“Эзгулик” баёноти

Ҳеч бир шартларсиз тутқунликдан озод қилинсин!

3 май — Бутунжаҳон матбуот эркинлиги куни арафасида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти мамлакатда сўз эркинлиги, плюрализм қадриятлари талабидан келиб чиқиб, ҳукуматни турли мотивлар билан озодликдан маҳрум қилинган, касбий фаолияти туфайли таъқибга учраган қаламкашларни озод қилишга чақиради.
Ўзининг ўткир публициятик чиқишлари учун Самарқанд суди томонидан узоқ йиллик қамоққа ҳукм қилинган Дилмурод Саййид, Тошкент маҳкамаси қарори билан турли диний радикал оқимларга мансубликда айбланган журналистлар Ғайрат Михлибоев, Хайрулла Ҳамидов, “Нурчилар” оқимига мансубликда гумонланган Даврон Тожиев, Абдулазиз Дадахонов ҳамда “Ирмоқ” журнали ва “Етти иқлим” таҳририятининг бошқа вакиллари, ёзувчи Мамадали Маҳмудов сўз эркинлиги даъво қилинаётган мамлакатда ҳеч бир шартларсиз тутқунликдан халос қилиниши керак.

Маркази Ню Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Ўзбекистонни матбуот энг кучли цензура қилинаëтган ўн давлат рўйхатига киритди. Freedom House – Озодлик уйи ташкилотининг “Матбуот эркинлиги” бўйича 2012 йилги ҳисоботига илова қилинган рўйхатдаги 197 малакат орасида Ўзбекистон 195-ўринни эгаллади. Ва, бошқа бир қатор ташкилот ва тадқиқот марказлари хулосаларига кўра, мамлакатимиз сўз эркинлиги қадрсизланган энг қолоқ мамлакатлардан бири бўлиб қолмоқда.

Бу каби аянчли кўрсаткичлар билан келаётган Ўзбекистонда аллақачон кескин ислоҳотлар мавриди етган. Мамлакатда сўз эркинлиги, плюрализмнинг ҳуқуқий асослари ва бошқа амалий механизмлари ишлаб чиқилиши, ҳаётга татбиқ этилиши шарт. Зеро, демократия, инсон ҳуқуқлари ва замонавий идора қобилиятининг асосий шарти бўлган бу унсурсиз олдинга кетиб бўлмайди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти