисмида кетаётган тарзида ҳужжатлаштирилади. Буни далилловчи автотехник экспертиза хулосаси, об-ҳаво бюросининг ўша вақтдаги кўриниш тўғрисидаги маълумотномаси олинади.

Марҳумнинг фарзанди таҳририятга арз қилиб келгач мен воқеани ўрганиб “Терговчини ким тергайди?” деган журналистик суруштируви ёзгандим. Кўп ўтмай вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи имзоси билан мақола асоссиз
эканлиги тўғрисида жавоб хати олингач, ундаги фикрлар билан журналистик суриштирувимдаги далилларни ўзаро қиёслаб, мантиқий хулосаларга асосланиб “Газета мавзуга қайтади” рукни остида “Мундир шарафи учунми?” деган қайта чиқиш қилгандим.
Воқеа менинг иштирокимда қайта ўрганилиб, гувоҳлар қайта сўралиб адолат қарор топганди. Натижада терговчи ишдан четлаштирилган, айбдор жазога тортилганди.
Шундан сўнг собиқ терговчи адвокат ёллаб судга даъво аризаси киритганди. Унда мақоламда ишни босди-босди қилиш учун ўзаро келишган маъносида келтирилган “ҳамтовоқ” сўзига “битта товоқдан ош еган” деган мазмун берилиб, “қаерда, қачон битта
товоқда “ҳамтовоғи” билан ош еганини исботлаб беришим” талаб этилган, акс ҳолда
газета раддия бериши сўралганди.

Даъво уч марта судда кўрилиб, ниҳоят рад этилишига эришгандим. Шунга ўхшаш бошқа кечинмалар ҳам юз берган.
Айтмоқчи бўлганим, ҳар доим ҳам фаолият тарзи оқимга қараб сузиш, ҳамд-сано айтиш, “пахта” қўйиш бўлган ёки бефарқ кишилар аксарият яхши кун кечирган, жамиятдаги иллатларга, камчиликларга, адолатсизликларга бефарқ қаролмай, ҳаётни улардан холи, тўкис кўриш умидида танқидий фикр билдирадиган, танқидий мақола ёзадиган кишига осон бўлмаган.

Призидент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи йиғилишидаги нутқида амалдорларнинг тартиб бузиши, ахлоқ- одоб қоидаларига бўйсунмаслигига депутатлар бир четда жим қараб турмаслиги кераклигини таъкидлаб, кўпчиликка ёқмаслигини, лекин ўзига ёқишини айтган фаол, ҳақиқатпарвар депутат Расул Кушербаевнинг боши узра қора булутлар кўланка ташлаб қолгани фикрим далилидир. Дўсов иши ҳам Давлат раҳбари нечоғли ҳақлигини яна бир
бор тасдиқламоқда.

Жаҳонгир ИСМОИЛОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “Олтин қалам” танлови ғолиби.

%d bloggers like this: