Нурилла Остон

nurulloИчки душман

Император Франц Иосиф I нинг жияни эрцгерцог Фердинандни отишганида шоввоз аскар Швейк:”Мен унинг қотилиман!”-дея тан олади. “Нега бундай қилаяпсиз?” деган саволга у пинагини бузмай: “Барибир тан олдиришади, нима қиласан асабингни бузиб,-дейди.-Мана, Исо пайғамбарни айби бўлмаса ҳам хочга михлаб ташлашган… Аслида бу ички душманларнинг иши”.

Одам боласини туғилганидан бошлаб ўлгунига қадар ички душман таъқиб қилади. Гўдак сутнинг таъмини олганидан кейин кўкракнинг бирисини эмиб, иккинчисини биров илиб кетмаслиги учун қўли билан чангаллаб олади. Одам Ато Иқлимани Ҳобилга никоҳлаб бермоқчи бўлганида унинг кўкалтоши Қобил рашки келиб акасини ўлдиради. Ички душман кирдикорлари ана шу тариқа Одам пайдо бўлган пайтдан бошланган.

Одам ички душманни шайтон, иблис дейди, лекин унинг олдида иблис ҳам ип эшолмай қолади. Диёнатли одам амалга миниб қолса, гала фирибгар ва муттаҳамлар унга яқинлашиш пайида бўлади, канадай ёпишиб олади. Оёғининг остига чўкка тушиб ётиб олади, ўлдирсанг ўлдир, қорнимга тепма, дейди. Чунки у ўшанинг обрўси билан об-ҳаво қилмоқчи бўлади. Ички душман амалдорнинг орқасидан соядай эргашади, хатоларини хаспўшлайди, тўғри гапни яширади, ўз манфаатларидан келиб чиқиб маслаҳат беради. Хоҳлаган одамини яхшилайди, хоҳлаган одамини ёмонлаб кўрсатади. Амалдор унинг итдек садоқатини кўриб бўшашади, масъулиятни унутади, хушомадгўйликларидан баҳри-дили очилади. Грек файласуфи Диоген айтганидек, хушомадгўй уй ҳайвонлари ичида энг хавфли махлуқ эканлигини унутади. Амалдорнинг устида қора булутлар тўплана бошлагач, соя изсиз йўқолади, уни кундузи чироқ ёқиб қидириб топиб бўлмайди. Бу пайтда у бошқа амалдорнинг орқасидан соядай эргашиб юрган бўлади. Continue reading