Депутат РАСУЛ КУШЕРБАЕВдан жавоб

Депутатдан жавоб: Яхшилик ниятида узр сўрайман

Ассалому алайкум, кечаги чиқиш қаттиқ ҳаяжон ва жаҳл устида бўлганини тан оламан. Сабаби мени личкамга бир неча кундан буён жуда оғир ва ҳақоратли гаплар юборилиб турибди. Ҳаммасига сабаб снос муаммосини дунёга дастурхон қилмай суд орқали ҳал қилишга чақирганим. Қандайдир халқаро ташкилотларни ёнини оладиганлар иззат нафсимга тегиш билан овора. Шунга жаҳлим чиқиб юрибман. Бироқ сизни эътирозингизни тўғри қабул қиламан.

Сайловга келсак, буни бировга яхши ко‘риниб спискадан тушиб қолиш учун айтганим ё‘қ… Кўнглим совиб бораяпти. Жонга тегди. Ҳамма нарсага чидасам ҳам иззат нафсимга тегса чидолмайман, кечаги гаплар шунинг учун бўлди, мен соғлом баҳс, тўғри танқид тарафдориман, лекин буни истамаганлар борга ўхшаяпти.

Яхшилик ниятида узр сўрайман.

Депутат Расул Кушербаевни баҳсга даъват қиламан!

Ҳурматли Расулжон! Ёшим улуғ бўлгани учун шундай мурожаат қилганимга маъзур тутасиз. УзАдаги чиқишингизни кўрдим, жуда кўп эътирозларим бор. Масалан:
1.Қайси халқаро ташкилотлар қарши чиқди, номма нома санаш керак эди? Ҳозир умумий гапдан иборат бўлиб қолибди?
2.Ўзбекистон Халқаро конвенсиялар, қатор ҳужжатларни имзолагани учун улар аралашади. Кўпларига ўзингиз ҳам қўл кўтаргансиз. Бўлмаса, улар бурун суқмайди.
3.Давлат одамларнинг уйини олишга ёки бузишга ҳақли эмас. Буни билишингиз керак. Асосий Қонунга кўра мулк дахлсиздир.
4.Депутат ҳукумат томонида эмас, халқ томонида туриши шарт. У халқ вакили!
5.Агар хорижий радиолардаги гапларни назарда тутган бўлсангиз, у жойларда гапирганлар асосан ўзбекистонликлар, оддий одамлар ва ҳоказо.
Хуллас, бу чиқишингиз мени келаётган сайловда ҳам рўйхатга киритинглар, деган каби бўлиб қолибди. Лекин мен ундай деб ўйламайман. Яхши гумон! Аммо сизга қарши чиққан халқдан узр сўрайдиган гаплар айттингиз, менимча. Истасангиз сиз билан баҳс қилишим мумкин, ноҳақ эканлигингизни исботлаш учун. Минбарни сиз танланг, шу мавзуда маданият доирасида баҳс қиламиз. Ҳурмат билан собиқ депутат Жаҳонгир Муҳаммад (Маматов).

Баxтиёр Шоҳназар: Тарихий шахсни она юртига киритмаслик шармандаликдан бошқа нарса эмас

Ўзбекистон Олий Кенгашиниг 1990-йиллар бошларидаги депутати, ҳозирда Канада ватандоши Насрулло Сайид 21-апрелда Тошкент аеропортида ўз она юртига киритилмай, 12 соат ушлаб турилиб, депортация қилинган ва Истанбулга қайтарилган эди. “Озодлик”да хабар қилинишича, у Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги Конвенсиянинг 9-иловасига асосан чиқариб юборилибди. “Озодлик”ка кўра, Н. Сайидов ўлка хавфсизлигига таҳдид солгани учун киритилмаган эмиш.

Мен илова билан танишдим. Унинг 9(1)-моддаси саёҳат учун зарур ҳужжатларни йўқотган ёки йўқ қилган йўлчилар ҳақидадир. Жаноб Сайидов Тошкент аеропортида ҳақиқий Канада паспортини тақдим қилгани учун бу модда унга татбиқ қилинмайди.

9(2)-модда эса чегарада ҳақиқий бўлмаган, сохта ҳужжат (яъни – паспорт) ёки ўзи бошқа шахс ўлароқ кўрсатилган ҳақиқий ҳужжат тақдим қилган шахслар чиқариб юборилаётганда бериладиган хат мазмуни ҳақидадир.

Сайидов эски президент қарори билан Ўзбекистон ватандошлигидан чиқариб юборилган. У ҳозир ҳақиқий Канада паспортига эга. Шунинг учун, 9-иловани унга нисбатан татбиқ қилиб бўлмайди.

Сивил авиация тўғрисидаги халқаро Конвенсияда “Озодлик” хабарида таъкидланган “ўлка хавфсизлигига таҳдид солган шахс мамлакатга киритилмайди” деган норма мавжуд эмас. Бундай мазмунда янглиш хабар тарқатишдан тийилиш зарур.

Сайидовни мустақил Ўзбекистонга киритишни рад қилиш ҳақидаги хат рус тилида битилганига эътиборингизни қаратмоқчиман. Насрулло Саидов ўзбек тилининг жонкуяр тарғботчиларидан биридир. Балки, уни Ўзбекистонга киритмаганлар шундан ҳам қўрқиб кетишгандир?!

Юқоридагилардан қандай хулоса чиқариш мумкин?

Сирадаги депортация эски президент давридаги репрессив сиёсат натижасида ҳаёти хавф остада қолгани учун Ўзбекистонни ташлаб, чиқиб кетишга мажбур бўлган эркин ва ҳур фикрли айрим кишиларга нисбатан васваса ҳалигача давом этаётганини кўрсатади. Бу эса собиқ Совет Иттифоқининг 1920-йилларда чет элларга чиқиб кетган мухолифларга нисбатан сиёсатини эслатади.

Ҳозирги пайтда байрам қилинадиган расмий мустақилликдан бир йил олдин парламент томонидан Мустақиллик декларацияси қабул қилинишига улкан ҳисса қўшган тарихий шахсни она юртига киритмаслик шармандаликдан бошқа нарса эмас.

Қолаверса, ривожланган давлатлардан кўпроқ турист келиши учун визасиз келишга рухсат берилган давлатларда яшовчилар бундай депортациялар ҳақида эшитишади. Бу эса уларнинг юртимизга бўлган қизиқиши сусайишига олиб келиб, кутилаётган турист сонига ва мамлакатнинг халқаро имижига салбий таъсир қилади.

Етказилган маънавий зиёнини эса ҳеч қандай пул билан ўлчаб бўлмайди.

Bahtiyar Shahnazar