Ислом Каримов укимасин!

uzbek_senzura1.jpgБи-би-си Ўзбекистон ҳукуматининг лайчаси, журналистикадан бехабар, аммо Гулнора Каримованинг кир этагига осилган Шарофиддин Тўлагановни шарманда қилди. “Озодлик” ва “Америка овози”дагилар ҳам бундан ибрат олсалар бўларди. Ҳукуматнинг ишончини оқлай олмаган ва саволларга қотириб жавоб бера олмаган Тўлаганов ҳам шу кетишда бир кун Ўзбекистондан қочса ва бугун ўзи йўқ деб айтаётган мухолифатга қўшилса асло ажабланмаймиз. Мана ўқиб кўринг, илгари бундай Пўлагановлр қанча кўп эди, ёдингизга тушади…

Ўзбекистонда матбуот эркинлигининг аҳволи

 

 

Андижон воқеаларидан сўнг матбуот эркинлиги янада ёмонлашган

Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти ўзининг сўнгги йиллик ҳисоботида Ўзбекистонни матбуот эркинлигининг аҳволи энг ёмон бўлган давлатлардан бири, деб кўрсатган ва Ўзбекистон ҳукуматини яна бир марта “интернет душмани” деб атаган. Ўзбекистон “Чегара билмас мухбирлар”нинг “қора рўйхати”дан мунтазам жой олиб келаётган давлатлардан, аммо хусусан, Андижон воқеаларидан сўнг матбуотнинг аҳволи янада ёмонлашгани айтилади. Би-би-си ўзбекистонлик мустақил журналист Дилмурод Саид ва шарҳловчи Шарофиддин Тўлагановлар билан матбуотнинг аҳволи ҳақида суҳбатлашган ва аввалига “нима учун Ўзбекистон ҳукумати матбуот эркинлигидан бунчалик қўрқади?” деб сўраган.

Шарофиддин Тўлаганов: Бу фикрингизга мен қўшилмайман. Ўзбекистон ҳукумати имкон қадар журналистларни, оммавий ахборот воситаларининг эркин бўлиши учун шароит яратган, деб ўйлайман. Масалан, Конституция билан қўшиб ҳисоблаганда, 8 та қонун журналистлар ҳизматида…

Би-би-си: Лекин амалда бу қонунлар ҳукуматни танқид қилган биронта журналистни қамоқдан асраб қололмайди, шундай эмасми?

Шарофиддин Тўлаганов: Йўқ, биласизми, мен ҳозирча ҳукуматни танқид қилган журналист қамоққа ташланганини кўрмадим.

Би-би-си: Мана, масалан Улуғбек Хайдаровнинг мисоли. Жиззахда ҳокимият вакилларини танқид қилгани учун қамалди ва куни кеча қамоқдан озод қилинди…

Шарофиддин Тўлаганов: Энди биласизми, Улуғбек Хайдаровнинг журналист эканлигини биз яқин кунларгачаям билмас эдик.

Ўзбекистонда эркинлик, эркин сўзнинг ўзи йўқ ҳисоби…

 

Дилмурод Саид

Би-би-си: Дилмурод ака, Ўзбекистонда матбуот эркинлигини кафолатловчи қонунлар бор, аммо матбуот эркинлигининг у даражада акс этмаётганига журналистлар айбдор, деган фикрга қўшиласизми?

Дилмурод Саид: Ўзбекистонда жуда кўп нарсани кафолатлайдиган жуда кўп қонунларимиз бор. Фақат гап уларнинг ижросида. Яқинда эълон қилинган, аниқроғи, тўлиқ эълон қилинмаган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 214-чи сонли қарорини оладиган бўлсак. Қонун “Оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида” деб номланади. Аслида, моҳиятан бу қайтага чигаллаштириш, қийинлаштириш. Ваҳоланки, Конституциянинг 29-чи моддасида одамларнинг ахборот олиш, ахборот тўплаш эркинликлари кафолатланган. Лекин бу қарор айнан ўша Конституциянинг 29-чи моддасига зид, деб биламан.

Шарофиддин Тўлаганов: Ҳар йили Вазирлар маҳкамасининг қарорига биноан, менимча, январ ойидан бошлаб, деярли ҳамма газета – журналлар қайта рўйхатдан ўтади. Ҳар йили, менимча. Энди бундан жуда катта нарса, пашшадан фил ясаш керак эмас, деб ўйлайман. Энди биласиз-ки, бизда ҳозирча деярли ҳамма газеталар осонлик билан рўйхатдан ўтади. Бунга мен ишонаман.

Би-би-си: Мухолифат газеталаридан ташқари…

Шарофиддин Тўлаганов: Мухолифат газеталарининг ўзи йўқ менимча бизда, чунки мухолифатнинг ўзи йўқ, деб ўйлайман ҳозир Ўзбекистонда.

