ЎзТВнинг кашфиёти

Инсон саломатлиги учун зарур етти қоидадан бири ва асосийси хуш кайфият ҳисобланади. Кулгисиз эса яхши кайфият бўлмайди. Шунинг учун кейинги пайтда духтурлар ҳар қандай касаллик билан мурожаат қилган беморга кўпроқ кулишни маслаҳат беряпти.

Тўғрида, дорихоналар муддати ўтиб кетган ва аслидан фарқ қилмайдиган сохта доридармонлар билан тўлиб кетганидан кейин энг тажрибали духтур ҳам уларни беморга тавсия қилишдан қўрқади. Умуман хуш кайфият ва кулги туфайли инсон организмида модда алмашинуви 20 маротаба ошиши ва кулги семиришдан сақловчи асосий восита эканлиги фан томонидан исботланган.

Колумбия университети тадқиқотчилари эса мусиқа ва қўшиқ мия-асаб тўқималарини фаоллаштириб, хотирани мустаҳкамлайди ва тафаккурни оширади, деган фикрдалар.

Бу тадқиқотлар шуни кўрсатадики, инсон XXI асрда ҳадемай доридармонни умуман ташлаб, кулги ва мусиқа воситасида даволанишга ўтади.

Тасаввур қилинг, ҳузурига қорни оғриб борган беморга духтур оч қоринга Мирзо Холметов репертуаридан бир сеанс қабул қилишни буюради, ичи кетаётганга Шукуруллодан сеанс қабул қилинг, дейди. Гемаррой бўлганга Обидни, хафақон бўлганга Ҳожибойни тавсия қилади. Ёки кўк йўтал бўлганга Тоҳир Содиқни, оқ йўтал бўлганга Маҳмуд Номозни эшитинг, дейди. Ўткир яллиғланишли ичак томир касалликларига учраганларга Озодани тинглашни маслаҳат беради. Бемор плеерни чўнтагига соливолиб, кўчада ҳам қулоғига ўтказиб олган ангўш орқали даволаниб кетаверади.

Ҳозир ҳаётнинг ўзи кулгили бўлиб қолди. Дунё олимларини одам қаердан келиб чиққан, деган масала кўпдан буён ўйлантириб келади. Чарльз Дарвин назариясини инкор қилган олимларнинг бир гуруҳи одам бундан 80 миллион йил олдин Ҳиндистондан келиб чиққан, деса, бошқа гуруҳ биринчи одам Африкада пайдо бўлган, деган ғояни илгари суради.

Икки гуруҳ бир тўхтамга келолмай, Альберт Эйнштейндан бу ҳақда ўз фикрини билдиришни сўрашганида, у оддийгина қилиб биринчи одамнинг қаердан чиққанлигини саводсиз олимларга тушунтириб қўя қолибди. “Бу масалани муҳокама қилиб ўтириш сиздай нуфузли олимлар учун уят,-дебди у.-Одам жаннатдан чиққанлиги аниқ, сиз унинг жаннатга қайтиб кириш йўлларини изласангиз бўларди”.

Таниқли иқтисодчи олим Томас Мальтус 1798 йилда ер юзида ишлаб чиқариш арифметик, аҳоли сони геометрик тарзда ўсиб кетаётганлигидан хавотир билдириб, сайёрамиз очарчиликка маҳкум бўлишини башорат қилган эди. Унинг ҳисоб-китобига кўра ўша пайтда 950 миллион бўлган аҳоли сони 200 йилдан кейин 242 миллиардни ташкил қилиши керак эди. Бошқа олимлар тахминига кўра атмосферага тарқалаётган тутун ва кул сингари саноат чиқиндилари таъсирида ер юзида тез орада муз даври белгилари пайдо бўлиши керак эди. Лекин саноат чиқиндилари борлиққа аксинча таъсир қилаётганлигининг гувоҳи бўлган олимлар шартта глобал исиш назариясига ўтиб олдилар.

Олимлар ўз йўлига, аслида ҳаётий тажриба асосида ҳаёт ҳикматларини яратган халқнинг ўзи олим. Мана масалан, халқимизда “Аёлнинг жони қирқта”, деган ибора бор. Бу ҳикматни аёллар топган.

Бир йигитга қирқ ҳунар оз“, иборасини эркаклар ўйлаб топган.

Буларнинг маъносини шу кўргулик бошига тушган одамдан бошқа бирорта олим чақиб беролмайди. Аёл турмушга чиққанидан кейин эркакни ўз измига тўла бўйсундириб олиш учун қирқта жонини ишга солади, бир жони камлик қилса, иккинчисини, учинчисини ва ҳоказоларни қўшиб, булдозирдай бостириб бораверади.

Эркак эса унга уйлангунча қирқта ҳунарни эгаллаб олган эмасми, бор ҳунарини биттабитта ишлатиб қочаверади, қочаверади, аёл эса қуваверади. Аввал бир ўзи қувса, кейин болалари билан биргалашиб қувади. Мабодо палакат босиб яна битта-иккитасига уйланиб қўйган бўлса, унда худо урди, деяверинг, бу ҳолатда ўрганиб олган 80 та ҳунари ҳам иш бермайди. Хотин қирқта ҳунарга эга бўлган бечора эрни қирқинчи жони билан банди қилиб олганидан кейин ундан ўлиб қутулмаса, қочиб қутулишга чораси қолмайди. Шўрликнинг фожеаси шундаки, хотиндан қочишнинг қирқта усулини эгаллаб олган эр “Бир йигитга қирқ ҳунар оз”, деган ҳикматли сўзнинг маъносини кеч чаққан. Бундай ҳолатда қирқ ҳунар оз бўлганидан кейин ҳеч бўлмаса эҳтиёт чораси сифатида яна иккита ҳунарни ўрганиб қўйиш ўзини билган эркак киши учун ортиқчалик қилмайди.

Ёшлик ажойиб умр фасли. Аҳоли қатламлари ичида ёшлар билан сал томи кетганлар кулгига мойил бўлишади. Ёшлар ёшлиги учун кулса, томи кетганлар томи кетганлиги учун кулади. Қолган тоифадаги одамлар ҳўмрайиб юради. Кулгили воқеа бўлса ҳам кулмайди. Атрофидагилар ҳиринглаб кулаверса, ўзидан шубҳаланиб: “Нима, кетим очилиб қолибдими?” дея орқасига ҳам қараб қўяди. Ёшларга, айниқса талаба аҳлига барибир, улар кўп ўқийди, кўп кулади, китоб ўқийверади-ўқийверади, охири нимани ўқиётганлигини ўзи ҳам тушунмай, кулишга тушади. Эртаси куни домла дарсда китоб ўқимаган 24 та болани эмас, айнан китоб ўқиган ўша талабани чақиради.

-Ўқидингми?-деб сўрайди шубҳа билан.

-Ўқидим,-дейди бола ишончсизлик билан.

-Ўкиган бўлсанг бошла,-дейди домла. Лекин талаба ўқиганини ҳам тўқиганини ҳам гапириб беролмайди, чунки қайси китобни ўкиган бўлса, унда ўзи ёқтириб қолган қизнинг қиёфаси намоён бўлиб турган бўлади, “синус-косинус” деган сўзлар ўрнига тилидан “Сиз ўшами?” деган сўзлар отилиб чиқади, математик тенгламаларда муҳаббат изҳорини кўради. Буни сезиб турган домла ҳам беихтиёр йиғлагудай бўлиб кулиб юборади, чунки у ҳам бола-чақасини боқиши керак, устига-устак эгаллаган ҳунари қирқтадан зиёд эмас, уйда хотин ҳокимиятни қўлига оливолган, пул топиб бормаса, балога қолади.

Шунинг учун домла ўзининг аҳволи талабаникидан ҳам фожеалироқ эканлигидан йиғлагудай бўлиб кулади, бу талабанинг ҳам тезроқ уйланишини Худодан сўрайди. Хуллас, саломатликнинг етти қоидасидан бири инсонга ҳамма жойда асқотади.

Агар шундай бўлмаса, Ўзбекистон ТВсини кулги “дорихонаси”га айлантирмаган бўлишардида.

ЎзТВ анча олдинга кетди. Сизни уйингиздан чиқармай даволаб қўяди ва ҳатто қаерингиз оғриганини ҳам идрок этмайсиз.

Манқурт оғриқни сезмайди ва фақат кулишни билади-ЎзТВнинг шиори ана шу!

Н. Самарқандий.

<n_samarqandiy@yandex.ru>

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: