Тарихнинг қора кунлари

ЎШ ҚАРТАСИ

 “Озод Осиё” радиоси саволларига жавоблар

МУХБИР׃ Қирғизистондаги воқеаларга қандай сабаблар омил бўлган деб биласиз?

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Аввало шуни айтиш керакки, воқеаларнинг бевосита иштирокчиси бўлиш бошқа ва воқеалар ҳақида билвосита манбаларга таяниб хулоса қилиш бошқа. Бизнинг хулосаларимиз иккинчи ҳолга яқин бўлгани учун ҳам субъектив характерга эга бўлади.

Айни пайтда Каримов каби битта нарсани кўрсатиб, сабаб мана шу деб туриб олиш-яъни айбни кўринмас ”учинчи куч”га юклаб қўйиш- бу туллак сиёсатнинг иши.

Менинг олисдан туриб, шахсий кузатувларимга кўра, Қирғизистонда юз берган қирғин ортида бир қанча жиддий факторлар бор. Кўрганларим, ўқиганларим ва эшитганларимни жамлаб, бу факторларни қуйидаги тартибда жойлаштирган бўлар эдим׃

1. Ҳукумат учун жанг

2. Каримов режимининг аралашуви

3. Ташқи дунё таъсири

4. Миллий-тарихий низолар

5. Диний, ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий муаммолар йиғиндиси

6. Мафия ёки қонундан ташқари кучларнинг қутқулари

7. Қирғизлар орасидаги ички низолар

8.Ўзбеклар орасидаги ички низолар

Воқеалар бир кунда онийдан бошланган эмас ва бу анча вақтдан бери давом этиб келаётган жараёнларнинг эскалациясидир.

МУХБИР׃ Ўзбеклар орасидаги ички низолар дедингиз, қисқа бўлсада бу гапни изоҳлай оласизми?

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Мен рўйхатни сабаб бўлган факторларнинг энг кўпидан энг озига қараб туздим. Ўзбеклар орасидаги ички низоларнинг воқеаларда жуда оз улуши бор.

Ҳамма жойда бўлгани каби Қирғизистон жанубидаги ўзбеклар орасида ҳам иттифоқ йўқ эди. Ҳатто Ўзбеклар жамиятининг ўзи ҳам иккига бўлинганди. Ҳукумат тарафдори ва ҳукуматга қарши кучлар орасида йиллардир тортишувлар мавжуд. Шунингдек, бизнес дунёсида ҳам ички жанжаллар мавжуд бўлган. Баъзи ўзбеклар қирғиз тўдаларига қўшилгани ҳақида ҳам маълумотлар мавжуд. Масалан, жуда кўп такрорланган манзара׃ бир уйга босиб кирган жиноятчилар онадан ёки отадан ўғлининг қаердалигини ва топиб беришни талаб қилишган. Савол туғилади׃ тоғдан келган жиноятчилар ўзбеклар зич яшайдиган маҳалладаги ҳовлида яшаётган ота-онанинг ўғли кимлигини қаёқдан билишади? Хуллас, бу омил ҳам бор ва бу жараёнлардаги энг кучсиз занжирдир. Лекин баъзан кучсиз занжирнинг ҳам ўрни сезилади. Бирлик, иттифоқлик бўлмаган жойдан қут-барака кетади деган қадимий гап бежиз айтилмаган.

МУХБИР: Каримовнинг аралашуви дедингиз? Буни батафсилроқ баён эта олмайсизми?

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД: 1990 йилларнинг боши эди. Бир куни Каримовнинг хонасида ўтирганимизда, у Акаев билан гаплашмоқчи бўлди. Англашимча, телефонистка Акаевнинг ёрдамчиси унинг мажлисда эканлигини айтганини билдирди, Каримовнинг бирдан жаҳли чиқди ва “Ўша помошнигини боғла!” деди. Кейин унга׃

-Акаевингга айтиб қўй, керак бўлса эртагаёқ Ўшни унинг бошига қалпоқ қилиб кийгизиб қўяман  ва остидан чиқа олмай қолади,-деди.

