Суд жараёнидан

… ҲОЖАТХОНАМИДИКИ, ЗАРУРАТГА ҚАРАЛАДИГАН?

15 апрел куни таниқли ҳуқуқбон, “Адолатни қарор топтириш Ташаббус гуруҳи” ташкилотчиларидан Аъзам ТУРҒУНОВга ҳамда фуқаро Зулфия ХУДАЙБЕРГАНОВАга нисбатан Тошкент шаҳар, Шайхонтаҳур тумани Маъмурий ишлар бўйича судида жараён бошланди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур жараёнда судланувчилардан Аъзам Турғуновга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Кодексининг 41-, 180-моддалари, 194-моддаси 2-қисми; Зулфия Худайбергановага эса, 41- ва 180-моддалари бўйича айблов кўрилмоқда.
Суд биносига киришдаёқ телефонларимиз олиб қўйилди, ўзимиз эса, тинтув қилиндик.
Мантиқан олиб қаралганда суд жараёнида барча иштирокчилар – жавобгар томон ҳам, даъвогар томон ҳам тўлиқ ҳозир бўлишлари керак. Ва бу, энг аввало, ХОЛИСОНАЛИКнинг кўринишларидан бири бўлиши билан бир қаторда, Қонун олдида барчанинг тенглиги тамойили ҳам ҳисобланади! Бироқ фақатгина жавобгарлар чақирилиб, даъвогар ХАСАНОВ Холмамат (Маъмурий ишлар бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси!) иштироки таъминланмаган эди. Ва тушунишимча, бундай ҳолат суд тарафидан эътиборга ҳам олинмаган кўринади.
Муҳокама олдидан суд томонларнинг судлов ҳайъатига нисбатан илтимос, аризалари мавжуд ёки мавжуд эмаслиги билан қизиқди. Бу – албатта, расмиятчилик учунгина экани билиниб турарди. Чунки адвокатлар ҳамда судланувчи Аъзам Турғунов суд жараёнида аудио – видео ёзувлардан фойдаланиш илтимосини киритганларида, раислик этувчи бу илтимосни рад қилиб, сабабини “ЗАРУРАТ СЕЗМАГАНЛИГИ” билан изоҳлади. АХИР, СУД ЖАРАЁНИ ҲОЖАТХОНА ЭМАСКИ, ФАҚАТ ЗАРУРАТ СЕЗИЛГАНДА ФОЙДАЛАНИЛСА! Ваҳоланки, Асосий Қонуннинг 26-моддасида: “Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади”, деган таъкид белгилаб қўйилган! Қолаверса, бунгача ҳам Аъзам Турғуновга нисбатан ўтказилган (2018 йил август ойидаги!) маъмурий судловда айнан шундай нохолислик сабаб асоссиз жазо тайинланган эди.
Бундан ташқари, судланувчи Зулфия Худайберганова “ИШ” материаллари билан таништирилган эмас. Ва шу ҳолатда раислик этувчи уни сўроқ қилишга уриниб кўрди. Бироқ Зулфиянинг қатъияти, адвокатларнинг талаби ва хорижий ташкилотлар вакилларининг ҳам иштирок этаётганликлари боис суд жараёнини бошқа кунга кўчирилиб, Зулфияга “ИШ” билан танишиш имкони берилди. Шу ўринда яна бир жиҳат: жавобгар Зулфия Худайберганова мазкур суд жараёнига чақирув қоғози олган эмас. Бу борадаги эътирозга эса, котиблик қилувчи, “расман чақирув қоғози ПОЧТА орқали жўнатилган”лигини таъкидлаб, масъулиятни почта хизмати зиммасига юклаб юборди.
15 апрел куни бўлиб ўтган суд жараёни хусусида ҳозирча шу матн билан чекланамиз ва мазкур судлов борасида алоҳида таҳлилий мақолани сал кейинроқ бафуржа – “ЭГА-КЕСИМИ”ни жойига келтириб ёйинлаймиз.
Бизнинг тушунишимизча, асли боши 2018 йил август ойида Аъзам ТУРҒУНОВга нисбатан атайлаб, КИМларнингдир кўмагида уюштирилган ва ҳали-ҳануз КИМларнингдир ғаразли истаги билан чўзғилаб келинаётган мазкур “СУД-СУД” ўйини аслида биз – собиқ сиёсий маҳкумлар томонидан ташкил этилаётган ва тез орада рўйхатдан ўтиши керак бўлган “АДОЛАТНИ ҚАРОР ТОПТИРИШ ТАШКИЛОТИ”ни тузаётган Ташаббус гуруҳига қарши фитнадан бошқа нарса эмас!
15 апрелдаги суд жараёни (агар шундай аташ мумкин бўлса!)дан кейин “Ташаббус гуруҳи” ташкилотчилари йиғилиб, фикрлашдик. Бундай ножоиз, мунофиқона ҳаракатлар нафақат бизнинг фаолиятимизга қарши тўсқинлик, балки Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 4 май кунидаги Нодавлат ташкилотлар фаолиятини қўлловчи Фармонига нисбатан ҳам ошкора бузғунчи кайфият ифодаси ҳамдир. Шу нуқтаи назардан биз ўз норозилигимизни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (Асосий Қонун) 33-моддаси тамойилига мувофиқ ЙИҒИЛИШ (Пикет) ташкиллаб, билдиришга қарор қилдик. Шунга кўра тез орада бу борада бизнинг Конституциявий ҳуқуқимиз мамлакат Конституцияси тамойилига мувофиқ тарзда ҳимояланишини сўраб, Тошкент шаҳар Ҳокими номига АРИЗА билан МУРОЖААТ қиламиз.

Дилмурод САЙЙИД,
“Адолатни қарор топтириш Ташаббус гуруҳи”.

Gulnora Karimovaning holiga tushmasinlar!

Dilsora Fozilova

President oilasi, jumladan uning turmush o’rtog’i, farzandlari va yaqinlari yuqori lavozimlarda ishlamasligi kerak degan fikrdan yiroqman. Aksincha, president bo’lishga, xalq otasi bo’lishga loyiq insonning farzandlari ham xalqning oldi farzandlari ekanligiga shubham yo’q. Ammo tajribalarimiz bizni ogohlikka o’rgatdi. Ular lavozimlariga xuddi boshqa O’zbek yigit-qizlaridek o’z kuchlari va bilimlari bilan etishsinlar. Farzandlaringiz siz president bo’lganda shunday mehnat qilsinlarki, shunday hurmat qozonsinlarki, siz president bo’lmaganda ham ular o’z faoliyatlarini bir xil davom ettirsinlar va xalq hurmatiga sazovor qolsinlar. Gulnora Karimovaning holiga tushmasinlar!

facebook

Эркин Норсафар

Одам ва Шер

Ҳар тонг азон эшитилади. Азон айтувчининг қалби дунёга ботиб қолгани сабабми, айтқулари қалбимга етиб келмайди.
Илгарироқ, ҳар тонг (соат 4 ларда) шернинг ўкириги эшитилар, маза қилиб тинглардим. Аммо кейин шернинг ўкириги эшитилмай қолди. Текшириб кўрдик, ўргандик, билсак, шер Термиз ҳайвонат боғидаги ноҳақлик, ўғирлик сабаб очликдан бўкирар экан. Шер-да… чидаб тура олмайди…
Газетада урдик. Маданият вазирлигигача чиқдик. Ушбу масала Термиз шаҳар Халқ депутатлари Кенгашининг навбатдаги сессияси “кун тартиби”га қўйиладиган бўлди. Икки ой ўтди. Жимлик. Қайтанга Сессиянинг ўзи кун тартибидан чиқиб кетди..

Ҳар тонг азалдагидек қалбга етиб келмаётган азон эшитилади, Шернинг эса овози чиқмай қолди.

Ўйладим, бизда ШЕР ва қалбларни шунақа қилиб ўлдиришар экан… Яқин ўртада бизнинг ҳам овозимиз шунақа, чиқмай қолса, ажабланмайман!

facebook.com

Оддийгина қилиб «кўрсатув», «дастур» деб атасак бўлади-ку! 

Дилфуза Комил

Бугун телевидениеда оддийгина кўрсатувларни ҳам «ток-шоу», «бало шоу», «баттар шоу» каби номлар билан аташ жуда урф бўлиб кетди.

Ҳар сафар шу сўзларни эшитганимда қулоғимнинг учини ток ургандай бир сапчиб тушаман. «Шоу» дегани инглизчада «томоша» деган маънони англатишини эътиборга оладиган бўлсак, ижтимоий-сиёсий мавзудаги кўрсатувлар учун бундай сўзни қўллашнинг ўзи энг юмшоқ қилиб айтганда фаросатсизликдан бошқа нарса эмас!

Шуларни оддийгина қилиб «кўрсатув», «дастур» деб атасак бўлади-ку! Оммавий томоша «шоу» бўлиши учун унга жуда катта талаблар қўйилади. Энг замонавий компьютер технологияларидан, илғор лазер ускуналаридан, овоз ва тасвир узатишнинг мўъжизавор услубларидан фойдаланган ҳолда томошабинни росмана хаёлот оламига, эртаклар дунёсига олиб кира оладиган кўнгилочар томошаларгина шоу бўла олади. 

Сиз ижтимоий-сиёсий мавзудаги кўрсатувларингизда шунақа томоша кўрсатяпсизларми, муҳтарам «ток-шоу»чилар?..

Facebook

Бу ҳақда ёзилганди…

Минтақада уруш бўлармиш…

ХХ асрнинг 80 йиллари охирида Ўзбекистонда диний экстримизм ва терроризм ғояларини тарғиб қилувчи оқим ва ҳаракатлар фаоллиги кузатилди. 90 йиллар ўрталарига келиб эса бу ҳаракатлар кенг қулоч ёзганди. Бунинг сабаб ва оқибатлари хақида узоқ гапириш мумкин. Хулоса шаклида эса бу жараёнларнинг хукумат томонидан ўз манфаатлари учун йўналтирилгани ва хукумат барқарорлигининг қон томирига айлантирилганини айтиш жоиз. Бу сафар айнан шу миллий ғоямиз хақида ёзмоқчиман.
Таҳлилимизнинг асосий мавзуси бўлмасада ўзгача фикрловчилар борасида ҳам тўхталишни лозим деб билдим. Ўзбекистонда ўзгача фикрловчилар, шу жумладан диний оқим ва ҳаракатлар мансублари қандай муомала кўриши ва нафақат ўзларининг, балки уларнинг яқинларининг не куйларга солиниши бутун дунёга яхши маълум.
Худди шу намойишкорона жазолаш ва таъқиб қилиш сиёсати бугунги режимни оёқда сақлаб келмоқда. Бу алвастининг бор ойналарни синдириб ўзини гўзаллар гўзали деб эълон қилишини эслатади. Бугунгача ўткир ижтимоий муаммоларни нафақат ўрганиш ва чоралар излаш, балки мавжудлигини тан олиш хам хукумат томонидан тақиқ остига олинган. Ҳукумат ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий барқарорликни бирор кўрсаткич билан ўлчаб баҳолаб беролмайди, натижада унинг вазифаси ҳеч қандай кўрсаткичларга асосланмаган хисоботлар тайёрлаш бўлиб қолган.
Табиийки бу ҳисоботлар мамлакат ичкарисида “чуқур” баҳс ва мунозаларга сабаб бўлса, дунё ҳамжамияти томонидан скептизм билан қарши олинади. Эътиқод эркинлиги таъминланганлиги, иқтисодий ўсиш жадаллашгани, кучли давлатдан кучли жамиятга ўтаётганимиз борасидаги ҳисоботлар ҳам шулар жумласидандир.
Энди диний оқимлар мавзусига қайтсак. 1999 йил 16 феврал воқеаларидан кейин диний оқимларнинг илдиз отиши жараёнини изоҳлар экан Ислом Каримов мустақиллик йилларида ёшларда маънавий бўшлиқ ҳосил бўлгани ва фурсатдан фойдаланган турли оқимлар бу бўшлиқни ўз ғоялари билан тўлдириш учун ҳаракат қилаётганини “куйиниб” гапирган.
Бу бўшлиқни тўлдириш учун миллий ғоя шакллантирилиши ва ёшлар тарбиясининг дастлабки босқичлариданоқ вояга етаётган авлодларга сингдирилиши лозимлигини урғулаган.
Бир неча йиллик бесамар изланишлардан кейин бу ишга маъсул мутасаддилар “Миллий истиқлол ғояси” докторинасини ишлаб чиқишган. Таниш бўлмаганим учун Каримовнинг мазкур пуч ғояси ҳақида сўз юрита олмайман. Лекин минг йиллардир доим ё истилочиларга ёинки давлат раҳбарларига итоатгўйлик рухида яшаб келган миллатнинг “истиқлол” ғояси қандай бўлиши мумкинлигини тасаввур қилиш мумкин. У юқорида тилган олинган тарихий “итоатгўйлик” ғоясини хеч қандай ўзгаришларсиз амалиётга жорий қилишни ўз олдиган мақсад қилиб олган ғоядир.
Аммо ёзилмаган қонунларга сўзсиз амал қилинадиган Ўзбекистонда зимдан тарғиб қилинаётган яна икки ғоя борки, бу том маънода миллий ғоя сифатида шаклланиб улгургандир.
Биринчиси мамлакатимизни дастлаб МДҲ давлатлари билан, кейинчалик аҳволимиз танглашиб борар экан Марказий Осиё давлатлари билан солиштириб фақат устунлик томонларимизни қўшниларимизнинг салбий томонлари билан қаршилаштиришга ўргатилдик. “Қозоғистон том маънода барқарор ривожланиш моделини ишлаб чиқиб амалиётга жорий қилди, аммо уларнинг ташқи қарзи бизникидан ўнлаб маротаба каттадир”. “Тожикистон фуқаролар урушидан кейин туғунлик йилларини бошдан кечиряпти, бизнинг давлатимиз бундай урушга йўл қўймайди”, “Қирғизистода икки марта инқилоб бўлди, лекин ахвол олдингидан хам танглашган, бизда эса ахвол танг, аммо инқилоб қилиб янада танглашишни афзал билмаймиз” каби ғояларни қандай йўл билан зеҳниятимизга сингидирлганини ўзимиз хам сезмай қолдик.
Иккинчиси эса “тинчлик бўлса бўлди, бошқасига чидаса бўлади” ғоясидир. Йиллардир бизга “ё Каримов ёки уруш” ғояси сингдирилиб келди. Бу ғояни зимдан онгимизга сингдириш учун мамлакат ОАВлари хорижий янгиликларнинг фақат салбийларинигина махаллий матбуотларда ёритиш вазифасини сидқидилдан ижро этмоқдалар. Мамлакатда газак олиб бораётган ижтимоий-сиёсий ва энг муҳими иқтисодий муаммоларга кўз юмишимизга зехниятимизга сингдириб юборилган “майли, тинчлик бўса бўлди, бунисига хам чидаймиз” тушунчаси сабаб бўлмоқда. Муаммолар гирдобига чуқурроқ ботар эканмиз бизни ёзилмаган миллий ғоямизга янада махкамроқ маҳкум этиш сиёсати олиб борилаётган эди. Нимга “эди” деганимга ажаблангандирсиз?
Қозоғистонга сафар қилган Ислом Каримов Марказий Осиёда қурилаётган йирик гидроиншоатлар хақида изоҳ берар экан “Бу минтақада давлатлараро урушга олиб келиши мумкин” деган таҳдид жумласини қўллади. Бу изоҳи билан Каримов онгимизга сингдирилган “тинчлик бўлса бўлди” ғоясини яксон қилди.
Афтидан барибир тинчлик бузилар экан, нега бу тинчликнинг бузилиши Каримов ва унинг атрофидагилардан қутилишимиз учун хизмат қилмасдан 1000 йиллик қўшничилик тарихига эга қардош халқларимизга зарар бериш мақсадида бузилсин? Нега йилдан-йилга асоссиз экани янада ойдинлашаётган “биз қўшнилармиздан барибир зўрмиз” ғояси аҳолимиз кўплиги ва қуролли кучларимиз салоҳиятининг юқорироқ экани омилларига келиб тақалиб қолсин?
Демак бизни улардан устунроқ қилган бошқа омил қолмаптида? Ақалли “йўқдан бор қилиш фанлари докторлари” бўлган Каримовнинг маслаҳатчилари хам “Қаранглар, биз сизлардан кучлимиз, хохласак бу ишларингиз учун уруш очишимиз хам мумкин” қабилидаги “формулировка”дан бошқа таъбир тўқий олишмаганми?
Қуролли кучларимиз ҳақиқатдан мамлакатдан ташқарида ҳарбий операциалар қилишга қодир бўлса нега уларни 2 йил олдин қўшни Қирғизистонга “тинчликпарвар” кучлар сифатида кирғиза олмадик? Ўшанда иккала мамлакат ҳам КХШТнинг тенг хуқуқли аъзоси эдику! Бу ерда бошқа гап бор. Бу қария Каримовнинг ростмана алжишидир. Қозоғистон минтақа давлатларига ҳарбий салоҳиятини эслатган Каримовнинг ўзи айнан шу ҳарбийлар томонидан ағдарилиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Кейин биз йиллардир гўёки “урушни бартараф этаётгани” учун чидаб келганимиз Каримов энди уруш бошласа индамасдан унга эргашамизми? Бу саволларга мен жавоб бермайман, чунки бу саволлар Ўзбекистон халқи жавоб бериши керак бўлган саволлардир.
Каримов қариган чоғида қизи Гулнорани ворис қилиб қолдириши учун бошлаган ўйинида қилаётган ҳар бир харакати учун қақшатқич зарба емоқда. Мабодо Ўзбекистон уруш очгудек бўлса қийин вазиятда қолиши мумкин бўлган Қирғизистон ва Тожикистон Россия харбий базаларини мамлакатларида қолдириш бўйича камида 30 йиллик шартномага имзолашди.
Қолаверса, Ўзбекистондан фарқли ўлароқ бу икки давлат КХШТ аъзолигини сақлаб қолишган. Агар Ўзбекистон хукумати ҳарбийлар орқали тишини кўрсатадиган бўлса ҳам бу Россияга очилган уруш бўлади. Кеча имзоланган шартномалар бўлса нафақат Каримов, эҳтимол Гулнора ҳам тахтдан кетгунича ўз кучида қолади. Қолаверса Украина ва Грузия мисолида Россиянинг собиқ иттифоқдошларига акалик қилиш иштиёқи доим барҳаёт эканини ҳам ўргандик.
Демак Гулнорани тахтга келтириш ҳам барқарорлигимизга тўғридан тўғри таҳдид бўлади. Шундай экан Каримовнинг ўзи онгимизга сингдирган ғоясини ўзи инкор этгани фақат биз учун бир сигналдир – “Ҳой ўзбеклар мен сизларни йиллардир тинчлик кафолатчиси сифатида алдаб келмоқдаман, аслида мен уруш тарафдориман!” демоқда у ҳар бир ҳаракатида.
Нимаям дердим, майли тинчлик бўлсин, бошқасига хозирча чидайверамиз!
Ўктам Худоёров,
“Туронзамин” учун.

Италияга кетамизми-а? 

Равшан Шамс

Тожикистонда эртадан кейин ёшлар ёппасига интернетга жуда жуда кам кирадиган, клипларни скачать қилолмайдиган, кино ва ашулалалар юкламайдиган бўладилар шекилли.
18-чи апрелдан бошлаб Тожикистонда юз минглаб, эҳтимол миллионлаб кишилар, айниқса интернетга қаттиқ боғланиб қолган ёшлар карахтга ўхшаб қолиши мумкин.
Бир гигабайт интернет нархи ёзишларича, 62 самон (бир доллар 9с.80дирам)га чиқади. Бу нархда эса, табиийки, кўпчилик интернетдан воз кечиб қўя қолади.
Ана холос, пишди гилос! (Лекин гилосни пишишига ҳали бир ойча бор)

Интернетга у қадар омматан боғланиб қолмаган, аммо касб тақозосига кўра ҳаётий эҳтиёж сифатида фойдаланувчи оммавий ахборот воситалари ва унинг ходимлари энг катта маънавий ақлий зарар кўришлари аниқ бўлиб қолди

Тушунаман, ўлкамизга ғовий бегона мафкуралар айнан чегара билмас интернет сабаб кириб келмоқда. Аммо ҳукуматимизнинг глобаллашган ва шиддат билан ривожланаётган ҳозирги цивилизацияда бу каби қадами, назаримда масаланинг ечими эмас. Хукуматимизнинг бундай қарори шунингсиз ҳам ишсиз ва карахт ёшларга маънавий-ақлий зарба бўлиши мумкин.

Тожикистонимизда оддий халқнинг энг оддий эҳтиёжларидан қонуний равишда пул шилиб олишлари оддий ҳолга кириб қолгани учун, бу қадамни яна бир шилиш воситаси деб фикрладим.
Бошқача хаёлга боришим қийин бўлди…

Айтишларича, Европанинг жаааа зўр бўлмаган Италиясида (зўр ривожланган Германияда нархи қанақа билмадим) интернетни 3 гигабайтлик пакетига улансангиз бир гигабайт ҳажми бизни пулга 24 сомону 40 дирам, 10 гигабайтлигига улансангиз 1 гигабайти 16 сомон атрофида баҳоланаркан. Италияга кетамизми-а?