Дилмурод Саид: Шарофиддин ака, узр, шу ерда гапингизни бўламан. Сиз, билмадим қайси манбаъларга асосланган ҳолда “Ўзбекистонда матбуот эркинлиги бор, деяпсиз… Тўғри, қонун, ўша қоғоздаги мажмуаларга қарайдиган бўлсак, шундоқ, лекин амалда, ҳаётга тикка қараб айтадиган бўлсак, умуман эркинлик, эркин сўзнинг ўзи йўқ ҳисоби Ўзбекистонда. Мен Улуғбек Хайдаров ёки Жамшид Каримов ё бошқа журналистлар ҳақида гапириб ўтирмайман. Оддийгина мисол: “Адвокат-Пресс” газетасида эълон қилинган “Йўқ ҳақида бадиҳа”дан кейин газетанинг киосклардан йиғиб олиниши. Бу чекловдан бошқа нарса эмас. Бунинг орқасидан қанча одам азият чеккан. Мен биргина “Адвокат-Пресс”ни мисол келтирдим. Лекин бунақа мисоллар кўп.

Би-би-си: Мана шу “Адвокат- Пресс”нинг мисолидан ташқари, умумлаштириб қўядиган бўлсак, Шарофиддин, сиз ҳали айтдингиз, “Ўзбекистон ҳукумати матбуот эркинлигидан қўрқади деган фикрга қўшилмайман” деб. Нима учун бу эркинликдан қўрқмаса, мамлакатда биронта ҳам мустақил нашр йўқ?..

Шарофиддин Тўлаганов: Йўқ, энди биласизми, масалан, ҳукумат ҳозир “Uzbekistan Тoday” ёки “Новый Век” деган газеталарни ташкил қилаяпти…

Би-би-си: Ким ташкил қилаяпти бу газеталарни?

Шарофиддин Тўлаганов: Буни, менимча ҳукумат деса ҳам бўлади…

Би-би-си: Яъни Президент девони ташкил қилаяпти?

“Адвокат-Пресс” рўзномаси танқидий мақоладан сўнг ёпиб қўйилган

Шарофиддин Тўлаганов: Ҳукумат органларимас, ҳукуматники эмас бу яъни… айтиб қўя қоламан буни.

Би-би-си: Лекин Президент девони ташкил қилаяпти, шунақами?

Шарофиддин Тўлаганов: Йўқ, мен буни аниқ била олмайман. биласизми, ҳамма газеталарни бошида ташкил қилганда, масалан, “Ватан” деган газеталар бўлар эди ёки “Фидокор” деган газеталар бўлар эди, “21-аср” деган газеталар пайдо бўлаётганда яхши ниятлар билан ташкил қилинганди, кейин оҳирида бош муҳаррирлар ўз мансабидан қўрқадими, уларнинг айби билан газеталар орқага кета бошлади. Масалан, мана “Жамият”ёки “Uzbekistan Тoday”, бу русча чиқади, ингилизча чиқади яхши ниятлар билан ташкил қилишди, эртага, билмадим, бош муҳаррирлар қўрқиб яна …

Би-би-си: Лекин қўрқишда асос бор эмасми, чунки, масалан улар танқидий мақолани чоп этса, ишдан кетади…

Шарофиддин Тўлаганов: Йўқ, энди булар хусусий, ҳукуматдан ойлик олмайди-ку?. Дилмурод акани мен ҳурмат қиламан. Қайта қуриш йилларида тил масаласида жуда яхши мақолаларини ўқиганман. Энди “Адвокат-Пресс”га келадиган бўлсак, Дилмурод ака, виждонан айтайлик, жуда савияси паст газета бу. Мен ўқидим, сизнинг ёзганингизга мен ишонмадим. Фақат, нима дейди, обрў кетидан қувиб… балки ўша “Адвокат-Пресс” ёпилаётганидан хабардор бўлган одамлар “шу мақола туфайли бекитилди” деган гап чиқиши учун ёзилган мақола деб ўйлайман мен, буни мен Дилмурод Саид ёзганига ишонмайман…

Би-би-си: Лекин у ерда кўтарилган муаммолар-чи?

Шарофиддин Тўлаганов: Умумий гаплар, уни мен қабул қила олмайман. Бу профессионал журналистнинг қаламидан чиқмаган мақола, мен ўқиган сифатида айтаман.

Би-би-си: Лекин сизнинг назарингизда рўзноманинг ёпилишига Дилмурод Саид ёзган мақоланинг савияси пастлиги сабаб бўлганми?

