Savol…Javob…

Тахминларимиз тасдиғини топди

САВОЛ׃ Покистон бош вазири Тошкентга келиб кетгандан буён ЎИҲ аъзоларига ҳужум кучайиб, уларни бутунлай йўқотишга қаттиқ киришилди. Тошкентда шу тўғрисида гап бўлганини тахмин қилиш мумкин. Каримов сайлов олдидан ЎИҲ ни йўқотиб хавфсизликни таъминламоқчи. Бу унинг кетишга ва ўрнига бошқасини қўйишга тайёргарлиги деб тахмин қилиш мумкинми? (Жавлон).

ЖАВОБ׃ Каримов биров учун қайғурадиган одам эмас, у фақат ўзини ўйлайдиган шахсдир. Покистондаги воқеалар ва уларнинг кенг кўламда ёритилишига келсак, шу йилнинг 14 Март куни бир саволга берган жавобимни яна бир ўқиб кўришингзини сўрайман. Мана ўша Савол ва Жавоб׃

Каримовни таниймизми?

САВОЛ׃ Покистон Бош вазирининг Ўзбекистонга ташрифи борасида жуда кўп ва жуда турлича фикрлар айтилмоқда. Бунчалик қизиқишнинг сабаби нимада деб ўйлайсиз? (Ғайрат).

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Бу саволга жавоб Каримовни танийсизми, деган саволнинг жавобида яширинган. Лекин бунга ҳукумат ичида ҳам, мухолифат орасида ҳам жуда оз одам жавоб бера олади.Чунки Каримовнинг кимлигини ўрганиш, унинг режаларини тахмин қилиш, отадиган одимларни билиш учун энг аввало ундан қўрқмаслик керак. Бунақа одам эса, анқонинг уруғи. Бу Каримовга қўл келди, қўл келмоқда ва қўл келади.

Айтганингиздек, Покистон Бош вазири Шавкат Азизнинг 13-14 Март кунлари Ўзбекистонга ташрифини ҳамма ҳар турли баҳолади׃

-Покистон ҳам Ўзбекистоннинг нефт-газига ошиқ… (“Озодлик”)

-иқтисодий ҳамкорлик… ( Рус ва Марказий Осиё давлатлари нашрлари)

-Каримов мусулмонлар яшайдиган ва дин давлат назоратида бўлган мамлакатлар билан алоқани мустаҳкамламоқчи. Россия Бош вазири сафари яхши ёритилмай Покистон Бош вазири ташрифига матбуотда алоҳида ўрин берилди..(Узметроном).

Қаердадир Покистон АҚШнинг ҳамкори бўлгани учун Каримов бундан ички сиёсатда фойдаланмоқчи, деб ёзишди. Бошқа бировга кўра, Каримовда Тоҳир Йўлдошни ушлаб келиш орзуси жўш урмоқда ва ҳоказо ва ҳоказо.

Айтдим-ку! Каримовни танимаймиз. Агар таниганимизда унинг мақсадини дарҳол топган бўлардик.

Каримов учун Ўзбекистоннинг иқтисодий ҳамкорлиги-ю Покистоннинг ким биландир шериклиги, ҳаммаси бир тийин. Уни безовта қилган масала бошқа׃ у тинмай олаётган тадбирларига қарамай, ўзбекистонликлар турли йўллар билан бориб, Покистонда ин қурган террористик ҳаракатларга қўшилаётганидир.

Каримов ўзини ҳали дунёнинг у ерида, ҳали бу ерида “томоша” кўрсатаётган “бинладенчилар”нинг рўйхатида деб билади. АҚШнинг ёрдами билан Ўзбекистон исломий ҳаракати таҳликасидан қутулиб қолган Каримов учун бугун Россия ёки Хитой ўзини ўтга ташламайди. Бунинг устига агар Покистон ҳукумати изн бермаса, бу кучлар унинг ҳудудларида юра олмасди, деб ўйлайди. Чунки Каримов истамаса, Маҳмуд Худойбердиев гуруҳи Ўзбекистонда қола олармиди?! Каримовнинг мантиғи мана шундан келиб чиқади. Ҳар ким ўз қаричи билан ўлчайди. Шунинг учун ҳам унга Покистон ҳукумати билан яхши бўлиш жуда муҳим. Бу масаланинг битта жиҳати. Лекин Каримов бир ўқ билан икки қуён уришни кўзлайдиган махлуқ.

Демак, иккинчиси, бу энг муҳими – мамлакат ичига қаратилган. “Ҳов кўрдингми, Покистон ҳукумати ҳам менинг қўлимда, менинг дўстим, у томонларга борсанг, онангни кўрсатаман” дегани бу. Худди мана шунинг учун ҳам Ўзбек матбуотига бу сафарни фавқулодда кенг ёритиш топширилди. Токи Каримовнинг плани ҳамманинг калласига сингсин!

Бундан бехабарлар эса, Фрадков сафари нима учундир Ўзбек матбуотида оз ёритилди деб, ҳайрон бўлиб юришибди.

Manba:www.jahongir.org

Мана мазкур жавоб эълон қилингандан бери орадан ярим ойдан кўпроқ вақт ўтди ва тахминларимиз тасдиғини топди.(ЖМ).

Leave a comment