Абдуфаттоҳ Маннопов

fattohAТАФАККУР, ҲАҚҚОНИЯТ, ШИЖОАТ
Таниқли адиб, тилшунос ва сиёсатчи
Жаҳонгир Маматов 60 – ёшда

Жаҳонгир Маматовнинг ижоди ва ғайрати ўзбек миллатининг ҳақиқатни билиши, зулм кишанларини парчалаши, озод ва фаровон бўлиши учун қилинаётган олиҳимматдир. «Туронзамин» баъзан тўхтаса, жафокаш ўзбекни қамраган зулмат қуюқлашади, дардларига даво излаш сустлашади. «Туронзамин» машъали ҳеч – бир кун ҳам, бир дақиқа ҳам сўнмасин!

Эл истаги

Ўзбекистонда чорак асрдан зиёд давр мустабид Ислом Каримов, унинг малайлари ва кўппаклари ўзбек ва ўзбекистонликларни талаш, қамаш ва ўлдириш, Конституция ва қонунларни бузиш эвазига “ушлаб” турган ҳокимиятни қўлдан чиқармаслик учун ҳар қандай ёлғон, қабоҳат, жиноят ва ваҳшийликдан қайтмасликларини ошкор қилди. Улар тарафидан Мустақилликнинг моҳияти ва мақсадлари буткул барбот этилди. Шундай миллат учун жуда мушкул даврда ўткир тафаккур, нурли ҳаққоният, забардас шижоат намоён этиб, мустабиднинг зулмкор, порахўр, адолатсиз тузумни барпо қилишига қаршилик кўрсата олган, бу жирканч тузум ва унинг қонҳўр бунёдкорини ғайриинсоний, ғайриқонуний ва ғайримиллий моҳиятини ошкор этишни ҳануз давом этаётган ўзбекнинг нодир фарзандлари бор. Шулардан бири Жаҳонгир Маматовдир. Унинг қаламига мансуб асарлар кўп ва ранг баранг. Уларнинг тафаккур ила инъикос этган қамрови ниҳоятда кенг ва образлар, жабҳалар, мавзуларни баёни ўтли, чуқур, жонли, ўткир, ҳар тарафлама, синчиковли, ўзига хосликларни мужассами. Унинг қайта – қуриш йиллари Ўзбекистон Олий Кенгашининг миллатвакили сифатида ўзбек миллатининг озодлиги, мустақил давлатчилигини тиклаш, тилини мавқеини кўтариш, демократия, ошкоралик, инсон ҳуқуқлари ва қонун устиворлиги заминларини барпо этиш борасидаги ҳаракатлари, ижод маҳсуллари – китоблари, мақолалари элимизнинг тараққийпарварлик, илғорлик сари интилиш тарихидан ўз ўрнини эгаллаган.

Тарихий гувоҳлик  

Мустабид Каримовнинг ким эканлигини ва нима учун у қайта-қуриш ва Мустақилликни тиклаш йиллари илдиз ота бошлаган демократик фуқаровий жамият асосларини – қонунларнинг, инсон озодликлари ва ҳуқуқлари устиворлигини, адолатни, зўравонлик, зулм, жазокорлик (репрессия) ва қириш (террор) орқали поймол қилгани, Жаҳонгир Маматовнинг китоблари, мақолалари, маърузалари, суҳбатларида ошкор этилган. У ушбу жараёнларда четдаги бетараф кузатувчи эмас, балки муҳим иштирокчи, сиёсий арбоб сифатида – истеъдодли, адолатпарвар журналист, миллатвакили, Олий Кенгаш Ошкоролик қўмитасининг раис муовини, Президент Аппаратининг бўлим мудири, республика Телевидениясининг раҳбари вазифаларидаги фаолияти ила тарихий гувоҳлик бериб, ёзади: “Маълумки, Ўзбекистоннинг Ислом Каримов давридаги асл тарихи устидан қора чапланиб, унинг ўрнига ёлғон тарих ёзилди. Воқеалар мутлоқ бузиб кўрсатилди. Хоинлар қаҳрамонга, қаҳрамонлар хоинга айлантирилди”. [2]

Шўролар даврининг кўпчилик раҳбарларига хос, жирканч хусусиятларни – тошбағрликни, порахўрликни, ўзбилармончиликни ва юқоридагиларни “хўжайин”, пастдагиларни эса “қул” деб, идрок қилишни Каримов мукаммал ўзлаштирганлиги унинг амалпиллапояларидан тезкор ўсишига замин бўлди. Каримовнинг болалигидан ниҳол сифатида, ушбу заминга мос бўлиши, “ҳақиқий” отаси, [3]   “расмий” отаси ва онаси ҳаёт бўлишига қарамай, унинг бир неча бор Етимлар Уйига топширилгани, у “қовун ўғрилик қилишни, ўзидан кучсизлиларни, қизларни ҳам уриши, уларга пакки ўқталишни ёқтириши”, улғайгандан сўнг эса, безориликлари оқибатида уйдан ота (расмий) ва онаси тарафидан ҳайдалганлиги бежис эмаслиги ҳақида Каримовни болалигидан билган гувоҳларнинг аниқ ҳотира далилларини келтириб, Жаҳонгир ёзади: “- Отанг гадой бўлса тўрва ушла, дейишган. Уйда отамиз ўтирганда томга чиқармидик? У отасини ҳам, онаси Санобар холани ҳам хўрлади. Охири уйдан қувиб қутилишди шўрликлар… Бу гапларга ишонмасамда вужудимга совуқ бир титроқ кирди. Титроқ саволларга айланди׃ Наҳотки, она Ўзбекистоннинг пешонасига шундай бир ўғил битган бўлса? Ўзбекистоннинг охирати Абдуғани ота ва Санобар аяларнинг тақдирига ўхшамасмикан?!… Каримовнинг энг яқин қариндошлари ҳам буни тасдиқлашди. Улар ҳам унга ишонмас эдилар. Юртга ачинишарди”. [4]

Шўролар турғинлик даврининг “олдиберди” авж олган, амалпарас-порахўрларига хос энг муҳим “пастдагидан ол ва юқорига узат” қоидасини тўлиқ ўзлаштирган И. Каримов ҳаёл бовар қилмас амалларга эришди. Бунга унинг отаси (расмий) жиноят содир этиб, қамоқ жазосини ўтаганлигига, акаси давлат мулкини талон-тарож қилганлиги учун қамоқдалигига ва укаси-мафиячи ҳам қамоқда экани “халақит” бера олмади. У Молия Вазири, Давлат Планлаштириш Қўмитасининг Раиси ва Бош Вазир Муовини, КП Қашқадарьё вилоят Қўмитасининг Биринчи котиби ва ниҳоят, горбачевнинг қайта-қуриш даврида, 23-июнь 1989 йил Ўзбекистон КП МҚ Биринчи котиби лавозимига тайинланди. [5]

Шундан сўнг қайта-қуриш ва ошкоралик имкониятлари оқибатида Каримовнинг устидан Қашқадарьё вилояти, Тошкент ва Самарқанддан Москвага кўплаб шикоятлар юборилган. Бу шикоятлар унинг амалга оширган кўплаб қонунбузарлик, жиноятларини далиллар асосидаги баёни бўлиб, уларга Москвада, Кремлда ўтирган Каримовнинг хомийлари, ундан жавоб талаб қилмасликларининг иложи йўқ эди. Масалани бошқа тарафини, Каримов Ўзбекистон КП МҚ Биринчи котиблигига СИКП (КПСС)нинг Сиёсий Бюроси тасдиқидан ўзи ва оила аъзоларининг таржимаи ҳолида “қора доғлари” борлиги туфайли ўта олмаган ва унинг бу амалга тайинланиши фақат М. Горбачев, А. Яковлев тарафидан бўлиб, моҳиятан “шартли” эканлигини ҳам унитмаслик керак. [6]

Албатта бу Каримовни талвасага солди, чунки у ўз табиатига кўра “амал қули” бўлиб, катта пора эвазига сотиб олган лавозимини сақлаб қолиш йўлини излади. Бу борада унга Аҳмаджон Мухторовнинг Ўзбекистон президенти лавозимини жорий этиш таклифи қўл келди. (ИАК) Балки А. Мухторовга Каримовнинг ўзи бу таклиф билан чиқишни буюргандир, хуллас унинг Жаҳонгирга айтгани: “Ислом ака, хурсанд, президентликни қабул қилмоқчи, бу эса мустақилликнинг биринчи қадами, лекин СССРнинг ичида қоламиз, ажралсак бизга пулни ким беради, деяпти” деди”. [7] Каримовнинг хурсандлигини асл сабаби эса, икки амални Биринчи котиб ва Президент лавозимларини эгаллаш, унинг Москва тарафидан олиб ташлаш ва жиноий жавобгарликка тортиш ишини қийинлаштиришидадир.

1990 йилнинг 24-март Ўзбекистон Олий Кенгашининг с,ессияси куни эса “Президентлик лавозими” ҳақидаги қарорни муҳокамасида Тойиба Тўлаганова, довюрак, ўзбек миллатининг озод, фаровон, тараққийпарвар, давлатини мустақил ва демократик бўлишини жон – дилдан истаган ва шунинг учун курашган Олий Кенгаш миллатвакилини, айтгани: “Ўзбекистоннинг бугунги шароитида президентлик бошқаруви яккаҳокимликка олиб келишини ва демократия истаб диктатурага йўлиқишимизни, коммунистик партия тарбиясини олган раҳбарлардан чиқадиган президент “ташқи” бошқа бўлгани билан ичи айни тарзда қолишини айтди. У демократия ўрнатилиши учун парламент бошқаруви заруратидан сўз этди”. [8] Ислом Каримов эса Т. Тўлагановага жавобида на фақат миллатвакилини “очиқчасига камситди”, балки умуман аёлларни – оналар, опалар, хотинлар, сингиллар ва қизларни таҳқирлаган, пастга урган: “ – Бундай фикр аёл кишидан чиқмайди, аёлларнинг ақли калта бўлади, таклифнинг ортида қандайдир кучлар бор,- деган…”. “Танаффусда эса маҳаллий мухбирларга интервю берар экан “Аёллар товуқ мия бўлади” дейишгача бориб етди”, – дейди Жаҳонгир. [9]

Ушбу масалалар бўйича қарорни қабул қилиш ва Каримовни сайлаш бошланганда қашқадарёлик миллатвакили Шовруқ Рўзимуродов сўз сўрайди. “Лекин дўппини салла қилиб кўрсатиш даражасида устамон бўлган мажлис раиси Мирзаолим Иброҳимов: -Ука, сиз эмас, ёнингиздаги дўппили одам гапирсин,- деди. Дўппили одам эса сўз сўрамаганини айтишга хижолат чекар экан, Шовруқ ўрнидан туриб гапира бошлади. Унга микрофон керак эмас эди. Унинг гуриллаган товушини мажлислар залининг ҳар жойидан ҳам эшитса бўларди. Шовруқ: – Мен бу одамни Қашқдарёдан биламан. Бу одам президентликка лойиқ эмас. Агар президент бўлса ҳаммангиз пушаймон бўлиб қоласиз ҳали, Ўзбекистонни Қашқадарёга ўхшат зиндонга айлантиради…,- деди”. Яна тарихий гувоҳлик: “Шовруқ Каримовнинг Қашқадарёда одамларга зулм қилгани, Ўзбекистон Компартиясининг Москвадан юборилган иккинчи котиби Анишчев билан биргаликда кўп одамни қаматиб юборгани, Гдлян тўдаси билан ҳам алоқаси борлигини айтар экан, Аҳамаджон ака: – Укажон деворнинг ҳам қулоғи бўлади, бу гапларни менга айтдингиз бошқага айтманг, бундай гаплар учун кечирмайди бу бадбахтлар, – деди. – Халқ бу гапларни айтиш учун мени мажлисга юборган,- деди Шовруқ”. [10]

Шовруқ Рўзимуродовнинг бу иддаолари Аҳмаджон Мухторовни Москвага СССР Олий Кенгашининг депутати сифатида ва бу Кенгаш аппаратида ишлаш учун кетаётиб Жаҳонгирга айтган гаплари билан ҳам тасдиқланади: “-Ислом ака мендан хафа. Ҳатто табрикламади ҳам, “Депутат бўлиш ниятингиз бор экан, ўзимизга айтсангиз ҳам бир жойдан сайлатардик”, деди. Энди Москвада бир гуруҳ тузиб ўзбекистонлик депутатларни бошқариш режаси бор экан. Гдлян ҳақидаги чиқишларим ҳам у кишига ёқмаган. Маслаҳат қилиб, кейин гапиринг, деяпти”. [11]

Фарғоналик миллатвакили, драматург Иномжон Турсунов эса Каримов Қашқадарё вилоятига раҳбарлик қилганда кўплаб қўшиб ёзишлар, порахўрлик, беайб инсонларни қаматгани ва бошқа жиноятлар, қонун бузарликлар содир этилгани ҳақида бир даста хужжатларни, сессия иштирокчиларига кўсатган ҳолда гапирган. Оқибат дарҳол Каримовнинг маҳсус “марҳаматига” миясар бўлиб, шу кун кечки пайт Тошкент меҳмонхонасида миршаблар тарафидан дўппосланган. Бу ҳақда хабардор бўлган Олий Кенгашнинг Ошкоролик Қўмитаси Ж. Маматов ташаббуси билан дарҳол мажлис чақирган ва бундай Каримов сиёсий ҳаётга киритаётган “бошидан дарча очиб қўйиш” амалиётига жиноят деб, муносабат билдирган ва бу борада зудлик билан тергов ўтказишни, даҳлсизлик ҳуқуқига эга миллатвакилини урган миршабларни жазолашни талаб этган. Қўмита раиси Эркин Воҳидов “қалтис” масала кўтарилаётгани учун, илгаригидек “касал” бўлиб қолган. [12]

Каримовнинг республика КПсининг Биринчи котиблигига қўшимча, Президентлик лавозимига эга бўлиши, унинг Ҳарбий тўнтариш – ГКЧПни қўллагани, Молия Вазири, Қашқадарё вилоятининг раҳбари сифатида амалга оширган кўплаб қонун – бузарликлари, жиноятлари (порахўрлиги, қўшиб ёзишлари, беайб инсонларни қаматгани, йўқ қилиб юборгани, миллий кадрларга нисбатан жазоколиги ва ҳ. к.) учун жавоб беришдан сақлаб қолгани тарихий ҳақиқатдир.

Ўзбекистон Мустақиллиги,

ёҳуд “Мустақиллик эса хоинлик”

Қадимий ва давомли тараққиёт тарихига эга халқлардан бўлмиш чиғатой турклари – ўзбеклар учун ўз давлатларининг Мустақиллигини тиклаш борасида интилишлари қайта-қуриш ва ошкоралик йиллари кучайди.

Жаҳонгир Маматов, 18-июнь 1990 йил Ўзбекистон Олий Кенгаши 12 – чақириқ Иккинчи сессиясининг Котибият раҳбари этиб сайлангач, илгари мажлис ва муҳокама “сип-силлиқ” ўтиши учун тайёрлаб қўйилган сўзга чиқувчиларнинг рўйҳатини, минбарда туриб, миллатвакилларининг кўз ўнгида, йиртиб, “истаган миллатвакили сўзга чиқиши ва муҳокама учун мавзу таклиф этиши мумкинлигини” эълон қилган. Бу Олий Кенгаш Сессиясини амалда демократик ўтишига замин хозирлади ва энг долзарб масала – халқ истаги бўлган ва 167 миллатвакилларининг “Ўзбекистон Мустақиллик Декларациясини” қабул қилиниши ҳақидаги талабини кун тартибига киритишга имкон берди. Шу пайт Олий Кенгаш биносига келган Каримов бундан хабар топгач жазавага тушиб, Жаҳонгирга: “-Бу депутатлигингиз узоққа бормайди, деб неча марта айтдим, тушунасизми ўзи? Қолганларники ҳам. Мустақиллик эса хоинлик.  Орқадан пичоқ уришдир… Мана бу Декларация бир тийинга қиммат қоғоз, буни туалетда ҳам ишлатиб бўлмайди, билдингизми?”, – деб бўкирган. Маматов Каримовга кўпчилик миллатвакиллари, халқ каби Ўзбекистон Мустақил бўлишини истаётганларини айтган: “Каримов эса 167 рақамини эшитиб, бир лаҳза эсанкираб қолди. Сўнг  Бош вазирнинг қўлидан рўйхатни олиб, исм-шарифларга назар ташлади. – Вой, аблаҳлар, вой нонкурлар, -дер экан, лойиҳаларни ўқиди-да, саккиз сатрлисини менга узатди…”, – деб эслайди Жаҳонгир. [13]

Хуллас, Ўзбекистон Олий Кенгаши 12 – чақириқ Иккинчи сессияси давомида Каримов ва унинг малайларининг “Ўзбекистон Мустақиллик Декларациясини” қабул қилиш борасидаги миллатвакилларини уринишларига тиш-тирноғи ила тўсқинлик қилишди, жон-жаҳди билан қаршилик кўрсатишди. Шунга қарамай, 20-июнь 1990 йил мамлакат Олий Кенгаши, 167 демократ, ватанпарвар миллатвакиллари – Шовруҳ Рўзимуродов, Тойиба Тўлаганова, Жаҳонгир Маматов, Самандар Қўқонов, Мурод Жўраева, Шуҳрат Нусратов, Алижон Қўчқоров, Ҳамза Эшназаров, Ойгул Маматова, Абиёр Баратов, Насрулло Саидов, Карим Баҳриев ва бошқалар раҳномолигида “Ўзбекистон Мустақиллик Декларациясини” қабул қилди. Шу кун Каримов Ўзбекистон Олий Кенгаши биносига келиб, миллатвакиллар тарафидан, у Жаҳонгирга берган саккиз мисра “Соҳта Мустақиллик” эмас, балки ҳақиқий “Ўзбекистон Мустақиллик Декларациясини” қабул қилинганини билгач, қўрқув аралаш ғазабдан қутирган. Унинг қўрқиши, Москвадаги катта пора эвазига, уни мамлакат КПсининг Биринчи Котиб бўлишига имкон яратган хўжайинларини дарғазаб бўлиши эди. Ғазабга тўлиши эса, унинг Жаҳонгирга берган матнни четда қолиб кетганидан бўлган.

Ҳақиқатда Ислом Каримовнинг миллат душмани эканлиги, унинг Декларация қабул қилиш ташаббускорлари – миллатвакилларига, улар учун маҳсус қамоқхона қуриб беришини, уларни шу ерга қамаши ва чиритишини ўта ғазаб ва беюз шаллақилик шаклида айтганида яна бир бор ошкор бўлди. Маматов унга: “-Биз чириб кетадиган нима иш қилдик? Мамлакатимиз мустақил бўлсин десак, бу жиноятми? ”. Каримов: “-Ҳа жиноят. Мамлакатимиз битта. Совет Иттифоқи. Ўшанда туғилдик ўшанда ўламиз”. Шижоаткор фаоллиги учун Жаҳонгирга, Каримов яна, “мен сенинг зиндонхонанга келганимда, менинг саволимга сен жавоб бера олмайсан, чунки “тилинг кесилган” бўлади” деб бақирган. [14] ИАК Иккинчи Сессия) Каримов ўзининг жинояткора ваъдасини устидан чиқди ва Жаслиқ каби энкэвэдэ (НКВД), гестапо моҳиятидаги зиндонмасканини қурдирди. Шу ва унга ўхшаш қамоқзоналарга на фақат ҳақиқий жиноятчиларни, балки кўплаб, Каримовнинг зулм, талаш, пораҳўрлик ва адолатсизликларга таянган тузумини танқидчилари, демократик муҳолифат фаоллари, инсон ҳуқуқларини ҳимоячилари, дунёвий ва диний ўзгача фикрловчилар соҳта айбловлар билан узоқ муддатларга қамалди. [15]

Йигирма йилдан зиёд муддат, ёлғон айблар билан Самандар Қўқонов, Мурод Жўраев – собиқ миллатвакиллари, Ватан Мустақиллиги ва эл манфаатлари учун курашган, ўзбекнинг қаҳрамон ўғлонлари, Каримовнинг топшириғи сабаб қамоқда ушланмоқдалар. Бир-неча йил илгари эса Каримовнинг зулмкор тузим барпо этишига қаршилик кўрсатган ва яккаҳокимлик қандай даҳшатли оқибатларга олиб келишини Олий Кенгаш минбаридан башорат этган, собиқ миллатвакили Шуҳрат Нусратов ҳам мустабиднинг буйруғи билан, ёлғон айблар асосида узоқ муддатга қамалди.

Каримовнинг миллат истагига, қонунга туфуриши, бир-неча кун “Ўзбекистон Мустақиллик Декларациясининг” мамлакат Олий Кенгаши тарафидан қабул қилинганини телевидения, радио ва матбуотда эълон қилишга йўл бермаганида ҳам намоён бўлди. Бу муддатдан фойдаланиб Каримов, ўз қўли билан Декларация матнидаги “мустақиллик” сўзларини “суверенитет”, “Ўзбекистонни” эса “Ўзбекистон ССР” атамалари билан алмаштирган ва Ўзбекистон ССРси СССР республикаларининг коллектив Битмига киришини қўшган, яъни у моҳиятан мамлакатни эски қарам ҳолига қайтарган. У бу билан давлат аҳамиятига молик хужжатни соҳталаштириб, Ўзбекистоннинг олий давлат манфаатларига ҳиёнат қилиб, жуда оғир жиноятларни содир этди. [16]

Каримовнинг Мустақиллик душмани ва Москванинг қули эканлиги, яна бир бор унинг Ҳарбий тўнтариш –   ГКЧПни тўлиқ қўллашида намоён бўлди. Маматов бу ҳолатнинг уч жиҳатини очиқлайди: 1) Янаевнинг Каримов “ўрнатган” тартибни ибратли деб мақтаб, Ўзбекистонда Коммунистик анжуман ўтказган; 2) Каримов учқичдан Янаевга Ҳарбий тўнтариш – ГКЧП муносабати билан табрик телеграммаси юборган; 3) Ўзбекистонда ГКЧПга қарши чиққанлар, Каримов кўрсатмаси билан қамалган,   таъқиб қилинишган. [17] 21 – август 1991 йил Россиянинг Олий Кенгаши, россиялик демократлар ГКЧП и КПСС устидан ғалаба қозонишди. Бу ва тезкорлик билан СССР тарқала бошлаганлиги Каримовнинг ўз нуқтаи назарини буткул ўзгартиришга мажбур этди.

Жаҳонгирга “Мустақиллик эса хоинлик” деб, Мустақиллик ташаббуси билан чиққан миллатвакилларига маҳсус зулммакони қуриб бериши ва уларни ўша ерда чиритишини ваъда қилиб бўкирган Каримов, энди тарихга Мустақиллик Эълон қилган шахс, Мустақиллик қаҳрамони сифатида киришни истаб қолди. Шунинг учун у, амалда Декларация қабул қилинганлиги сабаб, Ўзбекистон Мустақил давлат эканидан кўз юмди. Унда   виждон аталмуш улуғ хислатни ҳеч бўлмаса ушоғи бўлганда, унинг ўзи қонунларни бузиб “Ўзбекистон Мустақиллик Декларацияси”га киритган хоинона “тузатишларни”, ҳақиқатда бузишларни тан олиши ва Олий Кенгаш минбарида туриб миллатвакиллари ва халқдан узир сўраган, ҳамда Декларациянинг асл матни тикланганлигини, кучга кирганини эълон қилган бўларди. Аммо шайтоний фирибгарлик пири ва жинояткорона усулда яккахокимлик тузумини яратаётган Каримов бунга қодир эмаслиги тезда кўринди. У 31 – август 1991 йил Ўзбекистоннинг Иккинчи, Сохта, Шармандали Мустақиллигини эълон этишни ташкиллаштирди. У Ёлғонмустақиллик куни деб 1991 йилнинг 1 – сентябрини белгилади. Бу билан у Бир Йил, Икки Ой ва Ўн Бир Кунга ҳақиқий Мустақиллик кунини орқага сурди.

Каримовнинг Мустақиллик борасидаги баланд парвоз нутқини тинглагач, Олий Кенгаш миллатвакиллари уни қўлламадилар, қарсак чалмадилар, хурсанд бўлмадилар ва мажлислар хонасида қабир ёнидаги каби сукунат ҳукум сурди. Каримов миллатвакилларидан қарсак чалишни сўраган. Бу ҳақда Жаҳонгирда ўқиймиз: “Каримов қайтaдан Мустақиллик эълон қилар экан, депутатларнинг бепарволиги, ҳатто қарсак чалишмагани бугунга қадар масхара қилинади. Аслида бу уларнинг Каримовга, унинг иккиюзламачилиги, сўзбўямачилигига қарши яна бир исёнлари эди…”. [18]

Каримов Жаҳонгир Маматовни Олий Кенгашдаги шижоаткор фаоллигини имкон қадар чеклаш, иложи бўлса тўҳтатиш, ўзини эса жазолаш, янчиш учун нималар қилмади? Хусусан, Каримовга Матбуот ишлари бўйича вазир “Жаҳонгир, ёқамдан олмоқда, Олий Кенгаш миллатвакилларининг ўзлари ҳисобларига, мустақил “Юзма – юз” номли газетасини, чоп этишга руҳсат қачон берилишини сўраб”, деб айтган. Шу заҳоти Каримов, Олий Кенгаш раҳбарларига Жаҳонгир Маматов Матбуот ишлари бўйича вазирни “ёқасидан олибди, демак урибди”, унинг бу қилмиши учун зудлик билан жазолаш керак деб буйруқ берган. Эртаси Олий Кенгаш Риёсати йиғилиб, Жаҳонгирни жазолаш қарорларини тайёрлаб, вазирдан нима бўлганини сўрашганда, у Маматов газета чоп қилишга руҳсат олиш масаласида икки маротаба қўнғироқ қилди, кейин ёнимга ўзи келди, Каримовга у мени “ёқамдан олмоқда” дейишим, рамзий маънода деб, ҳақиқатни айтиб Каримов фитнасини барбод қилган. Жаҳонгир олижаноб, ишонувчан шахс бўлгани учун бу “ёқасидан олибди, демак урибди” воқеасини, “Каримовнинг фақат ўзбек тилини яхши билмаслиги, ҳовлиқиши билан боғлайди”, холос. [19] Лекин ҳақиқатда, бу ҳодисани вож қилиб, туҳмат ва фитна йўли билан Каримов, Жаҳонгир Маматовни сиёсий арбоб сифатида йўқ қилишга, янчишга интилгани аниқ. Шу йўналишда Жаҳонгир Самарқанддалигида, унинг уйи ёнидаги гулзор ортида, қўлида газетага ўралган арматурали, фуқаро кийимидаги милиция ходимини ушлашганини, Тошкентда шифохонадаги амалиётдан сўнг, Жаҳонгирнинг томоғида пахта қолдирилиши, ҳато қон босмини оширувчи дори бериб, унинг аҳволини оғир даражага туширилиши ва Жаҳонгир Тошкентда “Эрк” партиясининг идорасига яқинлашганда, уни оқ рангли Жугули машинаси босиб кетишга уринганини ҳам эслаш жоиз. [20]

Жаҳонгир Маматовга нисбатан Каримовнинг фитналари ортида, унинг ўзи учун биринчи душман деб демократ, ватанпарвар миллатвакиллари, мухолифатчиларни, инсон ҳуқуқларини ҳимоячиларини кўргани ётади. Чунки улар Ўзбекистонни Шўролардан, Москвадан қарамликдан яккаҳокимлик эмас, Конституция ва қонунлар, инсон озодликлари ва ҳуқуқлари устивор бўлган, эркин бозор муносабатлари заминлаштирилган, илғор, тараққий этган демократик Ғарб дунёси тараф тортмоқда эдилар. Бу эса Каримовга мутлақо ёт эди. Шу сабаб норасмий шароитда унинг, “бизга демократия тўғри келмайди” деб, тўти қушдек сайраши ва Горбачев, Яковлев, Нишоновларни “латталар” деб аташи бежиз эмаслиги очиқланади.

Демократия йўлини, унинг

асосларини сақлашга уриниш

Ўзбекистон Олий Кенгашининг 1991 йил 30-сентябрдаги 7 – сессияси ўзбек, ўзбекистонликларни сиёсат, ҳуқуқ, иқтисод, маънавият соҳаларидаги ҳақ ва ҳуқуқлари бузилаётгани борасида кўзга кўринган миллатвакилларини ўтли маърузалари, жўшқин нутқлари ила тарихга демократия йўлини, унинг асосларини сақлашга уриниш сифатида кирди. Жаҳонгир ёзади: “1991 йил 30 Сентябр… Мустақил Ўзбекистон тарихининг фавқуллодда муҳим куни. Шу куни Ўзбекистон демократия ва зулмни танлаш чорраҳасида эди. Демократияни танлаши учун бир одим қолганди. Аммо яккаҳокимликни, қонунсизликни, мамлакат Конституциясини тан олмасликни, бир сўз билан айтганда зулм йўлини танлади. Нега?”

Бу «нега» саволига жавобни Дадахон Хасан «мунофиқ, сотқин олифта-нарвон» Салой Мадаминовнинг «Ёлғоннома»си билан Жаҳонгир Маматовнинг «ИАК» хотираномасида келтирилган маълимотларни тақослаш чуқур, лекин аччиқ ҳақиқатни ошкор этади», – деб бежиз айтмагани вақт ўтган сари янада яққолроқ тасдиқланмоқда. [21] Ҳақиқатда Салой билан Жаҳонгирни шу сессия ҳақида ёзганини қиёслаш, уларнинг нуқтаи назарларида осмон билан ердек фарқ борлигини аниқлайди. Салой онгли равишда сессияда зулмбоши Каримовнинг ёнини олиб, ўзбек миллатининг манфаатларига, демократияга қарши амалга оширган сотқинлигини, яккаҳокимликка, қонунларни бузишга, инсон ҳуқуқлари поймол қилинаётганига қарши чиққанларни илгари “коммунистик фитначиликда”, кейинроқ “носамимият”да айблаб ўзини оқлашга хануз уриниб келмоқда. Шунинг учун Дадахон Хасан “Салойнинг сотқинлиги, унинг мунофиқлиги ва ҳудбинлиги заминидан келиб чиққан, у тавба қилиш, ўз хатоларини тан олишга қодир эмас” дейди. [22]

Жаҳонгирнинг хотиралари эса бу умуммиллий аҳамиятга молик сессияни моҳияти борасида ўзбек миллати ва унинг тарихи учун бебаҳо ҳаққоний маълумотларни ўзида мужассамлаштирган. Ушбу чинакам рост хотираномада инъикос этилган миллатвакилларининг нутқларидаги ғоялар ва талаблар хозиргачан ўз қийматини йўқотмаган. Олий Кенгашдаги демократик миллатвакилларнинг “Ташаббус” гуруҳи фаоли, самарқандлик Тошпўлат Жўраев куюниб, Конституцияга тескари иш қилинаётгалиги, митингларни таъқиқлаш қонунга хилоф иш экани, республикамизда қонунлар бажарилмаётгани, инсон ҳуқуқлари ҳар қадамда поймол қилинаётгани, кичкина бир ҳақиқатни топиш учун кишилар минг деворга бош уришаётгани, депутат Шовруқ Рўзимуродов жиноят қилган эмаслиги, унинг айби раҳбарни ҳақорат қилишда, бу айбнинг жазоси жарима беришга тўғри келиши борасида гапирган. Бухоролик миллатвакили, Фан, халқ таълими қўмитасининг аъзоси Ринат Мирхонов сўзга чиқиб «Умумжаҳон инсон ҳуқуқлари Декларациясига» Ўзбекистоннинг Олий Кенгаш қарори билан қўшилишни ва унга амал қилишни таклиф этади. [23]

Жаҳонгир Маматовнинг ўзи, самарқандлик, шу кунгачан муҳим бўлиб келаётган нарсалар ҳақида ёниб, бизда ҳали инсон ҳуқуқлари жуда кўп поймол қилиниши, Шовруқ Рўзимуродов бизнинг оила аъзоимиз, қонунда ёзиб қўйибди: агар сизнинг рухсатингиз бўлса ана ундан кейин қамаш мумкин, кеча бу ҳол Шовруқнинг бошига тушди, бугун бу ҳол менинг бошимга тушган бўлса, эртага бошқанинг, сизнинг бошингизга тушиши мумкинлиги тўғрисида гапиради. Ҳамда: “Мана шу ерда ҳатто инсон ҳуқуқлари Декларациясини қабул қилмайлик, дея овоз бериб зулмни қўллаганларнинг ҳам бошига тушади бу нарса… Инсон ҳуқуқлари бор жойда тараққиёт бўлади, инсон ҳуқуқлари поймол этиладиган жойда ҳеч нарса бўлмайди. Ислом Абдуғаниевич, сиз бу дунёда устун эмассиз! Ёки Ўзбекистонни сизнинг онангиз яратган эмас! Ўзбекистон онангизнинг маҳрига тушгани йўқ-ку? Ахир мен мажбур бўлдим чет элга кетиш учун ариза ёзишга. Нима учун қувғин қиласиз? Сизга бу ҳақни ким берди? Қўйинг, Рўзимуродов келсин бу ерга ва уни эшитайлик”, -деб хитоб қилади. [24]

Тошкент шаҳридаги Куйбишев туман халқ депутатлари кенгашининг раиси Шуҳрат Нусратов чиқишида, биринчи, Ўзбекистон президентининг 1991 йил 26- cентябрда Ўзбекистон Хафсизлик хизмати ташкилотини қайта тузиш борасидаги Фармонининг бу ташкилотни Олий кенгашни четлаб ўтиб тўппа-тўғри президентга бўйсундириш борасидаги қисмини, халққа қарши, Конституцияга қарши, демократияга қарши бўлгани учун бекор қилиш, бундай ҳол бирор демократик давлатда йўқлиги, ҳатто бирор тоталитар давлатда ҳам бунчаликка борилмагани, биз 30-40 йиллар қатоғонини унита олмаймиз, айниқса бизнинг президентнинг қуюшқонга ҳам сиғмайдиган характери билан деб, куйиниб сўзлайди. Иккинчи, Рўзимуродовнинг дахлсизлик ҳаққи поймол қилингани масаласи кун тартибига киритилсин, Олий кенгаш депутатини қамоққа олишни фақат Олий кенгашнинг ўзи ҳал қилади, Раёсат эмас, агар биз бу масалада ўз овозимизни бермасак, эртага бизни ҳам қамашади, буни президент хохлаганини биз биламиз, Рўзимуродовни дарҳол озод қилишни ва бу ерга олиб келишни таклиф қиламан, деб гапиради. Учинчидан, дейди у, Шавкат Уразаев, сизни халқимиз байналминалчилик қилиб Конституцион Судни раиси лавозимига қўйди, унинг ишончини оқлан конун бузарликларга баҳо беринг, Қонунчилик Қўмитамизнинг раиси Эркин Халилов, сиз хуқуқшунос ва раис сифатида юқорида мен айтган ҳолатларга муносабат билдиринг, Бўритош Мустафаев, сиз республика Прокурори сифатида четта турмасдан Конституцияни ҳимоя қилинг, КГБ раиси Алиев ҳам кўрсатилган ҳолатларга қандай қарашини халқ билиши керак, биз хозир демократия ёки диктатура танлави олдидамиз, қонунчиликни демократияни сақлаш бизнинг бурчимиз, деб диктатура яқинлашаётгани ҳақида огоҳлантирган Нусратов. [25] Юқорида ёзган бўлсамда, яна қайтарам, Шуҳрат Нусратовнинг ушбу чиқишини жаллодбоши Каримов унита олмади ва унинг топшириғига кўра бир-неча йил илгари соҳта жиноий иш асосида ўзбек миллатининг яккахокимликка, зулмга занжирбанд бўлишига қарши чиққан яна бир мард ўғлони Ш. Нусратов узоқ муддатга қамалган.

Бу ерда бир қўшимча қилиш жоиз. Худди Тошпўлат Жўраев, Жаҳонгир Маматов, Шуҳрат Нусратов каби миллатвакили Алижон Қўчқоров ёниб, қонунлар бузилаётгани, яккахокимлик барпо этилаётгани ҳақида биринчилардан бўлиб гапирган.

Фан ва халқ таълими қўмитасида ишлайдиган Cирдарёлик миллатвакили Ҳамза Эшназаров сўзида, нафақат инсон ҳуқуқи, депутатларнинг ҳам ҳуқуқи поймол бўлаяпти, депутат Иномжон Турсунов милиция ходимлари томонидан калатакланганлиги, бундан олти ой олдин бўлган, бу ҳақда мен депутатлик сўровини бир неча депутатнинг имзоси билан Олий кенгашнинг президиумига, ҳамда прокурорга йўлладим, бугунгача жавоб йўқ, Турсунов, Рўзимуродовнинг бошига тушган балолар ҳурматли президентимизнинг топшириғига мувофиқ бўлса керак, нега биз энди инсон ҳуқуқи, депутатларнинг ҳуқуқи поймол бўлаётганлигини тан олишни ва буларни тўхтатишни истамаймиз, дейди. [26]

Булунғур сайлов округидан миллатвакили Салимов такидлашича, биринчи сессия олти-сакиз кун давом этган, кейин уч кун бўлди, энди ҳаммаси бир кунда тугаяпти, қонун 5 ёки 10 минутда битта одамнинг информацияси билан қабул қилинаяпти, бу нотўғри, актуал масала кўрилган пайтда “ёпиқ”, кундалик масала “очиқ” овозга қўйилиши керак, қўшимча микрофон бўлиши керак, электроник таблони текшириш зарур, шу ерда “Халқ сўзи” газетасининг редактори Аҳмаджон Мухторовни бизлар ҳаммамиз давлат арбоби, деб сайладик, редактор қилиб, лекин кечагида Раёсат уни ишдан олиб ташлади, у кишини ўзини эшитайлик, Конституциянинг бузилмаслиги учун суд, КГБ, ҳарбий комиссариат тўғрисидаги масала ҳаммаси Раёсатга эмас, асосий сессияга кўрилиши керак, Шавкат Муҳитдинович (Йўлдошев), сиз “Муҳокамани тўхтатамизми?”, десангиз, икки томондан иккитаси туриб “Тўхтатамиз” дейишади, сиз шуларга қараб, “Тўхтатамиз” дейсиз, бу нарсаларни қайтадан қaрaб чиқиш кераклиги ҳаққида гапирган. [27]

Қумқўрғон сайлов округудан Алиев, Ошкоралик қўмитаси призидиум томонидан тугатилди, кейин навбатдан ташқари сессиядан олдин қўмита яна қайтадан тикланди, ваҳоланки қўмитани тугатиш ёки унинг таркибига ўзгартириш киритиш фақат сессиянинг вазифасига киради, раисга юборган депутатлик сўровимга жавоб йўқлиги, 18-21 август кунлари мамлакатда давлат тўнтариши бўлди, бизда уни ким қўллаганини халқ билсин, бу борада бошқа жумҳуриятларда бўлгани каби бизда ҳам депутатлар бу масалани муҳокама қилиб, ўз фикрларини билдиришларини илтимос қилардим, чунки мен ўзим “Ахборот”да кўрдим, мана шу ерда ўтирган катта мансабли депутатлар Янаевнинг Ўзбекистон ва Қозоғистонда тартиб бор, деган гапларига шайдо бўлиб сўзлашларига тушинтириш беришлари зарурлиги ҳақида гапиради. [28]

45-сайлов округи, миллатвакили Бахтиёр Қодиров, мана президентимиз айтганларидек, республикамизда иқтисодий аҳвол жуда оғир, иқтисодий томондан қаёққа кетаяпмиз, депутатлар хабардор эмас, республикамиз иқтисодий борада дунёдан четланиб қолди, бизлар янада марказлаштириш йўлидан кетаяпмиз, тадбиркорликни ривожлантирамиз, деймизу лекин амалда ҳеч гап йўқ, шунинг учун мен таклиф қилардим-ки, бугунги сессияда албатта президентимиз ҳозирги иқтисодий аҳвол ва қандай йўлдан борамиз, деган мавзуда аниқ, батафсил информация берсинлар, қаёққа кетаётганимзини билиб, ўшандан кейин президент сайлови ҳақидаги қонунни ва кимни тавсия қилиш масаласини кўрсак бўлади деб амалда Каримовнинг иқтисодий Дастури йўқлигини, унинг тадбиркорликка, яъни демократиянинг замини бўлмиш эркин бозор муносабатларига тўсиқлар барпо қилаётганини ошкор этган. [29]

Тошкентлик миллатвакили Муқаддам Умарова ўз сўзида, иккита масала қўшимча равишда кун тартибига киритилмоқда, бу президент сайловининг вақти ва президентликка номзод кўрсатиш ҳақида, ҳали президент сайлови борасидаги қонун қабул қилинмасдан, бу масалалар кун тартибига киритилиши мумкин эмаслиги, бугун қўлимизга берилган қонун лойиҳасининг 25-моддасида президентлика номзод Олий Кенгаш томонидан ва сиёсий партиялар томонидан кўрсатилиши айтилгани, мазкур қонун лойиҳасида президент сайлови Олий Кенгаш ва президиум томонидан белгиланиши айтилган, балки бу ҳам муҳокама жараёнида ўзгарар, лекин биз қонун қабул қилингани каби ундан келиб чиқадиган масалаларни кун тартибига киритмоқдамиз, дейди. У давом этиб, иккинчидан, Ислом Абдуғаниевич, вице-президент вазифасини йўқотиб Бош вазирни тайинлаш масаласини кун тартибига киритдилар, бу масала ҳали Конституцияга киритилмаган ва биз буни кун тартибига қўшмоқдамиз, демак, аввал Конституцияга ўзгартириш киритиш ва ундан кейин бу масалани кўришимиз керак, мен бугун бу масални кўтаришга қарши эмасман, аммо қонун қоида бўйича қилайлик ишларимизни, деб Каримов ва унинг малайларини ҳокимиятни тўлиқ қўлга олиш учун шошилиб қонун бузарликлар амалга ошираётганини юмшоқ шаклда ошкор этади. [30]

“Мазкур сессияда “бу коммунистларнинг фитнаси”, дея Каримовни ҳимоя қилиб сўзга чиққан депутат Салай Мадаминов”, (Шайбонихон даврининг улкан шоири ва давлат арбоби Муҳаммад Солиҳ номини ўзиники қилишга уринувчи қаллоб) кейинроқ ўзининг хамелеонлик хислатига кўра бошқа “носамимиятга қарши чиққанлиги” нуқтаи назарни олдинга сураётганини манбалар асосида Жаҳонгир очиқлайди. [31]

Сурхондарёлик миллатвакили Амирқулов, миллатвакили Марат Зоҳидовнинг Шукрулло Мирсаидовга қарши, Москва “десантчиларидан” бўлган Ефимовни нимадир деганига таяниб, гапирган туҳмат иддаосига қарши, «у одамда мансабпарастлик йўқ», Мирсаидовни ишбилармонлиги, ўзгаларга ҳамдардлиги   борасида гапиради. Самарқандлик миллатвакили Маҳмудов минбарга чиқиб, президентга ёздим, жавоби йўқ, Жўрабековга ёздим, жавоби йўқ, давлат Радио Телевидение раиси Ганжа Ёқубовга ёздим, жавоби йўқ, мен илтимос қиламан, улар ҳар бир сессиянинг охирида мана шу ерга чиқиб саволларга жавоб беришсин, дейиши, Каримов ўрнатаётган зулмкорлик тузумида арз, шикоятларга ўрин берилмаслиги, фуқаролар, ҳатто Олий Кенгаш миллатвакилларига ҳам, яккаҳоким ва унинг малайлари, кўппаклари қилаётган ишлардан фақат “хурсанд” бўлишга ҳақлари борлиги борасида гапиради. [32]

Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон сайлов округидан сайланган миллатвакили, вице-президент Шукрилло Мирсаидов: “Ўртоқлар, энг аввал ҳам бор мен сизларни ҳамжиҳатлик, бирликка чақирмоқчиман. Чунки ҳаммамизнинг орқамизда халқ турибди. Биз ҳамжиҳат бўлмасак, бир-биримизни қўллаб қувватлмасак халқ бизни кечирмайди. Энди ҳалиги кўтарилган масалалар бўйича. Бу ҳам халқ душманларининг иши. Қачонгача Москвадан келиб бизларга ақл ўргатади? Бунақа маломат тошлари мени бошимга жуда кўп тушган. Мен билан бирга ишлайдиган одамларнинг ҳаммаси билади… Бир иккита корхоналарининг, шу оғаларимиздан бўлган раҳбарлари Тошкент шаҳрига четдан ишчи олиб келганда бу ишчи кучи келишига қарши чиқиб, буни йўқ қилиш мақсадида 16.800 сўмдан налог чиқарганимизда улар бизнинг ҳуқуқимизга қарши чиқаяпти, деган. Чунки Тошкент шаҳрида ўзбеклар камайиб кетган вақт эди. Ана шунда Бош прокуроргача ёзиб, жиноий ишлар ҳам қўзғатмоқчи бўлишган… Бугун сизлар муҳокама қилаётган гапларни мен бир йил олдин айтганман. Орқаваротдан эмас. Президент кенгашида айтганман… Лекин ана ўша Ефимов, ундан кейин Берков дегани… Ефимовлар гап тарқатди ўшанда ҳам Мирсаидов амал талашаяпти, деб. Ана ўшанда Бош вазирлик тугатилиб Президент ҳузурида Вазирлар маҳкамаси тузилди ва вице-президент вазифаси жорий этилди. Мана шунда ҳам гап чиқмасин, қачонгача ўзбек халқига тавқи лаъанат келадики, булар амал талашадиган экан, қачонгача булар бир-бирининг устидан, орқасидан гап қилиб юрар экан деб, тишни тишга қўйиб, нима дейилса ўша деб келдим. Лекин ўз вазифамни халқимни олдида виждонан ҳалол, рўйростлик билан айтиб ўтаманки, бажариб келдим. Кейинги пайтда бир хил гап сўзларга киришиб мани практик ишлардан узоқлаштиришлар ҳам бўлди. Бу менга зарар бўлгани йўқ. Бу иқтисодга зарар келтиришини ман президентга ҳам айтдим… Сизлар мени Совмин раиси қилиб сайлаётганларингизда ҳам айтганман. Сайласаларинг ҳам шу ишни қиламан, сайламасаларинг ҳам деб. Шунинг учун мен қаерда ишлар эканман, ўзимнинг халқимга, ўзимнинг юртимга хизмат қиламан. Шунинг учун манга амалинглар керак эмас… Мана вице-президент дейдими, бало дейдими, баттар дейдими, амал деган нарса керак эмас… Мен ҳеч қачон, ҳеч кимга бўйсуниб ишламаганман, ишламайман ҳам. Мен ҳалиги, тиз чўкиб яшагандан кўра, тик туриб ўлишни хохлайман. Шунинг учун эътиборларинга раҳмат, мани тинч қўйинглар”. [33]

Ш. Мирсаидовнинг бу нутқи унинг ҳақиқатда на фақат кучли иқтисодчи, иқтидорли бошқарувчи, балки миллатпарвар, олижаноб инсон эканлигини яна бир бор кўрсатади. Лекин у Каримовнинг виждонсиз, ўта айёр ва фирибгарлигини унитиб, унга ишониб, (сессиядан илгариги кеча Каримов уни чақириб, у билан «отамлашиб», унга вице-президент вазифаси бекор қилиниши сабаб, премьер-министр вазифасини, берилишини ваъда қилган) сиёсий «донки-ходлик» қилгани ва бунинг оқибати шу кунгача Ўзбекистон ва ўзбек миллатининг аянчли аҳволида кўринмоқда. Жаҳонгир Маматовнинг эслаши: «Мирсаидов минбардан тушиб зални ташлаб чиқиб кетди. Бу эса унинг ҳам сиёсий ва ҳам шахсий ҳаётига зулмнинг зарбаси тушиши учун йўл очди». [34]

Ш. Мирсаидовнинг сиёсий «донки-ходлиги» ва Салай Мадаминовнинг эса сотқинлиги туфайли сессияни «давоми юқорида сўзга чиққанларни қоралашга айланиб кетган» ва бу сессияга бугунга қадар берилган уч баҳо борлигини такидлайди Маматов. Биринчиси, “бу коммунистларнинг фитнаси”, дея Каримовни ҳимоя қилиб сўзга чиққан Салай Мадаминовнинг нуқтаи назари (кейин у бу қарашини «носамимиятчиларга» ўзгартирган). Иккинчиси, Марат Заҳидовнинг иддао бўлиб, у бу ишнинг ортида Москва турибди, деб Каримовни ҳимоя қилиб сўзга чиққан, ҳудди С. Мадаминовга ўхшаб. Учинчи иддаони, Каримов ва унинг малайлари сессиядан олдин ҳам, кейин ҳам жуда кўп, “бу сессияни тошкентликлар уюштирди ва уларнинг Каримовга қарши фитналари бўлиб, бошида Мирсаидов турганди”, деган фикрни тарқатишди. Ҳақиқатда бу Тошкент, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Бухородан сайланган ватан, халқ манфаатларини, демократия йўлини ва унинг шакллана бошлаган асосларини сақлашни истаган миллатвакилларининг Каримовни яккахокимлик, жазокорлик (репрессив) сиёсатидан ҳимоя қилшлари эди. Бу Каримов ва унинг яккаҳокимлик сиёсатига қарши чиққанларга тарафдорлар, хайрихоҳлар бошқа вилоятлардан сайланган         миллатвакилларининг ичида ҳам анча-мунча эди. Лекин юқорида қайт қилинган сиёсий сотқинлик (Салай Мадаминовнинг) ва сиёсий «донки-ходлиги» (Шурирулло Мирсаидовнинг) уларнинг шаҳтини қайтарди, руҳини тушириб юборди. Бу эса Каримов ва унинг малайларининг кучайишига ва ютишига омил яратган.

Шу сессиядаги ватанпарвар, демократ миллатвакилларнинг Каримов бош бўлиб яратаётган яккаҳокимлик, зулмкорлик тузумини аёвсиз танқид қилишлари, демократия йўлини, унинг асосларини сақлашга уринишлари умуммиллий аҳамиятга молик ва тарихга ўзбекларнинг демократия, Конституция ва қонунлар, инсон озодликлари ва ҳуқуқларини устиворлигига интилишининг улкан сиёсий ва жонли ҳаётий кўриниши сифатида кирди. Бу миллатвакилларининг асл ватанпарварлик тарихий ишида Жаҳонгир Маматов муҳим рўл ўйнагани ва китоблар ёзиб ушбу тарихий ишни моҳияти, аҳамиятини очиқлагани аниқ.