Шарофиддин Тўлаганов: Йўқ, ўзи ундан олдин ёпилмоқчи бўлган менимча, лекин қандайдир баҳона керак бўлган ва бу мақолани шошиб-пишиб, бир кунда ёзилган мақола,деб ўйлайман. Биласиз таҳлилий мақолалар узоқ ўйлаб ёзилади. Бу бир кунда ёзилган мақола, деб ўйлайман. Шошма-шошарлик билан ёзилган…

Би-би-си: Мана, муаллифнинг ўзи гапирсин бўлмаса…

Дилмурод Саид: Ҳозирги фикрингиз учун мен жудаям миннатдорман, лекин мен биронта мақолани бир хафта ё ўн кун чўзиб ёзган эмасман. Жуда кўп кетса, масалан, дейлик 3 соат- 5 соат вақт кетказаман. Агар ҳар битта мақолага бир ҳафтадан вақт кетказадиган бўлсам, мен бир йилда бор-йўғи ўн бешта мақола ёзишим керак бўлади. Иккинчи томондан, яна мавзудан чалғимайлик-да, шу ўзимизнинг мавзуга қайтадиган бўлсак, мана ўша бош муҳаррирлар, дейсиз. Мен сизга битта мисол келтирай. Ҳукумат эркин сўздан қўрқиши ё ҳукуматнинг тазйиқи борлиги, бу -ёзилмаган қонундай гап. “Ҳуррият” газетаси янги ташкил қилинган пайтни эсласангиз, Карим Баҳриев бош муҳаррир бўлди. Газета халққа танилиб олгунча “Ҳуррият”ни ҳам, “Моҳият”ни ҳам қўйиб берилди. Ана ундан кейин бош муҳаррирларни ўзгартиш бошланди. Бош муҳаррир ўзгаргандан кейин, албатта, секин-секин командани ҳам янгилайди. “Адвокат-Пресс”га ҳам расман ёпилмасдан тўхтатилгандан кейин ҳудди шу шарт қўйилди. Бош муҳаррир ишдан кетишга рози бўлиб, ариза бергандан кейингина, бошқа янги бош муҳаррир тайинлангандан кейингина, янги ном билан чиқиш бўйича ҳужжат топшириб кўринглар-чи, деб маслаҳат беришди. Кўраяпсизми, агар газета ёпилиши керак бўлса, нима кераги бор эди бош муҳарирни ўзгартиришнинг?..

Мен ҳозирча ҳукуматни танқид қилган журналист қамоққа ташланганини кўрмадим

 

Шарофиддин Тўлаганов

Би-би-си: Энди матбуотдаги умумий мавзуларга эътибор қаратадиган бўлсак, нима учун эркин матбуот мавжуд бўлса ва журналистларга ёзиш учун имкон берилган бўлса, масалан, мактаб ўқувчиларини ноқонуний равишда пахта теримига жалб қилинаётгани, қашшоқлик ҳақида ёзиш мумкин эмас ёки ишсизлик ҳақида ёзиш мумкин эмас?

Шарофиддин Тўлаганов: Биласизми, бизда қопиб гапириш бор, топиб гапириш бор-да. Биз ҳозирги кунда, масалан, ўзбек матбуотида, “Ҳалқ сўзи”ми, расмий газеталарда сал топиб ёзилган мақолалар чиқиб турибди. Ўша сиз айтган қашшоқлик, кейин пахта теримига чиқиш. Энди пахта теримига … оммавий чиқишни мен кўрмаяпман.
.

Дилмурод Саид: Мен хизмат вазифамдан келиб чиқиб, кўпроқ вилоятларга бораман. Мактаб ўқувчиларининг чиқартирилиши, бу- мажбурий. Ўқувчиларни олиб чиқмайман, деган мактаб директори ўша куни ишдан кетади.

Шарофиддин Тўлаганов: Бу фикирингизга мен қўшилмайман.

Дилмурод Саид: Мана ишонмасангиз, Самарқанд вилоятининг Жонбой туманига бориб кўринг, Пойариққа боринг, Оқдарёга боринг. Боринг-да, болаларнинг ўзи билан гаплашинг.

Би-би-си: Матбуотнинг аҳволи Андижон воқеаларидан кейин янада ёмонлашиб кетгани айтилади. Бунга нима сабаб бўлди?

Шарофиддин Тўлаганов: Биласизми, мен бу фикрга қўшилмайман. Андижон воқеаларигача қандай бўлса Ўзбекистон матбуоти, шундан кейин ҳам шу бўйича қолди. Ўша-ўша…

Би-би-си: Лекин мамлакатда фаолият олиб бораётган хорижий ахборот воситаларининг идоралари ёпилди ва мустақил журналистлар мамлакатдан чиқиб кетишга мажбурланди…

Шарофиддин Тўлаганов: Энди, биласизми, мен Би-би-си нинг чиқиб кетиши ҳақида мақола ёзганман. “Америка овози” ва “Озодлик” мухбирларини, биласиз, хотинлар калтаклаган эди эски шаҳарда. Би-би-сининг бурни ҳам қонамаган эди. Би-би-си “қўрқоқ олдин мушт кўтарар” қабилида чиқиб кетди, лекин мана, “Озодлик” чидаб берди-ку охиригача? Суднинг қарорини кутиш керак эди, деб ўйлайман.

Би-би-си: Бу сизнинг фикрингиз. Демак, нима учун Андижон воқеалари борасида ўзбекистонлик, Ўзбекистон матбуотида ишлаётган биронта журналист бориб, ўзича бир тадқиқот олиб боргани йўқ ёки Андижон воқеалари масаласида ҳукуматнинг расмий нуқтаи назаридан фарқли бир нуқтаи назар ёритилмади матбуотда?. Ёритишга ҳаракат қилган журналистларга имкон берилмади?. Уларни мамлакатдан чиқиб кетишга мажбурланди?

Шарофиддин Тўлаганов: Масалан, мен бунақа воқеаларни билмайман. Иккита-учта журналистлар бор эди. Энди улар… ўз ҳохиши билан чиқиб кетди, деб ўйлайман.

Би-би-си: Лекин нима учун бўлмаса Ўзбекистон матбуотида айтайлик, сиз ёки бошқа журналист биронта ҳам фарқли нуқтаи назар билдирмади Андижон воқеалари борасида?

Шарофиддин Тўлаганов: Биласизми, Андижон воқеаларида Ўзбекистон ҳукумати тўғри йўл тутди, деб ўйлайман. Мен икки-уч марта бу фикрларимни айтганман. Менинг фикрим – Андижон воқелари, ҳодисалари бостирилиши керак эди, фақат бошқа йўллар билан. Масалан, Бишкекда газ сепилди, кўздан ёш оқизувчи газ сепилди…

Би-би-си: Яъни, сизнингча, ҳукумат ўққа тутмаслиги керак эди намойишчиларни, шунақами?

Шарофиддин Тўлаганов: Биринчи ўқни ким отган? Жангарилар отган бўлса, ҳукумат, жангариларга қаратиб ўқ отиши керак.

Би-би-си: Нима учун бўлмаса, Ўзбекистон ҳукумати шу каби саволларга ойдинлик киритиши мумкин бўлган мустақил текширувга рухсат бермаяпти?

Шарофиддин Тўлаганов: Йўқ, йўқ, биласизми, ўзини ҳурмат қилган давлат ҳалқаро мустақил текширишга руҳсат бермайди.

Дилмурод Саид: Матбуотнинг аҳволи Андижон воқеларигача ҳам чекланган эди, Андижон воқеларидан кейин сиртмоқ янада қаттиқроқ тортилди…

Би-би-си: “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг айтишича, Ўзбекистонда интернет тармоғи қаттиқ назорат қилинади. Давлат интернет провайдерларига босим ўтказади ва ахборотни чеклайди…

Шарофиддин Тўлаганов: Интернетни бугунги кунда бекитиб бўлмайди-ку?. Масалан, мен “Центразия”, “Фергана. ру” ни кўрадиган бўлсам, ҳамма мақолалар чиқаяпти ҳозир.

Би-би-си: Интернет кафеларга кирсангиз, “таъқиқланган сиёсий сайтларга кирганлик учун 10000 сўм жарима солиниши катта-катта қилиб ёзиб қўйилган. Бу чеклаш эмасми?

Шарофиддин Тўлаганов: Йўқ, биласизми, “таъқиқланган” деганда Ўзбекистонда кўпинча порнографик сайтларни тушунаман мен. Агар бир сиёсий бир мақолани ўқиб, 10 000 сўм жарима солинадиган бўлса, марҳамат, суд турибди, “бунинг таъқиқлангани қани, қайси Ўзбекистон қонунлари бўйича, менга исботлаб беринг”, дейиш мумкин.

Дилмурод Саид: Шарофиддин аканинг гапларига мутлақо қўшилмайман. Мен ўзим ҳам интернетга жуда кўп кираман. 5000, 10000 сўм жаримадан ташқари, “бу сахифага кириш мумкин эмас” деган русча ёзувлар ҳам чиқади.

Шарофиддин Тўлаганов: Агар сиз айтгандай, интернетни ёпадиган ҳукумат бўлса, Ўзбекистан ҳукумати жуда ҳам қудратли ҳукумат экан…

Дилмурод Саид: Йўқ, буни “интернетни ёпиш” демаймиз. Интернет тармоғи шаҳсга ёки бўлмаса, ўша интернет кафени очаётган одамга боғлиқ эмас. Уни улаб берадиган ташкилотга боғлиқ. Бу ташкилотларнинг ҳаммаси фақатгина ҳукумат назоратида. (Би-би-си)

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: