Сўз айтишди унга-бунга шоир аҳли буюклар,
Бири шоҳни, бошқа бири ўз ёрини улуғлаб.
Ҳавас қилиб кўзим очдим дедилар юм кўзингни,
Кўз зиноси, сўз зиноси азим гуноҳ дедилар.
Менда сўз йўқ, гунг бир дарвеш тилим ичга ютаман,
Ҳақ келишин гулзордамас , саҳроларда кутаман.
Ана Машраб “аё” деди ўтиб кетди ёнимдан,
Намангонга қайтарми деб хаёлларим тутаман.
Тутқич бермас хаёл қургур чопар Бобур ортидан,
Ҳиндистонда Тожмаҳалу анда жони қолади.
Навоийку ғиротида Ҳирот қайда, мен қайда,
Савол турар менинг жоним қайси элда қолади?
Дунёдан кеч дейишади удир бир зум ўткинчи,
Эшитганим у дунёдан бу дунё кўп қўрқинчли.
Бордан кечиб юзланаман ёлғиз ўзим ўзимга,
Ёлғиз Оллоҳ дейишади йўқолади йўқ тинчим.
Шеър айтишар унга бунга шоир аҳли буюклар,
Бири шоҳни, бошқа бири ўз ёрини улуғлаб…
Filed under: 1.BOSH SAHIFA, Uzbek |
Leave a Reply