У русчалаб гапирган бўлсада, “калпак” деб сўзни ишлатди. Кейин телефонни қўйиб бизга Елцин ликопча дея Акаевнинг тақир бошига қошиқ билан ургани ҳақидаги латифани айта бошлади. Латифа тугамасдан Акаев телефон қилиб қолди. Қандайдир илиқ гаплар айтди, шекилли, Каримов жаҳлидан тушиб, жилмайиб суҳбатни давом эттирди.

Бу воқеа ҳақида китобларимдан бирида ёзганман. Ўшандаёқ Каримовнинг хаёлида “Ўш қартаси” борлиги ва буни бир кунмас – бир кун ўйнаши бугунга келиб ойдинлашиб бўлди. Саҳнада турган милтиқ бекорга турмаслиги аниқ. Демак, Каримов ўшандаёқ 1990 йил воқеаларини “милтиқ” қилиб елкасига осиб олган. Буни Акаев ҳам билган, Бакиев ҳам.

Шунинг учун ҳам Акаев Каримов бу “милтиқ”ни ишлатиб қўймасин деб  Ўшни алоҳида эътиборда тутган ва Каримовга қарши кучлар бу минтақада жойлашувидан фойдаланишга уринган. Бир томондан кўз юмиб, иккинчи томондан Каримовга бу минтақада “овчилик қилиш”га рухсат бериш билан ўзини қутқазиб юрган.

Бу масаланинг умумий жиҳати.  Лекин бошқа жиддий нарсалар ҳам бор. Ислом Каримов 2010 йилнинг 26 май куни  қаерда эди? У ўша куни Андижонга борди ва ҳарбий қисмларда бўлди. Яъни қирғиндан икки ҳафта олдин.

Энди бир йил олдинга назар солинг.  Тошкент тарқатган хабарларга кўра, 2009 йилнинг 26 майга ўтар кечаси Андижон вилоятининг Қирғизистон чегарасига яқин Хонобод шаҳарчаси милиция назорат нуқтасига бир гуруҳ қуролли кишилар ҳужум уюштирди,  26 май куни туш пайтида эса Андижон шаҳридаги Фитрат кўчасида бир шахс ўзини портлатиб юборди.

Воқеадан 15 кун кейин Каримов Андижонга борганди ва Хонободда бир милиционер, Андижондаги худкушлик ҳужумида яна бир милиционер ҳалок бўлганини айтиб, Қирғиз ҳукуматининг бефаросатлиги, шундай ҳолатларга кўз юмаётганига шаъма қилиб, бундан кейин “ўзимизни ўзимиз ҳимоя қиламиз, бундай нарсалар эътиборсиз қолмайди” деган эди.

Табиийки, у ўшанда Бакиев билан жиддий гаплашган. Бакиевга ҳам “Ўш қартаси”ни эслатган. Лекин Вашингтон ва Москва орасида “ҳаволарда учиб юрган” Бакиев Каримовни жиддийга олмаган.

Кейин “Ўшни радикаллардан тозалаш” ҳақидаги ташвишларини Москвага ҳам уқтирган ва бу Россиянинг манфаатларига уйғун тушган- агар ўзбек ва қирғиз орасига раҳна солинса, Туркий бирлик яна узоқ йилларга орқага кетиши мумкин. Шундан кейин Москва билан биргаликда кенг кўламда тайёргарликлар бошлаб юборилган.

2009 йилнинг охири ва 2010 йилнинг бошидан эътиборан Тошкент тинмай анти-қирғиз кампанияси юрғизди. Баъзилар буни Ислом Каримов раҳбарлигида яратилган “Буюк ўзбекчилик мафкураси” доирасида амалга ошаётганини айтсалар, айримлар иқтисодий қийинчилик шароитида халқнинг диққатини душманга қаратиш билан чалғитиш (1991, 1994, 1999, 2005 воқеаларини эсланг-Ж.М.)  сиёсатининг давоми демоқдалар. Қишнинг изғирин кунларида Қирғизистонинг газини узиб қўйишдан тортиб, матбуотда қирғиз мулозимларидан бошлаб, оддий халқигача уларни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилиш   ана шу сиёсатнинг бир парчасидир.

Агар бу сиёсат фақат ўзбекча бўлганда эди, фақатгина ичкаридаги халқ учун деб талқин этиш мумкин эди. Лекин қирғизлар ҳақорат қилинган мақолалар олти ой давомида рус тилида ёзилиб, русча сайтларга жойлаштирилди. Қирғиз армиясининг мансублари, ҳуқуқ тартибот идоралари мулозимлари очиқчасига ҳақорат қилинди ва ҳатто уларнинг эркак эканликлари савол остига тортилди. Бундай мақолалар Ўзбекистон ҳукумати идораларида тайёрланганини эса  ҳукуматнинг биттагина  сайтидан олинган қўлимдаги юзлаб мисоллардан бир нечтаси ҳам исботлайди׃

Голод или провокация?

14.05.2010/14:12

http://www.press-uz.info/index.php?title=home&nid=42&my=052010&st=0

08.04.2010/09:00

Кыргызская военщина пытается взять реванш

http://www.press-uz.info/index.php?title=home&nid=18&my=042010&st=1

05.04.2010/14:21

«Вечная дружба» по–кыргызски

http://www.press-uz.info/index.php?title=home&nid=12&my=042010&st=1

26.03.2010/09:30

Хронология трёх дней заточения в кыргызских оковах

http://www.press-uz.info/index.php?title=home&nid=57&my=032010&st=1

22.03.2010/09:10

«Анти Хайдаровы»

http://www.press-uz.info/index.php?title=home&nid=45&my=032010&st=1

18.03.2010/11:30

На границе ставки повышаются

http://www.press-uz.info/index.php?title=home&nid=34&my=032010&st=1

02.03.2010/12:19

Близкий сосед лучше дальнего родственника: так ли это на самом деле?

http://www.press-uz.info/index.php?title=home&nid=7&my=032010&st=1

10.02.2010/09:00

На границу с Узбекистаном направлен кыргызский пограничный спецназ

http://www.press-uz.info/index.php?title=home&nid=21&my=022010&st=1

01.02.2010/11:24

Богу – богово, кесарю – кесарево

http://www.press-uz.info/index.php?title=home&nid=1&my=022010&st=1

Бундай ҳужум фақат бир ёқлама бўлиб қолмади. Қирғизлар ҳам ҳар бирига жавоб бериб турдилар. Уларнинг ёзувларида эса ўзбекларга нисбатан нафрат кучайиб бораётганини сезиш қийин эмас эди.

2010 йил, Июн қирғинидан кейин Тошкент ҳукумати бу ишни идоралардан ташқарига чиқарди. Энди барча ўзбекларнинг нафрати қирғизларга йўналтирилди. Энди ҳукумат идораларида мақолалар ёзилишига ўрин қолмади.

Ўзбекистоннинг ички муаммолари, зулмнинг кучайиб кетгани эсдан чиқди. Энг асосийси Андижон воқеалари ҳам четга сурилди. Ислом Каримов минтақани уруш оловидан сақлаб қолган киши сифатида тилга олина бошлади.

Бу тарихда янги ҳол эмас. Ҳамма вақт ҳам золимлар халқнинг нафрати чўққига чиқаётган пайтда душман топишган ва ғазабни ўша томонга қаратишган. Ислом Каримов тарихнинг бу қайта-қайта такрорланган номуссиз усулидан яна бир марта усталик билан фойдаланди.

2010 йилнинг 10-11 июн кунлари Тошкентда Шанхай ҳамкорлиги ташкилоти раҳбарлари қирғинга жимгина қараб турганлари “Ўш қартаси”ни ишлатиб, Қирғизистон  жанубини “тозалаш” уларнинг умумий режаларига айланганини кўрсатди. Бошқача айтганда Каримовнинг бундан 20 йил олдин парламент минбаридан туриб айтгани׃ ”Мамлакатнинг тинчлиги учун керак бўлса 200 кишини ўзим отаман” деган тезиси энди умум қарорга айланганди. Фақат қуролни уларнинг ўзлари тутганлари йўқ, уни миллатчи унсурларнинг ва Муваққат ҳукумат номи остидаги формали жиноятчиларнинг қўлига тутқаздилар.

Лекин ҳар қанча тайёргарлик кўрилганига қарамай, Каримов аланга катталашиб кетишдан чўчиган. Шунинг учун ҳам Бакиевга энг охирги минутларда ҳам “Ўшни тозаласанг ёки менга қўйиб берсанг, сени қутқазаман” қабилида талаб қўйган. Ўшанда Жалолободда қўним топган Бакиев “Каримовнинг ёрдам ҳақидаги таклифини рад этдим” деганди.

МУХБИР׃ Жаҳонгир ака, “Туркистон умумий уйимиз” деймизу лекин шу уйнинг ичида ана шундай бир-биримизни ўлдираяпмиз. Бу кетишда нима бўлади ўзи?

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Ҳа, “Туркистон умумий уйимиз” деймиз. Лекин харобага айланмоқда, қонга ботирилмоқда бу умумий уйимиз. Чунки душманлари кўп. Фақат ташқарида эмас. Ичкарида ҳам. Ўзбек билан месхет туркини ёки қирғиз билан ўзбекни уриштириб қўйса, бас. Бу орзу юз йилга ортга сурилаверади. Чунки “ўзбекчилик”, “қирғизчилик”, “қозоқчилик”, “туркманчилик” – булар Туркистон бирлигининг душманлари яратган мафкураларнинг номидир. Турклар эндигина бир-бирларига яқинлашиб қолганларида албатта битта фитна чиқади. Бунинг оқибатида ака-ука душманга айланади.

Катта ўйинга фаҳми етмаганлар доим бўлган ва бўлади. Масалан, биттаси “Қирғиз элни қонга тўлдираман” дейиши мумкин,  ёки иккинчиси “Ўшни қон дарёси қиламан” дейди худди Каримов каби.

Энг даҳшатлиси, Андижонда ўзбеклар қирилганда оташин сўзларини золимга қарши айтмаганлар, айтишга қўрққанлар бутун бошли халққа қарши айтаверадилар. Ўз ичимиздан чиқиб Туркистон бирлигига зарба беришади.  Бошқача айтганда, билиб-билмай Каримовнинг ва Кремлнинг мусиқасига ўйнашади.

МУХБИР׃ Бугун ҳам худди Ленин ва Сталин давридагидек бўлгинчилик сиёсати бор. Улар аввал қон тўкилишини ташкил қилиб, кейин бўлиб ташлашган. Шунга нима дейсиз?

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Тўғри, бугун ҳам биттаси чиқиб, “Ўшни Ўзбек республикаси қилиб эълон қилайлик” дейиши мумкин. Анчагина одамга ёқадиган гап. Тўғри, бу заминда азалдан ўзбеклар-туркийлар яшаган ва бу замин уларники. Лекин қўйилаётган талаб амалга ошмайдиган гап. Чунки бугун Ўш аҳолисининг ярми қирғизлар.

1999 йилда ўзбеклар Баткентда 8,3 фойизни, Жалолободда 31 фойизни, Ўшда 55 фойизни ташкил қилган. Бу Қирғизистоннинг расмий маълумотига кўра. Бугунга келиб яна ҳам ошди. Бу йил ҳам аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилди. Лекин ҳали натижаси эълон қилинмади. Тахминимча, Ўшда ўзбеклар сони 60 фойиздан ошган бўлиши керак.

Айни пайтда шу даврда тоғлардан шаҳарга кўчган қирғизлардан ташқари мустақилликдан кейин қўшни мамлакатлардан кўчиб келган  қирғизлар ҳам Ўшга ерлашганларини ҳисобда тутиш керак. Бу рақамлар билан ҳатто автономия олиш ҳам қирғин-барот дегани.

Бугун Тожикистондаги битта гуруҳ чиқиб Самарқандни “Тожик республикаси” деб эълон қиламиз деса, дарҳол ёқасини йиртиб, қўлига тутқазамиз. Бунда биз минг фойиз ҳақлимиз.

“Ўш ўзбек республикаси” бўлишига мен ҳам қарши эмасман. Лекин айни пайтда бу хаёл эканлигини ҳам тушунаман. Сиёсатда хаёлпарастлик яхши. Лекин мен фаол сиёсатни ташлаганман. Шундай бўлсада, Туркистон бўлишини орзу қиламан. Бу суст сиёсат. Лекин бу ҳам умид, ҳам ишонч. Ишончимга қараб гапимни айтаман.

Билиб-билмай бировнинг кўнглини оғритиб қўйсам, хафа бўлмасин, фаол сиёсатчилик бўлмаган жойда рандаланмаган гаплар кўп бўлади.

Қирғизистондаги қирғиндан кейин мен бўладиган ишдан гапирдим. Қирғинни халқаро тергов қилиш чақириқларига қўшилдим. Бунга эришилганда кўп нарса очилиб кетарди. Бунинг Тошкент режимига ҳам таъсири бўларди. Афсус…

МУХБИР׃ Баъзилар “Ўзбекистон Қирғизистонга армия киритиши керак”дейишди. Шундай қилинганда тўғри бўлармиди?

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃. Бундай гаплар сиёсатчи учун яхши. Анчагина тарафдор топади. Лекин бу тарафдорлар вақтинча. Чунки алам ва азоб ичида чорасиз қолганлар  учун бу чора бўлиб туюлади. Аммо вақт ўтиб, улар ҳақиқатни англайдилар. Агар қўшин киритилганда улар ҳам урушнинг ичида қолиб ўлиб кетган бўлардилар, бошқалар ҳам. Қолаверса, бу азалий орзуимиз – Туркистон бирлигига ҳам қарши. Хайриятки, Каримовчиларнинг режасида қўшин киритиш масаласи бўлмаган.

Ўзбекистондан АҚШга келиб мардикорлик қилиб юрган бир кишининг гапини эшитиб қолдим.”Майли эди шу Каримов кетиб, ҳатто Тоҳир Йўлдош келса ҳам” дерди у тинмай. Суриштирсам, номоз қилмайдиган одам экан. Ичишни яхши кўраркан. Оиласи ҳам очиқ-сочиқмиш. Унга “Агар хаёлингдаги амалга ошса шўрингга шўрва тўкиладику?” дейдиган одам йўқ. Десангиз, унинг наздида Каримов тарафдорига ёки МХХ агентига айланасиз. Бундан сиёсатчи қўрқади. Мен эса унга очиғини айтдим қўйдим, хаёлингни оғзингдан шамол ўчирсин дедим. Мендан хафа бўлди. Нима қилай, тўғри гап туққанга ёқмайди, бу ҳали бегона.

МУХБИР׃ Қирғинни Ўзбекистон Исломий ҳаракатига боғлашларига нимадейсиз?

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Кейинги 20 йилда Ўш (умуман мен Ўш дер эканман, Қирғизистон жанубини назарда тутмоқдаман, чунки Ўш калимаси кейинги 20 йилда  Жанубни англатадиган бўлиб қолганди. Ж.М.) энг эркин марказлардан бири эди. Дунёда Марказий Осиё билан қизиққан қандай ташкилот ёки гуруҳ борки, Ўшда уларнинг одами бор эди. Барча динларнинг вакиллари, барча тариқат ва секталарнинг одамлари, барча халқаро ташкилотларнинг мансубларидан тортиб разведка резидентлари, мафия марказлари… Бир сўз билан айтганда Ўш кейинги 20 йил ичида пул қозонида қайнамоқда эди. Пул бор жойда эса хатар бор. Хатар бор жойда тинчлик йўқолиб боради.

Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг халқаро майдонга чиқиши ҳам шу минатақа билан боғлиқ. Бу ташкилот минтақадан тўла узилиб кетмаганини вақти-вақти билан унинг мансублари бу ерда қўлга тушиб қолишидан ҳам билса бўлади. Демак, бу ҳам Тошкентга тинчлик бермаган омиллардан бири. Қирғиндан кейин Ўш қайси бир маънода Тошкентнинг назоратига ўтади. Энг камида у ердаги радикал диний ташкилотлар, ўзбекча телевидение ва газеталар, келди-кетдилар Тошкент истагани қадар бўлади. Бишкек шунга рози бўлган кўринади.

Воқеалар бошланган куни Ўтинбоеванинг Тошкентни айблагани ва Каримов билан телефонда гаплашгандан кейин унга тасаннолар ёғдирила бошлангани – бу бежиз эмас.

Бишкекнинг кейинги пайтдаги иш услуби ҳам Тошкентнинг 20 йиллик иш юритишга ўхшаб қолди. Худди Қирғизистонни Бишкек эмас, Тошкент бошқараётган каби бир ҳолни кўриб турибмиз. Ҳатто  воқеаларни текшириш юзасидан мустақил комиссия тузилишининг орқага ташланиши, излар йўқотилиши, халқаро тергов талабларига қўл силташдан тортиб, Фарғона водийсига “юқа бошлаган” эркинлик шамолини тиндиришгача-ҳаммаси биз илгари кўрган манзараларнинг такрори.

МУХБИР׃ Қирғизистон парламент бошқарувига ўтмоқда. Балки бу тинчликнинг пойдевори бўлар?

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Йигирма йилдан бери орзу қилганим – президентлик бошқаруви эмас, балки парламентар ҳукумат тизими эди. Бизнинг минтақаларда кимнинг қўлига ҳокимият тегса, унинг диктаторга айланиши аниқ, деган фикрим бор эди. Чунки ҳатто Ғарбга чиққанлар ҳам демократияни ўргана олмаяптилар ва кейин “демократиянинг кераги йўқ” деган баҳонага ўтишмоқда. Шундай экан мамлакат ичидан туриб қандай ўрганишади? Ҳокимиятга келдими, яккаҳокимга айланади. Шунинг учун ҳам катта ҳаётга парламент бошқаруви орқали киришимиз керак деган орзуим бор эди. Бу ҳақда юзлаб бўлмаса ҳам, ўнлаб мақолалар ёзганман. Аммо бугун Қирғизистон парламент бошқарувига ўтар экан, бирдан ана шу орзуларим ўрнини қўрқув эгаллади. Нега?

Бугунги дунёга разм солсангиз энг қийин бошқарув тизими бу парламент бошқаруви экан. Демократия йўлининг анча-бунча милини орқада қолдирган давлатларда ҳам парламент тез-тез тарқатилмоқда ёки коалиция бошқарувлари ўзаро жанжалдан бўшамаяптилар. Туркия ҳам 70-80 йил ана шу алғов-далғовлик билан яшади. Икки йилда бир сайловлар бўлган пайтларни кўрди. Мана ҳозирги ҳукумат икки сайловдан бери кўпчилик овоз олди. Лекин барибир асосли ишларни қила олган эмас. Чунки парламентдаги вазият унга эрк бермайди.

