Қирғизистон: муваққат ҳукумат

Қирғизистонда давом этган норозилик намойишлари ортидан муваққат ҳукумат ҳокимиятни қўлга олган ва ўз раҳбари сифатида собиқ ташқи ишлар вазири, мухолифат раҳбарларидан бири Роза Ўтунбаевани тайинлаган. Мухолифат тарафдорлари ва ҳукумат қўшинлари ўртасида пойтахт Бишкекда юз берган тўқнашувларда 40 инсон ҳалок бўлгани ҳақида соқғлини сақлаш вазирлиги хабар берган. Тасдиқланмаган хабарларга кўра, Президент Қурмонбек Бакиев мамлакатни тарк этган.

Ўтган тун ҳибсга олинган мухолифат раҳбарларининг бари озод этилган ва ҳукумат билан музокараларнинг бошлангани айтилмоқда. Хавфсизлик кучлари ва намойишчилар ўртасидаги тўқнашувларда ҳалок бўлганлар сони қирққа чиққанини хабар агентликлари Қирғизистон Соғлиқни Сақлаш Вазирлигидан иқтибос келтириб хабар қилишмоқда.

Бишкекдан мухбиримиз Тўлқинбек Турдибоев хабари:

Аввалроқ Намойишчилар Президент саройига ҳужум қилишган ва давлат телевидение ва радиоси биноларини забт этганлар. Президент Бакиев мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилган.

Ҳибсдан озод этилган “Ак Шумкар” партияси раҳбари Темир Сариев Бош вазир ва бошқа расмийлар билан учрашгани ва улардан қолган мухолифат раҳбарларини ҳам озод этишни талаб қилганини айтган.

‘Куч қўлламанг’

Намойишчилар Президент саройига ҳужум қилишган ва давлат телевидение ва радиоси биноларини забт этганлар. Ҳозирда телерадиокомпания мутлақ мухолифат назорати остида.

Президент Бакиев, баъзи тасдиқланмаган хабарларга кўра, мамлакатни тарк этган. Бошқа хабарларда эса, унинг Бишкекдаги уйи талон-тарож этилаётгани хабар қилинади.

Қирғизистоннинг давлат “Хабар” агентлигига кўра, хавфсизлик кучлари намойишчилар иккинчи марта ҳукумат уйини забт этишга уринган пайтлари уларга қарата ўт очган.

Агентлик намойишчиларнинг ҳануз ҳукумат уйини қуршаб тургани, аммо аввалроқ уларнинг бинони забт этишга уриниши хавфсизлик кучлари томонидан қайтариганини айтмоқда.

Кўп сонли яраланганлар борлиги, майдонга тез ёрдам машиналарининг етиб келаётгани айтилади.

Қўшма Штатлар, Россия ва Бирлашган Миллатлар томонларни куч ишлатишдан тийилишга чақирган.

БМТ Бош Котиби Пан Ги Мун музокараларни бошлаш ҳақида огоҳлантирган.

Президент Бакиев ҳозирга қадар воқеалар юзасидан ҳеч қандай баёнот бермаган.

Қирғиз парламентининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Турсунбек Акуннинг Би-би-сига айтишича, у ҳукумат уйига киришга муваффақ бўлган ва бино ичкарисида мажлис ўтказаётган куч тизимлари раҳбарлари, жумладан, Президентнинг укаси Жаныш Бакиев билан мулоқот олиб боришга уринган.

Аммо Турсунбек Акуннинг айтишича, уни бинодан куч билан чиқаришган.

Омбудсмен барча мухолифат раҳбарлари ҳибсга олингани ва оломонни бошқарадиган етакчилар йўқлигини айтган.

Сешанба куни Таласдаги зўравонликлар ортидан норозиликлар пойтахт Бишкек ва Қирғизистоннинг бошқа минтақаларига ёйилган.

Мухолифат манбаъаларининг билдиришича, мамлакат жанубидаги Норин шаҳрида 5 мингга яқин намойишчилар маҳаллий ҳокимият биносини босиб олган ва ҳоким билан қудратни топшириш юзасидан музокаралар олиб бормоқда.

Гувоҳларга кўра, Бишкекда юзлаб ёш йигитлар милиция ходимларини дўппослашган ва машиналарни ёқиб юборганлар.

Намойишчилар газ ва электр нархларининг оширилиши ва мухолифат раҳбарларининг ҳибсга олинишига қарши норозилик билдиришмоқда.

Улар Президент Қурмонбек Бакиевнинг истеъфосини талаб қилишган.

Қирғизистон Бош вазири Дониёр Усенов намойишчиларни “бандитлар”, деб атаган.

У Таласдаги зўравонликлар чоғида 80 дан ортиқ милиция ходимларининг яраланганини маълум қилган.

“Улар қандай қилиб мухолифат бўлади? Улар бандитлар, холос”, деб айтган Бош вазир.

Бишкекдаги АҚШ элчихонаси Қирғизистондаги вазиятдан хавотирда эканини айтган.

Россия қирғиз ҳукуматини намойишчиларга қарата куч ишлатмасликка чақирган.

Интерфакс хабар агентлиги Россия Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Григорий Карасиннинг “барча келишмовчиликлар Қирғизистондаги мавжуд демократик қоидалар доирасида ечилиши керак” деган сўзларидан иқтибос келтиради.

Қозоғистонда бўлган Бирлашган Миллатлар Бош котиби Пан Ги Мун барча томонларни босиқлик ва музокаралар олиб боришга чақирган.

Ҳибсга олишлар

Тунда камида икки, айрим хабарларга кўра, ўн нафар мухолифат раҳбарлари ҳибсга олинган.

Қирғиз махсус кучлари мухолифат раҳбари ва президентликка собиқ номзод Алмазбек Атамбаевнинг уйини забт этган.

Бошқа бир мухолифат раҳбари Темир Сариев эса чоршанба куни эрталаб Москвадан учиб келган пайт Бишкек аэропортида ҳибсга олинган.

Ўш вилоятининг собиқ губернатори ва 2005 йилдаги “лола иниқилоби” етакчиларидан Анвар Ортиқовнинг ҳам ҳибсга олингани айтилмоқда.

Бир неча журналист ҳужумга учраган.

Мухолифат чоршанба кунига режаланган йирик намойишларни ўтказишини билдирган.

Хабарларга кўра, сешанба куни зўравонликларга саҳна бўлган Талас минтақасида ҳокимият мухолифат тарафдорлари қўлида қолмоқда.

Тартибсизликлар сўнгги ойларда мухолифат ва ҳукумат ўртасидаги кескинликнинг кучайиши манзарасида юз бермоқда.

Охирги ҳақталарда ҳукумат мутсақил матбуотга ҳужумларни кучайтирган, бир неча интернет нашрлари ёпиб қўйилганди.

Президент Бакиевнинг ҳукуматда юқори лавозимга тайинланган ўғли Максим Бакиевнинг роли борасида ҳам норозиликлар кучайган.

Президент Бакиев бундан беш йил муқаддам юз берган оммавий намойишлар натижасида ҳокимиятга келган эди.

У коррупцияга қарши курашиш ва демократик ислохотлар ўтказишга ваъда берган.

Аммо танқидчилари унинг бошқаруви остида Қирғизистонда яккаҳокимлик тузуми қарор топганини айтишади.(BBCUzbek).

Leave a comment