Шавкат Йўлдошев ким?

Иккинчи раис

Ривоят қилишларича бир зулмкор шоҳ қазога етганда ҳеч жон беролмасмиш. Табибу – уламолар ҳайрон. Кун кечиб кеч кирганда шоҳ кўзларини очибди.

– Шаҳаншоҳим, яна қандай армонингиз бор? Амр этинг, бажо келтирайлик, -дебди табиби калон.

– Вазиримнинг бошини танидан жудо қилинглар!

Ҳамма сукунатга чўмибди. Уч кун давомида шоҳ жаллодлару- зиндонбонлар, девонбегию мушовирларини ўлимга буюрди. Энди эса…

– Шаҳаншоҳим, ул зот сизнинг энг ишонган муридингиз, сояи – обрўйингизларку, ахир, биз қандай қилиб…

-Амримни муҳокама учун эмас, ижро учун буюрдим!

Вазирнинг бошини келтириб кўрсатганларидан сўнг:

– Худога шукур, – дебди шоҳ, – Энди жон берсам бўлур. Лекин сен табиб ненидир сўрамоқчисан, саволингни бер, жавобингни оладурсан!

– Шаҳаншоҳим, нечун ишонган одамларингизни қатлиом қилдингиз?

-Сиёсат бу, улар ишонган одамларим эмас, улар қулларим эдилар. Ҳатто сендек савол беришга журъат этолмасдилар. Бироқ кўп сиримни билардилар. Мен эса сиримни Тангридан бошқага ишонмайман! Улар яхши қул эдилар, қул каби жон бердилар, мен эса шоҳ каби,-дебди у табибга.

Бу албатта, ривоят. Лекин илдизи ҳаётдадир.

1993 йил 29 декабрда Мустақил Ўзбекистон Олий Кенгашининг иккинчи раиси ҳам «соғлиги ёмонлашгани учун» вазифасидан кетди. Нега иккинчи деяпмиз, чунки Советлар бирлиги даврида, яъни 1990 йилда Олий Кенгаш Ўзбекистон мустақиллиги декларациясини қабул қилди. Ўша кездаги Олий Кенгаш раиси Мирзаолим Иброҳимов жиловни депутатларга бериб қўйгани учун ва улар Мустақиллик декларацияси қабул қилганлари боис коммунистлар пленумида қаттиқ танқид остига олинди. Таъқибларга дош беролмаган Мирзаолим Иброҳимов ўзи ариза ёзди ва етмиш йил давомида кадрларга чиқариладиган ҳукм: «Соғлиги ёмонлашгани учун» ишдан кетди.

У киши оқсоқол эди, майли. Лекин ҳали элликнинг ёш нари-берисидаги иккинчи раис ҳам шу ҳукм билан ишдан олинди. Бировнинг мансабга миниши бахт, ишдан кетиши фожеа эмас. Қолаверса, йиқилганни тепмайдилар. Бизнинг тепадиган фикримиз ҳам йўқ. Аммо мамлакат такдири учун мураккаб бўлган бир даврда Ўзбекистон қонунчилик идорасини бошқарган киши сиёсий майдондан қувиларкан, унинг фаолиятини таҳлил этмоқ бурчимиздир. Истаймизми, истамаймизми у тарихда қоладиган вазифада ишлади. Тарих эса бор гапни билмоғи керак.

“Иккинчи”

Хўш, Шавкат Йўлдошев Ўзбекистоннинг сиёсий майдонида қандай пайдо бўлди ва Ватанга, миллатга қандай наф келтирди?

Москвада, собиқ КПСС Марказий Комитетида ишлаб юрган Шавкат Йўлдошевни Ўзбекистонга, ўз юртига жўнатишди. Михаил Горбачёвнинг демократик мактабида таҳсил олган бу одамдан кўп нарса кутилганди. У жасорат билан ишга киришиши ва Ўзбекистоннинг демократия сари бурилишига сабабкор шахс сифатида тарихга кириши мумкин эди. Бундай имконият ҳар кимга насиб этавермайди.

Москва КГБси Фарғонада воҳид миллатни иккига бўлиб, уриштирганда Шавкат Йўлдошев СССР халқ депутатлари съездида пинак бузмай ўтирди. Сўнг раҳбариятдан Фарғонага қўшин киритишни илтимос қилди. Фарғона вилоят коммунистлар идорасининг иккинчиси, амалда «биринчи»си бўлган бу одам партия комитети биноси ёнида, Тошлоқ, Қўқонда халқ ўққа тутилганда қуролли жаллодлар панасида турди.

Фарғона воқеалари кўп гап-сўзларга сабаб бўлди. Аммо воқеани уюштирганлар, гарчи СССР аллақачон парчаланиб кетган бўлса-да, халққа айтилган эмас. Тўғри, партия шу баҳонада айримлардан қутилиб олди. Лекин Шавкат Йўлдошев такдирланди.

Уни Ўзбекистон Компартияси Марказий комитети ҳузуридаги партия назорати идорасига раис қилиб олиб келишди. Бу идорага ўша кезларда ҳатто Марказий Комитетдан ҳам сўроқ сўраш ҳуқуқлари берилганди. Унинг раиси коммунистик тузум шароитида жумҳуриятда иккинчи шахс бўлиши керак эди. Партиянинг ички ислоҳотлари асосан шу идорага ишонилганди. Шундай пайтда Шавкат Йўлдошев гуноҳ ботқоғидан чиқиб кетиши, Фарғона воқеалари бирданига унга бегона бўлиши таажжубли ҳол эди.

У янги ишни бошлар экан, Ўзбекистон ойнаижаҳони орқали ўзининг катта вазифага кўтарилгани хусусида кўрсатувлар уюштирди. «Гдлян ва Иванов деган босқинчилар қўшиб ёзиш баҳонасида кўп коммунистларимизни айбсиз қамадилар, – деди у ойнаижаҳонда. – Мен бу коммунистлар такдири билан жиддий шуғулланаман.Уларнинг оилалари, бола-чақалари чинқириб юришибди».

«Ҳали кечагина миллат қонга бўялганда бефарқ бўлиш мумкин эдими?» – деган савол ўртади кўнгилларни ўшанда.

Москвада СССР халқ депутати ўларок Гдлянларга қарши бир оғиз сўз айтолмаган одам энди бу масала билан ёппасига шуғулланишига ишониш қийин эди.

Раис

Орадан кўп ўтмай Ўзбекистон халқ депутатларидан бирининг ўрнига уни депутат қилишди

Бу қайси хизматлари учун туҳфа эканлигини унинг миллат вакили бўлганини сезмай қолгандек билолмай қолишди. Зеро, сиёсатчини давр ва дунё етиштирмоғи керак. Уни кимдир етиштирар экан, у кимнингдир мулкига айланади.

Ўзидан баланд турган сиёсатчига қарши фикр айтган кундан бошлаб киши сиёсат майдонига киради.

Шавкат Йўлдошев эса сиёсатчиликни туҳфа сифатида олди… У Ўзбекистон Олий Кенгашининг 12 чақириқ 3 сессияга оддий депутат сифатида эмас, Кенгаш раиси сифатида ҳам келди.

Олий Кенгаш мажлисига қадар бир неча босқичли тасдиқлардан ўтганди. Сессияда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети биринчи котиби Ислом Каримов “Йўлдошевни партия шу ишга лойиқ» деб топганини айтди. Фарғоналик депутатлардан айримлари ғазабга миндилар. Президент Ислом Каримов уларнинг ҳовурини босди.

– Шавкат Йўлдошев Олий Кенгаш раиси сифатида Фарғона воқеаларини ким уюштирганини аниқлайди. Бу вазифа унга имкон беради. У қонли воқеаларга гувоҳ бўлгани учун ҳам партия унга бу маъсулиятли вазифани юклаяпти, – деди у.

Олдиндан тайёрлаб қўйилган «навбатчи» депутатлар уни қўллашди.

Жумҳурраис курсига ўтириши ҳамоноқ, Шавкат Йўлдошев ғайриқонуний, ғайриинсоний ҳатти-ҳаракатларга берилди. Шу даражага бориб етдики, депутатларни яккама-якка суҳбатга чақириб, Президент хатоларини айтиб, «Буни сиз гапиринг, мен сессияда сўз бераман» деди ва дарҳол Президентга бу депутатлар уни танқид қилишмоқчи эканликларини етказиб катта бир ўйин бошлади.

Сессияда танқидий фикр айтган депутатни фитначи деб айблади. Мутлоқ бўҳтон, туҳмат билан 12 депутатнинг такдирига болта урилди. На қонун ва на инсоф тарозисида турадиган қабиҳликлар очиқ-ойдин амалга оширилаверарди.

Ўзбекистон иқтисодий ва сиёсий бўҳрон қўйнида қолишида Шавкат Йўлдошевнинг катта айблари бор. У иқтисодий ва сиёсий таназзулга олиб борадиган ўнлаб қарорларга имзо чекди.

Унинг Фарғонадаги айбларини очишга уринган Ўзбекистон халқ депутати Иномжон Турсуновнинг ҳибс этилиши, халқ депутати Самандар Қўқонов қамоққа солиниши, бир қатор депутатларнинг ваколатлари тўхталиши, Олий Кенгашдан ўттизга яқин халқ депутати ишдан ҳайдалиб, уй-жойи тортиб олиниши Шавкат Йўлдошевниг сиёсий мақсадлар йўлида ҳар нарсадан қайтмаслигини кўрсатса,Ўзбекистон йўлини белгилайдиган қонунлар четлаб ўтилиб, халқни оғир аҳволга соладиган қарорлар пайдо бўлиши унинг миллатга хиёнат қилганини очиқлайди.

Мақсади

Шавкат Йўлдошев Олий Кенгаш раиси ўлароқ, битта мақсад билан яшайди. Мансабни сақлаб қолиш ва ўз ҳузурини кўриш мақсади эди бу. 1991 йил собиқ СССР тарқалиб кетгач, унга Москвадан «Жигули» машинаси мукофотга беришди. Уни савдо вазирлиги қимматбаҳо нархдагисига алмаштирди.Машинани савдо марказидаёқ Бухорога сотиб юборди. Сўнг бу иш давом этаверди. Машиналар келиб кетаверди.Бу орада Тошкент шаҳрининг Ҳамид Олимжон майдонидаги 18 қаватли уйдан қизига ва жиянларига, ҳукумат уйидан ўзига, Туркистон ҳарбий округи генераллари кўчиб кетган уйлардан қолган болалари ва югурдакларига ҳашаматли уйларни олиб берди

Шавкат Йўлдошевнинг ҳатти-ҳаракатларига қарши 1992 йилда «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари жамоаси иш ташлади. Шу куниёқ Шавкат Йўлдошев қарор чиқариб, уч юз киши ишлаётган газеталарни ёпиб ташлади. Қаламкашлар иш ташлаш пикетларни давом эттиравергач, газета тикланди-ю, жамоа фаоллари қувғинга учради. «Халқ сўзи» жасоратли, демократик газетадан мадҳиягўй ҳукумат газетига айлантирилди.

Шавкат Йўлдошев нохосдан қарорга имзо чекиб, Олий Кенгаш Ошкоралик қўмитасини қисқартириб юборди. Депутатларнинг норозилиги кучайганини сезгач, қарорини бекор қилди. Қисқа даврда ўн олти марта ўз қарорини бекор қилишга мажбур бўлди.

У билиб туриб ғайриқонуний ва ғайриинсоний қарорларга келарди. Чунки топшириқ олган маҳали ўз фикрини айта олмас ва «хўп-хўп» дея дарров ижрога киришарди.

У имзолаган қарорлардан куйганлар Президентга учрашиб, орадаги мушукни қувиш йўлини топишса, Йўлдошев қайта топшириқ олар ва «хўп» дея яна қарорни ўзгартирарди.

Олий Кенгаш раиси ўйинчоққа айланганини халқ ҳам сезиб қолди. Раис ўзи ўйинчоққа айланганида эмас гап. Гап Олий Кенгаш ҳам Президентнинг оёғи остига ташланганидадир.

Зеро, Президент учун айни шу керак эди. Шавкат Йўлдошев вазифасини бажариб бўлди. Шу боис уни улоқтирди. Янгисини топди. Унинг ҳам вазифалари бор. У ҳам керак. Вазифаси битиши ҳамоноқ ундан ҳам воз кечилади. Президентимизнинг кадрлар билан ишлашдаги бу «оламшумул» тажрибаларини ҳамма билади. Фақат тузоққа тушганлар ўзлари илиниб турганларини билдирмасликка уринишгани ачинарли.

Мустақил Ўзбекистоннинг мустақил Олий Кенгашининг мустақил раиси Шавкат Йўлдошев тарихимизда алданган ёки биров томонидан бошқарилган, деб эмас, мустақил коммунист сифатида қолади. Зеро, коммунист топшириқ бажаришда қул, жавоб беришда мустақилдир!

Халқ ҳам Шавкат Йўлдошевга ўз ҳукмини чиқарди. “Қон тутди” дея хулоса қилди.

Ҳа, қон тўкканни албатта қон тутади!

Бу эса ҳали Шавкат Йўлдошев Президентдан қутулиб кетди дегани эмас.

Ривоятда келтирилганидек, сир билганларнинг такдири сирли равишда сирга айланажак!

1 январь 1994 йил

“Ўзлигим” китобидан

Улуғбек Бакир: Таҳлил ва таклиф

ДОЛЗАРБ ФАРМОН, ЛЕКИН…

I. Давлат, ННТ ва Бизнес

Ўзбекистон Президентининг 4 май куни имзолаган “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги янги Фармони жуда долзарбдир. Бундай ҳуқуқий ҳужжатни йиллар давомида кутганмиз ва кўп бора ҳукуматга таклифларимизни юборганмиз.

Айни муддаога ўтсак: Фармоннинг асоси – Нодавлат ва Нотижорат Ташкилотлар (ННТ)лар – демократик мамлакатларнинг асосий қон томири ҳисобланади. ННТсиз демократия қуриб бўлмайди! ННТ йўқ дегани, оддий қилиб айтганда, бир қўли ва бир оёғи йўқ ногирон инсон, демакдир.

Давлат ва жамият бошқарувида уч сектор: ДАВЛАТ, ННТ ва БИЗНЕС мутлақо бир-биридан мустақил бўлсагина, демократик давлат барпо этилиши мумкин. Акс ҳолда, демократик тамойиллар бир жойда оқсаб тураверади. Танада қон айланмай қолади. Буни ўтган йиллар давомида кўрдик…

Айнан фожиамиз ҳам шундаки, Ўзбекистонда бу уч сектор бир-бири билан аралашиб-чалкашиб, боши берк кўчага кириб қолган. Қайси сектор қаерда бошланиб, қаерда тугайди, биров билмайди. Бу дегани, бир пайтнинг ўзида бир қозонда ҳам палов, ҳам балиқ, ҳам сутли овқат пиширилди, дегани. Табиийки, бундай таомни биров емайди. Лекин, овқат борми – бор, пиширилдими – ҳа, пиширилди, деган гап бўлади, холос. Биров емайдиган овқатни эса, кимга ҳам кераги бор?!

Содда қилиб айтсак, ушбу Фармонда Президент: энди, янги қозонда бир овқатни тотли, сифатли қилиб пишириб ейлик, масаллиқларни исроф қилиб, одам емайдиган таом пиширишни бас қилайлик, деяпти!

Фармонда санаб ўтилган барча масалалар ўринли ва ўтган чорак аср мобайнида фуқаролик жамияти фаоллари томонидан бир неча маротаба бу муаммолар баралла айтилган. Лекин, юқоридагилар эшитишни исташмаган. Шукрки, ва ниҳоят бугун шу босқичга ҳам етиб келдик.

II. ННТлар инқирози

25 йил ичида бошқа соҳалар каби ННТ ҳам инқирозга учраганлиги айни ҳақиқат.

Шу билан бирга кўзбўямачилик асносида тузилган, аслида эса, мутлақо давлатдан мустақил бўлмаган қалбаки (қўғирчоқ) ННТлар сони ўтган йиллар ичида урчиб кетди.

Бундан мақсад, Халқаро ташкилотларга ва бошқа демократик дунёга, Ўзбекистонда ҳам гўёки, демократик институтлар борлигини кўрсатиш бўлди.

Йиллар давомида турли лойиҳаларга ҳамда йиғилиш, учрашув ва конференцияларга қанчадан-қанча маблағлар сарфланди. Лекин, фуқаролик жамияти шаклланмади. Сабаби, яна ўша битта қозон…

“Фуқаролик жамияти қуряпмиз, демократик давлат барпо этяпмиз” каби “оламшумул” баландпарвоз шиорлар билан, аслида фуқаролар, яъни, оддий халқ тамомила эсдан чиқариб қўйилди. Бунинг оқибатини,  мана бир ярим йилдан бери давлат раҳбари тўхтовсиз таъкидлаб келяпти. Кечаги Фармонда ҳам шу муаммолар қонун тили билан ёзилибди.

III. Аслида ким(лар) алданди?!

Халқаро ташкилотларда ҳам анойилар ишламайди. Ҳақиқий ННТ билан сохта ННТни бу соҳада ишлаган, тажрибаси бор ҳар қандай мутахассис бир зумда ажрата олиши мушкул иш эмас.

Тўғри, асосан, инсон ҳуқуқлари йўналишида тузилган ва шу бугунги кунгача фаолият олиб бораётган, бармоқ билан санарли ҳақиқий ННТлар мамлакат ичида, оғир молиявий инқироз билан бўлса-да, ишлаб турибди. Аксарияти эса, асосан, 2000-йиллар бошида турли баҳоналар билан мамлакатдан қувғин қилинди. Бир қанча фуқаролик жамияти фаоллари ноҳақдан турли туҳматлар билан узоқ йилллик қамоқларга ташланди. Айримлари эса, ҳукумат кучлари томонидан, ҳаттоки, жисмоний тарзда йўқ қилинди. Қамоқдагиларнинг кўпи 2017-2018 йиллар давомида озодликка чиқарилди.

IV. ННТлар ривожланиши учун нималар қилиниши керак?

Мамлакатни демократлаштириш жараёнида ННТлар табиий ривожланиш жабҳасида юзага чиқади. Уни мажбурлаб ёки турткилаб ёхуд бўйнидан боғлаб ўртага чиқариб бўлмайди. Кучли фуқаролик жамияти, турли соҳалар бўйича, фуқароларнинг фаоллари орасидан, ўз ташаббуслари билан қалқиб чиқиши натижасида куртак отиб, ривожланади.

Давлат эса, ННТлар фаолияти мустақил бўлишига шароит яратиб бериши керак, холос. Энг муҳими, давлат – ННТларга босим ўтказиш, ишларига аралашиш, қўрқитиш каби турли хил провокацияларни қилмаслик керак.

ННТ бу – ўз номида айтилганидек – нодавлат ва нотижорат ташкилотлардир. Яъни, улар давлатдан мустақил (амалдаги маҳаллий ва халқаро қонунлар доирасида ишлайди) равишда фаолият олиб боради, тижорат (бизнес) билан шуғулланмайди.

Хулоса қилиб айтганда, ННТлар ривожланиши ҳамда фуқаролик жамияти кучли бўлиши учун энг аввал, мамлакат миқёсида, қуйидаги тамойилларни ОАВ орқали доимий тарғиб қилиниши ва фуқароларга содда тилда, замонавий-қулай методик қўлланмалар асосида, соҳа мутахассислари томонидан тушунтириш ишлари олиб борилиши ҳамда маърифий-ўқув курслари ташкил этилиши керак (фақат пойтахтда эмас, чекка қишлоқларгача).

V. Бирламчи, асосий тамойиллар (тадрижий йўналиш):

  1. Халқ ҳокимияти: Демократик принциплар;
  2. ННТлар, фуқаролик жамияти ва унинг вазифалари;
  3. Эркин, шаффоф ва адолатли сайловлар;
  4. Матбуот ва сўз эркинлиги; ҳуқуқий асослари;
  5. Инсон ҳуқуқлари;
  6. Одил судлов;
  7. Парламентаризм;
  8. Сиёсий партиялар мақсади, роли ва вазифаси;
  9. Қонун устуворлиги;
  10. Ҳуқуқий онг ва маданият шаклланиши;
  11. Қонунийлик: қонунлар қабул қилиш зарурияти, қонун лойиҳаларини тайёрлаш, қонун қабул қилиш механизми ва уларда фуқароларнинг иштироки;
  12. Плюрализм;
  13. Диний эътиқод эркинлиги;
  14. Таълим олиш ҳуқуқи;
  15. Ижод эркинлиги;
  16. Йиғилиш ўтказиш эркинлиги;
  17. Коррупцияга қарши кураш;
  18. Тоқатлилик ва бағрикенглик (толерантлик);
  19. Мажбурий меҳнатга барҳам бериш;
  20. Экология; соғлиқни сақлаш;
  21. Фуқаролик: ҳуқуқ ва бурчлар;
  22. Болалар ҳуқуқи;
  23. Миграция;
  24. Имкониятлари чекланган шахслар ҳуқуқлари;
  25. Низоларни куч ишлатмасдан бартараф этиш механизми;
  26. Барча кўринишдаги зўравонликларга барҳам бериш ва қарши курашиш механизми;
  27. Куч ишлатар органлари билан фуқаролик жамиятининг ўзаро ҳамкорлиги;
  28. Мулк дахлсизлиги ва хавфсизлиги;
  29. Ижро ҳокимияти билан фуқаролик жамиятининг ўзаро ҳамкорлиги;
  30. Гиёҳвандлик ва ОИТСга қарши кураш.

Ўзбекистонда ННТлар шу ва шу каби устувор йўналишларда профессионал тарзда фаолият олиб борсагина, давлат ва жамият бир маромда нормал ишлайди, оғирлик (юк) фақат бир сектор зиммасига тушмайди.

Демократик давлат шундай қурилади! 

Бугун – XXI асрда ривожланган давлатлар шу тамойиллар асосида яшамоқда. 

(Davomi bor).

Ислом Каримов қасами: Бойлигимиз 50 миллион одамга етади

Ислом Каримов қасами: Бойлигимиз 50 миллион одамга етади

50 миллион одамга етадиган бойлик бор эди. Нима бўлди? Қаерга кетди? Нега ҳеч ким сўрамайди?