Таваллуд айёмингиз муборак бўлсин, азиз Устоз!
Cўздан гавҳар ясаб дилларга жойлаб,
Ўзбекнинг тилига қиймат қўшдингиз,
Боймирза Ҳайитнинг дуосин олиб,
Навоий мулкига ҳиммат қўшдингиз!
*****
Ўзбек халқининг асл фарзанди, давлат ва сиёсат арбоби, тилшунос олим, ёзувчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, қадрли устоз адибимиз Жаҳонгир Муҳаммад бугун 60 ёшли таваллуд айёмларини қарши олмоқдалар.
Бу муборак айёмда устозимизни чин дилдан табриклаймиз!
Ҳурматли Устоз!
Туғилган кунингиз — 60 йиллик юбилейингиз қутлуғ бўлсин!
Яратгандан Сизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, узоқ умр, оилавий бахту саодат, халқимиз фаровонлиги ва том маънодаги озодлиги йўлида олиб бораётган эзгу ишларингизда улкан муваффақиятлар тилаймиз!
Ватанимиз Мустақиллигининг дастлабки тарихий даврида Сиз ва Сиз каби миллатимиз ойдинларининг ўрни беқиёсдир. Мамлакатнинг энг юксак минбаридан туриб, золимнинг юзига ҳақ сўзни айтганингизнинг ўзи бугунги ва келажак авлод учун катта сабоқдир.
Чорак асрдан буён зулмга, мустабид тузумга қарши қиличдек ўткир ўз сўзингиз, ўлмас асарларингиз билан матонат-ла олиб бораётган кураш йўлингиз ҳар бир Ўзбекистон, Турон фарзанди учун катта мактаб, улкан намунадир. Зеро, Сиз яратган умрбоқий асарлар Ватанимиз тарихининг ажралмас қисмидир.
Она тилимиз ривожи ва тараққиёти йўлидаги илмий ишларингиз, нодир асарлариниз ҳар бир ўзбек учун бебаҳо хазина десак, асло муболаға бўлмас.
Қадрли Устоз!
Бугунги қутлуғ санада Сизга дунёдаги барча эзгу ва пок тилакларни тилаб қоламиз!
Келаси айёмларни — 70, 80, 90, 100 ёшли юбилейларингизни жонажон она Ватанимизда, азиз халқимиз билан биргаликда муҳташам тўйхоналарда қарши олишлик Сизу бизга насиб айласин!
Шундай ёруғ кунлар келишига биз, албатта, ишонамиз!
Таваллуд айёмингиз муборак бўлсин, азиз Устоз!
Сизга юксак ҳурмат ила,
сафдош дўстларингиз ва шогирдларингиз номидан
Улуғбек Бакиров
1 сентябрь, 2015 йил,
Норвегия
http://virtualuzbekistan.org/2015/09/2001
Filed under: 1.BOSH SAHIFA, JM | Tagged: Jahongir Mamatov |