Маддоҳнинг мағзаваси

Мақташ ва маддоҳлик бошқа-бошқа нарса. Бировни истеъдоди, қобилияти, юксак ижроси, маҳорати учун мақтаймиз. Чунки бизга ёқади, ҳузур бағишлайди. Биз миннатдорлик ҳиссини мақтов йўсинида тилга келтирамиз. Бу инсониятга хос бўлган азалий фитрат.
Аммо маддоҳлик бошқа нарса. Бу ҳукмдорда мавжуд бўлмаган қобилиятни бор деб ишонтиришга уриниш, ёлғонни рост, оқни қора, қорани оқ, ҳаромни ҳалол, ўғрини тўғри деб ҳатто ҳукмдор қилмаган ишлари-қуруқ гаплари учун уни кўкка кўтариб мадҳ этиш, унда бўлмаган хислатларни унга ёпиштириш, озгина қилган ишини “оламшумул”, “инқилобий”, “мисли йўқ”, “курраи заминда танҳо”… деб халқни алдашдир.
Ҳар икки ҳолатга бундан ҳам кенг тушунча юклаш мумкин. Фақат маддоҳлик таърифи борасида яна икки оғиз сўз.
Маддоҳлик – бу одамнинг ўзини ўзи сотувга қўйиши, шаъни, ғурури, ўзлигини ўзганинг оёғи тагига ташлаши. Маддоҳлик иллатини суғорадиган бир қанча “канализация” бор. Масалан:
1.Мансаб. Баъзилар тепадагига қуллуқ қилиб, унда бўлмаган хислат ва фазилатлар ҳақида бўкириб, мансаб олишга уринишади.
2. Пул. Кимдир пул топиш илинжида ўзини мансабдорнинг остонасига занжирбанд этади.
3. Имтиёз. Сув кўрмаган офтоба, сув кўрганда қуриллар, дегандек кимдир озгина имтиёз учун подшонинг этагини ўпади.
4. Мукофот. Орден, медал ва унвон олиш учун биров қўтир эшак мисоли кўчани чангитади.
5. Ҳаром. Ҳаромни ҳалол қилиб кўрсатиш учун маддоҳликни қора “қозонга қопқоқ” сифатида ишлатишади.
6. Жиноят. Таъмагирликдан тортиб, порахўрликкача бўлган жиноятларига маддоҳликни қалқон деб билишади. “Подшони улуғласак, бизга ҳеч ким теголмайди” шоири билан яшайдилар.
7. Ҳар эҳтимолга қарши маддоҳлик. Буни қорқоқларнинг шамсияси.
Давом эттиравериш мумкин. Аммо мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, маддоҳ учун халқ, халқ манфаати ва келажаги бир тийин. Унинг ўз манфур мақсадлари бўлади. Буни кўриб, сезиб турамиз, ҳукмдор ҳам кўриб туради. Аммо маддоҳ оби зам-зам деб бошидан тўкадиган мағзавага баъзан ҳукмдор мазза қилиб чўмилиб кетаверади. Oқибат- халқ наздида ифлос бўлиб кўринади.
Демак, ўзини тоза тутмоқчи бўлган ҳукмдор, маддоҳлардан узоқ турмоғи керак.

Жаҳонгир Муҳаммад

Дилфуза Комил: МАТБУОТДАГИ МАДДОҲЛАР ЭЪТИБОРИГА!

Ўтган йиллар давомида ўзбек матбуотининг ва журналистларнинг обрўсини тушириб юборган энг катта иллат – мақтов, маддоҳлик бўлди. Шунинг касрига бугун кўпчиликда матбуотга ишонч йўқ. Шунинг касрига бугун матбуот ёруғликка чиқишга қийналиб ётибди. Ўлганнинг устига тепган қилиб, сиз – мақтов ва олқишларга ихтисослашган «журналистлар» ҳалиям ўз ҳунарингизни давом эттириб, журналистикани уят балчиғига қоришда давом этяпсизлар. Мен аксарият вилоят ҳокимликлари газеталарида буни яққол кўриб турганим учун айтяпман.
Биламан, бунақа аччиқ гаплар ёқмайди сизларга. Лекин эътиборга олишга мажбурсиз, чунки ўзбек матбуоти онангизнинг маҳрига тушмаган, ундан истаганча фойдаланишга ҳақли эмассиз!
Матбуот – жамиятнинг қон томири – уни маддоҳлигу мақтовлар билан булғасангиз, жамиятнинг томирида ҳаром қон айланади. Жамият бузилади! Сиз буними истайсиз?
Йўқса, нега газетангиз вилоят ҳокимига қаратилган олқишномага айланган? Сизларнинг бурчингиз халқнинг ёнида туришми ё ҳокимларнингми?
Ҳамма вилоятнинг ўз «…ҳақиқати», «…садоси», «…йўли» бор. Бу «ҳақиқат»лар, «садо»лар, «йўл»ларнинг деярли ҳаммаси мақтовга, мадҳу-санога элтади. Сизларнинг бу «ҳақиқат»ларингга ишонадиган бўлсак, шу қадар тўрт ёнимиз тўкис бўлса, адолат ва ҳақиқат излаб, муаммосига чора қидириб, ариза кўтариб, изиллаб тўрт томонга чопиб юрган фуқаролар «шундай фозил ҳоким буваларнинг қадрига етмайдиган нонкўрлар» бўлиб чиқадими?..
Мабодо, ҳокимларингиз зўр ишлаётган тақдирда ҳам уларни мақтайвериш жоиз эмас, чунки у бор-йўғи ўз вазифасини бажаряпти, холос. Халққа осмондаги ойни олиб бераётгани йўқ. Қолаверса, газетларингизда мақталаётган ҳокимларнинг жуда кўп қилғиликларини бутун халқ кўриб-билиб турибди.
Аксариятингиз ҳаминқадар маошга ишлайсиз; сизга ажратилган хоналар ҳам бир аҳволда; ишлатадиган компьютерларингиздан кўчадаги пайнетчиларнинг компьютери обрўлироқ; лиқиллаган стол-стулларда ўтирасиз; амаллаб тушлик қиласиз (ваҳоланки, мажбурий обуналар даврида газетингизга бир неча юз миллион сўмлаб обуналар расмийлаштирилар эди, сиз у пулларнинг нимага сарфланганини ҳам, «обуна ариғи»дан кимлар фойдаланганини ҳам билмайсиз); текширишларга борганда (уч-тўрт танга орттириш учун) «атаб қўйилганлар»ни олишга мажбур бўласиз; ҳокимиятлардаги беш-олти соатга чўзиладиган мажлисларда оёқларингиз увишиб, белларингиз қотиб, ўқувчи боладек дафтар қоралаб ўтирасиз; ҳақиқатни эмас, хўжакўрсинга ўтказиладиган тадбирларни ёритасиз… Мабодо битта-яримта ҳаққоний мақола ёзгудек бўлсангиз, бош муҳаррирингиз уни чоп эттириб бўпти! Қани, бир неча ўн йиллаб шу жойда ўтираверганидан курсисига илдиз отиб кетган бу «Гл. редактор»га эътироз қилиб кўринг-чи!..
Ҳеч тушунмайман, шу ҳолингизга маддоҳлик қилиш нима зарил?! Агар мақтамасангиз, ишингизни олсалар, топширинг бунақа ишни, ҳарна битта ёлғончидан қутуламиз, дуо қиламиз. Ҳеч қурса, виждонингиз олдида юзингиз ёруғ бўлади. Ризқингизни Худо беради.
Сиз яна бир нарсани тушунинг: сизнинг ортиқча ва ноўрин мақтовларингиз – маддоҳлигингиз сабаб, мақталаётган одам ўзидан кетади; Президентимиз таъбири билан айтганда, «оёғи ердан узилади»; тобора катта кетиб, ҳовлиқиб боради; одамгарчиликдан чиқади. Ҳазрат Саъдий айтганларидек, «агар бировни ўзида йўқ фазилатлар билан мақтайверсангиз, у ўз хатоларини фазилат ҳисоблай бошлайди». Биз нақ 25 йил шундай касларнинг касрига қолмадикми? Сиз яна шундай фожианими хоҳлайсиз?
Гапнинг қисқаси, журналист бўлсангиз, рисоладагидек – журналистга ўхшаган журналист бўлинг; эплолмасангиз, илтимос, халқнинг жиғига тегаверманг, матбуотни беобрў қилманг.
«Нима ҳаққинг бор бундай дейишга?» – дейсизми? Ҳаққим бор. Менам матбуот ходимиман. Ўзим ишлайдиган майдон тоза бўлишини хоҳлайман ва атрофдагилардан тозалик талаб қилишга ҳақлиман.
Умид қиламанки, шу бугуноқ виждонингиз билан юзма-юз ўтириб гаплашиб оласиз.

Дилфуза Комил 

Ўзбекистон куни

20 Iyun-O’zbekiston bosh ko’targan kun
20 Июн-Ўзбекистон бош кўтарган кун

НЕГА КОНСТИТУЦИЯМИЗ ВА ҚОНУН НОРМАСИГА ЗИД ҲУЖЖАТЛАР ҚАБУЛ ҚИЛИНМОҚДА?

ТАЪЛИМДА КОРРУПЦИЯНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШМИ ЁКИ
ТАКА БЎЛСИН, СУТ БЕРСИНМИ?

Ҳаммамиз гувоҳи бўлаётганимиздек, сўнгги вақтларда эълон қилинаётган янги қонун ва қарорлар аҳоли, жамоатчилик ўртасида кенг муҳокамалари бўлиб ўтмоқда. Бунда оммавий ахборот воситалари, жумладан, телевидения, босма нашрлар ва ижтимоий тармоқларнинг ўрни жуда катта бўлаётганлигини ҳам эътироф этиш зарур.

Энг муҳими, бу каби муҳокамалар жараёнида ҳалқимизнинг билдираётган ҳақли эътирозларига сабаб бўлган ҳужжатлар бўйича, ваколатли давлат органлари томонидан ушбу эътирозларни ўринли деб топиб, тегишли норматив ҳуқуқий хужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилаётганлиги, албатта, жамиятимизда рўй бераётган ижобий ўзгаришлардан дарак беради.

Лекин, халқнинг эътирозига сабаб бўладиган қарорларнинг қабул қилинишига йўл қўймаслик, аҳолининг бу каби ҳақли эътирозини уйғотадиган қарорлар қабул қилинишини олдини олиш яна ҳам яхшироқ бўлар эди, албатта.

Бироқ….

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 7 июнда эълон қилинган “Болаларни давлат умумий ўрта таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги №-469 сонли қарори кўпчилик фуқароларимизнинг эътирозларига, жамоатчиликнинг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлди. Ушбу Вазирлар Маҳкамасининг қарори юзасидан кўплаб юртдошларимиз, сайловчиларимиз ўзларининг эътирозларини билдириб, ушбу масалада ёрдам сўраб мурожаат қилмоқдалар.

Хўш,ушбу қарорда нималар кўзда тутилган ва эътирозларга нималар сабаб бўлди?

Аввало, ушбу қарорда 2019/2020 ўқув йили учун болаларни давлат умумий ўрта таълим муассасаларига қабул қилиш 2019 йил 20 июндан бошлаб Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали босқичма-босқич жорий этилиши назарда тутилган.

Биринчи эътироз: тегишли мактабга қабул қилиш фақатгина Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали жорий этилиши назарда тутилган. Кўпчилик аҳолини яшаш манзили эса Давлат хизматлари маркази жойлашган ердан кўра ўша мактабга яқинроқ. Бироқ, нега ўша мактабга яқинроқ ердаги аҳолига асосий квота бўйича ушбу таълим муассасанинг ўзига бориб тўғридан тўғри мурожаат қилиш имконияти берилмаяпти. Бу ахир, ҳалқнинг яқинини узоқ, енгилини оғир қилиш эмасми?

Ушбу қарор билан тасдиқланган Болаларни давлат умумий ўрта таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига мувофиқ туман (шаҳар) ҳокимликлари заруратга кўра тегишли йилнинг 1 январига қадар умумтаълим муассасаларига бириктирилган ҳудудларни тасдиқлаши белгиланган.

Иккинчи эътироз: Мактабларга ҳудудларнинг бириктириш бўйича бирор бир мезонларни белгиламасдан туриб, ҳокимликларга умумтаълим муассасаларига бириктирилган ҳудудларни тасдиқлаш ваколатини беришнинг нима кераги бор? Шундоқ ҳам, ҳокимиятларга берилган ваколатлардан ноқонуний манфаатларда фойдаланилаётган ҳолатларига мисоллар етарлича эмасми? Бунинг ўрнига, таълим бериш тилини инобатга олган ҳолда тегишли таълим муассасасига энг яқин манзилда жойлашган хонадонлар ўша умумтаълим муассасаларига бириктирилган ҳудуд деб ҳисобланишини; бунда, отаси ёки онаси I гуруҳ ногирони бўлган ҳамда етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, шунингдек, шу мактабда акаси ёки синглиси ўқиётган болалар учун устуворликни белгилаш тўғри ва адолатли эмасми?

Қарор билан қабул қилинган регламентда қабул квотаси асосий ва қўшимча квота турларига ажратилган:

Асосий квота — туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан умумтаълим муассасаларига бириктирилган микроҳудудда истиқомат қилаётган фуқароларнинг фарзандлари, отаси ёки онаси I гуруҳ ногирони бўлган ҳамда етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сонини инобатга олган ҳолда шакллантирилади;

Қўшимча квота — умумтаълим муассасаларининг имкониятидан келиб чиқиб, микроҳудуддан ташқарида истиқомат қилаётган мактаб ёшидаги, микроҳудуд ва микроҳудуддан ташқари мактаб ёшига етмаган, яъни тегишли йилнинг 1 январидан 31 августига қадар 7 ёшга тўлмайдиган болалар (тегишли йилнинг 1 сентябрига қадар 6 ёшга тўладиган), шунингдек, умумтаълим муассасаларида таълим бериш тили бўйича бошланғич билим (мулоқот қилиш) кўникмасига эга бўлмаган болалар учун ажратилади.

Шунингдек, ушбу регламентдаги асосий квота асосида қабул қилиш тартибига кўра умумтаълим муассасаларига бириктирилган микроҳудуд бўйича тегишли йилнинг 31 декабрига қадар 7 ёшга тўладиган болалар қабул қилиниши назарда тутилган.

Учинчи эътироз: Нима учун асосий квотага таълим бериш тилини инобатга олган ҳолда тегишли таълим муассасасига энг яқин манзилда жойлашган хонадонларда яшовчи болалар тўлиқ ва тўғридан-тўғри киритилмаяпти? Бунда бошқа тилда таълим берувчи мактабга таълим бериш тили бўйича бошланғич билим (мулоқот қилиш) кўникмасига эга бўлган болалар нега кўрсатилмаган?

Мамлакатимиз конституциясининг 41-моддасида бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланиши, шунингдек, амалдаги “Таълим тўғрисида”ги қонунда Мактабнинг биринчи синфига болалар олти-етти ёшидан қабул қилиниши белгилаб қўйилган (Гарчи ушбу қонун бугунги кун талабидан келиб чиқиб айтганда, янги таҳрирга муҳтож бўлсада, бу қонун ҳали бекор қилинмаган).Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сон қарори билан тасдиқланган “Умумий ўрта таълим тўғрисида”ги НИЗОМда, жумладан, Давлат умумтаълим муассасаларида умумий ўрта таълим олиш бепул амалга оширилиши; Давлат таълим стандартларига мувофиқ ҳар бир шахснинг таълим ва тарбия олишдаги конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқариш умумий ўрта таълимнинг мақсади ҳисобланиши; Умумтаълим муассасаси раҳбарияти мазкур муассасага бириктирилган ҳудуддаги мактаб ёшидаги болаларни ўз вақтида умумтаълим муассасасига ўқишга жалб қилиш учун масъул ҳисобланиши; Умумтаълим муассасаларининг I синфига 6-7 ёшли болалар тиббий хулосага мувофиқ қабул қилиниши; Тегишли йилнинг 31 августига қадар 6,5 ёшга тўлмаган, I синфда ўқиш истагини билдирган болаларнинг ота-оналари билан умумтаълим муассасасининг педагог ходимлари ва психологи томонидан болани мактабда ўқишга жисмонан ва руҳан тайёрлаш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилиши белгиланган.

Тўртинчи эътироз: Юқоридагилардан келиб чиқиб, нима учун 6 ёшга тўлган, бироқ, тегишли йилнинг 31 декабрига қадар 7 ёшга тўлмаган болаларни асосий квота асосида бепул асосда қабул қилиниши назарда тутилмаган? Бу ёшдаги болаларни асосий квота асосида қабул қилинмаслиги ҳамда уларни фақат маълум миқдордаги пул эвазига қўшимча квота асосида қабул қилиниши амалдаги конституциямиз ва қонун нормасига зидку! Қолаверса, ушбу регламентдаги белгиланган бу каби қоидалар, умумий ўрта таълим тўғрисидаги низом талабларига ҳам мос келмайдику?

Регламентга кўра, болаларни умумтаълим муассасаларига йўлланмалар мавжуд бўлмаганда расмийлаштиришга йўл қўйилмаслиги ҳамда боланинг соғлиғи тўғрисида тиббий маълумотномада ўқишга тавсия этилган тиббий хулоса мавжуд бўлганда (соғлом эканлиги кўрсатилганда) бола умумтаълим муассасасига қабул қилиниши белгиланган.

Бешинчи эътироз: Нега, тегишли умумтаълим муассасасига йўлланмага эга ва боланинг соғлиғи тўғрисида тиббий маълумотномада ўқишга тавсия этилган тиббий хулоса мавжуд бўлганда (соғлом эканлиги кўрсатилганда) болани тегишли умумтаълим муассасасига қабул қилиниши шарт эканлиги ва ҳеч қандай асосда бундай болаларни мактабга қабул қилишни рад этиш мумкин эмаслиги кўрсатиб қўйилмаган? Бу каби мажбурият белгиланмаганлигидан таъмагирлик мақсадида фойдаланадиганлар топилмайдими, ахир?

Ушбу қарор билан, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб болаларни умумий ўрта таълим муассасаларига қабул қилиш жараёни Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга ошириладиган таълим муассасалари рўйхати тасдиқланган. Шунингдек, Регламентга кўра, қўшимча квота умумтаълим муассасаларининг имкониятидан келиб чиқиб, умумтаълим муассасасининг ўқувчиларни қабул қилиш учун малакали педагог кадрлар билан таъминланганлиги, синф хоналарининг ўқув мебеллари билан жиҳозланганлигидан келиб чиқиб Кузатув кенгашининг тавсияси ва умумтаълим муассасаси раҳбарининг буюртмаси асосида Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари бошлиқларининг буйруғи билан тасдиқланади.

Олтинчи эътироз: Тошкент шаҳрида тўлов эвазига бир қатор мактабларга қабул қилиниши белгиланган бу тартиб жамиятимизда аҳолини бой ва камбағалга ажратишнинг хукумат хужжати билан қўллаб қувватланган ошкора кўринишига олиб келмайдими? Умумий таълимнинг бепул эканлиги бўйича мавжуд Кончтитуциявий принципга ва конституциявий ҳуқуқга путур етказибгина қолмай, жамиятимизни кучли табақалаштирилишига олиб келмайдими? Бу тартиб коррупциянинг олдини олиш эмас, балки, коррупцияга йўл қўйиб келган таълим муассасалари масъулларининг ўтмишдаги ишини беркитиш ва қонунийлаштириш деганику! Аслида, бунга йўл қўйганлар қонун олдида жавоб беришлари керак!

Бундан ташқари, ушбу рўйхатга киритилган аксарият (балки барчаси ҳам бўлиши мумкин) умумтаълим муассасаларидаги ўқувчиларнинг сони ушбу муассасаларнинг қувватидан деярли икки баробарга кўп бўлиб, икки сменада ўқиш ташкил этилганку. Шунингдек, ушбу муассасаларнинг аксариятида кўплаб фан ўқитувчилари бўйича ҳам вакант иш ўринлари мавжуд. Нима учун, регламент талабларига жавоб бермайдиган, яъни, қувватидан ўқувчилари сони кўп бўлган, икки сменада ўқиш ташкил этилган ва фан ўқитувчилари бўйича ўқитувчилар етишмайдиган умумтаълим муассасалари қўшимча квота асосида қабул қилиниши мумкин бўлган муассасалар рўйхатига киритилган? Нима учун, халқимизнинг асосий квота ҳисобланадиган фарзандлари қўшимча пуллик квота асосда қабул қилинган ўқувчилар ҳисобига иккинчи сменада ўқиши керак? Бу каби ҳолатлар таълим сифатига ҳам салбий таъсир қилиши аниқку?

Хулоса ўрнида: тегишли йилнинг 1 сентябрига қадар 6 ёшга тўладиган ҳамда боланинг соғлиғи тўғрисида тиббий маълумотномада ўқишга тавсия этилган тиббий хулоса мавжуд бўлган барча болаларни тегишли мактабга қабул қилишда аҳолига асосий квота бўйича тўғридан тўғри тегишли таълим муассасасига мурожаат қилиш имконияти бериш;

Таълим бериш тилини инобатга олган ҳолда тегишли таълим муассасасига энг яқин манзилда жойлашган хонадонлар ўша умумтаълим муассасаларига бириктирилган ҳудуд деб ҳисобланиши; бунда, отаси ёки онаси I гуруҳ ногирони бўлган ҳамда етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, шунингдек, шу мактабда оиланинг бошқа фарзанлари ўқиётган болалар учун устуворликни белгилаш;

Бошқа тилда таълим берувчи мактабга таълим бериш тили бўйича бошланғич билим (мулоқот қилиш) кўникмасига эга бўлган болалар асосий квотани ташкил этиб, бунда, тегишли таълим муассассасига энг яқин манзилдаги хонадон фарзанларига, отаси ёки онаси I гуруҳ ногирони бўлган ҳамда етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, шунингдек, шу мактабда оиланинг бошқа фарзанди ўқиётган болалар учун устуворликни белгилаш;

Қўшимча квота бўйича умумтаълим муассасаларига қабул қилиш учун микроҳудуддан ташқарида истиқомат қилаётган ҳамда тегишли йилнинг 1 сентябрига қадар 6 ёшга тўладиган ҳамда боланинг соғлиғи тўғрисида тиббий маълумотномада ўқишга тавсия этилган тиббий хулоса мавжуд бўлган барча болаларни тегишли умумтаълим муассасаларида 15 августга қадар келиб тушган аризалар асосида рўйхатини шакллантириш; бунда, синфлардаги ўқувчилар сонини 35 тадан ошиб кетишига, икки сменадан ортиқ сменада машғулотлар олиб борилишига йўл қўймасдан (кейинчалик бундай мактаблар учун қўшимча бинолар қуришни назарда тутган ҳолда), зарур ҳолларда тегишли молия бўлимлари орқали янги ташкил этиладиган синфлар бўйича молиялаштириш ишларини ҳал этган ҳолда қўшимча қабулни 31 августга қадар якунлаш. Бунда, болаларнинг яшаш манзилини тегишли мактабга қанчалик яқинлигига ҳамда устуворлик ҳуқуқига қатъий амал қилиниши шарт. Қўшимча квота бўйича умумтаълим муассасаларига қабул қилишни тўлиқ бепул асосда амалга ошириш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Сўнги сўз ўрнида: Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг 10 миллионга яқин фарзандари мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус ва олий таълим тизими билан қамраб олинган. Бизнинг ҳам фарзандларимиз мактабгача таълим муассасасида, умумтаълим мактабида, олий таълим муассасида таълим олмоқдалар. Ушбу фарзандларимиз умрининг дастлабки 20 йиллари ўзининг келажаги учун пойдевор қуриш вазифасини бажариши керак бўлган таълим муассасаларида ўтмоқда. Бироқ, мамлакатимиз таълим тизимининг барча бўғинларида порахўрлик, таъмагирлик, таниш-билишчилик каби иллатлар сақланиб қолмоқда. Бошқарув тизимида кўп ҳолларда мутлақо нолойиқ, мавжуд муаммо ва камчиликлардан бехабар ёки уларга бефарқ, салоҳиятсиз раҳбарлар ишлаб келмоқда. Мавжуд муаммоларни ҳал этишнинг энг биринчи зарурий шарти бу-ўша муаммоларни мавжудлигини тан олиш бўлса, иккинчи муҳим шарт ўша муаммоларни ҳал этишда жамоатчилик муҳокамалари асосида тўғри чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўлгани ҳолда, аксарият ҳолларда муаммоларни йўқдек қилиб кўрсатиш, беркитиш каби ҳолатлар мавжуд. Бугунги кунда, давлат раҳбари томонидан барча соҳалардаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан катта имкониятлар, ваколатлар берилмоқда. Фойдаланимаётган кўплаб ички имкониятлар мавжуд. Буларни инобатга оладиган бўлсак, таълим тизимида сақланиб қолаётган кўплаб муаммолардан келиб чиқиб, таълим соҳасида фаолият кўрсатаётган барча бўғиндаги масъул раҳбарларнинг фаолиятини қониқарсиз деб баҳолаш мумкин.

Мен, сиз ва бошқа юртдошларимиз ўз фарзандларимизнинг келажагини, ҳақиқатан ҳам, порлоқ бўлишини, уларни билимли, соғлом ва албатта, бахтли бўлишини чин юракдан истаймиз. Ушбу эзгу орзуларимизга барча фарзанларимиз учун бирдек сифатли таълим-тарбия беришни йўлга қўйсаккина эриша оламиз? Шундай эмасми?

Абдурашид Абдуқодиров, Расул Кушербаев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари

Телеграмм каналга ўтиш:
https://telegram.me/deputat_kusherbayev

Manba: Rasul Kusherbaev

КОНСТИТУТСИЯ

Конституция муқаддас китоб эмас. Конституция ғайб олами хабарларини бериш, яхшилик ва ёмонлик, шаръий ҳалол ва ҳаром нима эканлигини ажратишни даъво қилмайди. Конституция бу бирон давлат ҳудудида яшовчи одамларнинг ўзаро келишиб қабул қилган қоидалар тўпламидир.

Конституциянинг асосий мавзулари: халқнинг ҳуррияти ва инсоний ҳуқуқлари кафолати (1) ва шунингдек ҳокимиятанинг чегаралари ҳақида бўлади (2).

Конституциянинг 3-асосий мавзуси халқнинг умумий манфаатлари, халқ ичидаги катта гуруҳлари манфаатлари, озчилик гуруҳлари ва алоҳида шахснинг манфаатларини мувозанатда сақлаб қолишни таъминлишга қаратилган. Манфаатларга моддий ва маънавий, жумладан динийлари хам киради. Жамият турли дин, миллат, ирқ, жинс, ёш, касб ва ижтимоий ҳолат вакилларидан иборат. Турли қатламларнинг манфаатлари ўзаро конфликтга кириши табиийдир. Бу низоларни бартараф этишда қон тўкилиши ёки эркинликларни бузуишга олиб келмайдиган қарорлар қабул қилиш тартиблари айнан Конституцияда белгилаб олинади. Шунинг учун Конституцияни турли кодекслар (фуқаролик, меҳнат, жиноий, оилавий, сайлов, солиқ, ер, мулк, транспорт, божҳона, суд ва ҳк) пойдевори деиш мумкин.

Яхшилаб қарайдиган бўлсак, Конституция моҳиятан бу ижтимоий ШАРТНОМАДИР. Шу давлатнинг ватандоши (фуқароси, ситизени, граждани) бўлиб қолмоқчимисиз, марҳамат бу қоидаларга риоя қилиб яшанг. Ичида баъзи бандларига рози бўлмасангиз ёки умуман янги Конституция билан алиштиришни ҳохласангиз уларни шу қомус ичида битилган қоидалардан чиқмай ўзгартиришга ҳаракат қилишингиз мумкин.

Конституцион ижтимоий шартноманинг асосий (демократик) ёндашуви қуйидагича:

– Кўпчилик хоҳишига биноан, шу билан бирга озчиликнинг манфаатларини риоя қилган ҳолда алоҳида шахс эрки/бахтига тўғаноқ бўлмай ҳамжиҳатлик билан яшаш..Конституцияга мен ёқтирган яхши мисол бу – йўл ҳаракати қоидалари. Йўл тизими бир. Аммо пиёдалар ва турли транспорт воситалари вазнлари, тезликлари, манзиллари ва йўналишлари турлича. Қўйиб берса ё зўравонроқлари бошқаларни четга суриб, итқитиб, эзиб мазза қилиб пойгада ғизиллаб юради, ёки барча йўловчилар/хайдовчилар ўзаро келишиб ЙҲҚни ишлаб чиқадилар ва уларнинг ижросини таъминлаш учун назоратчилар тайинланади. Конституция айнан “ўнг қўл қоидаси, светофор, белгилар, йўл чизиқлари, йўналиш устуворлиги” каби шартнома бандларини ўз ичига олади.

Ўзбекистон ҳудудида яшовчи халқ турли тарихий босқичларни ўтиб, йирик ва майда подшоҳликлар остида, сўнг катта империянинг колонияси, ундан кеин совет давлатининг бир қисми бўлиб шаклланди ва Аллоҳнинг марҳамати билан мустақил давлатга айланди. Бу давлатнинг аъзолари конституция тамоилларига биноан республика форматида истиқомат қилишга рози бўлдилар. Бу кимгадир ёқиши ёки ёқмаслиги мумкин. Лекин бу факт. Ундан яхшисини таклиф қилишдан ҳеч ким тўсмайди.

Таклиф шартлари:
1) Муносиб муқобиллик. Яъни Конституциянинг принципиал бандларини нима билан ўзгартирмоқчисиз ва уларнинг аввалгиларидан афзалликлари.
2) Реаллик. Яъни «комунизм» каби фантастика бўлмасин.
3) Замонавий аналогиялар мавжудлиги.
4) Тўлақонлик. Яъни “олдин биз айтган бўлсин кеин яхшилигини кўрасанлар” бўлмасин.
5) Тушунарлилик. Оддий инсон ақлига мослиги.
6) Таклиф зўравонлик ва шантаж билан бўлмаслиги.
7) Зарар ва фойда тарозусида тортилганлиги. Жамият шу таклифларни қабул қилганда нима йўқотиб, нима фойда топади.

Шартномага/Конституцияга ўзгартириш киритмоқчи бўлган тарафнинг бўйнида асослаб бериш мажбурияти ётади. Асослаб бера олмай таклифи ўтмаса ё сабр қилиб яшайверсин, ё мамлакатни тарк эта олсин. Шатртнома аҳдини очиқ ёки махфий суратда бузиш орқали ниятига эришмоқчи бўлса қоидабузарликдан келадиган оқибатга тайёр тураверсин.

Jamshid Muslimov

Аҳмад Турон: Она тилинг-Онангдир

Она тилинг-Онангдир,
Ўргатган бешигингда.
Боболаринг,отангдир,
Юрган уй-эшигингда.

Тил-оила,қариндош,
Биродаринг,ёру-ҳеш.
Дардлашиб бўлган сирдош,
Бирга бўлган эрта кеч.

Йўқотмагил забонинг,
Асрагил гўё жонинг.
Тилинг унитган онинг,
Йўқолгай онажонинг.

Аҳмад Турон

Бу Демократиядан далолатми?

Хорижий юртларда фаолият юритаетган Узбек интернет сайтларига эркин кириш имкониятлари пайдо булди.

Бу Демократиядан далолатми?

Бугун Узбекистонда Америка Овози веб сахифасига назар ташлар эканман, Хорижда фаолият юритаетган Узбек интернет нашрларини гуугулга езиб кураман шу жумладан туронзамин.орг сайтини ва бошка мухолиф карашдаги нашрлар тугридан тугри очилди.

Нахотки, бу рост булса дейман.. кайта кайта езиб кураман.. Ростан хам тугрилигига ишонч хосил килгандан кейин демак Мирзиеев Хукумати эркинликлар сари кадам ташлашда давом этади деган хулосага бораман.

Жамиятни узгартириш осон иш эмас..

Бу фикрни тугри тушунган узгача карашдаги хориждаги юртдошларимимзнинг сафи хам анчагина..

Бугун ватан сархадларидан утаолмаган ватандошлар уз она ватанини кела олиш орзусини амалга ошажаги онлар хам бу яхши хабарлардан кейин узоқда эмасдек туюлди..

Зокир Али,Тошкент 10 -июн,2019

Президент отасини танқид қилган қиз ва “сиёсий”нинг “диний”чалик кўрилмаётгани тўғрисида

Сарвар Усмон/Озодлик. Сарлавҳа биринчи қисмининг аниқроқ шакли бундай бўлади: Президент отасининг қарори тўғри эканлигига шубҳа билдирган қиз… Сарлавҳанинг иккинчи қисми Суриядан олиб келинган аёллар ва болалар билан боғлиқ. Журналист Жаҳонгир Муҳаммад билан бугунги суҳбатга беихтиёр “кўпик” ҳам аралашиб кетди. Нега кўпик, кўпик нима учун тирноқларга қамалди? Бу савол жавоби ҳам OzodNazarнинг қуйида тинглайдиганингиз янги сонида…

Абдуқодир МЎМИНОВ: Шуми халқ бўлиш, шуми адолат қилиш?

Бу ўзбек тили, ўйинчи ёки ўликлар тилимас — билиб ол, у халқнинг юзи ва ҳаёти, ёқмаса нари кет.

Мен “миллатчи” эмасман, кўрган-кузатганларимни баён қиламан. Ва аввало айтаманки, кўпроқ тилни билишимиз ўзимизга фойда албатта, аммо…

Яқинда ўзбек тилининг мақомини ўзгартириш ва бошқа тилларга ҳам давлат тили деб қараш ёки ўзбек тилининг мавқеъини бошқа тиллар билан бир ўринга қўйиш каби гап-сўзлар ўрчиб кетди. Ваҳоланки, ўзбек тилининг ҳақиқий аҳволи ва уни кимлар шу ҳолга олиб келгани, келаётгани ҳақида ўзини манаман деб билгувчи журналист (татқиқотчи), блогер, ҳатто тилшунос ва бошқалар ҳам аниқ-тиниқ таҳлиллар билан эмас, енгил-елпи ёки бошқа бурчакни кўзлаган, четлаб ўтган ҳолда ўртамиёна ва ўзини “қайси томондалигини исботлаб” қўядиган мулоҳазаларини билдирди, маълум қилди. Мавзу доирасида уларнинг айримларини эслаб ўтишимиз ҳам мумкин. Хуллас, ўзбек тилининг ҳаёти ва унга боғлиқ жиҳатлар ҳақида бошладик.

Аввало, ўзбек тилидан қаерда кенг ва асосий мулоқот тили сифатида фойдаланилади, шундай қаралади? Келинг, нега шундайлиги ҳақида икки оғиз гапирсак. Албаттаки, бу тилдан Ўзбекистонда кенг фойдаланилади ва бу қунун билан давлат тили деб белгилаб қўйилган ҳам. Давлат тили бўлишига сабаб нима? Мана шу ерда демократияга асосан иш тутилган, яъни кўпчиликнинг(шу юрт фарзандларининг) хоҳиш-истаги билан ўзбек тили давлат тили бўлиши талаб қилинган ва бунга эришилган. Тўғри, Ўзбекистон кўп миллатли ва кўп тилда сўзлашувчи мамлакат, аммо аксари қайси тилда гаплашади? Йўқ деганда ҳам бутун бошли халқнинг 70-80 фоизи ўзбек тилида гаплашади, шу тил истемолчиси ҳисобланади. Шу ўринда айрим фахми ўзига маълум зиёли ёки ўша журналист ва блогерларнинг битта “ақлли” гапига эътибор қиламиз: рус тилини билса ўзига яхши, мактабда рус тилини яхши ўзлаштирсин эди, тил билмаган ва саводсиз бўлгандан кейин ўзи айбдор. Қизиғи шундаки, нега Ўзбекистон фуқароси бўлган, аммо ўзбек тилини (яхши ёки умуман) билмаган ўрисга ёки бошқа ҳар қандай кишига бу каби даккилар (сен ўзбек тилини билмайсан, нега мактабда ўзбек тилини ўзлаштирмадинг, саводсиз в.ҳ.лар) айтилмайди? Нега давлат тилини билмаган одам эмас, бошқа тилни ўзлаштирмаган (ўзлаштиролмаган) шу мамлакат фуқароси бу гаплар билан ўз юртида камситилиши, муаммога учраши керак? Нега мустақил бўлганимизга, тил бўйича қонун қабул қилганимизга 30 йилча бўлиб қолди-ю, жуда кўплаб ўрислар (айниқса маданият марказимиз ёки Ўзбекистонни юраги деб билишимиз керак бўлган пойтахтимиздаги аксар ўрислар) ўзбек тилини билмайди, билишни истамайди, бунга ўзларини на бурчли ёки ўзбек (ўзбеклашиб кетган) халқига бироз бўлса-да оқибатли бўлиш кераклигини ўйлаб ҳам кўрмайди? Яна қизиқ бир жиҳат шуки, оми деб қабул қилинадиган ўзбекларнинг аксари керак бўлса, жойи келса русчани руслардан яхши талаффуз қилади, унда мулоқот қила олади. Аммо русларчи, улар ўзбек тилини ўзбеклардай талаффуз қила оладими, олаяптими, шунақаси бўлса неча фоизни кўрсатади, 0000000.1 фоиз кўрсатадими? Жавоб топиш қийин. Хўш, биз кимни ҳурмат қиляпмиз ўзи? Қарийсан, қартасан, ўз наслингга тортасанларними(узр, оддий ҳақиқат бу)? Ўлда-жўлда қилиб таҳлил қилаётган бўлсам, бетартиб келтириб ёзаётган бўлсам узр яна!..
Ҳар хил бўлаётган воқеа ва ҳаракатларга ўзини холис, зўр ва очиқ-ошкора таҳлилчи журналист, лингвист ва ҳоказоман деб биладиган Элдар(Элдор) Асанов(Эсонов) бир неча марта шунақа фикр билдирган: қайсидир тилни (инглиз-рус тилиними) билишинг учун улар яшайдиган мамлакатнинг қанчалик урф-одатларига, ҳаёт тарзига ва уларнинг ўзлигига кириб борсанггина, ўша тилни тез ва осон ўзлаштирасан в.ҳ.лар. Руслар ўзбек урф-одатларини қабул қилдими, ҳаёт тарзини ҳурмат қилаяптими? Шахсан мен “Ха, албатта” дея олмайман. Айнан руслар ўзининг ҳаётий яшаш ташаббуси билан ўзбеклар маданиятини ер билан битта қилаяпти. Нима қиляпти? Бемалол очиқ, калта ва тор кийимлар кияди(русча тарбия кўрган “ўзбек” ва шу кабилар ҳам назарда тутиляпти), умуман ўзбекларга тўғри келмайдиган ҳатти-ҳаракатлар қилади (кўчада бемалол ўпишиб юради, бир бирларини ҳар жойларини ушлаб юради, ўтиради, қўйиб берсанг… ва ҳоказо). Бизнинг давлат Ўзбекистон деб аталадими, унинг ўзига яраша урф-одатлари борми, қадриятлари, каттагина тарихи ва ундаги буюк сиймолари-чи? Бўлса агар, биз кимнинг орқасидан эргашаяпмиз, улар бизни қаерга олиб бораяпти? Наҳотки рус тилини руслардан кам талаффуз қилмайдиган ва анча-мунча олимлари бўлган, уларнинг авлоди яшаб келаётган юрт фарзандлари Ўзбекистонни ривожланган мамлакатлардай юксалтиролмайди? Нима демоқчиман?

Оддий мисол, ўзбек халқини ва унинг шуурини тушунмайдиган айрим чала ақлли руслар, русийзабонлар ҳали-ҳануз ўзбек халқи учун қонунлар ишлаб чиқяпти, халқ рози бўлсаям, бўлмасая бу қонунларни қабул қилишга мажбур яна. Ўша юқоридаги ўзини манаман деб билгувчилар эса битта нарсани иддао қилади: ўзбекни ақли етмайди. Руслар ҳали дуруст яшаш, тоза-озода юриш ва кийинишни билмай юрганда, Амир Тумур буларни кўриб, аскарларини уларнинг олдига боришини таъқиқлаганининг сабаби нима дейсиз? Ёки жадидларнинг мақсади нима эди, улар ўзбекларга дунёвий илм бериш учун ҳаракат қилмадими, Европага нима учун ёш ўзбек йигитларини ўқишга жўнатаётган эди?

Буларнинг бари ўзбек халқини жаҳон мамлакатлари қаторида бўлиши учун қилина бошланган буюк мақсадли ишлар эди-ку. Ким уларни таъқиб қилди, ким жадидларни так-туби билан йўқ қилиб ташлади? Барака топкурлар, бунақа мислолларни келтирай десангиз жуда-жуда кўп топилади. Хўп, бўлган иш бўлди, ўтди-кетди, аммо нега руслар ҳалиям ўзбекларга беписандлик билан қарайди, улар нега ҳалиям Ўзбекистон деб аталмиш мустақил бўлган мамлактнинг фуқароси бўла туриб, асосини ўзбеклар ташкил этадиган халқнинг ичида ўзини алоҳида(юқорида) кўриб яшапти?

Ушбу мақолани ёзаётган пайтимда биз билан бирга ишлайдиган юқори савияли ўзбек (аммо русча тарбия топганроқ) аёли айрим фикрларимни эшитгач шундай деди: “Агар мамлакатимиздан руслар чиқиб кетса, Ўзбекистон ботқоғига ботиб қолади, ўзбеклар ўзини эплолмай қолади, на илм, на бошқа соҳада бирор ишни қилолмайди…”. Мана ичимиздаги яна бир юқори савияли ва онгли кишининг гапи. Шу пайт унинг тирноғи устидаги “безак” учун ёпиштирилган соҳта тирноғига кўзим тушди-да, “Сиз намоз ўқийман дегандингиз, бу ҳолатда таҳоратингиз тўлиқ адо этилган бўлмайди, яъни ҳамма жойингизга сув тегмаган бўлади-ку, намозингиз қабул бўлармикан”, деб сўрасам, у “мен гўзаллик тарафдориман ва ўқиётган намозимни, ичимни худо билса бўлди” дея қисқа жавоб қилди. Яна бир қизиқ ҳолат бўлди. Бироз вақтдан кейин ушбу опанинг ёрдамчиси бўлган ўзбек қизи хонага кириб келган рус ундан ўзбекчада “опа қани, ким эди исми?” деб сўради. Бу қиз эса ўзбекча берилган саволга тўлиқ русчада жавоб берди, ваҳоланки опа билан бўлган ушбу суҳбатимиздан кейин бу қизга ҳам ўз тилимиз, ўзлигимиз ва уни ўзбек тилини истамайдиган, шу халқ ичида яшаб келаётган, аммо лоқайдлар ҳақида баҳс ҳам қилган эдик. Мана навбатдаги ҳолат. Хуллас, хулоса ўзингиздан…

Яна “қанчангиз” шундай фикр юритасиз, у аёл кўтараётган “байроқ”қа эргашасиз? Балки Ўзбекистон номини русча сўз билан номлашни таклиф қилиб чиқарсиз?

Яқинда ўткир қалам соҳиби бўлган журналист Гулчеҳра Умарова билан Маданият вазирлиги қошида ташкил этилган жамотчилик кенгашида бўлган давра суҳбатидан чиққач гаплашиб қолдим, мавзу ўзбек театрларининг аҳволи хусусида бўлган эди. Шунда у гап орасида қуйидаги кузатувини маълум қилди: “Биз театрга ва шу юртга фидойилик ҳақида гапиряпмиз-у, унда кимларни кўряпмиз? Бу гапга кимлар ҳаққоний, кимлар сохта ёки бир томонлама қараяпти? Буни ҳам тилга олишимиз керак. Оддий мисол келтираман: актёр Афзал Рафиқовнинг рус тилидаги спектаклларда роль ижро қилганини кўп кўрганмиз, албатта, бундай актёр-актрисаларимиз кўп. Аммо ўзбек театрларида рус актёрларининг ўзбек тилида (равон) нутқ билан роль ижро этганини бирор марта кўрмадим. Буни очиқ айтсангиз, айримлар “Миллатчилик қиляпти” дейди, аслида эса бу шунчаки ҳақиқат. Афсуски, ушбу ҳолат мазкур йиғилишда ҳам кузатилди. Ўзбек тилини билмаган ёки дуруст тушунмаган актёр ўзбекни яхши ҳис этади, дея оламизми? Мен “йўқ” деб жавоб бераман! Бу муаммолар бугун пайдо бўлгани йўқ, 10-15 йилдан буён кузатиляпти. Уларга баҳамжиҳатликда ечим излаш зарур”. Кўряпсизки, ҳамжиҳатлик сўраляпти, аммо ўзбеклар ҳамжиҳатми? Келинг тил борасида кўриб чиқамиз. Оддийгина бир мисол, аксар пойтахтга келган ҳар хил вилоятлик ўғил-қизларнинг тили тошкентчасига буралиб қолаяпти. Тили буралиб қосаям муйли, бир йил ўтар-ўтмас ярим-яланғоч ёки калта ва тор кийимларда, умуман ўзбек “имижини” бўғадиган кўринишларда, ҳар хил оммавий маданиятдан дарак берувчи ҳатти-ҳаракатларда кўрасиз. Адабий тил эса ҳар томонлама “энасини кўради” бу пойтахтда. Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирда кўплаб хусусий телеканаллиримиз, керак бўлса давлат телеканалларда ҳам тошкентча ёки ўзининг вилоятича шевадаги суҳбатларни, гап-сўзларни эшитяпмиз, кўряпмиз. Давлат телеканаллри, айниқса хусусий телеканаллар кундан кун савиясиз кўрсатув ва “шоу”ларни олиб чиқишга ўтиб кетди. Унда қимориям бор, фохишаликни тарғиб қиладиганиям ва ҳоказолариям… Аммо таълим, технология, иқисод, сиёсатга оид тортишувли, баҳсли кўрсатув ёки натижа берадиган намойишларни деярли(умуман) кўрмай қолдик. Баъзан буларга тикилиб туриб, бу тв.лар халқни манқуртга айлантиришга бел боғламадимикан, деган фикрга ҳам боришинг тайин. Айниқса хусусий тв.лар.

Шу билан бирга афсуслар бўлсинки, бизнинг (қисқа қиламан) ортиқча ҳотамтойлигимиз (битта бўлса ҳам ўзбек тилини билмайдиган (Ўзбекистон фуқароси бўлган) журналистлар ва бошқалар ўтириб қолган даврада ўзбек тилини унутиб қўйишимиз, унга “ўзбек тилини бил керак бўлса” дея олмаслигимиз), мантиқсиз тўйлар қилиб ўзимизни кўз-кўз қилишимиз, бизни “писанд этмайдиган руслар”нинг айрим яхши ҳислатларини(масъулият билан холис иш юритишини, ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қила олиши ва бунда ҳеч кимни аяб ўтирмаслигини, ҳатто “георги лентаси” пайти Бош вазир топшириғига қарши бориб, ўзининг қадриятларини ҳимоя қилиб чиқишини) олмасдан, асл мақсад нима эканини бирлашиб ҳал қилиш ўрнига нимагадир кўз тикиб, унга ҳалолми, харомми, хуллас, қайси йўл билан бўлсаям эришишни ўйлаб, амалда намоз ўқиб, масжидлар томонга боришда эса бир қанча ноҳакликларни билсак-да, жимгина, қўйдай ювош бўлиб ибодат қилишни ва бошқа яшаш тарзни одат қилиб юришни канда қилмаяпмиз. Ҳокилар халқни алдаса, устидан кулса, ҳақорат қилса, уйини, мол-мулкини тортиб олса ёки берган ваъдасини бажармаса индмай юрамиз. Ваҳоланки битта киши ҳам ҳокимият биноси олдига бориб норозилик кўрсатмайди, бино эшигининг такигига ётиб олмайди, халқ ҳам буни кўриб туриб ёрдам бермайди, муносабатини билдирмайди. Шуми халқ бўлиш, шуми адолат қилиш? Шундай экан, Худо ёки унинг бирор бандаси “ма, ол” деб ҳамма нарсани муҳайё қилиб берадими? Албатта, ЙЎҚ. Халқ ўзини ва ўзлигини билдирмас экан, ҳукумат ҳам, сиёсатчилар ҳам, амалдорлар ва албатта руслар ҳам бундай оламонни ҳурмат қилмайди, шунақа пайт фақат фойдаланиб қолади, “Ўзим хон, кўлангкам майдон”, деб яшашда, ишлашда, мақсадларини амалга оширишда давом этаверади.
Тил масаласида яна бир бор эслатма: давлат ўзи қонун билан тасдиқлаган тилини химоялаб қўя олмасакан, уни амалда бажармасакан, биз тўлиқ ва кучли мустақил давлатмиз деб бонг уриш қайси мантиққа тўғри келади? Давлат мустақил бўлган ва у камида 20га тўлган бўлса, барча фуқароси қонун доирасида қабул қилинган тилни билиши шарт ва зарур. Чуни эртага бир давлатда яшаб туриб, унинг кўпчилик томонидан мақулланган мулоқот тилида гаплаша олмаса, мана шунақа жиддий таҳлилдаги мақолалар, эътирозлар ва ихтилофлар келиб чиқаверади.

Абдуқодир МЎМИНОВ

Manba:Abduqodir Muminov

Мухтор Худойқулов: ТАРИХ – АНИҚЛИКНИ ТАЛАБ ҚИЛАДИ

Жаҳонгир Муҳаммаднинг “Қувғин” тарихий романи ҳақида айрим фикрлар

Жаҳонгир Муҳаммад истеъдодли журналист, публицист, ёзувчи ва сиёсатчидир. У Тошкент Давлат университети Журналистика факультетини тугатган, матбуотда хизмат қилган, Ўзбекистон мустақиллиги учун қўлида қалами билан курашган, Олий мажлис депутати бўлган, масъул лавозимларда ишлаган, кейин эса ўз эътиқоди ва сиёсий қарашлари туфайли истеъфога чиқиб чет элга кетган. Ёзувчи ўзининг “Қувғин” деб номланган тарихий романида мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки йилларида ўзи кўрган ва гувоҳи бўлган воқеаларни, бу воқеаларда иштирок этган кишиларнинг фаолиятлари, ҳатти-ҳаракатларини қаламга олган. Албатта бундай асар ўқувчида қизиқиш уйғотиши табиий. Мен ушбу романни тўла ўқиб чиқа олмадим, шу боисдан унинг айрим жиҳатлари ва ўринлари ҳақида ўз фикримни билдирмоқчиман.

Романда ўлкамизнинг ўз мустақиллигига эришиши воқеалари ва унда иштирок этган кишилар қаламга олинади. Асарнинг бош қаҳрамони – муаллифнинг ўзи, аммо негадир у тўқима номда – Миртемир деб юритилади, бошқаларнинг эса аниқ исму фамилиялари келтирилади. Агарда муайян воқеларда қатнашган бошқа одамлар ва уларнинг бош қаҳрамон билан муносабатлари, гап-сўзлари ҳақида ҳикоя қилинар экан, бош қаҳрамон биринчи шахсда – “мен” шаклида келмоғи шарт, чунки бу воқеаларда қандайдир тўқима образ эмас, муайян одам қатнашаяпти. Иккинчидан аниқ одамлар билан боғлиқ воқеаларни муаллиф ўзи ҳоҳлаганча тасвирламасдан аниқ, қандай бўлса шундайича бериши керак, муайян одам қилмаган ишни қилди, айтмаган гапни айтди дейиш ноаниқликларга олиб келишгина эмас, туҳмат бўлиб қолиши ҳам мумкин. Агар асарда тасвирланаётган қаҳрамон тўқима бўлса ва воқеалар ҳам тўқима бўлса унда мантиқ талаби қолади холос, аниқ ва муайян одамларнинг ҳаракатлари, гапларини эса ўзи ҳоҳлаганча тасвирлаш ҳуқуқи ёзувчига берилмайди. Шундай ҳодиса романда келтирилган ва 1992 йил 16 январда Тошкентнинг талабалар шаҳарчасида бўлиб ўтган талабалар қўзғолони пайтида Ўзбекистон президенти И.А.Каримов билан Тошкент давлат универрситети Маданият саройининг кичик залида бўлиб ўтган учрашув ва унда президентнинг мен билан мулоқоти асарда шундай тасвирланади:

Миртемир Талабалар шаҳарчасидаги Маданият Саройига келди. Учрашув кичкинагина хонада бўлди. Каримов бу ерда ҳам фаоллар йиғилишидаги гапларини айнан такрорлади. Домлалардан айримлари уни қўллашди.

–- Менда бир савол бор,- дея ўрнидан турди ҳажвчи Мухтор Худойқулов.

–Талабаларни отишга ким рухсат берди? Сиз мамлакатнинг бошида ўтирибсиз, бу нарсани билишингиз керак.

– Ёшингиз неччида? – сўради Каримов ундан.

– Сиз билан бир йилда туғилганмиз,- деди у.

– Э, яшанг Мухторжон! Тенгқур эканмиз, қани айтинг-чи, нега талабаларни қайтариб қолмадингиз?

Каримов ўзига хос “манёвр” билан Мухтор Худойқуловнинг саволини четлаб ўтиб, ўзини нишонга олди.

– Журналистика факултетининг талабалари очлик эълон қилишди. Уларга “Болаларим, тўққиз қатли бинонинг устида ўтираверманг, бўйрагингиз шамоллаши мумкин”, дедим.

Мухтор Худойқулов гапини Каримов бўлди:

–Уларнинг буйраги эмас, мияси шамоллаган, миясини даволаш керак! Билдингиз-ми, Мухторжон. Буйрак шамолласа, гўр ҳам чалмайди!

–Гўр чалиш, чалмаслиги нималигини билмадим-у, лекин…

Унинг гапини яна Каримов кесди:

– Мана менинг ҳам буйрагим касал…

Энди Мухтор Худойқулов Каримовга мудоҳала қилди:

– Бизга келажакда буйраги соғлом раҳбарлар керак. Ўшанда уларнинг мияси ҳам шамолламайди.

Мен ўша учрашувда бўлганман, сўзга чиққанман, И.Каримов билан бироз мулоқот бўлган, аммо Миртемир (Жаҳонгир Муҳаммад) айтгандай эмас. Воқеа тушунарли бўлмоғи учун мен ўзимнинг нашр этилмаган хотираларимдан парча келтираман, унда бўлган воқеа аниқ ва тўғри тасвирланган:

 “Бу йилларда менинг жуда эсимда қолган ва тақдиримни тубдан ўзгартириб юбориши мумкин бўлган воқеа 1992 йил 16 январда юз берган талабалар қўзғолони бўлди. Мен бу воқеани эртасига эшитдим. Борсам – шаҳарчада аллақандай фавқулодда ҳолат, талабалар дарғазаб тусда уёқдан-буёққа тўп-тўп бўлиб жадаллаб ўтишяпти. Нариги катта кўча томондан эса: “Ур-р, ур-р!”га ўхшаган овозлар келаяпти. Йўл-йўлакай кўрган-билганлардан нима гаплигини сўраб-суриштира бошладим. Билишимча ўша пайтда ҳукумат кетма-кет пул алмаштириб аллақандай купонга ўтилган, бу купонлар билан савдо қилиш ҳам тузук йўлга қўйилмаган эди. Афтидан бир неча талаба ёшлар шу ердаги дўконга нон олиш учун киришган, сотувчи ё купонга сотмаган, ё яна бирон нарса деган, хуллас жанжал чиққан. Бир томондан талаба ёшларнинг қизиққонлиги, иккинчи тарафдан энг асосий нарса – нон масаласидаги расмиятчилик уларни норози қилган ва улар бир-бирига бу гапни айтиб, тўпланишиб, жунбушга келишган, кейин тўп-тўп бўлишиб кўчада юриш қилишган, дўконларнинг ойналарини уриб синдиришган, машиналарга ўт ёқишган, хуллас жоҳил оломоннинг қўлидан нима келса шуни қилишган. Бу воқеани бостириш учун ОМОН етиб келган, улар талабалар устига бостириб келишган, калтаклашган, турган гапки, талабалар ҳам қараб туришмасдан қўлларига нима тушса тошми, юқори қаватлардан эса курсими жазолавчиларга қараб отишган, кейин милиционерлар уларни қувиб, қаватма-қават, хонама-хона юриб уларни уришган, қамашган, ҳатто қуролларини ҳам ишга солишган, натижада бир неча талаба ўлган… Хуллас, иш жиддий эди.

Мен борганда талабалар шаҳарчасининг ўртасидан ўтган катта кўча ёшлар билан тўла, нарироқда баланд бир жойдан туриб кимдир нималардир деб бақирар, бунга жавобан талабалар эса “Йўқолсин!” “Қотиллар!” ва яна нималардир деб бақиришар, ора-сира: “Ур, ур!” овозлари ҳам янграб қоларди. Мен ёнимда туриб алланарсалар деб бақираётган бир талабадан: “Кимни “ур-ур” деяпсизлар?”– деб сўрасам: “Кимни бўларди, милиционерларни-да!”– деди. Мен: “Ур-сур” билан иш чиқмайди, талабларинг бўлса ёзма равишда баён қилсанглар яхшироқ бўлади”,– дедим. Аммо ҳалиги талаба ва унинг ёнидагиларнинг бу гапларга қулоқ солгилари йўқ эди. Мен учраган бошқа талабаларга: “Нон деб шунақа тўполон қилишларинг яхшими, бутун дунёдаги одамлар нима дейишади, бундай жоҳилликнинг нима кераги бор, яхшиси битта раҳбар сайланглар, у сизларнинг талабларингни юқорига етказсин”,– деб кўрдим, аммо ҳеч ким менга қулоқ солмади. Ора-сирада яхши кийинган, бошларида қундуз телпакли одамлар ҳам кўриниб қолар, улар талабаларга: “Бўш келманглар, чекинманглар…”– деб қутқу солишарди. Мен уларнинг кимлигини, қайси кучларнинг одамлари эканлигини билмасдан бошим қотди. Ўз факультетимда ўқийдиган талабаларни кўрганимда уларга: “Ҳаддан ошманглар, бошларингга бир бало орттирманглар”,– деб маслаҳат берганим ҳам эсимда. Улар: “Тўғри, шундай қилаяпмиз”,– дейишиб, бўлган воқеалар ҳақида кўрган-билганларини айтиб беришди. Талабаларимдан битта чапдастроғи менинг ёнимда бўлди. У менга: “Домла, қаранг, ОМОНчилар яна бостириб келадиганга ўхшайди”,– деб кўчанинг нариги тарафини кўрсатди. Биздан сал нарида бошларига темир қалпоқлар кийиб, қўлларига темир қалқонлар ва резина таёқчалар тутган, қуролли ОМОНчилар кўчани тўлдириб саф тортиб туришар ва аста-секин бу томонга, талабалар устига яқинлашиб келишарди. Шунда ҳалиги талаба менга: “Домла, булар бостириб келишса яна тўполон бўлади, яна қон тўкилади, буларни кўриб талабалар ғазабга минади, келинг, командиридан сўраймиз, уларни сал орқароққа суриб туришсин”,– деди. Мен рози бўлдим ва аскарларга яқинлашиб келиб: “Командиринглар ким?”– деб сўрадим, бир ҳарбий: “Мен, хўш, нима гап?”– деди. Мен унга: “Илтимос, аскарларни сал орқароққа сурсангиз, сизларни кўрган талабалар яна жунбушга келиб бир кор-ҳол бўлмасин, майли, уларни сал узоқроқдан қўриқланглар”,– дедим. Қаранг-ки, ҳалиги ҳарбий бу маслаҳатга кўнди ва унинг буйруғи билан ОМОНчилар анчагина орқага сурилишди.

Шу зайлда талабаларни тинчитиш учун уриниб-уриниб кейин университет томонга юрдим. Бу ерда ҳам вазият ёмон, талабалар дарғазаб эдилар. Факультетимизнинг бир гуруҳ талабалари университетга кираверишда очлик эълон қилиб ўтиришган экан. Мен уларнинг олдига келиб, нима гаплигини сўрадим. Шунда улар ўзларининг қатор талабларини айтишди. Мен уларга: “Очлик эълон қилиш осон эмаслигини биласизларми, бироздан кейин кеч тушади, ҳаво совуқ, ҳаммангнинг буйрагингни совуқ уриб кетади.”,– дедим., бу орада кеч тушди. Шу аснода талабалар ётоқхоналари томонидан “тар-р-тар-р” ўқ овозлари, дод-вой, шовқин-сурон эшитилди, ўша ёқдан югуриб келган бир таниш талаба: “Уёқда талабаларни яна отишяпти!”– деб қичқирди. Мен шунда ректорат томонга югурдим ва тўққизинчи қаватдаги ректорнинг кабинетига шахт билан кириб бордим, орқамдан мен билан бирга бўлган икки-уч ўқитувчи ҳам бор эди. Мен кирасолиб: “Бу ерда ким Ички ишлар министрлигидан?!”– деб қичқирдим. Рўпарада ўтирган ректор – Эркин Юсупов бизнинг бундай берухсат бостириб киришимиздан жаҳли чиқиб: “Нима гап?”– деб сўради. Мен: “Талабаларни яна отишяпти! Отишмани тўхтатинглар!”– дедим. Шунда Эркин Юсупов: “Пахтаванд ўқ билан отишяпти!”,– деди. “Сиз қаердан биласиз, яна бир қанчасини ўлдириб қўйишса ҳисобми?”– дедим унга дарғазаб. Кейин яна ўша ерда ўтирган бир нотаниш кишидан: “Сиз ички ишлар министрлигининг вакилимисиз?”– деб сўрадим. У киши: “Ҳа”,– деди. Мен: “Трубкани кўтаринг, буйруқ беринг, талабаларни отишмасин!”– деб бақирдим. Қарангки, ҳалиги одам менинг важоҳатимни кўриб индамасдан трубкани кўтарди ва кимгадир қисқа, нимадир деб буйруқ берди. Шунда ўша томондан келаётган, ярим очиқ деразадан эшитилиб турган отишма овози тўхтади, шовқин-сурон ҳам бироз пасайди. “Ана, бўлдими?”– деди ректор Эркин Юсупов. Мен унга: “Раҳмат, домла, пастда бир тўп бизнинг талабаларимиз очлик эълон қилиб ўтиришибди, улар бунинг нималигини яхши билишмайди, бекорга совуқ уриб кетмасин, сиз тушиб уларнинг талабларини эшитиб, жавобини берсангиз”,– дедим. У рози бўлди ва биз билан пастга тушиб, ҳалиги талабалар олдига келди. Аммо талабалар ректорнинг сўзларига қулоқ солишмади,Эркин Юсупов индамасдан жўнаб қолди, мен ҳам бироздан сўнг кетдим.

Бу воқеаларнинг эртасига Ўзбекистон президенти Ислом Каримов талабалар шаҳарчасига бориб университет жамоаси билан учрашди. Бу учрашувга мен ҳам аранг кириб қолган эдим. Унда сўз олган университет ректори Эркин Юсупов воқеалар ҳақида гапиратуриб ўйламай-нетмай: “Журналистика факультетининг битта ўқитувчиси талабаларни очлик эълон қилишга ўзи ундаб кейин менинг олдимга чиқди”,– деди. Гарчи у фамилиямни айтмаган бўлса ҳам ўша ишлар учун мен айбдор бўлиб жавобгарликка тортилиб кетишим ҳеч гап эмас эди. Шу боисдан ректор ўз сўзини тугатгач Президент: “Ким сўзлайди?”– деганда мен сўз сўрадим. Рўпарада ўтирган Ислом Каримов менинг ҳаяжонланаётганимлигимни сезди шекилли: “Қани, мана шу кишига сўз берайлик-чи, жуда куйиб-ёниб ўтирибди”,– дегани эсимда. Мен ҳеч бир тайёргарликсиз сўзга чиқдим ва тахминан (афсуски, ўша кунги воқеаларни ва сўзлаган нутқимни бирор қоғозга тушириб қўймаган эканман) шундай дедим:

– Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич, сиз иш бошлаганингизда сиздай ғайратли, жонкуяр инсоннинг республикамизга раҳбар бўлганидан жуда хурсанд бўлдим, чунки сиздаги куч-ғайрат, сиздаги шижоат ҳеч кимда йўқ десам ишонаверинг. сиз Ўзбекистонимизнинг тинчлигу осойишталиги, мустақиллиги, келгусидаги тараққиёти учун жон куйдираяпсиз. Аммо сиздан илтимос, барчага баравар президент бўлсангиз, фақат ўз тарафдорларингизга сўзларингизни маъқуллатиб кетавермасдан бошқаларнинг фикрларига ҳам қулоқ солсангиз. Республикамизнинг янги уйини қураётган эканмиз, уни пойдеворидан мутаҳкамлаб, кейин бузиб қуришга ҳожат қолдирмайдиган қилиб қурсак нима бўлади? Сиёсий, иқтисодий соҳаларда жуда катта ўзгаришлар бўлаётган экан, ўша демократияни ҳам ҳозирдан тиклаб кетаверсак бўлмайдими? Яна йигирма-ўттиз йиллардан кейин кимдир “э у замонларда ундай бўлган эди, бундай бўлган эди”, деб танқид қила олмаса. Сиз ҳам тарихда бир идеал шахс бўлиб қолсангиз.

Бу ерда университетимиз ректори нотўғри маълумот бердилар. Мен ўша очлик эълон қилган талабалар совуққа қолишмасин, буйракларини совуқ уриб кетмасин деб у кишини ўшаларнинг талабларини эшитишга чақириб тушган эдим…

Гапим шу ерга келганда менинг сўзларимни диққат билан эшитиб ўтирган Ислом Каримов менга бурилиб қаради ва шундай савол берди:

– Домла, сиз студентларнинг буйрагини ўйлабсизу, аммо мияларини ўйламабсиз-да,– деди у мазкур саволнинг жавобини ҳам ўзи бериб, мени мот қилганига комил ишонч билан. Аммо мен мот бўлмадим, илло мот бўлишим мумкин эмас эди.

– Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич, биз талабаларнинг миясини, онгини ҳам роса ўйлаймиз,– дедим мен.– Биз уларга қўлингларга тош эмас, қалам олинглар, ҳаётни тасвирланглар, ижод қилинглар деб таълим берамиз. Мана, бизнинг ўқувчиларимиздан бири телевидениега сурат олаяпти, – деб камерага суратга олаётган собиқ студентимга ишора қилдим мен. – Иккинчиси эса ана, радиога ёзиб олаяпти, газеталардан келган журналистлар ҳам бизнинг талабаларимиз. Қани, милиция раҳбарларидан бўлса айтсин, ўша тўполонларда бизнинг талабалардан қўлига тош олган бирортасини тутишибдими? Ҳа, бизнинг студентларимизнинг онглари жойида…

Уёғига нима деганим эсимда йўқ, сўзимни бемалол тугатдим ва ўз жойимга ўтирдим. Шунда президент менга синчиклаб қараб олдин: “Мухторжон”, кейин эса яна бир қараб: “Мухтор аканинг гаплари тўғри, биз у киши айтганларни, демократияни ҳам албатта қиламиз”,– деди. Президентнинг менга синчиклаб қарагани – менинг ёшимни аниқламоқчи бўлганлиги эди (у одам мендан бир ёш кичик) ва самимийлик билан исмимни айтгани, ва “у мендан каттароқ бўлса керак”, деган фикрда “ака” сўзини қўшиб айтганидан хурсанд бўлдим. Энг муҳими – мен ректорнинг туҳмат гаплари билан бошимга келган ёмон балодан омон қолдим, бунинг устимга ўз фикрларимни очиқ-ошкор баён қила олдим.”

Ана, кўриниб турибди-ки мен Жаҳонгир Муҳаммад ўз романида айтди, деб ёзган гапларни айтганим йўқ, у эса бу учрашувнинг тафсилотини қаердандир эшитиб (ўша учрашувда Жаҳонгир Муҳаммад йўқ эди, бўлса кўрган ва фикр олишган бўлардик), тахминий қилиб, ўзига мослаб олган. Бундай қилиш эса туҳматга яқинлашиб қолади. Мен Жаҳонгир Муҳаммадни яхши биламан, журналистика факультетида дарс берганимда у истеъдодли ўқувчим бўлган, чапдаст публицист бўлиб етишди. Аммо ҳаёт ҳақиқатини бузиб  ёхуд тахминий кўрсатиш ҳечкимга фойда бермаган. Ўйлайманки, муаллиф китобини нашр этишда ёхуд интернетга қўйишда юқоридаги қисмига керакли ўзгартиришлар киритади ёхуд бу қисмини олиб ташлайди. Бу мақолани ўқиганлар ҳам шундай фикр билдиришди.

Мухтор Худойқулов,

филология фанлари доктори, ёзувчи.

***

Устозга мактуб

Ассалому алайкум, муҳтарaм устозимиз! Сиздан хат олиб бениҳоя мамнун бўлдим. Сиз Университетнинг илк куниданоқ бизга адолат шамшири бўлгансиз. Сизни бир умр ҳурмат қилганман ва бундан кейин ҳам бизга ибратсиз. Узоқ умр кўринг, ҳар доим дуо қиламан ва ибрат сифатида номингизни давраларда эслаб юраман.
Китобга келсак, бу китоб хотиралар янгилигида – 1992-1993 йилда ёзилган. Шу китобнинг нусхасини топишгани учун ИАК қатағонга олган, қамоққа тиққан. Каримов ўлдирмоқчи бўлгандан кейин дўстларим ёрдами билан қамоқдан қочганман.
Китоб 1993-1997 йилда илк бор нашр этилди. Қисман “ЭРК” газетаси ва тўла “Ҳаракат” журналида. Шундан бери интернетдаги бир неча сайтда ўн марталаб қайта эълон қилинди.
Китоб ҳолида эса 2005 йилда босмадан чиқди. Орадан 2 йил ўтиб қайта нашр бўлди.
Миртемир умумлаштирилган образ.
Бутун дунёда тарихий романлар шундай ёзилади. Умумлашган ёки тўқима қаҳрамон доирасида тарихий шахсларнинг ўзи қолади. Александр Дюмадан тортиб, Юлиан Семёновга қадар адиблар битган тарихий романларда тўқима ёки умумлашган қаҳрамон ўша даврдаги асл одамлар билан бирга яшайди.
Китобимдаги кўп воқеаларда ўзим гувоҳ бўлганман. Жумладан, Талабалар шаҳарчаси воқеаларига ҳам. Талабалар шаҳарчасидаги Маданият саройининг кичкинагина хонасида ўтган мажлисда ҳам бор эдим ва сиз билан саломлашгандик. Қолаверса, ёзганларимни асосан тасдиқлаганингиз учун миннатдорман.
Мақолангизни воқеа умуман тўғри ёзилганини эътироф этиш деб тушундим. Миннатдорман устоз!
Мажлисдаги ҳамма гапларингизни сўзма-сўз беролмаган бўлсам, узримни қабул қилинг!

Ҳурмат билан,

Жаҳонгир Муҳаммад

Prezident Mirziyoyev janoblariga savol

Jinoyatchilar avf etildi.

Karimov rejimi mansabdorlari oqlandi. Jihodchilarning oilalarini olib kelish uchun uchoq yuborildi.

1990 yil 20 iyunda O’zbekiston Mustaqillik deklaratsiyasini e’lon qilgan va IAK davrida siyosiy qatag’onga uchraganlar-chi? Ularga reabilitatsiya yo’qmi?
***
Жиноятчилар авф этилди.Каримов режими мансабдорлари оқланди.

Жиҳодчиларнинг оилаларини олиб келиш учун учоқ юборилди.

1990 йил 20 июнда Ўзбекистон Мустақиллик декларациясини эълон қилган ва ИАК даврида сиёсий қатағонга учраганлар-чи? Уларга реабилитация йўқми?

Зокир Али: Президент Ш.Мирзиёевнинг маърифатга таянган сиёсати

Ёки Президент жанггоҳлардан қайтарилган ватандошларимиз тақдирига бефарқ бўлмади

Куни кеча нафақат Ўзбекистон матбуотида балким Дунё матбуотида ҳам ўз акс садосини берган мақола эълон қилинди. Хабар ” 156 дан кўп ватандошларими Яқин Шарқдаги уруш ўчоқларидан ватанга қайтарилди”, мазмунида бошланар эди. Кўчилиги аёллар ва вояга етмаган болалардан иборат бу ватандошларимиз юртга эсон омон етиб келдилар.

Ўзбекистондан шундай яхши хабарларни эшитадиган кунларга ҳам етиб келибмиз, бу мамлакатнинг ривожи учун  ҳар соҳада ислоҳотлар давом этажагини белгисидир.

Ҳали тараққий этган давлатлар ҳам бу ҳудудларда алдовларга ишониб келиб қолган ўз фуқораларига қандай ҳукм ўқиш масаласи хақида ҳали ўйланар экан  Ўзбекистон ўз ватандоши бўлган бу инсонларга ортга қайтиш учун ҳали йўл тўгамаганини кўрсатди ва бу янглиш йўлда уларга яшил чироқ ёқди.

Хабарда тафсилотлар имкон қадар ёритилгани учун мен масалани бошқа жиҳатига диққатингизни қаратмоқчиман. Дунёнинг тараққий этган давлатлари ҳам шундай адашган инсонларига ўз эшикларини очадими ёки аксинча йўл тутадими бу ҳали аниқ эмас ? Вақт олий ҳукмрон. Аммо, Яқин Шарқ давлатларида ҳали ҳамон давом этиб келаётган бу нотинчликларга барҳам бериш мақсадида эса, Ўзбекистонинг тутган йўли яхши намуна бўлиши мумкин. Қолаверса, Ўзвекистон Бирлашган Миллатлар томонида қобул қилинган қарорлардан четга чиқмасдан бу ишни амалга оширди.Демак шунда қилса бўлар экан.

АҚШ Президент бунда бир неча ой олдин ИШИДни тўгатилганлигини  матбуотга эълон қилган эди.

Яна бир оғиз гап, Яқин Шарқдаги   Араб давлатларидан ИШИДга қўшилиб қолган бу давлатларниг фуқоралари ҳам катта сонни ташкил қилади. Бунга юқорида айтганмиздек Канададан тортиб Eвропа давларидан келиб қолганлар ҳам талайгина. Бу давлатлар ҳозиргача Суриядан қайтганларни Жиноий жавобгарликка тортмоқда ёки ўзоқ йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилмоқда.

Ҳеч бўлмаганда қўли қонга ботмаганлар орта қайтарилиши керак, адолат тамойилларидан келиб чиқадиган бўлсак ёш гудакларга ва аёларга ҳар даврдаги тарихда  меҳр шафқат кўрсатиб келганииз ростку. Фақат қилич кучи билан эмас, балким энди меҳрнинг ҳам кучини синаб кўриш пайти келгандир.

Зокир Али,

Вашигтон

31-Май,2019