Эгамназар Шайманов׃ АССАЛОМУ АЛАЙКУМ, ОПА?

xatlar1.jpg1991 йил. Дўстлик  районининг “ЎзССР 50 йиллиги” совхозидаги мактабда “Бирлик” Халқ Ҳаракати ва  “ЭРК” партиясини тарғиб қилардим. Ўқитувчилар хонасига икки миршаб кириб келиб, мени олиб чиқишди. Мактаб директори Александра Караулова ҳабар берган экан, райкомнинг иккинчи секретари Сокина Алмаметова икки миршаб билан, ўша вақтларда район ветеранлар совети раиси бўлмиш оқсоқол, совхоз парткоми ва участка нозири етиб келишибди. Улар мени хўжалик идорасига бошлаб боришди. Партком кабинетида эса қуйидагича савол-жавоб бўлди.

      С. Алмаметова:

Не ҳаққингиз бор эди, айтинг,

“Бирлик”, “Эрк”ни тарғиб қилишга?

      Оқсоқол:

Ҳали эрта, ҳой ука қайтинг,

Кучни сарфланг бўларлик ишга!

      Камина:

Якка фарзанд каби  арзанда

Комфирқага исёнларим бор.

“Бирлик»качи эътиқод манда,

Эътиқоддан воз кечиш душвор.

      Оқсоқол:

Эрта-индин йўқ бўлар “Бирлик”.

Эътиқодинг ғўр экан ука!

      Камина:

Коммунистлик келтирди хўрлик,

Юртимиздан кетди барака!

      С. Алмаметова:

“Бирлик” бугун хўп пораканда,

Ўз ичида низолари бор.

      Камина:

Бул ҳам ўтар, лекин Ватанда

Унинг ўчмас сазолари бор.

      Оқсоқол:

Болам, сизга қилай маслаҳат,

Шу бўлмағур “Бирлик”ни ташланг.

Райком рози, мана мархамат.

Ёшсиз, комсомолда иш бошланг.

     Камина:

Сизлардаги эътиқод – мансаб

Ва манфаат, билланиҳоя,

Тўйни “ош” деб ўйлайсиз эснаб,

Сизчун фирқа мансабга доя.

      Оқсоқол:

“Бирлик” бугун таъқибда роса,

Эрта-индин тарқаб кетади.

      Камина:

Таъқиб бўлса, мениг хулосам,

“Комфирқа”нгиз буткул йитади!

       С. Алмаметова:

Бизда шундай эътиқодлилар:

Ўлса, — коммунист бўлиб ўлади!

      Камина:

Комфирқангиз тезда йўқ бўлар,

Ўлмаганлар кулги бўлади!

      С. Алмаметова:

Тил тегизма комфирқага сен!

Бошгинангга етар бул калом!

      Камина:

Комфирқангиз тарқаганда мен

Опа, сизга бераман салом! 

Ўша йилнинг ўзидаёқ СССР тугатилди. Ўзбекистондаги коммунистлар ХДП аъзосига айланиб қолишди. Жумладан мен билган Сокина Алмаметова ҳам.

Орадан ўн йиллар ўтиб опани Жиззах шаҳар марказида учратиб қолдим ва маъноли салом бердим. Опа гўё саломимдан кўнгли тўлмагандай нари бурилиб кетди. У бошлиқ вилоят Меҳнат биржаси идораси адресига ушбу шеърни ёзиб жўнатдим. Нима бўлганда ҳам опадан бир салом қарздор эдим.  Қутилдим.

“Мустақиллик керак”-деганлар,

 Элни бошлаб шу мазгил сари.

Мустақиллик учун курашиб

Ватанидан бадарға бари… 

 “Бизга қуллик керак!”- деганлар,

“Бизга Союз керак!”- деганлар,

Мустақиллик нишон кўксида,

Бари герой-мерой бўлдилар. 

Турландилар буқаламундек,

Бир йил ичра бўлмади нелар.

“Бирлик” хамон эл майдонида

Халқ бахти-чун курашиб келар. 

Ол байроққа туфлашди бугун,

Кеча уни юрганлар ялаб. 

ХДПга айланиб олди

Коммунистлар битта думалаб. 

Минбарлардан айтилган у сўз,

Ҳали унут бўлганича йўқ.

“Ўлсам коммунист бўлиб ўламан!”

Деган каслар ўлганича йўқ. 

ХДПлар коммунист каби

Ўз нафсичун югуриб-елар.

“Бирлик” хамон эл майдонида

Халқ бахти-чун курашиб келар. 

Бугун мана комфирқангиз йўқ

ХДП бу—қиёс қиёфа.

Алҳол, салом қарздор эдим:

АССАЛОМУ АЛАЙКУМ, ОПА?


 

 

 

 

 


 

 

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: