Ўғирлик қилманг! Давлат конкурентларни ёқтирмайди

Ҳукуматнинг халқ билан умуман иши йўқ деган хато фикрдагиларга маслаҳат: бир икки ой солиқларни тўламай кўринг.

* * *

Химия фанида қайтар реакциялар ҳақида ўқиганмиз. Биология фанида атавизм тушунчаси бор. Менимча буям қайтар жараён. Бетўхтов йўқ думингизни мажбуран ликиллатеверманг, авлодларингиз думли бўлиб туғилиши мумкин.

* * *

Бугунги ишни эртага қолдирма. Эртадан кейин ёки индинга қолдир, шунда икки уч кун бўш вақтинг бўлади.

***

Оптимист бўлинг. Тез ёрдам машинасию қабристон хочларидаям ҳаётнинг  “плюс”ларини кўришга одатланинг.

* * *

Одамзод барча нарсага тез кўникади. Дорга осишсаям типирлаб, типирлаб тинчиб қолади.

* * *
Балиқ егач, қўлингиздан балиқ ҳиди келмаслиги учун беш олти сония керосинга қўлингизни ботириб туринг.

* * *

Одамлар сизни туяга ўхшатишадими? Барига тупур.

* * *

Очиқ электр симини ҳеч қачон нам қўлингиз билан ушламанг. Сим занглаши мумкин.

* * *

Ўғирлик қилманг. Давлат конкурентларни ёқтирмайди.

* * *

Ҳечам оч наҳор юрманг. Ичингиздаги миллионлаган бактериялар қарғишига қоласиз.

Шавкат Муҳаммад

Дилфуза Комил

Kўппак одамлар билан бир қабристонда ётишга ҳақлидур!

Ўтган даврларда бир одам қабристондан мозор қазиб, унга ўлган кўппагининг жасадини кўмди. Бундан ғазабланган аҳоли даврон қозисининг ҳузурига бориб, шикоят қилдилар. Қози у одамни чақириб, сўроққа тутди:
– Эшитганларим тўғрими?
– Тўғридир, жанобим, – деди у одам. – Лекин мен ҳеч бир ёмон иш қилмадим, кўппагимнинг васиятини бажо келтирдим, холос…
Бу гапдан қозининг тепа сочи тикка бўлди.
– Сен бизни мазах қиляпсанми?! – ғазаб билан бақирди у. 
– Асло! – деди одам тавозе билан. – Мен бор гапни айтяпман. Менинг кўппагим нафақат ўзини одамлар қабристонига кўмишни, балки сизга ўн минг дирҳам беришни ҳам васият қилган…
Бу гапни эшитган қозининг юзига табассум югурди. «Кўппак васият қилган» ўн минг дирҳамни олгач, оммага бу одамда айб йўқ эканини эълон қилди. Одамлар ҳайратда қолишди:
– Ахир бу қанақаси, қози жаноблари?!
-Тинчланинглар! – деди қози йиғилганларга виқор билан боқаркан. – Бунинг ҳеч ажабланадиган жойи йўқ. Мен бу одамнинг кўппаги ҳақида ҳамма нарсани ўргандим. Ва аниқлашимча, у кўппакнинг ота-боболари машҳур шайхлар юрган карвонларни қўриқлаган азиз кўппаклардан эканлар. Бундан аёнки, у аслзода кўппак одамлар билан бир қабристонда ётишга ҳақлидур!..

…Кўряпмизки, у азиз кўппак… э йўғ-е, ўша қози жанобларининг айрим «азиз» авлодлари ҳамон ўз «адолатли» аждодларининг фаолиятини муносиб давом эттириб келмоқдалар.

Manba: Дилфуза Комил

Қани оқибат?

Рузибой Азимий

Ӯзбекистон билан Қозоғистон ӯртасида барча соҳаларда юксалиш бӯлишидан ҳар иккала халқ манфаатдор. Дӯстона алоқаларимиз янада ривожланишини ӯзбегу қозоқ бирдек хоҳлайди. Лекин икки давлат ӯртасида кӯп йиллардан бери қатор муаммолар ечим топмаётир. Ана шундай муаммолардан бири бу Ӯзбекистонда доимий яшовчи фуқаролиги бӯлмаган шахслар билан боғлиқ.

Қозоғистонда туғилган ва СССР парчаланишдан 2-3 йил олдин Ӯзбекистонга кӯчиб келиб, бугунги кунда Ӯзбекистонда узоқ йиллардан бери доимий яшаётган ва диктатор Каримовнинг қабиҳ сиёсати туфайли ҳеч қайси давлат фуқароси бӯла олмай қолган ӯзбеклар Қозоғистонга, таъбир жоиз бӯлса ӯз уйига минг азоб-уқубатлар билан бориб қайтади.

Гарчи Ӯзбекистон билан Қозоғистон ӯртасида виза бӯлмаса ҳам Ӯзбекистонда яшовчи фуқаролиги бӯлмаган шахслар Қозоғистонга фақат виза расмийлаштириб боришга мажбур. Маълумот учун айни пайтда бир марталик виза нархи 80$, кӯп марталик виза нархи эса 200$. Бу дунёдаги қашшоқ давлатлардан бири бӯлмиш Ӯзбекистон учун кам пул эмас. Нега, ҳар иккала давлат раҳбарлари мана шу муаммога ҳалигача панжа орқасидан қараб келмоқда? Ӯзбекистонда доимий яшовчи фуқаролиги бӯлмаган шахслар ҳам худди Ӯзбекистон фуқаролари каби ӯзлари туғилиб ӯсган Қозоғистонга визасиз боришни йӯлга қӯйиш шунчали мураккаб ишми?

Қозоғистон томон Ӯзбекистонда доимий яшаётган, фуқаролиги бӯлмаган, миллати қозоқ бӯлган биродарларимиз учун Қозоғистонга бир йиллик визани бепул беришади. Лекин ӯзбеклар виза учун Қозоғистон томонга ҳам катта пул тӯлашади, ҳам визани ҳафталаб кутишади. Қани оқибат?

Иккинчи масала, Қозоғистондан Ӯзбекистонга келган меҳмонларни рӯйхатга қӯйиш муаммоси. Дунё учун эшигини очаётган Ӯзбекистон бу борада ҳам Қозоғистонга келганда яна эски усулда иш юритмоқда. Хуллас, қозоғистонликлар Ӯзбекистонда рӯйхатсиз атиги 5 кун яшай олади. Бу муаммони ҳам ҳал қилиш мавриди келди деб ӯйлайман. Акс ҳолда ӯтган йили Қозоғистонда Ӯзбекистон йили деб эълон қилиниши ҳеч қандай самара бермаганидек, бу йил Ӯзбекистоннинг ҳам Ӯзбекистонда Қозоғистон йили деган эълони ҳеч қандай самара бермайди. Қоғозбозлик, расмиятчиликни бир чеккага йиғиштириб, реал ҳаётда ҳар иккала халқ учун реал ишлар қилишга ӯтилиши керак.

Ruzibay Azimiy

Munosabat

OTABEK UMAR :Turkiston legioni…

Tariximizning 20-asr qismidagi eng kam o‘rganilgan nuqtalaridan biri Turkiston legionidir. Turkiston legioni o‘rtaosiyoliklar, jumladan, o‘zbeklarni o‘z ichiga olgan va Ikkinchi jahon urushida Germaniya tarafida qatnashgan harbiy qo‘shilmadir.

Sodda insonlar so‘rashadi: “Nimaga sizlar Turkiston legionini qo‘llab-quvvatlaysizlar, axir ular fashistlar tomonida urushishgan-ku!” Bu yerdan tushunmovchilik boshlanadi.

Turkiston legionida xizmat qilgan askarlarni sotqinlik, fashistlik, yana balo-battarlarda ayblash. Biroq o‘sha davrdagi voqealarni yaxshi anglash uchun tarix bo‘yicha mafkuralashmagan tushuncha va o‘ylash qobiliyati kerak.
Xoin deyishadi… Turkiston legionidagilar kimni sotishgan, kimga xoinlik qilgan? SSSR ular uchun vatan emas edi. Ona yurti – Turkistonni qizil bosqinchilardan ozod qilish uchun yuzlab o‘zbek, qozoq, turkman yigitlari ular oldida yuzaga kelgan imkoniyatni qo‘llab, legionga qo‘shildilar.

Qo‘llariga 1917-yil Qo‘qonda tuzilgan Turkiston Muxtoriyati bayrog‘ini olib, baland tutdilar. Vali Qayumxondek ziyoli odamlar ularga boshchilik qildi va o‘sha chog‘dagi Germaniya hukumati bilan shunday bitimga erishdilarki, Germaniya yutsa, O‘rta Osiyoga olmon armiyasi emas, balki Turkiston legioni askarlari kirishi va o‘z mustaqil davlatini tuzishi kerak edi. Turkiya ushbu kelishuv bajarilishiga kafil bo‘ldi. Ular fashist Germaniyasi tomonida kurashgandir, lekin fashizm uchun emas, balki yurtining erkinligi uchun.
“Fashist edi”,-deb ayyuhannos solishga shoshilmang. Albatta, men Hitler tomonidan qilingan insoniyatga qarshi jinoyatlarni hech qachon oqlamayman. Konsentratsion lagerlar, millionlab yahudiylarning qirilishini oqlab bo‘lmaydi.

Lekin ikkinchi tarafga qarang – Stalin boshqargan Sovet davlati bundan yaxshiroqmidi? Qizil terror, milliy respublikalardagi yuzlab ziyolilarni yo‘q qilgan qatag‘onlar, millionlab odamlarning qamalishi, yashagan joyidan surgun qilinishi, otilishi… Kommunistlar qon bilan hokimiyatga keldi va qon bilan hokimiyatni ushlab turdi.

Tarixiy faklarni yaxshi o‘rgansak, ko‘p jihatlardan kommunistlar Uchinchi Reyx natsistlaridan ham o‘tib ketganini ko‘ramiz. Shunday ekan, nima uchun kommunistlar tomonida urishgan Qizil Armiya askarlari qahramon-u, Germaniya tarafida jang qilgan Turkiston legionidagilar xoin bo‘lishi kerak? Bundan tashqari, yahudiylarni qirish va siyosiy qatag‘onlar bilan o‘sha payt Germaniya qurolli kuchlarining maxsus bo‘linmalari shug‘ullanishgan va Turkiston legioni askarlarining bunday ishlarga aloqasi yo‘q.
So‘zsiz, urushda halok bo‘gan barcha ota-bobolarimizning, qaysi tarafda urushganiga qaramasdan, xotirasi men uchun qadrli.

Turkiston legioni safida bo‘lganlar ham eslanishga haqli, negaki ularning o‘ziga yarasha maqsadi va yo‘li bo‘lgan – yurtni ozod qilish yo‘li. Bu yo‘lda ular munosib harakat qilishdi.

Otabek Umar

НОСИЁСИЙ ЛАТИФАЛАР

ЗАМБУРМАСАЛ

ҚОН ТОРТАДИ
Қонга беланган Болтани ҳамма сўка бошлади. Лекин бирдан ғиз-ғиз этиб ҳавони кесганча Пичоқ ўртага чиқди׃
-Биринчидан, Болта деган отлари бор, бу бизнинг фахримиз! Иккинчидан, Болта дейилганда ҳаммага титроқ киради. Учинчидан, Болта жанобларидан бизнинг умидимиз жуда катта. Continue reading

Ибрат Сафо

Биз совет давридан зарарига ишлаб ўрганган халқмиз

Мулк хусусий эмас экан, саноат минусга ишлайверган. Давлат аҳоли учун зарур маҳсулотлар нархини сунъий равишда паст ушлаб туриши ортидан харажатлар оқланмади ва совет иқтисоди касодга учради.

Ўзбекистон мустақил бўлганидан 28 йил ўтиб ҳам марказий бошқарув хусусий мулк ва ишлаб чиқаришнинг белига тепишда давом этяпти. Кўпгина саноатлар ҳалиям зарарга ишлайди. Жумладан, Ўзбекистон Ҳаво Йўллари.

Ҳаво йўллари майли, ерга қайтайлик. Номига мустақил дейилган фермер ҳалиям марказнинг қули.

Бу кунлар Ўзбекистонда ғайриоддий равишда ёғингарчилик кўп бўлди. Тошкент яқинидаги дўстларимга кўра, экилган чигитлар чириб кетти. Энди чигитни бошқатдан экиш керак. Бу кўп такрорланар экан. Нега шундай деб сўрасам, фермерларга босим ҳақида гапиришди. 30-40 йиллик тажрибага эга фермерлар бор, улар қачон чигит экиш кераклиги ва об-ҳаво таъсирини жуда яхши билишади, лекин уларга бир неча идора бошлиқлари “экасан, экасан!” деб зуғум қилиб туришади. Фермернинг огоҳлантиришлари бир тийинга олинмайди, дейди улар. “Ёш-ёш прокурор боллар экасан деб турволади, тепага ҳисобот бериши керак. Уларга фарқи йўқ чигит чирийдими, чиримайдими…” дейди бир дўстим.

Тасаввур қилинг бутун бошли далаларга қайтадан чигит экиб чиқишни. Бу яна қўшимча харажат, қўшимча куч, оворагарчилик, яна тонгдан шомгача селектор мажлислар… Шундай тизимда деҳқоннинг косаси оқарадими? Аграр ва ирригация учун бутун бошли университетлари бўлган давлатда шартмикан шундай беъманиликка йўл қўйиш? Прокурорга бало борми пахтага аралашиб – бу соҳа мутахассислари жуда кўп-ку? Ё шунгаям “чет элларда таълим олган талантли ёшлар”ни олиб келиш керакми?

Ibrat Safo