Шундай экан, қонли референдум билан парламент бошқарувига ўтган Қирғизистонда нима бўлади? Кўпчилик озчиликнинг устидан ғолиб келиб ҳукуматни қўлга олса,  ютқазганлар аҳволи не кечади? Қирғиз партияларга қўшилиб кета олмаган ўзбекларнинг сиёсий келажаги нима бўлади? Адолатнинг кучи кўпчилик томонига қайишиб, адолатсизлик тоши озчиликни эзаверадими? Бу аҳволда адолатсизлик адолатсизликни яратаверади-ку!

Хуллас, 1990 йилги ва 2010 йилги қирғинлардан кейин бу мамлакатда парламент бошқаруви қандай ишлашини тасаввур қила олмайман. Тез-тез сайловлар бўлаверадими? Бу қўрқинчли. Чунки ҳокимиятдагилар яна ҳокимиятда қолишлари учун миллий низоларни қўзғайверишлари мумкин-да. Бугун уйларга ўт қўйганлар ёки одамларни тириклайин ёққанлар сайланиб қолишса-чи? Яъни ҳар қандай мусиқага ўйнаб кетадиган миллатчилар сайланиб қолса нима бўлади?

Миллатчилик энг юқумли ва энг тез тарқаладиган, метазтаза ҳолатига ўтгандан кейин даволанмайдиган, балки фашизмга айланадиган касалликдир. Германияни бу касаллик билан Ҳитлер олти йилда у соҳилдан бу соҳилга ўтказганди. Худо сақласин, ишқилиб!

МУХБИР׃ Маданият бир, тил бир, дин бир, лекин нега ҳамон бошқа-бошқамиз?

ЖАҲОНГИР МУҲАМАД׃ Турли сайтларда турли хабарларни кўриб тураман. Ўзбекнинг қизи немисга турмушга тегибди. Америкаликка тегибди. Француз билан оила қурибди. Японияга тўй бўлибди. Бунга бугунги авлод кўникиб ҳам бўлди.  Яъни ҳар ким ўз йўлини ўзи танламоқда. Шундай экан, нега дини, миллати ва маданияти, ҳатто улининг, ҳам пулининг ҳам номигача бир бўлган ўзбек ва қирғиз қўшилиб кетмайди?

Кимга қарасангиз “Қани Туркистон?” дейди. Туркистон осмондан тушиб қолмайди. Уни яратиш керак. Яратишнинг битта йўли эса қўшилиб кетиш. Ўзбек ва қирғиз битта миллат – туркнинг болалари-ку! Нега энди “Ўш меники!”,  “Йўқ, сеники эмас, меники”, деб ажратишади?

Менимча бу ҳам диктаторларнинг зиёни. Улар чегараларни чизиб чиқдилар. Ўртага виза ташладилар. Ленин ва Сталин парчалаб, бўлиб, номлаб ташлаган халқлардан алоҳида миллат ясаш васвасига тушдилар. Бу кетишда бир кун келиб  “Туркистон умумий уйимиз эмас, ҳамма ўз уйига йўқолсин!” дейишлари ҳам ҳеч гап эмас. Чунки “Сартга ўлим” деган оғиз буни ҳам айтишга уялмайди.

Келажакда Туркистон бирлиги ҳақида гапирадиган бўлсак, нафақат бир неча мамлакат иттифоқини тузиш, балки айни ўзакли халқларнинг бир-бири билан қўшилиб, бирлашиб кетиши ҳақида ҳам гапиришимиз керак. Бу оддий халқ бўлиб қолишдан катта миллат бўлишга интилишдир.

МУХБИР׃ Шундай бўлса, уйғурларга ҳам яхши бўлади, деган умид билан сизга катта раҳмат айтиб қоламиз, омон бўлинг.

“Озод Осиё” радиоси, 2010 йил, 24 июн.

www.jahonnoma.com

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, JM, Shu kunning gaplari, Tarix saboqlari, Uzbek. Bookmark the permalink.

2 Responses to Тарихнинг қора кунлари

  1. Pingback: Абдуфаттоҳ Маннопов | TURONZAMIN

  2. Pingback: Абдуфаттоҳ Маннопов | Jahonnoma

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s