 Ўзбекистон зулм, талаш, порахўрлик вақириш исканжасидан озодлик, ҳуқуқийлик, фаровонлик сари

Ўзбекистон Олий Кенгашининг 1991 йил 30-сентябрь 7 – сессиясидаги демократ, ватанпарвар миллатвакилларининг демократия йўлини, унинг асосларини сақлашга уринишлари жараёнида, Каримов яккаҳокимликка эришса, бу мамлакат ва халқ учун жуда оғир оқиботларга олиб келиши ҳақидаги башорати нақадар тўғри бўлганлигини ўтган йиллар тасдиқлади. Мамлакатда демократия ёки яккаҳокимлик, миллатга, фуқароларга хизмат қилувчи мустақиллик ёки зулмбоши, унинг оила аъзолари, малайлари бебошликларини таъминловчи “мустақиллик” ўртасидаги курашда, яккаҳоким, зулмбошининг мунофиқона “ғалабаси” қайси сабабларга кўра амалга ошганини, қандай фожиавий натижаларга олиб келганини Жаҳонгир Маматовнинг ижод маҳсуллари рўй-рост кўрсатади. У ўз роман, қисса, ҳикоя, эссе, латифалари ила   ўзбекнинг жафокаш тақдирини, занжирбанд ҳаётини, кундалик дардларини, ҳур ва фаровон бўлиш учун интилиши, курашини мураккаб ҳаётий моҳияти, жонли кўринишларини моҳирона ёрита олди. Унинг “Озодлик”, “Америка овози” ва “ББС” радиоларида фаолият кўрсатган даврида ёзган китоблари, мақолалари, тайёрлаган суҳбатлари ўзбек дардларини давосини, машаққатларини ечимини излаш ҳаққонияти дейилса муболаға бўлмайди. Унинг АҚШда Демократик Ўзбекистон Конгресси мустақил ноҳукумат ташкилотини тузиб, бир-неча йил унга раҳбарлик қилиши, “Туронзамин” сайти, “Жаҳоннома” блогини гўзал тарзда, хозирга қадар юргазиб келаётгани ўзбеклар қалбига инсонпарварлик, демократия, адолат, ҳаққоният уруғларини сочиш ва уларнинг униб чиқишига қўшилган ва қўшилаётган салмоқли, олижаноб хизматдир.

Каримовнинг зулмкор тузуми, Ўзбекистон мустақиллигининг моҳияти ва мақсадларидан келиб чиқувчи Ғарб мамлакатлари халқлари каби озод, фаровон, тараққий этган ҳаётни истаган, меҳнаткаш, билимли ўзбеклар, ўзбекистонликларни, ўта камбағал, кам билимли, қулларча таъқибланувчи ва қўрқиш исканжасидаги оломонга айлантирди. Мамалакат иқтисодини эркин бозор муносабатларига ўтказиш ислоҳатини амалга оширишга қодир, забардаст иқтисодчи ва иқтидорли давлат арбоби Шукрилло Мирсаидов қувғин қилинди. Каримовнинг ижтимоият, иқтисодиёт соҳаларида ўта билимсизлиги ва   болалик чоғлари Етимлар Уйида, унинг бутин жисми, руҳи, иродасига синган очкўзлик, тўймаслик у ҳокимиятни қўлга кириткач Ўзбекистон саноатини, иш жойларини сақланиши, иқтисодий тараққиёти учун ҳаётий зарур корхоналарни, заводлар, фабрикаларни “хусусийлаштириш” баҳонаси билан, оқибатни режаламасдан сотиб юборишида кўринди. Чунки ҳақиқий хусусийлаштириш корхоналарнинг ишлаб чиқариш унимдорлиги, ишлаб чиқариш хажмини оширади. Четдан маблағлар (инвестициялар) келишига катта йўл очади. Ўзбекистонда бунинг мутлақо акси бўлди ва улкан саноат корхоналари, заводлар, фабрикалар йўқ қилинди. Жаҳонгирнинг кўрсатмаси: “Ҳамма вақт биринчидан, иккинчидан деб саналган муҳим масалалар қоғозда қолиб кетади. Амалда эса тамоман тескариси қилинади. Яъни байрам олди сессияси ўз-ўзини ва ҳамда бошқаларни ҳам алдаб туриш анъанасига айланди. Мазкур сессияларда ўнлаб масалалар кун тартибига қўйилади ва қадаҳни ютиб юборган каби тез қабул қилинади. Депутатлар у ёқда турсин ҳатто президентнинг ўзи ҳам бу сессияларда қандай қонун қабул қилинганини айтиб беролмаса керак. Диктатура касали шунақа, одамлар нима қилаётганларини билмаганлари каби нима қилганларини ҳам билмайдилар”. [35] “Ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тараққиётнинг мувафаққиятли” Каримов модели миллатнинг озод ва фаровон Ғарб мамлакатлари сари интилишини барбот этиб, унинг ўрнига таназзул, қашшоқлик, қолоқлик, ибтидоийлик, қўрқув ботқоғини ўрамасига туширди.

Каримов халқни қўрқув ва тобеликда ушлаш истагида, илгари “қора кучларни”, сўнг эса “террорчиликни” рўкач қилиб минг-минглаб демократия, адолат, ҳақиқат истаганларни ёстиғини қуритди. “Ҳақиқатгўйларни қатағон қилдирди, алдов усталарини атрофига жамлади. Ёлғон, ёлғон ва ёлғон унинг сиёсий қуроли бўлди”, – деб ёзди Жаҳонгир. [36] У тинч норозилик митинг, юриш, пикетлар ўтказувчи фуқароларга қарши кўп маротаба куч ишлатар тизимларни қўллаб, уларни оттирди, қирдирди. Бундай ёвузликлар, 1989-90 йиллар Наманган, Қўқон, Паркент, Бўка, Денау ҳудудларида кузатилди. 1992 йил январида Тошкентнинг олийгоҳлар шаҳарчасида талабаларнинг тинч чиқишлари ўққа тутилди ва шаҳарча эса қўпорилди.

Жаҳонгир Маматовнинг бевосита Паркент қонли воқеаларини ўрганиб, улар ортида Каримовни шахсий буйриғи асосидаги режа ётганини ва бу ҳунрезлик унга “мухолиф” ташкилотларни тақиқлаш учун кераклигини аниқлаган. “Биз комиссия ишини давом эттирар эканмиз, Примқул Қодиров бир ҳисоботни кўрсатиб, шунга қўл қўйишимизни, масалани битиришимиз керак эканлигини айтди. Ўқиб кўрсак, комиссия “ҳукумат талашиб юрган тўдалар”нинг айби билан қон тўкилгани ва бундай ҳаракатларни таъқиқлаш зарурлиги хулосасига келгани айтилган. Жанжаллашиб қолдик. Мен бошқа ҳисобот ёздим. Аммо кўпчилк Примқул Қодиров тақдим этган ҳисоботга имзо чеккани учун, ўша ҳисоботни олиб, остига қўлим билан унинг ёлғонлигини ва гап нимада эканлигини илова этиб қўшимча ёздим. Қарангки ўша кезда барибир довюраклар топиларди, бу раддиямни қўллаб тўрт киши имзо чекди”, – деб ёзади Жаҳонгир. [37] Каримовнинг оддий фуқароларга қарши амалга оширган бошқа жинояти ҳақида миллатвакили Дадахон Ёқубовни Жаҳонгирга айтгани: “-Жигаристонга бориб (Тошкент вилояти), қишлоқни тупроқ босиб қолишини ўргандим. Мутахассислар бир неча марта юқорига хат ёзиб, хавфдан огоҳ этишган экан. Агар олди олинса, шунча одам ўлиб кетмасди. Президентга кириб, “Жиноятчи шу ерда экан, сиздан хатни яширишган” деганимни биламан. “Жаҳонгирни душман дер эдим, сен етти марта зиёд душман экансан!” деб сўкиб тепа кетди…”. [38]

Жаҳонгир Маматовнинг бевосита 1992 йил январида Тошкентнинг олийгоҳлар шаҳарчасида талабаларнинг тинч чиқишларини кузатиб, билиб ёзгани:                   “Талабалар шаҳарчасида студентларнинг олдида туриб “Ур” деб бақираётган йўлбошчиларни Паркент, Фарғона воқеалари ёзилган тасвирлардан ҳам топдик. Улар соқол қўйиб олган КГБ чилар эмасми?… Репортажларни кўраркан, вужудимни титроқ босди. Беш-олти миршаб бир қиз талабани судраб кетишмоқда. Уч-тўрт ОМОНчи эса бир талабани ерга ётқизиб тепишмоқда. Талабалар ётоқхоналардан бирига бостириб кирган миршаблар душ қилаётганларни ҳам калтаклашганини айтишмоқда, деразадан бошини чиқaраган талабага қарши ўқ узишганини ваҳима билан ҳикоя қилишмоқда. Наҳотки, шу даражада ваҳшийлашиб кетдик?… Табиийки президентнинг кўрсатмаси бўлмаса прокурор бормайди. Бундай шароитда таҳдиддан бошқа нарсани билмайдиган Бўритош Мустафоевни юборишни қандай тушиниш керак? Талабаларни қиздириш, бу ҳам фитна. Демак, юборган одам шуни истаган”. [39]

2005 йил май ойида Андижонда ҳокимият тарафидан “президент” билан учрашувга чақирилган ва тинч норозилик митингини ўтказаётган аҳоли аёвсиз қирилди, яъни геноцид амалга оширилди. 2010 йил июнь ойида, Каримов, тинч ўзбекларга қарши қирғиз фашистлари амалга оширган, Ўш-Жалалобод қирғинини, геноцидини тайёрлаш ва ўтказишда мудҳиш рўл ўйнади ва у хозиргачан жимиттон Қирғизистонда ўзбекларни тақиб ва таъзиқларини қўлламоқда. [40]

Энг даҳшатли ҳолат, амалда Ўзбекистон Каримов тарафидан катта қамоқхонага айлантирилганидир. Каримовнинг зиндонмаконларида, МХХ, ИИВ, прокуратура, суд органларининг ҳамма поғоналарида қийноқлар ва бошқа зўравонликлар, ноинсоний, қадрни букувчи муносабат ва жазолар кундалик қонли амалиётдир. Аҳоли ўртасида Каримов ўзи қийноқларда иштирок этади деган гаплар юради ва уни “қийноқлар қироли” ҳам дейишади. [41] “Сирли ўлимлар” ҳақида ҳам эл ўртасида турли гаплар мавжуд: собиқ СССР халқ депутати ва Ўзбекистон Олий Кенгашининг миллатвакилларини рўзномаси “Халқ сўзи”ни илк бош муҳаррири Аҳамаджон Мухторов (57 ёш), ёзувчи Эмин Усмон (55 ёш), Ўзбекистон Олий Кенгашининг миллатвакиллари Тойиба Тўлаганова (41 ёш), Иномжон Турсунов (49 ёш), Шовруқ Рўзимуродов (44 ёш)… Бу ҳақда Жаҳонгир ёзади: “Манбанинг айтишича “хумордан чиқиш” ва таниганларини дўппослаб келиш учун Ислом Каримов Ички Ишлар вазирлигининг ертўласига бориб туришини президент девонидагилар яхши билишар экан. Агар 1991 йилнинг кузида Олий Кенгаш раиси А. Йўлдошевни тепкилагани, ўшанда Савдо вазири бўлган Мираброр Усмоновни ургани ва Бош вазир ўринбосари Бахтиёр Ҳамидовни дўппослаганини кўрмаганимда бу гапларга ишонмаган бўлардим”. [42]

Шовруқнинг қотилини биламан!

Зулм чоғи улус нечун жимлигини айтиб кетдинг,

Эл юраги зардоб билан лимлигини айтиб кетдинг,

Тиллар музлаб, диллар музлаб ётган бир пайт,

Миллаткуш ким, асл қотил кимлигини айтиб кетдинг!

Хоинларга қўрқмас йигит ўлмаслигин кўрсатдинг,

Ёлғон-ботқоқ, бу йўллари йўлмаслигин кўрсатдинг,

Ўзбек авом, бу халқ билмас ўзлигини, деганга,

Шовруқ каби лочинлари гўлмаслигин кўрсатдинг! [43]

Ғарбчилик билан бирга туркчилик, Туркистон якдиллигининг, дунё туркий халқларини бирдамлиги, дўстлиги, иттифоқи борасидаги миллат орзуси ва истагини зулимбоши, унинг малайлари ва кўппаклари барбот қилдилар. Лекин миллат орзуси ва истагни буткул йўқ қилиб бўлмаслигини ҳаёт кўсатмоқда. Шу муносабат билан ҳаётий бир воқеа ёдимга келди. Уйимга меҳмонлар келишган, биз дастурҳон устида дардлашиб, отамлашиб ўтириб турли мавзулар борасида фикр алмашдик. Суҳбат қизиган бир пайт ўзбек адабиётини “билимдонларидан” бўлмиш меҳмонлардан бири, менга сиз иҳлос қўйган ва доим тарғиб қилувчи Жаҳонгир Маматов “адиб сифатида журналистика даражасида тўҳтаган, асл насрга ўта олмади”, – деди. “Мен, бу фикрга қўшилмайман, Жаҳонгир журналистикани ҳақиқатда дардли наср даражасига кўтарди”,- дедим.

Ҳамда компьютерни очиб мана исботи деб, Жаҳонгирнинг, “Ўзбеклар ва ўзбеклар” китобидаги, бир муддат АҚШда истиқомат қилган ажойиб ўзбек шоири ва муаллими Эргаш Учқунга бағишлаган “Учқуннинг Алангаси” номли, менга жуда ёқадиган эссесини ўқиб бердим: “Уйга киришингиз билан диққатингизни девордаги дутор ва танбурлар тортади. -Буларни ким чалади? – сўрайман ундан. Эргаш ака жавоб ўрнига дуторни олиб шунақа чалдики, худди уммонинг шовиллаши ичкарига кириб келгандек бўлди. Унинг қўллари дутор торларини шу қадар шиддат билан чертарди-ки худди симлар ҳўнграб-ҳўнгарб йиғлаётгандек эди. Бирдан унинг ўзи йиғлай бошлади. Кўзларидан дув-дув оқаётган ёш дуторни ҳўл қиларади… Унинг кўз ёшлари ҳайқириққа айланди… Овозининг ўткирлиги зулфиқордай эди׃

Энам!

Энажоним!

Туркистоним, Туроним!

Элни боссин соғинчларим, гирёним!

Бундай Яратгандан истеъдод олган зот билан ёнма-ён ўтириш ҳам бир шараф эди. Унинг шеърлари, достонларини тинглаб тонг бўзариб қолганини сезмабман. У Афғонистон деган сўзни деярли ишлатмайди. Жанубий Туркистон дейди». [44] Ушбу мисраларни ўқиётганимда, адабиёт “билимдонининг”, мени ва яна икки нисбатан ёш меҳмонларни, кўзларимиздан Туркистонга, Туронга муҳаббат, соғинч ёшлари тинмай тўкиларди. Адибнинг журналистикани ҳақиқатда дардли, асл наср даражасига кўтариши шундай инсон юрагини, руҳини тўлқинлантирувчи таъсирчанликда эмасми?

Жаҳонгирнинг ижоди заминидаги инсонпарварлик, оддий кишиларнинг кундалик ҳаётий муаммоларига ечим аҳтаришидан бошлаб, то яшаш моҳиятини изловчи, борлиқ чексизликларини, ижтимоият мураккабликларини ёритиш ва озайтириш истагидаги нодир истеъдот соҳибларини уринишларини негизи сифатида намоён бўлади. Унинг асарларидаги ўзбек миллатига фарзандлик ҳурмати, муҳаббати ва садоқати ҳақиқатпарварлик, ҳаққониятлик, тарихийлик ила уйғун тарзда ўз ифодасини топган. У инсонлар, элатлар, миллатлар зеҳнияти (менталитети), анъналар билан бирга тарихий шароит асносида вужудга келиши, маърифатга, тарбияга, турмуш тарзига ҳам боғлиқлигини очиқлайди. У зулимбоши ва унинг қаттол тузумини аёвсиз фош этгани ва этаётгани учун, миллат сотқинлари, иккиюзламачи, мунофиқлардан хазар қилгани учун, унга кўпинча пинҳоний, орқасидан, гоҳо очиқ иғво, фитна тарзда туҳмат тошлари отилади. Лекин бу туҳмат тошлари, уларни отканларни бошига қайтиб тушади. Чунки ҳаққоният руҳи соҳибига, баланд қоя каби тош ета олмайди. Жаҳонгирда ўқиймиз:

Золим эрур Бугун, қиличи ҳам қон,
Ҳатто кўкка сиғмас фиғону ноланг.
Бугунни унутсанг, Эртага ишон,
Эртанинг кўнглида яшнайди боланг.
***
Дунё бугун келибдими дунёга,
У кўпни қаритган, ўлмас бир даҳо.
Ишониб қолганмиз бу гап- рўёга,
У асли ўлжасин маст этган юҳо!
***
“Исён!” деб бировга суқмасман сўзим,
Ҳатто чумолининг умри ҳам азиз.
Мен исён қиламан ўзимга ўзим,
Ўзимни енгмоғлик зафардир ҳаргиз.

Умумбашарийлик (космополитизм), глобаллашиш, туркчилик, миллийлик унинг қалами остида ўзлигини ҳаёт мураккабликлари ва воқеалар амалга ошишининг ўзига хосликлари ила юзага чиқади. Борлиқнинг бепоёнлиги, ижтимоий ҳаёт мураккабликлари бадиийлик, вазминлик, изчиллик, очиқлик воситасида тафаккур этилади. Булар эса моҳият ва шакл уйғунлиги, воқеа ва сабаб монандлиги унинг асарларида моҳирона мужассамлашишига кўмаклашади. Жаҳонгир ёзган гўзал мисралар:

Яхшилик аслида сўлим бир баҳор,
Дўсту биродарга қилки, қайтажак!
Магар унутди деб ранжима, зинҳор,
Қиш сени эзса у сўзин айтажак!
***
Йил кетиб, йил келар, севинамиз биз,
Осмон эса кўз ёш тўкади.
Ер кетиб, ер келар, тепинамиз биз,
Баҳор эса кўчат экади.

Вақтнинг ўтишини қаранг. Менинг Жаҳонгир Маматов билан илк бор кўришганимга қарийиб чорак аср бўлибди. Янглишмасам 1991 йил эди, Туркистоннинг фалсафа, шарқшунослик, маданиятшунослик илмлари ривожига улкан хисса қўшган, академик Музаффар Муҳитдинович Ҳайруллаев ва забардас исломшунос олим, фалсафа фанлари доктори, профессор Муталиб Аҳмедович Усмонов бетоб эканлари ва улар Биринчи Давлат Шифохонасида даволанаётганларини эшитиб, ҳамкасиблар, бир профессор, уч доцент бирга ўша даргоҳга бордик. Аввал Музаффар акани кўрдик, сўнг Муталиб ака хоналарига бориб, у кишидан хабар олдик. Муталиб Усмонов ўша пайт президент аппаратида ишларди. Бизга куйиниб, “каттага” бир-нечта хужжат тайёрлаб, давлат идоралари бутин кучини сарфлаб халқни ўрта аср тараф, дин йўлига тортиши, шароити оғир туман, қишлоқларда, касалхона, мактабларнинг абгор ҳолда эканига қарамай, уларни тузатиш ўрнига, янги масжидлар қурилишлари, ҳурофат маънавият кўзгуси деб тарғиб этилиши ҳато, ҳам Конституцияга хилоф, ҳам илғорликни, илмни, техникани, ишбилармончиликни ўрганиш ва ўзлаштиришдан фуқароларни, айниқса ёшларни чалғитаётгани ҳақида топширдим, лекин натижа йўқ, деб гапирди. Муталиб аканинг хоналаридан коридорга чиққанимизда, файеда Жаҳонгир, ўрта ёш ва ёшроқ икки аёл билан суҳбатлашиб ўтирганди. [38] Жаҳонгир ёнимизга келди, Муталиб ака уни биз билан таништирди. Ўзбекнинг забардас ва асл фарзандлари бўлмиш М. М. Ҳайруллаев, М. А. Усмонов оламдан ўтиб кетишди, лекин уларнинг тафаккур эркинлиги, маънавият, руҳият, ирода ҳаққонийлиги ва   шижаоткорлиги борасидаги орзулари миллатнинг ойдинлари, зиёлилари сафларида ҳаётдир.

Жаҳонгир Маматов ўткир тафаккур, нурли ҳаққоният, забардас шижоат соҳиби, ўз китоблари, мақолалари, маърузалари, суҳбатларида мустабид ва унинг зулмкор тузумини моҳияти ва мақсадларини беаёв фош эта олган, истеъдодли, забардас адиб, тилшунос олим ва оташқалб сиёсатчидир. Ҳақиқатда унинг қаламига мансуб асарлар кўп ва ранг баранг. Уларнинг тафаккур ила инъикос этган қамрови ниҳоятда кенг ва образлар, жабҳалар, мавзуларни баёни ўтли, чуқур, жонли, ўткир, ҳар тарафлама, синчиковли, ўзига хосликларни мужассами. Ўзбек миллати, ўзбекистонликлар учун энг муҳими, унинг ижодий маҳсулдорлиги, сиёсий фаоллиги Ўзбекистонни зулм, талаш, порахўрлик ва қириш исканжасида ушлаётган тузумни парчаланишига, демократик инқилобий бурилишни амалга оширишига, озодлик, ҳуқуқийлик, фаровонлик сари ўзгаришига хизмат этаётганидир.

Жаҳонгир Маматов ҳаётининг баҳтли, парвоз йиллари ҳам, мустабид тарафидан тақибга, жазокорликка учраб, ҳижратга юз тутиб, Туркия ва АҚШда яшаш даврида ҳам, ўзбек дардини ўз дарди, ўзбек муаммосини ўз муаммоси деб билган, миллатнинг асл ва забардас фарзанди! Жаҳонгир! Сизни ўзим ва мен билган, Ўзбекистон, АҚШ, Канада, Ғарбий Европа, Қозоғистон ва Россияда яшовчи муҳлисларингиз номидан таваллуд куниигиз ила чин дилдан муборакбод этаман! Сизга, рафиқангиз Роҳилахонга, тўрт тарбияли, билимли, одобли, гўзал фарзанларингизга, набираларингизга доимий, муттасил баҳт, садоқат, сҳат, мунислик, омад тилайман! Сизнинг миллат учун амалга оширган ва ошираётган ижодий ва сиёсий фаолиятингиз, Ўзбекистонни озод, демократик, ҳуқуқий, фаровон бўлишига қўшилган ва қўшилаётган салмоқли хиссадир! Сиз ва яқинларингизга нур, ҳайрихоҳлик, бардамлик, камолат ёр бўлсин!

Абдуфаттоҳ Маннопов

Манбалар:
  1. Эпиграф: Ўзбекистон, АҚШ, Канада, Ғарбий Европа, Қозоғистон ва Россияда яшовчи «Туронзамин» муҳлислари, миллатимиз фидойиларининг, баъзан «Туронзамин» объектив, Жаҳонгир Маматовга боғлиқ бўлмаган сабаблар билин тўхтаганда, ушбу сатрлар муаллифига айтган истаклари.
  2. Жаҳонгир Маматов. “ИАК”[Ислом Абдуганиевич Каримов]. 1. УМИД ёки КИРИШ ЎРНИДА
http://jahonnoma.com/2013/07/30/iak30/#more-4658.
  1.  Усман Хакназаров. Каримовский клан, уничтожающий Узбекистан.
    http://www.centrasia.ru/newsA.php?st=1120140000
  2.  Жаҳонгир Маматов. “ИАК”[Ислом Абдуганиевич Каримов]. ҚОВУН ЎҒРИСИ. http://jahonnoma.com/2013/07/30/iak30/#more-4658.
  3. Жаҳонгир Маматов. Оқсарой сирлари. http://jahonnoma.com/2008/02/25/1-24/
  4. А. Яковлев: “Страна, прочитанная заново. Вместо предисловия”. – В кн.: Л. Левитин. Узбекистан на историческом повороте. Критические заметки сторонника Президента Ислама Каримова. М., 2001, с. 5–13.
  5.  Жаҳонгир Маматов. “ИАК”[Ислом Абдуганиевич Каримов]. БИРИНЧИ СЕССИЯ http://jahonnoma.com/2013/07/30/iak30/#more-4658.
  6. Ўша асарда.
  7. Ўша асарда.
  8. Жаҳонгир Маматов. “ИАК”[Ислом Абдуганиевич Каримов]. 5. БИРИНЧИ СЕССИЯ. 25. ШОВРУҚ РЎЗИМУРОДОВ. http://jahonnoma.com/2013/07/30/iak30/#more-4658.
  9. Жаҳонгир Маматов. “ИАК”[Ислом Абдуганиевич Каримов]. 6.ЖУРНАЛИСТЛАР УЮШМАСИ: ЮТҚАЗИШ. http://jahonnoma.com/2013/07/30/iak30/#more-4658.
  10. Жаҳонгир Маматов. “ИАК”[Ислом Абдуганиевич Каримов]. 5. БИРИНЧИ СЕССИЯ http://jahonnoma.com/2013/07/30/iak30/#more-4658.
  11. Жаҳонгир Маматов. “ИАК”[Ислом Абдуганиевич Каримов]. 7. ИККИНЧИ СЕССИЯ. МУСТАҚИЛЛИК ДЕКАРАЦИЯСИ. http://jahonnoma.com/2013/07/30/iak30/#more-4658.
  12. Ўша асарда.
  13. Human Rights Watch:Узбекистан: тюрьма и пытки – для критиков режима http://www.hrw.org/ru/news/2014/09/25/uzbekistan-tyurma-i-pytki-dlya-kritikov-rezhima ; Крейг Мюррей. Человек Ее Величества в Ташкент. (Напечатано The Washington Post, перевод «Инопресса.ру» ) http://www.compromat.ru/page_22082.htm
  1. Жаҳонгир Маматов. “ИАК”[Ислом Абдуганиевич Каримов]. 7. ИККИНЧИ СЕССИЯ. МУСТАҚИЛЛИК ДЕКАРАЦИЯСИ. http://jahonnoma.com/2013/07/30/iak30/#more-4658.
  2. Жаҳонгир Маматов. “ИАК”[Ислом Абдуганиевич Каримов]. 20.ГКЧП “ҚАҲРАМОН”И. http://jahonnoma.com/2013/07/30/iak30/#more-4658.
  1.  Жаҳонгир Маматов. “ИАК”[Ислом Абдуганиевич Каримов]. 7. ИККИНЧИ СЕССИЯ. МУСТАҚИЛЛИК ДЕКАРАЦИЯСИ. http://jahonnoma.com/2013/07/30/iak30/#more-4658.
  2. Жаҳонгир Маматов. “ИАК”[Ислом Абдуганиевич Каримов]. 9. ЮЗА ЮЗ. http://jahonnoma.com/2013/07/30/iak30/#more-4658.
  3. Жаҳонгир Маматов. “ИАК”[Ислом Абдуганиевич Каримов]. 12.ОШКОРАЛИК.    http://jahonnoma.com/2013/07/30/iak30/#more-4658.
  4. Муҳаммад Солиҳ. Йўлнома. “Эрк” нашриёти, 2000. Жаҳонгир Маматов. “ИАК”[Ислом Абдуганиевич Каримов]. http://jahonnoma.com/2013/07/30/iak30/#more-4658; Яна унинг. Оқсарой сирлари. http://jahonnoma.com/2008/02/25/1-24/
  5. Дадахон Ҳасан: Муҳаммад Солиҳ деган бир олифтага(1) https://turonzamin.org/2008/11/21/dhasan/ Дадахон Ҳасан: Муҳаммад Солиҳ деган бир олифтага(2) https://turonzamin.org/2008/11/22/dhasan2/
Дадахон Ҳасан: Муҳаммад Солиҳ деган бир олифтага(3)
https://turonzamin.org/2008/11/23/dadahonh/
Дадахон Ҳасан: Муҳаммад Солиҳ деган бир олифтага(4)
https://turonzamin.org/2008/11/29/salayga4/
  1. Жаҳонгир Маматов. “ИАК”[Ислом Абдуганиевич Каримов]. 15. 7-СЕССИЯ: ДЕМОКРАТИЯНИНГ СЎНГИ КУНИ. http://jahonnoma.com/2013/07/30/iak30/#more-4658.
  2. Ўша асарда.
  3. Ўша асарда.
  4. Ўша асарда.
  5. Ўша асарда.
  6. Ўша асарда.
  7. Ўша асарда.
  8. Ўша асарда.
  9. Ўша асарда.
  10. Ўша асарда.
  11. Ўша асарда.
  12. Ўша асарда.
  13. Жаҳонгир Маматов. Тарихни титратган кунлар. Мустақиллик байрамининг анъаналари. Қарор ва кадоқ. http://jahonnoma.com/2008/03/12/tarix/
  14. Жаҳонгир Маматов. “ИАК”[Ислом Абдуганиевич Каримов]. 21.Куч адолатдами, ёки адолат кучдами? http://jahonnoma.com/2013/07/30/iak30/#more-4658 .
  1. Жаҳонгир Маматов. “ИАК”[Ислом Абдуганиевич Каримов]. 13.ПАРКЕНТ
http://jahonnoma.com/2013/07/30/iak30/#more-4658 .
  1. Жаҳонгир Маматов. “ИАК”[Ислом Абдуганиевич Каримов]. 14. ЖИГАРИСТОН ёки ДАДАХОННИНГ ҲИКОЯСИ
http://jahonnoma.com/2013/07/30/iak30/#more-4658 .
  1. Жаҳонгир Маматов. “ИАК”[Ислом Абдуганиевич Каримов]. 13.ТАЛАБАЛАР ШАҲАРЧАМСИ http://jahonnoma.com/2013/07/30/iak30/#more-4658.
     40. Жаҳонгир Маматов. Тарихнинг қора кунлари. ЎШ ҚАРТАСИ.
https://turonzamin.org/2015/06/10/ushqartasi/#more-11643
    41. Жаҳонгир Муҳаммад. Каримовнинг кирдикорлари. 6.”ҚИЙНОҚЛАР ҚИРОЛИ”. http://jahonnoma.com/2007/12/01/1-3/
   42.Жаҳонгир Муҳаммад. Каримовнинг кирдикорлари. 12. СИРЛИ-СИРЛИ ЎЛДИРИШ. http://jahonnoma.com/2007/12/01/1-3/
  43.Жаҳонгир Маматов. Тарихни титратган кунлар. Тарихни титратган кунлар. Саддам сабоғи. http://jahonnoma.com/2008/03/12/tarix/
44. Жаҳонгир Маматов. Ўзбеклар ва ўзбеклар 83. УЧҚУННИНГ АЛАНГАСИ http://jahonnoma.com/2007/12/01/1-6/