Расул Кушербоев: Мен чаласавод эдим, балки ҳозир ҳам

Мактабда ўқишни кирилл алифбосида бошлагандим. Бошланғични тугатганимизда лотин алифбосига ўтдик ва ўқитувчиларимиз билан бирга бу ёзувни аранг ўзлаштирдик. Бирга. Лекин мактабни битиргунча лотин ва кирилл алифбосининг аралашмасида диктант ёзганим учун “уч”дан нарига ўтмаганман. Олийгоҳга киргунча ёзувда ўзимни чаласавод ҳисоблардим.
Олийгоҳда эса ҳаммаси эски ҳолига қайтди: кириллда ёзасанми лотиндами фарқи йўқ, фақат оралиқ ва жорий назорат деганларини ҳисобга олмаганда. Домлаларнинг хушига қараб кўпчилик қатори кириллга қайтдим. Лекин бу билан ёзувдаги аралашма касалидан қутула олмадим.
Шу тариқа ишга келдим ва унда ҳам “Кирилл оға” билан ошно тутиндик, лекин ишга доир муҳр ва номлар лотинлигича қолаверди.
Ҳаммаси жойидадек гўё, аммо яқинда негадир яна алифбо масаласи кўтарилганида ёдимга тушди: айтганча биз лотинга ўтувдик, қанча машаққат билан ўрганувдик, шунинг касри деб ёзувда “уч”дан уёғига ўтолмадим. Хўш яна нима? Қўшимча ҳарфлар ва қоидалар? Ҳой барака топгур зиёли олимлар алифбони пухта қилмаган экансиз нима кераги бор эди амалга киритиб. Бир аср давомида тўрт марта алифбомизни ўзгартирибмиз ва қанчадир авлодни чаласавод “уч” ва”иккичи” қилдик.(ёки қилдингиз)Етар энди.
Айтганча ишга келаётган ёшлар хатто аризани тўғри “ёза олмайди”га ҳам етар! чунки… Эссиз ўшанга: бугун болаларимга кундалигимни ҳам кўрсатолмайман. Яна депутат эмиш.
Бу гаплар ёқмаса ана катта кўчалар кўп.

telegram.me/deputat_kusherbayev

Раҳим Жуманиёз: Ватанпарварликнинг илк белгиси

Ватанпарварликнинг илк белгиси ўз она тилида, давлат тилида гапириш, уни ҳимоя этишдир.

Бировнинг дўппи (хоразмчасига тахия) кийиб юрганини кўрсак, тинчликми, аза бўлдими деган гап қанчалик кулгили.

Ўз тилида сўзлаш ўзини вояга етказган она халқига ҳурмат.

Ватан остонадан бошланади деганларидек ўз она тилимизни қадрлаш ва унда фикрни равон, очиқ ифода этиш ҳам муҳим, Ўзга тилларни билиш кони фойда.

Ўзга тилни ўрганиш ўз тилингни пухта билиш бадалига бўлиши мақсадга мувофиқдир. Руслан чет тилларда ҳам равон гапира олади. У авваломбор, ҳуқуқшунос, қонунни маҳкам тутади. “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг ижроси борасида ҳам содиқ ва собитдир.

Rahim Jumaniyoz

***

Advokatnews: Вазир нега ўзбекча гапирди?

“Шундай катта тадбирда адлия вазир ўзбек тилида гапирди-я” дея ўз ҳайратини яширмади ҳамкасбларимиздан бири ўзаро муҳокамаларимиз пайтида…

Бир замонлар сўз бойлиги билан дунёни лол қолдирган ҳазрат Алишер Навоийнинг тили мустабид тузумнинг гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона сиёсати туфайли, афсуски, ўз мавқеини йўқотган эди. Оқибатда, тилимиздан фахрланиш ўрнига, ўзимиз англаб-англамаган ҳолда, ундан ор қила бошлагандик. Энг ёмони эса, Мустақилликни қўлга киритганимизга ҳам чорак асрдан ошган бўлса-да, унинг таъсиридан ҳали-ҳамон қутула олганимиз йўқ. Сал каттароқ расмий тадбир ўтказсак, ҳатто орамизда биронта ўзга тил вакили бўлмаса-да, уни рус тилида олиб борамиз. Айниқса, фан-техника, қонунчилик ва ҳуқуқ соҳасида ўз тилимизда гапиришдан “эҳтиёт” бўламиз. Сабаби эса оддий: тилимизда замонавий ва қонунчилик атамалари ишланмаган деб ўзимизга таскин берамиз… Аммо, аслида, озгина мулоҳаза қилсак, уларни бизга биров ишлаб бермайди. Аксинча, тадбирларимизни ўз тилимизда ўтказиб, ўз тилимизда маърузалар тайёрлашга уринаверсак, мос атамаларни топиш учун изланаверсаккина улар шаклланади, сайқалланади. Шундагина келажак авлод “катта тадбирда ҳам ўз тилимизда гапирса бўлар экан” дея ҳайратланиб юрмайди…

Шу маънода бугун ўз ишини якунлаётган “Тошкент ҳуқуқ баҳори” анжуманининг аксарият йўналишларида иш уч тилда юритилгани кўпчиликнинг эътирофига сабаб бўлди. Яъни ўзбек-инглиз ва инглиз-ўзбек тилларига тўғридан-тўғри таржиманинг йўлга қўйилиши хорижликлар олдида ҳуқуқ соҳасида ҳам ўз тилимизда нутқ сўзлаш имконини яратиб берди. Қолаверса, танаффуслар пайтида, таржимонлардан фойдаланиб, хорижлик меҳмонлар билан юзма-юз суҳбатлар уюштириш ҳам мумкин бўлди.

 Тўғри, мазкур тадбир дастуридаги қайсидир мавзуда ўзбек тилида маъруза қилинди деб мақтана олмаймиз. Аммо катта халқаро анжуманда ўз тилимизда иш юритиш имкони яратилиши, жумладан, кичик чиқишларда бўлса-да, юқори мартабали инсонларнинг ўзбек тилида гапириши жаҳон ҳамжамияти олдида тилимиз мавқеини кўтариш йўлидаги дадил бир қадаб сифатида баҳолашга арзийди. Бунинг учун тадбир ташкилотчиларидан миннатдормиз! Зеро, Ҳазрат айтганларидек, “Тилга эътибор — элга эътибор”дир!

http://advokatnews.uz/xabar/1526.html

Акбарали Ориф: Давлат муносабати ижобий томонга ўзгармас экан ривожланиш бўлмайди

Ўзбекистон президентини прокурорлар ҳақидаги эътирофи ҳақидаги фикрлар

2017 йилнинг 2 август куни Тошкент вилоятида ўтказилган йиғилишда қилган кенг жамоатчиликка мўлжалланмаган баëнотида Мирзиëев прокурорлар ҳақида шундай деган эди:

“Мен ўзи прокурор деган одамни, кечирасизлару, жуда ёмон кўраман. Буни очиқча айтаяпман, нимага десангиз мен район ҳокими бўлганман, вилоят ҳокими бўлганман, бу ноинсофларни ғўддайишини, прокурорча бўлиб дарров юриши ўзгариб қолишини, одамни менсимасини жуда яхши биламан. Жуда яхши биламан, вой бўўўўўўўй….”

Бу сўзлар халқда ҳақиқатга бўлган умидларни жунбушга келтирган эди!

Аслида бу сўзлар бутун бошли давлат системасини ҳеч нарсага арзимай қолганини билдир эди.

Давлат ҳамма соҳада ислоҳатларга муҳтожлиги кўриниб қолган эди.

Аммо, Ислом Карим даври сиёсатига сиёсий баҳо берилмаслиги,ҳозирги Президент бошлаган ўзгаришларни ҳам боши берк кўчага кириб қолишига сабаб бўлмоқда!

Бошқа ишлар қатори Ислом Карим даврида ноҳақ қамалганларни ишларига ҳозир ҳам у қадар эътибор берилмади. Айниқса сиёсий ва диний моддалар билан судланганлар яна умидсизлик гирдобига ғарқ бўла бошладилар.

Кечагина ватанга бориб ватан остонасидан депорт қилинган Насрулло Саййид воқеаси ва бир неча йиллардан буён интернет саҳифаларидан тушмаётган Искандар Худайбергановнинг аянчли тақдири ҳақидаги ҳикоялар бунга яққол мисол бўла олади.

Реабилитация ҳақида эса умуман гап йўқ!

Бизда прокурортура доимо « тепа»дан буйруқ кутувчи ДҲҲ ва ИИВ қўйган айбловларни тасдиқловчи орган сифатида фаолят кўрсатиб келади.
Айбсизлиги аниқ кўриниб турган ишларни ҳам фақат қора бўёқда кўрувчи ташкилот.

Гап шундаки, ким уларни назорат қила олади? Ҳеч ким.
Шунинг учун ҳам улар ҳохлаган ишларини қила оладилар.

Демак юқоридаги Президентни «оламшумул гаплар»и ҳам ҳеч нарсага арзимайди.Фақат ўзига душман ортириб олади халос.Бу системадан чиққанлар фақат мутеликка ўрганган бўлишига қарамай.

Бизда ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар, мухолифатдаги сиёсий партияларга чет элларга хизмат қилувчи агентлар сифатида қаралган ва ҳанузгача бундай қараш давом этаябди.

Мана шу ташкилотларга ва фаол инсонларга нисбатан давлатни муносабати ижобий томонга ўзгармас экан бизда ривожланиш бўлмайди.

Akbarali Orif