Мустақиллик қаҳрамонлари: Абдулазиз Маҳмудов

Журъат

Қаҳрамонлик нима? Менимча қаҳрамонлик бу жасорат ва журъатнинг бир нуқтада бирлашуви. Жасорат инсоннинг фитратида бор. Энг ўқимaган одамда ҳам жасорат бўлади. Аммо журъат ҳаммада ҳам йўқ.  Журъат амалга кўчиши учун таълим ва тарбиянинг аҳамияти катта. Инсон ўзлиги, кимлиги, ўтмиши ва келажагини идрок қила билиши, нега яшаётганини англаши учун мафкуравий замин керак. Ўшандагина унинг журъати жасоратни “ўт олдиради”.

Интернетда бир неча йиллардан бери “Абдулазизнинг архивидан” деган видеоларни кўрасиз. Баъзида мустақилликнинг дастлабки йилларидаги хроника кўз олдингизда пайдо бўлади.

1980 йиллар охири ва 1990 йиллар бошидаги мислсиз воқеаларни тарих учун сақлаш муҳим эди. Буни шу воқеаларни ёритишга маъсул бўлган ва халқнинг пулига ишлаган муассасалар бажармади. Ҳужжатли филмлар қиладиган ташкилот ҳам буни амалга оширмади. Чунки таҳликали. Ким ҳақ ва ким ноҳақлигини кўра-била туриб, юз буриб кетиш осон. Аммо ҳақ томонида туриш жуда қийин.

Бўкада уйлар жийир-жийир ёнаркан, Паркентда ёш йигитлар танкдан ўққа тутиларкан, Фарғонада туркнинг икки қавмини бир-бирига қарши оловлантиришар экан, бу воқеаларни тасвирга олиш ўлим билан тенг эди. Ҳар лаҳзада дайди ўқ умрни юлиши,  атайлабдан ўлдириб юборишлари ҳам шундайгина кўзга ташланиб турган ҳол эди.

Ўша кезда Тошкент кўчаларида намойишга чиққанлар, ўзбек тили деб ҳайқирганлар, мустақиллик, ҳурлик, демократия учун митинглар, пикетлар ўтказганлар яхши эслашади, ҳамма жойда бир одам елкасида оғир камера билан юрарди. Аввалига уни ҳукуматнинг одами деб ҳам ўйлаганлар бўлганди. Аммо кейин у ҳамманинг “Абдулазиз ака”сига айланди. Чунки унинг камераси кўпинча халқ томонига эмас, ҳукумат раҳбарлари тарафга қарарди ва  халқнинг саволига жавоб беришларини “кутарди”. Бу  эса савол берган томоннинг кучига куч қўшса, ҳукумат одамининг оёғини қалтиратарди.

Босиқ, камгап, донишманд кўринишидаги Абдилазиз ака ўша йилларнинг энг муҳим воқеаларини тасвирларга “михлай”олдигина эмас, сақлаб тарих мулкига айлантирди ҳам. Нафақт адолатсиз ҳукуматнинг, балки бу ҳукумат мухолифат орасида бошлатган ўйинлар ҳам унинг ҳужжатли хроникасида яшамоқда. Бу эса кейинги авлод учун сабоқ мактаби.

Абдилазиз ака оловли бир даврда ўз журъати билан жасоратни оёққа турғазди.

“Кимсан?”

“Қаердансан?”

“КГБмисан?”

“Мухилафатчими?”

“Москвага ишлайсанми?”

“Камерангни кўтар!”

“Ўчир деяпман санга!”

“Ҳозир синдириб ташлайман!”

 “Ол, лентасини тортиб ол, йиртиб ташла!”

“Ушла буни,  қамоққа тиқ!”

Бунақа гапларни у ҳар ҳар куни эшитарди. Аммо Ўзбекистон халқ депутати Самандар Қўқоновнинг идорасини юзлаб миршабалар ва хавфсизлик ходимлари ўраб олганини суратга тушира билди. Ўзбекистон халқ депутати Тойиба Тўлаганованинг сирли ўлимини тафтиш эта билди. Қўрқмасдан камерасини ишга солаверди. Бу бугун учун оддий ҳол. Аммо у пайтда бугунги каби  ақлли телефонлар йўқ эди. Видеога олиш учун икки калладан ҳам катта камерани елкада кўтариб юриш керак бўларди.

Бутун Ўзбекистонда миллий ҳаракатлар фаолиятини, мустақиллик йиллари нафасини ҳужжатлаштириб борган битта одам – Абдулазиз Маҳмудов.

Ўзбекистон қаҳрамони унвонига энг лойиқ номзод.

Фактлар

Абдулазиз Маҳмудов 60 дан ортиқ ҳужжатли, илмий-оммабоп ва ўқув филмларини суратга туширган.

“Ўзбек иши”, “Фарғона фожеаси”, “Норасмийлар” , “Тўғрисини айтганда”, “Ер эгаси”, “Қайтиш”, “Замондошлар”, “Паркентда қон тўкилиши”, “Жоҳиллар”, “Хонадонингизга тинчлик тилаймиз”, “Раҳм-шафқат қилинг”   ҳужжатли филмлари шулар жумласидан.

У 1950 йилнинг декабр ойида Ўш вилоятининг Мойлисув шаҳарчасида туғилган.

Ўша пайтлари  ота-онаси Андижондан Мойлисувга бориб ишлашган. Олти йилдан кейин қайтиб, умрларининг охиригача далада ва пахта заводида меҳнат қилишган. Абдулазиз барча мактаб болалари каби пахта, пилла териб, ягана қилиб, шолипояда лой кечиб, катта Фарғона каналида чўмилиб, балиқ тутиб, ёнғоқ ўйнаб, қўй боқиб катта бўлганини айтади.  Бутун  эса ўзининг  ўғли, икки қизи, неваралари бор.

Ён дафтардан

“Спортга ишқивоз бўлганман. Айниқса эркин курашга. Пахтакор спорт мактабига ҳар куни машқларга борардим. Бир неча бор эркин курашдан Ўзбекистон чемпиони бўлганман ва учинчи, иккинчи ўринларни ҳам олганман.

Илк  касбим эркин кураш бўйича тренер – Пахтакор спорт жамиятида, 18 ёшда. Кейин харбий хизмат. Ҳарбий нашрларда мақолаларим чиқарди, аскарлар ҳаётига доир.

Туркманистон давлат университети рус филологияси факултетига ўқишга кирдим.

Ҳали ҳарбий кийимни ечмай имтиҳон топширганман, ҳарбий қисм эшиги дан чиқибоқ университетга ўқишга кирдим.

Сиёсий  фаолиятим университетнинг учинчи курсидан бошланган. Нохақликларни фош этиш учун курашганмиз.  Москвагача бордик. Мен ётоқхонада талабалар кенгаши раиси эдим. Шундан сўнг ётоқхонадан ҳайдашган.

Университетни битириб, Байкал Амур қурилишига ишга кетдим. Ўша кезда БАМ ёшларнинг жасорат майдони дейишарди. Борган жойимизда 1500 одамнинг ичида битта ўзбекистонлик бўлганман. Посёлка зўравонлари билан беш-олти маротаба муштлашдим. Охири кавказликлар гуруҳига қўшилдим. Бир озарбайжон, икки осетин, иккита грузин… Қурилиш раҳбари грузин бўлгани учун уларнинг мавқейи баланд эди. БАМга хақиқат излаб, асил инсонларни излаб боргандим. Лекин минг афсус барча соҳаларда бўлгани қаби БАМда хам барчаси пропаганда экан.

Таржима ҳолдан

Касбим кинопублицист.

“Ўзбеккинохроника”, “Ўзбекфилм” киностудияларида, “Останкино” телевидениесида кинодраматург ва режиссёр бўлиб ишладим. Киноматографистлар уюшмасининг аъзосиман.

1989 йилда Фаргона фожеаларини суратга олдим. Мен бу билан собиқ СССРда миллатлараро муносабатларга бағишланган “Кичик биродар” номли хужжатли филм яратмоқчи эдим. Лекин Ўзбекистон компартияси ғоявий сабабларни рўкач килиб, мени бу ишдан четлаштирди.

1989-92 йилларда “Бирлик” халқ ҳаракати ташкил қилган митингларни, намойишларни, конференцияларни суратга олдим.

1989 йилда Фарғона ва Қўқондаги фожеаларни, 1990 йилда Паркентдаги қонли воқеаларни, 1990 йилда Андижонда,  Ўш ва Ўзганда бўлган  воқеаларни, Тошкент ва Намангандаги оммавий чиқишларни тасвирга олганман.

1991 йилнинг 19-21 август кунлари Москвада давлат тўнтариши ҳодисаларини ҳам суратга олдим.

Ўзбекистонда оммавий чиқишлар ва норозилик намойишларини тасвирга тиширар эканман бир неча марта  коммунистик хукумат тарафидан тазйиқ остига олиндим, калтакландим, уч кундан ўн кунгача ҳибсга ташландим.

1989 йилнинг май ойида “Бирлик” халқ ҳаракатининг таъсис қурултойида ҳаракатнинг Марказий Кенгаши ҳайъати сайландим. Ҳаракат раҳбарларидан бири сифатида “Бирлик Ижодий Уюшмаси”ни бошқардим.

1992 йилда “Абдулазиз” номли хусусий киностудияни туздим. Аммо кўп ўтмай ёпишди.

1991 йилнинг иккинчи ярмида ғоявий масалаларда келишолмаганимиз сабабли “Бирлик” раҳбариятидан чиқдим. Ҳаракатнинг марказий йўналишдаги фракциясини тузишга уриниб курдим. 1992 йилнинг 1 майидан эътиборан “Миллий мажлис” ташаббус гуруҳига кирдим.

Айблов

Миллий мажлис қатнашчиларини ҳукумат қамоққа олди ва уларга айблов эълон қилди. Жуда кулгили ҳолат. Ўзбекистон мустақил давлат, аммо мухолифатчиларни совет қоидалари билан айблашди.

1993 йилнинг июл ойида унга ва дўстларига совет қонунчилигидаги қуйидаги айбловлар қўйилди:

54-модда: Ватан хоинлиги;

55-мода: Жосуслик;

56-модда: Террористик фаолият;

57-модда: Ўзга давлат вакилига нисбатан террористик ҳаракат;

58-модда: Қўпорувчилик;

59-модда: Зараркунандалик;

60-модда: Антисовет пропагандаси;

62-модда: Ўта хавфли давлат жиноятларини амалга ошириш учун уюшган фаолият, яъни антисовет ташкилотига аъзолик.

Бу моддаларга асосланиб 10-15 йилгача озодликдан маҳрум этиш ва мол-мулкни мусодара қилиш сўралди.

Ўшанда халқаро жамоатчилик ва демократик дунё оёққа қалқди, мустақил бўлган давлатни тўғри йўлга бошлаш учун қаттиқ босим ўтказишди. Дипломатлар, халқаро журналистлар судда қатнашдилар.

Суддаги нутқдан

1959 йилгача 62-модда 58-модданинг ўрнида, яъни аксилинқилобий фаолият ўрнида қўлланилар эди. Шаҳар прокурори ва давлат қораловчиси, айни пайтда терговчи Эргаш Жўраев бизни шу модда билан айбламоқда. Сталин жиноят кодексининг ушбу даҳшатли моддаси билан коммунистик режим ГУЛАГларда ўн миллионлаб кишиларнинг ҳаётига зомин бўлди.

Лекин зулмнинг чеки бор. СССР номли Россия империяси қулади. Коммунистик ғоянинг Маркс, Энгелс, Ленин каби “худо”лари ҳаётдан улоқтирилиб ташланди. Oллоҳнинг иродаси билан ўзбек халқи қулликдан қутилди. Собиқ мустамлакалар учун янги давр – демократик тараққиёт даври бошланди. Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари халқаро Декларациясини, Хелсинки шартномаси ҳужжатларни имзолади. БМТнинг аъзоси бўлди. Лекин аввалги тузумдаги казарма руҳи ва ахлоқсизлик принципи ҳамон яшаб келмокда.

Мамлакатни ўзларига демократияни ниқоб қилиб олган кечаги коммунистик партиянинг зўравонлари бошқармоқдалар. Улар тез-тез телевидение, радио ва матбуот орқали “Шаҳар бедарвоза эмас” деган гапни такрорлайдилар. Ўрта асрда туғилган ва демократик қоидаларни тамоман инкор қиладиган бу ибора орқали улар халқни ким бошқараётганини, бизнинг руҳимизнинг, фикрларимизнинг, келажагимизнинг ҳақиқий хужайинлари ким эканлигини таъкидламоқчи бўладилар. амма нарса уларнинг кулидадир.

Ҳокимиятни, моддий бойликлар, радио, телевидение, матбуотни улар эгаллаб олганлар, демак ҳақиқатни ўз билганларича талқин қиладилар. Халққа факат итоат қилиш юклатилган. Халқ эшитиши, кўриши, қарсақ чалиб хурсандчилик билан ўз хужайинларини дастаклаши мумкин. Лекин асло хужайинларининг ишларига аралашмаслиги лозим, акс холда тепкилашлари, мажруҳ қилишлари ва ёки ўлдиришлари мумкин.

Бир сўз билан айтганда, инсон Брежнев вақтидагидан ҳам баттар ёлғон ва иккиюзламачилик муҳитида яшаши лозим бўлади. Аввал комунистик келажак ҳақида сафсата сотилар эди, бугун эса демократик келажак ҳақида сафсата сотилмоқда. Ушбу суд тамошаси менинг сўзларимнинг далили бўлиб, прокуратура режиссёрлари мени унда рол уйнашга мажбур қилдилар. Лекин бу “томоша”нинг моҳияти унинг муаллифлари уйлаганларидан кўра ҳам жуда чуқурдир. Улар бу орқали бир саволга жавоб топиш мажбуриятида қолдилар: “Ўзбекистонда демократик тузум қуриладими ёки йўқми?”

Чунки “Миллий Мажлис” ғояси бу демократия, кенг халқ оммасини, партияларни, ҳаракатларни давлатни бошқаришга жалб қилиш ва турли ижтимоий гуруҳлар ва диний қатламлар орасидаги ўзаро муроса ғоясидир.

Менга қўйилган айбларнинг ҳаммасини инкор қиламан. (1 август 1993 йил)

Бу суд дунёда катта акс садо берди. Ҳукумат шошиб қолди. АҚШ конгресси баёноти ва сенаторларнинг талаби Каримовни чўчитди. Халқаро ташкилотлар фаоллар озод бўлишини талаб эттилар.

Прокурор Абдулазиз Маҳмудовга беш йил берамиз деди, кейин 3 йилга туширди. Охирида бу шартли жазога айлантирилиб, зуд залидан озод қилинди.

Хотира дафтаридан

Дадам Абдулҳақ Иккинчи жаҳон урушида асирга тушиб қолган. Уни Оврўподаги фашистлар концлагерига ташлашган.

Урушга борганда 19 ёшда бўлган. Ўшанда ўнта одамга битта милтиқ беришган. Дадам ёғочдан милтиқсифат бир нарса ясаб олган. Буйруқ шунақа экан.  У аравада тўпчиларга снаряд ташиган. Қуршовга тушишган ва асирлик азобларини тортган. Америка аскарлари уларни концлагердан озод қилишган. Ватанингизга борманг, сизларни жазолайди, хоҳласангиз бошқа давлатларга боринг, биз  ёрдам берамиз дейишган. Лекин дадам барибир ватанга қайтган.

“Xалқ душмани” сифатида бир неча йил НКВД қамоқхоналарида ушланган.

Албатта бундай таржимаи ҳол билан дадам қанча уринмасин, бирор бир олий ўқув юртига ўқишга кира олмаган ва бутун умр оддий қурувчи бўлиб ишлаган.

Онам Ибодатхон томонидан боболарим Йўлдош полвон, Қўлдош полвон, Мирзааҳмад бой ўғиллари – ХХ асрнинг 20-йилларида Фарғона водийсининг машҳур курашчилари бўлишган. Улар Пойтуғ шаҳри ва унинг ёнида жойлашган Тўрткул ҳамда Туячи қишлоғларида яшаб, ўз ерларида деҳқончилик қилишган. Дадам томонидан бобом  Маҳмуд қори Бухоро мадрасасида таълим олган, Исфара шаҳрининг Навгилем маҳалласи масжидининг имом–хатиби вазифасини бажарган.

Ўтган асрнинг 30-йилларида боболарим еру-мулки мусодара этилиб “халқ душмани” айби билан сургун қилинганлар.

Онам оддий уй бекаси, тикувчилик қилган, кийим-кечак, дўппи тикиб, бозорга олиб чиққанлар. Етти болани боқиш осон бўлмаган.

Эътироф

Гулчеҳра Нуруллаева, халқ шоираси: Қанчадан-қанча одамларни таниш-билишга тўғри келди. Қанчаларининг сўзи бошқа-ю ўзи бошқалиги боис, ихлослар қайтди улардан. Қалбимизда муқим қолганлари ҳам бўлди. Ўзининг эътиқоди, поклиги, жўмардлиги билан… Сиз ана шундайлар тоифасидансиз. Эътиқодингиз бўйича, инсон ақли, истеъдоди, тафаккури эл-юрт манфаатига, адолатга, мурувватга, меҳрга, ҳалолликка хизмат қилиши керак. Сизга кўра, одамнинг сўзи билан иши бир бўлмоғи лозим. У ҳар қандай шароитда, ҳатто бошида қилич ўйнаган чоғда ҳам, ўз виждон йўлига содиқ қолиши, рост сўзлаши даркор! Нечоғ гўзал эътиқод бу!

Ҳаёт адолатсизликлари омонсиз эзади сизни. Сиз эса… Сиз эса… ён бермайсиз уларга… Бўйин эгмайсиз… Тоза руҳ, тиниқ ақл, улкан ирода билан бугунги кунлар суратини тарих этасиз, эртага умид билан қарайсиз… Умидларга тўлиб, умидларга тўлдирасиз… Янада йириклашасиз… Баҳор ерга гул-чечак, ифор тортиқ этганидай, сиз ҳам ўз мушоҳадаларингиз билан қалбларга баҳорий кўтаринкилик тутасиз, кўзларни очасиз, ақлларни чарҳлайсиз…

Яна шунинг учун сизга ҳавас қиламанки, тинмай ўқийсиз, тинмай фикрлайсиз, дунё алломалари билан фикран мунозара-мубоҳасаларга киришасиз…

Сиз билан суҳбатлаша туриб, оҳорли фикрларингиздан завқларга тўламан-да, беихтиёр Беҳбудий, Чўлпон, Мунаввар қори, Фитрат каби миллатимизнинг ёрқин чироқларини эслайман. Сиз ва сиз кабилар уларнинг давомчиларидай туюлади менга. Фахрланиб кетаман… Ва дейманки:

Тўқлар даврасимас, очлар сизники,

Оппоқ, мотамсаро сочлар сизники…

Кимлар бузиб юрса иймон деворин,

Асабдан тўланар божлар сизники…

Лаганбардорлик дақиқа сайин урчиб бораётган ҳозирги кезларда сиз кабиларнинг борлиги – халқимиз учун катта бахт.

Кас кибрни қуйма айлар. Куядиган – сиз.

Бад меҳрни қийма айлар. Куядиган – сиз.

Бу ҳаётнинг баланд-пасти, оқ-қорасига,

Водариғ-э, куймагайлар. Куядиган – сиз…

Сиз – ҳақиқат ва эзгулик мардикори… Сиз – эркинлик фуқароси… Сиз – олийжаноб ички ғурур соҳиби… Сиз – халқимиз учун меҳрдан яралган илтифот… Сиз – истеъдод!

Ботир Норбой, Филология фанлари доктори:

Абдулазиз Маҳмуд фақат кинооператор ва режиссергина эмас, ёзувчи ва сенарист хамдир. Унинг фикрлаш доираси Ўзбекистон зиёлиларининг даражасидан бир неча поғона баланд. Гаплашиб қолсангиз, халқимизнинг ҳозирги аҳволи, ўтмиши ва келажаги ҳақида шундай фикрларни илгари сурадики, буларни биронта адиб ёки журналистдан эшитаолмайсиз.

Дадахон Ҳасан шоир ва ҳофиз:

Бу юртда бир қушиқ бор, уни хеч ким айтмаган, айтолмаган. У Ватан қушиғи… Бу қўшиқни Абдулазиз Маҳмуд баланд пардаларда гўзал бир шаклда айтган. Абдулазиз Маҳмуд яратган ва ижро этган Ватан қўшиқлари ўзбекнинг қонига сингиб кетажакдир. Зеро, бу қўшиқлар ўзбекнинг қизил қонидир, унинг оҳу фаръёди. Аччиқ -аччиқ кечмишларидир.

Зоҳид Ҳақназар, Ўзбекистон халқ аристи, профессор: 

Абдулаиз Маҳмудов  ижодий тафаккурнинг чўққисида ва ҳамон жамиятнинг дардлари, муаммолари билан яшамоқда. Бу унинг позитсияси. Зотан инсоний позитсия, ишонч, халқига хизмат қилмай туриб шахсият бўлиш мумкин эмас. Айниқса у ижодкор бўлса! Давр тўпонлари ичида Абдулаиз Маҳмудов бунга эриша олди.

Сафдошлари эътироф этишганидек, Абдулазиз ака, етмишни қоралаб ҳам халқ ғамини ўйлайди. Facebookда “Ўзбек мухолифатининг яқин ўтмишдаги тарихи” гуруҳини яратди ва у ерга ҳам зиё нурларини олиб кирди.

Унинг интернет оламидаги сон-саноқсиз мақолаларида  ўзбекнинг зеҳнияти, миллатнинг қадрияти, ўтмиш, бугун ва келажакни боғлайдиган ришта кўриниб туради.

1992 йил. Ўзбекистон телевидениеси раҳбарлигидан истеъфо бериб, ишга чиқмаган куним. Эшик тақиллаб, мустақиллик тўмариси Гулчеҳра Нуруллаева ёнларида жимжитгина турган бир киши билан келдилар. Чойлашдик, суҳбатлашдик. Мен гапирдим Гулчеҳра опа эшиттилар, опа гапирдилар мен эшиттим. Аммо меҳмон жим. Гапирмасди. Менга ва опага қараб қўярди. Билмаган эканманки, у сўзларимизни элаклаб, фикр тарозисига солаётган инсон экан. Албатта, исм-шарифини билардим. Аммо буюк тафаккур соҳиби эканлигини билмасдим. Аслида мен эшитишим у гапириши керак экан. Шукур, кейинчалик гапларини эшитдим, мақолаларини ўқидим, филмларини кўрдим. Йўлидан тоймаган, сўзидан қайтмаган, мустақиллик учун умрини бағишлаган  бу инсонни қалбимга йўлдош эттим.

Навбат сизга, навбат миллатга, навбат мамлакатга… Ўз қаҳрамонингизни  таниб олинг!

Жаҳонгир Муҳаммад,

Ўзбекистонда Хизмат кўрсатган журналист.

https://turonzamin.org/2019/05/25/abdulazizmahmudov/