Абдуфаттоҳ Маннопов: ЖАҲОНГИР МАМАТОВ – 65 ЁШДА

ҲУРФИКРЛИК, ҲУҚУҚ, ОЗОДЛИК, ДЕМОКРАТИЯ ФИДОКОРИ 

“Қатағон кетганлар қабрида битик,

Гунг бўлиб юрганлар сабрида битик,

Ақли донишларнинг табрида битик,

Етим болакайнинг абрида битик –

Кураш!

Кураш!!

Кураш!!!”

Ўтмишда эмас, болки хозир XXI асрнинг иккинчи ўн йиллигини сўнгида ҳам, инсон ҳаётида ҳурфикрлик, ҳуқуқ, озодлик, жамиятда демократияни аҳамияти улканлигини таниш ва шу учун курашиш осон эмас. Чунки тирания, диктатор, авторитар тузумлар турли – ёлғон ва алдаш,  лоббичилик ва пора, қўрқув ва жаҳолат, дин ва анъаналар, экстримизм ва терроризм, шантаж ва тахлика, интернет ва электроника, вирус ва ваҳима каби услубларни қўллаб, ўз худудида, регионда, тараққий этган мамлакатларда ва халқаро саҳнада амалга оширган ноқонуний кирдикорларини, жиноятларини «оқлаш»га ўрганишди. Ўзбекистонда йигирма етти йилдан зиёд  давлат террорини қўллаб, хокимиятни эгаллаб турган Ислом Каримов, даб бўлди ва тўрт йил Шавкат Мирзиёев президентлик қилмоқда. У бошқарувининг илк чоғи каримовчилик – тирания тузумини жамиятнинг ҳамма соҳаларни абгор қилганлигини кескин ва кўп маротаба танқид қилди ва туб ислоҳотлар зарирлиги борасида сўзлади. Бу мамлакат ва хорижда кўпчиликни мамнун этди. Афсуски, у каримовчилик тузумини бузмади ва оқибатда мамлакатда жузъий ижобий ўзгаришлар содир бўлди, холос. Аммо унинг соғлом ақлга зид тарзда, ноқонуний равишда вилоят, шаҳар, туман хокимлари ваколатларини чексиз кенгайтириши, бир тарафдан, жузъий ижобий ўзгаришларни сусайтирди, иккинчи тарафдан, каримовчиликнинг  фуқаролар, мамлакат учун хавфли кучайишига олиб келди. Булар таниқли ўзбек адиби, публицисти, шоири, тилшуноси, блогери  ва ижтимоий – сиёсий арбоби Жаҳонгир Маматовнинг  ижоди ва фаолиятининг муҳимлиги ва долзарблигини янада оширди.* Унинг китоб, мақола, эссе, шъер,  маъруза, мурожаат ва видеолари Ўзбекистон ва хорождаги ўзбек, ўзбекистонликлар орасида инсон ҳурфикрлиги, ҳуқуқи, озодлиги, ҳамда демократия устиворлиги учун курашга ва уларни амалда жамиятда жорий этишга хизмат этган ва этмоқди. У юқори қобилият, соф юрак, нозик хиссиёт соҳиби сифатида, шижоат ила Каримов, унинг тузуми, малайларининг кўп кирдикорлари, жиноятларини, қатоғонларга, тақибларга дош бериб, ўз йўқатувларидан кўз юмиб, фош этишдек шарафли ва хавфли ишни амалга ошириб, фуқаролар, халқ, мамлакат учун ҳаётий қийматга эга инсон ҳурфикрлиги, ҳуқуқи, озодлиги, демократия ғояларини тарғиб этиб, забардас фидокор  эканини кўрсатди. 1 сенябрь 2020 йил, унинг 65 ёшлик таваллуд куни.

У мураккаб, лекин шарафли ҳаёт йўлини, журналист-фельетонист, публицист, ёзувчи сифатида, ўзининг янгилик учқунларини сочувчи фикрлари, диёнотли, тўғри, олийҳиммат инсонларга ишонч ила, ўғри, порахўр, мафиячи, фирибгар, ҳасосатчи, худбин, мутакаббир амалдорларни ўз мақола, рисолаларида аёвсиз фош этиш билан ўтказди. Унинг чоп этилган мақола, рисола, китоблари мураккаб ва ўткир муаммоларни кўп инсонлар тарафидан, аввал Самарқанд ва вилоят, сўнг Тошкент ва республикада муҳокама қилинишига ва уларни ҳаяжонга солишга сабабчи бўла олди. У мустақил номзод сифатида, яъни Каримовнинг рўйхатига қарши эканлигига  қарамай, муқобил беллашувда, мамлакат Олий Кенгашини миллатвакили этиб сайланди. Олий Кенгашда эса, ошкоролик қўмитасининг раис ўринбосари лавозимида ишлади ва ошкоролик, қайта-қуриш, Ўзбекистон мустақиллигини тиклаш курашчиси ва ташаббускорларидан бўлиб, сайловчиларининг ишончини оқлади. У, Ўзбекистон мустақиллик Деклорациясини қўрқмасдан яратиш, 20 июнь 1990 йил, Олий Кенгаш сессиясида қабул қилишда, демократ-миллатвакиллари сардорларидан бири сифатида шижоаткорона тарихий жонбозлик кўрсатди. Мамлакат президенти ва КП Марказий Қўмитасининг биринчи котиби И. Каримовнинг қутириб, тиш-тирноғи ила қаршилик қилишига қарамай.

20 июнь 1990 йил – бу Ўзбекистон Мустақиллиги тикланган тарихий сана, бир йил, икки ой, ўн бир кундан сўнг Каримовнинг фирибгарлик ила иккинчи маротаба эълон қилгани эса, соҳта санадир.** Мана Каримовнинг Жаҳонгир Маматовга қараб, у орқали қолган мамлакат Олий Кенгашининг 166 демократ-миллатвакилларига ҳам қарши бақириши, таҳдиди: «Бу депутатлигингиз узоққа бормайди, деб неча марта айтдим, тушунасизми ўзи? Қолганларники ҳам. Мустақиллик эса хоинлик.  Орқадан пичоқ уришдир… Мана бу Декларация бир тийинга қиммат қоғоз, буни туалетда ҳам ишлатиб бўлмайди, билдингизми?… Санларга эса алоҳида турма қуриб бераман. Чириб кетасанлар ўша ерда… Сиз билан ҳали камерада сизлашиб гаплашаман, унда мен гапираман, сиз эшитасиз, чунки жавоб қайтарадиган мана шу тилингиз кесилган бўлади!».*** Жаҳонгир, 1991 йил, мамлакат   Олий Кенгашининг 7 – афсонавий сессиясида, Каримовнинг диктаторлик ҳатти-ҳаракатлари сабаб,  президентлик амалидан четлашиш борасидаги масалани кўтарган ва муҳокамасини ўтказишга эришган миллатвакилларининг сардорларидан эди. Шулар учун у, унинг аёли, болалари кўп маротаба каримовнинг «ажойиб марҳамат»ларига – хибизга олиниш, ҳаётларига тажаввуз, хужум, уйга ўт  қўйиш, қонунсиз хоналаридан ҳайдаш, куч ишлатиб Тошкентдан Самарқандга жўнатиш, қоралашларга сазовор бўлишди. Ушбу сиёсий сабаблар ила амалга оширилган қатағонлар, тақиблар, аввал Жаҳонгирни, сўнг аёли ва болаларини хорижга кетишга мажбурлади. Лекин у, ўзга ўлкаларда – Туркманистон, Озарбайжон, Грузия, Туркия ва ниҳоят АҚШда ҳам, ўзининг ижодий, сиёсий ва илмий фаолиятини давом этди. У АҚШда, тарқоқ мухолиф ва ватанпарвар гуруҳларни якдиллаштириш учун  «Ўзбекистон демократик Конгресси» ҳаракатини тузди ва унга кўп йил  бошчилик қилди. Хозиргачан Жаҳонгирни, бир неча йил  «Америка Овози» радиосининг ўзбек хизматига раҳбарлик қилганлигини, ёши улуғ ўзбеклар ажойиб соғинч ила эслашади. У  «Озодлик»  ва «Би-би-си» радиоларида хозир ҳам ўз чиқишлари билан мухлисларни мамнун этмоқда.

Жаҳонгир Маматов турли жанрдаги 34 китоб – роман, қисса, памфлет, шъерлар, эсселар, мақолалар, савол-жавоблар, латифалар тўпламларининг, ҳамда АҚШда ёзган ва чоп этган 4 катта илмий-тилшунослик монографияларининг муаллифи. У муболағасиз, олий мақсадларга эришмоқ учун, бир қанча муддат қатағон, таъқиб, йўқчинликларга қарамай, ўз зиммасига кундалик машаққатли фаолиятни, ола билган забардас фидокор. У шу кунгачан ўзбек, ўзбекистонликлар орасида машҳур, эҳтиромли  «Туронзамин» интернет журнали, «Жаҳоннома» блоги ва ютьюб   (youtube) каналида кўп минг муҳлислари бор «Jahongir Muhammad» блогини муаллифи, муҳаррири, эгасидир.**** У ўз ўқувчилари, тингловчилари, томошабинларини замонавий илмларни, технологияларни эгаллашга, болаларини ўқитишга, ўз билимларини доимо тўлдиришга, мустақил бўлиш, ҳеч кимга кўр-кўрона эргашмасликка, танқидий фикрлашга, ўз йўлини топишга, ҳеч ким олдида бош эгмасликка чақиради ва улар орасида ҳурфикрлик, ҳуқуқ, озодлик, демократия устиворлиги уруғларини сепиб келмоқда.

Жаҳонгир Маматов, демократик мухолифат, ўзгача фикрловчиларни З. Алматов, Р. Инаятов, Х.  Султанов, З. Хайдаров ва бошқа каримовчилар юқори амалдалиги, парламент сайловлари сиёсий мухолифатсиз, сохта ўтказилгани, хозиргачан мухолифатга расман йўл бермаслик, кулгили равишда чўнтак партиялардан фойдаланиш, собиқ сиёсий маҳкумларни расман оқламаслик, мамлакатда ҳамма ҳаётий муҳим соҳаларда, туб ислоҳатлар ўтказиш зарур деб, Ш. Мирзиёевнинг катта, баланд ваъдаларини, амалга ошириш учун қўйилган кичик қадамларини ҳам тўхташи, хавотирга солмоқда. Шулар билан бирга, илгари оммавий кузатилмаган, Тошкент, вилоят ва туман марказларида аҳолининг уйларини, ислоҳатларни рўкач қилиб, тортиб олиниши, қишлоқ ҳудудларида эса, фермерларни экин ерларидан турли баҳоналар билан маҳрум қилиниши, президентнинг хокимларга ноқонуний берган чексиз ваколати билан боғлиқлиги, мерос қолган муаммолар – оммавий ишсизлик, электр, сув, газ, кўмир билан аҳолини таминлашни янда ёмонлашиши, асосий исътемол молларининг баҳосини ошиши, «сўм»нинг қадрсизланиши ва бошқа шу каби ачинарли ҳолатлар кузатилмоқда. Жаҳонгир, демократик мухолифат, ўзгача  фикрловчиларни, Мирзиёев ўйламай нетмай, катта миқдорда яъни 28 миллиар доллардан зиёд қарз олиши, Хитой билан таҳликали яқинлашиш безовда қилмоқда. Ш. Мирзиёев ва унинг ёрдамчилари, Шарқий Туркистонда на фақат уйғурлар, қозоқлар, балки камтарона хисоблар ҳам бир миллиондан зиёдлигини кўрсатувчи ўзбекларни аҳволи жуда оғирлигини эслашмайди. Ахир шу кунгачан ўзбеклар учун севимли улуғ шоир, мутафаккир Фурқат, ўша ерга кўмилгани, унинг руҳи элимиз ва қардошларимиз учун йиғлаётгани раҳбарлага номаълумми? Ўзбекистондаги блогерларни, бир-оз эркинроқ, хусусий нашларни оғзини ёпишга уринишлар нимани кўрсатади? Ушбу юқорида қайт этилган нарсалар, Мирзиёевнинг ўзгартиришлари каримовчилик тузумининг – коррупция, зўравонлик, ўғрилик, ёлғон, ўзбилармончилик, қашшоқлик, фуқаролар ҳуқуқ ва озодликларини топталиши каби иллатларидан ўлкани тозала олмаганини кўрсатади. Шунинг учун ачинарли, лекин ҳақиқат шуки, Ўзбекистон ҳали ҳам қолоқ, тирания ҳукумрон мамлакатдир.

Эпиграфдаги Жаҳонгир Маматовнинг фикрлари, унинг талантли, турли-туман, маҳсулдор ижоди ва зулмкор тузумга қарши кураши, ижтимоий-сиёсий ватанпарварлик фаолияти заминида, бу инсон ҳурфикрлиги, ҳуқуқи, озодлигининг устиворлиги, демократияни Ўзбекистонда, ҳаётга жорий этилишига астойдил уринишидан, курашидан келиб чиқади. Унинг «ИАК» («Ислом Абдуғаниевич Каримов»), «Каримовнинг кирдикорлари», «Ўзбеклар ва ўзбеклар», «Оқсарой сирлари», «Зеҳният жумбоғи», «Қатоғон», «Тарихни титратган кунлар», «Қувғин» (1, 2, 3 китоблар), «Панжаралар». Шъерлар тўплами, «Самарқандни соғиниб». Шъерлар тўплами ва бошқа кўп асарларида, бадиий, назмий сўз моҳирона қўлланиб, гоҳ зўрға илғаш мумкин сифатда, нозик, гоҳ аниқ чизилган чизгин, тасвир ила, воқеалар тўлқини, ўрамасида қаҳрамон, хиёноткор, шум, иккиюзламачи, оддий кишилар борлиғи ёритилиб, инсон, халқ, даврни чуқур илғаш жабҳалари, ишоратлари очиқланади. У, ишончли равишда, қаердадир аниқ, лекин вазинли сокинлик ила, сунъийликдан йироқ, қаердадир баралла, ҳамма эшитиши зарур каби, ҳар гал моҳирона, тиран (зулмбоши) ва тирания (зулимкорлик, қонҳўрлик) тузумини мураккабликлари, кирдикорлари, қонли жиноятларини аёвсиз фош этади ва тушинтиради. У на фақат ёзувчи, шоир, журналист сифатида, балки сиёсий, ижтимоий арбоб бўлгани учун, бевосита тиран ва тиранияни қилган жиноятлари бўйича гувоҳлик беради. Ва тинч, маҳкам тарзда кураш олиб бориб, қонунсизлик, коррупция,  зўравонлик, ўзбилармончилик, амалдорлар, куч ишлатар орган ходимлари тарафидан ҳокимиятни суиистеъмол қилишни тугатиш, саратон касалидек ўсиб, кўпайиб кетган давлат муассасаларини кескин қисқартириш зарурлигини ёритади. У қайт этилганлар амалга ошса, кўпчилик аҳоли қашшоқлик, қўрқувдан озод этилиши,  ишбилармончилик йўлидаги тўсиқлар олиб ташланишига ва буларнинг муҳим иш эканига ишонади.

Жаҳонгирга, тирания тузумидан қутилишнинг икки асосий – инқилобий ва эвалицион йўли борлиги маълум. У, ҳокимият мазмуни ва туб йўналишларини эволюицион йўл билан, фуқаролар жамияти имкониятлари, кучларини ўстириш, Конституция, қонунлар устиворлиги, шахс ва мулк дахлсизлигини, президент, парламент аъзолиги сайловларини, соҳта альтернатив эмас, реал кўп партиявийлик асосида ўтказиш, вилоят, шаҳар, туман ҳокимларини тайинлашдан реал, муқобил номзодли сайлашга ўтиш, ҳамма сайланганлар амал эгаллаш муддатини бузмасликлари лозимлигини, Ижроия, Қонунчилик, Суд ҳокимият тармоқларини мустақиллиги, сўз, омамий ахборот воситалар эркинлигининг мутлақлигини таъминлаш тарафдори бўлган ва бўлиб қолмоқда. У, Каримовнинг қонли даври ва Мирзиёевнинг эса тўрт йил  имкониятларни бой беришини хисобга олиб, ҳокимият тизимида парламент рўлини ошириш зарур деб хисоблайди. У хозирги ҳокимиятни мамлакат обрўсини тўкмасликка, Ўзбекистон ичида вужидга келаётган сиёсий мухолифатга, тузилаётган «Ҳақиқат ва Тараққиёт» социал-демократик патрияга йўл бериш кераклиги, чунки ҳақиқий демократик мухолифатсиз, инсон ҳуқуқларини химояловчи ташкилотларсиз, коррупция, қашшоқлик, қолоқликдан тозаланиш, жамиятда ҳуқуқ, озодлик устиворлигини ўрнатиш мумкин эмасликини тушинишга чақирмоқда. Ушбу нарсаларни амалга ошириш, улар учун кураш осон эмаслиги, бу учун юқори сиёсий, ақлий, аҳлоқий даража, ирода, маҳкамлик, курашчанлик, жасорат талаб этилиши, Жаҳонгир Маматовга маълум. Мана унинг аниқ, муҳим тавсиялари: «Дунё  жамоатчилигидан мадад кутиш… Бу кўзи кўрдан кўча номини сўрашдек гапга айланиб қолаётир… Демократлар диктаторлардан орқада қолиб кетдилар. Уларга етиш ва ўзиш учун курашнинг тактика ва стратегияларини ўзгартиришлари лозим ва замонга мос ҳаракат қилишлари шарт. Масалан׃ – Бугун дунёда исломий радикализм ва терроризм деган гаплар диктаторларнинг энг катта баҳонаси, уларнинг тегирмонига сув қуймоқда ва демократлар биринчи галда ана шу тузоққа тушмасликлари зарур. – Мукаммал бўлмаса ҳам Саакашвилли тажрибасини ўрганиб, уни такомиллаштириши керак. Жасур ва юрагида демократия ишқи бўлган, дунёни кўрган ёшларни ҳукуматга киритиш ва улар орқали ҳокимиятни ўзгартириш йўлларини қидириш лозим.  – Ёш демократларни парламентга киритиш учун керак бўлса диктатор тузган партия ва ташкилотлардан ҳам фойдаланиш лозим ва ҳоказо». Ҳамда ҳокимият, куч ишлатар органлари тарафидан ўзингиз ва бошқаларнинг ҳуқуқ, озодликларини риоясини, турли тинч, нозўравон услублар билан (проф. Джин Шарп, уларнинг 198 кўрсатган), талаб қилиш кераклигини такидлайди. Булар демократия, ҳурфикрлик, ҳуқуқ, озодликларни, янги стратегия ва тактикага таяниб илгари суриш борасидаги, Жаҳонгирнинг ғоя, чақириқ, тушинтиришларидан келиб чиқади.

Жаҳонгир Маматовнинг китоб, мақола, эссе, шъер, маруза, мурожаат, видеолари, ўзида умуммиллий дард, интилиш, умид чўғларни мужассамлаштирган. Уларда қаҳрамон, хоин, келишувчи, иккиланувчи, оддий кишилар ҳаётини, жонли, турли-туман, хиссиётли тасвирлаш, яратувчи ижодкор ироданинг шижоати, ҳақ сўзнинг салмоғи ила ўзбек, ўзбекистонликларнинг оғир қисмати ёритилган. Уларда моҳирона тарзда инсон тақдири, жамият, даврнинг мураккаб мужассам бўлаги сифатида, фожиа ва хурсандчилик, соҳталик ва ҳаққоният, пастлик ва юксаклик, худбинлик ва кураш, сотқинлик ва садоқат, мунофиқлик ва олижанобликларни намоён бўлиши очиқланган. Унинг фидокорлиги янги тиран ва унинг малайларини асабийлаштирса, уларда ғазаб уйғотса керак, чунки унга қарши чарчамасдан, гоҳо очиқ, кўплаб зимдан, бурчакдан мунофиқлик, ҳақорат, таҳдид, туҳмат тошлари отилади. Лекин булар, унинг юрак, ақл амри ила, йиллар давомида шакилланган ҳаёт йўналишини ўзгатирмади ва ўзгартира олмайди. Унинг ижоди, фаолияти турли-туман, кўп қиррали, ҳажмкор ва инсонга, унинг зеҳниятига ишонч билан суғорилган. Улар алла қачон, кимга ёқиши ёки ёқмаслигига қарамай, Ўзбекистоннинг инсонпарвар, қонун устивор, яратувчи, демократик бўлиши  учун кураш тарихини миллатпарварлик, адолатпарварлик қисмидан, юқори жой эгаллаган. Ёзилганлар асносида бехос хотирага Жаҳонгирнинг  «Исёнкор  сўзим бор!» шъеридаги қуйидаги мисралари келди:

«Ёдлашга на қўшиқ, на достон,
Сўйлашга на замин, на осмон,
Тинглашга на марду на мардон,
Исёнкор сўзим бор!»*****

Унинг исёнкор сўзи баралла янграб ўз кураш мақсадига эришсин ва Ўзбекистон, сўзда эмас, амалда тубдан ўзгариб, озод, демократик, ҳуқуқий, ривожланган мамлакатга айлансин, инсонлар қўрқувни, қашшоқликни, зўравонликни, порахўрликни, таҳқирланишни унитсин, ҳурфикрлик,  қонунларга риоя қилиш ҳамма учун кундалик ҳаёт заруратига айлансин, президентдан бошлаб, барча амалдорлар, фуқаролар вақтинча ҳокимият вакалоти берган, бошқарувчи эканини, фақат ўз чўнтаги, банк ҳисоби, яқинлари учун эмас, балки аввало, асосан фуқаролар, халқ, мамлакатга хизмат қилишлари зарурлигини билсин ва унитмасин. Унинг исёнкор сўзи кўп, кўп йиллар баралла янграсин ва мухлисларни, ёшларни ўзлигини, борлиқ кўпқирралигини, мураккаблигини, ўзгарувчанлигини, чексизлигини, жумбоқлигини, нозиклигини, нисбийлигини, ўткинчилигини англашга, ҳамда ўзида, бошқада, матнда, товушда, сонда, нутқда, дунёда, осмонда, коинотда олам-олам фикрий, назмий мазмун топа олиш парвозига қанотласин.

Изоҳлар

Расм: Жаҳонгир Маматов  ўзининг машҳур «Каримовнинг кирдикорлари» китоби бобларини ўқиб, уларни хозир Ўзбекистонда амалга ошаётган воқеалар билан боғлаб тушинтирмоқда. https://www.youtube.com/watch?v=1Mzh9acnP2A 17 июль 2020 йил.

Эпиграф: Жаҳонгир Маматов “Кураш” – Панжаралар. Шъерлар тўплами. https://jahonnoma.com/2008/05/22/jahongir-mamatov-sher/

*Джаханги́р Мухамма́д https://ru.wikipedia.org/wiki/Джахангир_Мухаммад

Абдуфаттоҳ Маннопов Жаҳонгир Маматовга қутлов!

https://turonzamin.org/2010/09/03/qutlov-10/ Яна унинг. ТАФАККУР, ҲАҚҚОНИЯТ, ШИЖОАТ. Таниқли адиб, тилшунос ва сиёсатчи Жаҳонгир Маматов 60 – ёшда.   https://turonzamin.org/2015/09/02/tabrik60/#more-24197  Яна унинг. Элимизнинг нодир фарзанди билан учрашув (Пойтахт Вашингтонга ташриф лавҳаси).   https://jahonnoma.com/2014/05/18/vashingtonda/#more-5381

** Абдуфаттоҳ Маннопов Ўзбекистон мустақиллик санаси ёхуд офат келтурувчининг ишкаллари борасида.  https://turonzamin.org/2016/06/12/fm/ Яна унинг. Мустақиллик ёки қуллик? Ўзбекистон мустақиллигининг 25-йиллигига доир. https://turonzamin.org/2015/06/29/mustaqilik/  Его же. К 30 – летию независимости Узбекистана. Алчность и коллаборационизм куда ведут страну? https://ihahr.org/articles/k-30-letiyu-nezavisimosti-uzbekistana

https://centrasia.org/newsA.php?st=1592743560

***Жаҳонгир Маматов «ИАК» (Ислом Абдуғаниевич Каримов) – 7. Иккинчи Сессия. Мустақиллик   Декларацияси http://jahonnoma.com/2013/07/30/iak30/#more-4658

**** Жаҳонгир Маматовнинг «Туронзамин» интернет журнали – turonzamin.org, «Жахоннома» интернет блоги – jahonnoma.com (амалда унинг сайти ва блоги, Ўзбекистоннинг ўтмиши ва хозирги куни ҳақидаги Жаҳонгир ва бошқа муаллифларнинг нодир кутибхонасидир), ҳамда унинг ютъюб (youtube) каналидаги «Jahongir Muhammad» номли блоги.

***** Жаҳонгир Маматов “Исёнкор сўзим бор” – “Самарқандни соғиниб”. Шъерлар тўплами.

https://jahonnoma.com/2009/01/05/1-9/

31 август 2020 йил

АҚШ, Миссури, Сент Луис

 

 

 

 

 

%d bloggers like this: