МУАЛЛИМ МУРОДдан ЖАҲОНГИР МУҲАММАДга

Jahongir Muhammad 1 sentyabr, 2020 yil

Jahongir Muhammad 1 sentyabr, 2020 yil

Америкада бўлиб ҳам дилимизни забт эта олдингиз

Айтишларича, эски замонларда ота-боболаримиз сафар чоғи кимсасиз жойларда, дала-ю даштда йўл истаб кундузи қуёшнинг оқиш чизиғига, кечалари юлдузларнинг жойлашувига боқишар экан. Ва табиатнинг ўзи уларга йўлларини тўғри белгилаб олишда, топишда ёрдам берар экан.

Болалигимда ҳар сафар шундан сўз кетса, мурғак ақлимни бир ўй банд этарди: борди-ю, ўшанда кунлар булутли бўлиб, тунлари осмонда юлдуз чиқмаса-чи? Ул тақдирда аларнинг ҳоли не кечган бўлур эди?..

Болаликдаги ҳар ҳол Худодан, хавотирим бесабаб-ножоиз эмас экан, Ҳақ таоло шундай хавотир-мушоҳадалар воситасида дилимга одамзод меҳрини солган экан дейман бугун… Мен бахт деганда – инсоннинг ўз ҳаётидан рози яшашини, бу оламдан худди шундай ризо ҳолда рихлат этишлигини тушунаман.

Атрофимга боқаман, ҳаммаям ҳаётидан рози эмас. “Розиликка эришиш-эришмаслик ҳар кимнинг ўз қўлида” деймиз гоҳида осон қилиб, бироқ бу фалсафадан кўнгил қониқмайди, тағин-да теранроқ маъно истаб-излаб қолади. Ахир, атрофимиздаги одамларнинг бахти ва шодлиги дарахтининг бир шохи бизнинг ёнимизда осилиб турмасми? Биз у шохга тегинмай, баргини узиб ташламай, мевасини ўғриламасдан яшаяпмизми доим ҳам? Кўринадики, биров ҳақида осон ҳукм ўқиб тақдирини фақат ўзига ҳавола деб ҳисоблаш ёки айтиш масъулиятсизликдан ўзга нарса эмас. Тан оламанки, менинг қандайлигим одамларнинг бахти ва бахтсизлигини белгилайди.

Маълум халқ ёки миллатнинг бугунда фаровон ҳаёт кечириб, ўзга бирининг боши ғурбату кулфатдан чиқмаётгани айни шу ҳақиқатнинг тасдиғи эмасми?

Узоқ йиллардан, яъни ақлимни таниганимдан бери “Ҳаётда не қилса, қилинса, инсоннинг, инсонларнинг кўнгли тўқ бўлар экан?” деган саволга жавоб излайман.

Ушбу биргина савол ўзига минглаб жавобларни чорлайди, жавоблар билан эса ақл етилади холос, одамлар барибир рўшноликка чиқиб қолмайди. “У ҳолда нетайлик?” дейман… Марҳум Устозим тўрт йил давомида менга ИМОН деган ИЛМдан сабоқ берганлар. Бир куни мени танбеҳлаб айтгандилар:

– Муроджон, Сизнинг ақлингиз ҳаддан ташқари ривожланиб боргани билан қалбингиз ҳали ҳануз ухлаяпти. Сиз ИЛМни бирламчи деб қарайсиз, лекин Аллоҳ АМАЛни муҳим ҳисоблайди. Ўзингиздаги ИЛМни ҲИЛМга айлантирмас экансиз, Сиз учун ҳеч бир нафъ йўқ. Ҳақиқий ИМОН тилда, ақлда эмас, ФАЪОЛИЯТда! Сиз АМАЛИЁТ учун интилинг, шунчаки имонингизни ФАЪОЛ ИМОНга айлантиринг…

Ҳаётга боқаман, Ҳазрат Румий мудом назарда тутган тили бир-у дили бир ёхуд Азиз Навоий таъкидламоқчи, ҳам дили пок-у, ҳам тили пок инсонлар жуда, ўта ва бағоят оз! Лозим келадики, агар ҳаёт бизни анқонинг уруғи мисол ана шундай инсонларга учраштирса, биз у инсонларнинг қадрига етишимиз керак. Албатта, кимгадир бундай қадр они йўқдир ҳаётда, аларнинг ўз сурур овонлари бор биздайларнинг боргани оёғи тортмас ерларда. Аммо биз бир мажбурият остинда яшаб келмоқни маъқул кўрдик ва ҳатто буни шараф деб билдик…

Бугун ноёб ИНСОН, жонкуяр Устоз, виждонли Сиёсатчи Жаҳонгир Муҳаммаднинг туғилган кунлари экан. Бу онларни Жаҳонгир ака қандай ўткараётганларини мен фақат тасаввур қиламан. Негаки Жаҳонгир ака қўл етмас Америкада…

Жаҳонгир Муҳаммадга ўхшаган инсонларга Ватанда жой йўқ дегандай хитоблар йигирма неччи йилдан бери янграб келди. Ҳар сафар бундай наъралар асабларни тор-у танг, кўнгилларни беҳузур қилади; кўнгил қалтис саволга айланган бундай ҳолатга ўзга жавоб, бошқа қаноат истар эди. Пайт келди, кутилган жавоб топилди, бу жавобни ҳаётнинг ўзи берди. Бугун Жаҳонгир ака олисларда бўлса ҳам, Ватанда сўзлари тобора кўпроқ акс-садо бермоқда; Ўзбекистондаги минглаб йигит- қиз бу Устознинг ихлосманд шогирдига айланди; у олға сураётган ғоялар, ҳавола этаётган мулоҳазалар ҳар куни жамоатчилик муҳокамасида. Бу муҳокамалар халқнинг бир қисмини чорак асрлик ғафлат уйқусидан тургали чорламоқда, ёшларга эса ўзини, ўзлигини, ўз ҳақ-ҳуқуқини танитмоқда, бу ҳуқуқ сарҳадини бузиш учун дарвоза тақиллатмай келувчиларнинг олдига “Сен кимсан ўзинг?”, “Қаердан келдинг ва не учун менинг уйимга бесўроқ кирмоқдасан?” саволи бўлиб кўндаланг бўлмоқда.

Ҳурматли Жаҳонгир ака! Булар Сизнинг машаққатли меҳнатларингиз самари, бадгўй эгрилар устидан қучаётган давомий ЗАФАРИНГИЗ эрур! Ўзингиз айтмоқчи, ўпқончалар денгиз йўлига ғов бўлолмайди, ҳарқанча Сизга, шаънингизга, илмингизга, дарсингизга тош отишмасин, бузоқнинг югургани сомонхонагача! Ўзларини минг кўйга солишсин-солишмасин, бу миллат барибир-да уйғонгай, бу юрт албатта равнақ топгуси! Кишан кийишларнинг сони, бўйин эгишларнинг саноғи бор ахир! Бу эл ҳур туғилдими бас, ўз ҳурлик туғини тағин қўлга олгай, ҳурлигини тасдиқлагай, иншаоллоҳ. Ҳақ олинур, берилмас деганлари чин-у ҳақ экан, шунча вақт “ма!” деб берилмади, энди олингуси!.. Бу меҳнатда, бу курашда хизматингизнинг ҳам чеки йўқ ва ҳам чегараси. Халқ буни тушунгай, бунга ишонамен…

Қуръон айтар: ҳеч нимарса бежиз яралғон эрмас! Донишмандлар демишларки, ҳар бир яралмишнинг ўз тақдири, ўзининг вазифаси бор. Мен айтурмен: Ҳар юлдузнинг ўз жилоси, ўз чорлови бор.

Сиз Ўзбекистон аталмиш диёр осмонидаги энг ёрқин ЮЛДУЗлардинсиз. Сизнинг жойингиз Чўлпон, Қодирий, Усмон Носир юлдузларига ёвуқ эканлигига шаким йўқтур! Ҳарқанча юксакда бўлманг, биз учун кўрарлисиз, Юртимиздин қанча олисда бўлманг, нурингиз мудом биз ВАТАНДОШЛАРИНГИЗ йўлини чароғон айламакни кўзлайдир…

Бир зиёли менга айтган эди: чинакам шахсларда ИСМ ҳам ундаги бир моҳиятни намоён эта олади. Ҳақиқатдан, қаранг, Жаҳонгир – ОЧУН ОЛГУВЧИ демак. Ўйлаб-ўйлаб Сизнинг ЖАҲОНГИРЛИГИНГИЗга бу кун иқрор бўлдим. Одамлар бор, арбоблар бор, каломдонлар бор. Алар нигоҳимиз ўнгида, қулоғимиз тагида, қўлимиз етгулик ерда туриб эътиборимизни қозона олмайди, Сиз эса Америкада бўлиб ҳам дилимизни забт эта олдингиз. Бундин ортуқ ЖАҲОНГИРЛИК бўлурму, Оғам!?.

Мен Сизни чинакам БАХТЛИ ИНСОН дея тасаввур қиламан ва тилайманки, шу тасаввурим ҲАҚИҚАТ бўлсун. Ҳақ таоло Сизнинг кўнглингиз тилаган масканингиз ичра нурли ва сермазмун онларни кечирмагингизни бардавом айласун дея ДУОэтмагима ижозат этингиз…

ТАБАРРУК ОЛТМИШ БЕШИНЧИ УМР ЙИЛИНГИЗ ҚУТЛУҒ БЎЛСИН,

Азиз Оғам!

МУАЛЛИМ МУРОД

%d bloggers like this: