Savol…Javob…

Жамиятни тўғри йўлга бошлаш имконияти яқин

САВОЛ׃ Ассалому алайкум ҳурматли Жаҳонгир Маматов! Бу менинг сизга биринчи марта йўллаётган мактубим. Ёшим 26 да , ўзим иқтисодчиман. 2 йилдан кўпроқ вақтдан бери Буюк Британияда таҳсил олмоқдаман ва 2 йилдан бери сизнинг сайтингизни мунтазам ўқиб тураман. Гарчи, сиёсатчи булмасамда, ҳали бу соҳада бирор бир иш қилолмаган бўлсамда, лекин сиёсатга қизиқишим, ҳар кун нимадир янги нарса ўрганишим ва қолаверса, соҳам сиёсат билан узвий боғлиқ бўлганлиги учун сизга мактуб ёзмоқдаман (аслида, савол йўлламоқчиман).Ҳозирда, Ўзбекистоннинг амалдаги ҳукумати емирилиб бораётганлигини кўпчилик талқин қилмоқда, ҳаттоки Ўзбекистонда яшаётган кўпчилик одамлар ҳам шундай деб ўйлашмоқда. Сиз Ўзбекистонда демократик давлат қуриш учун тинимсиз кураш олиб бораётганлигингиз, мухолифатни бирлаштиришга ҳаракат қилаётганингиз ва шу ўринда одамлар ҳақиқий мухолифат деганда энг аввало сизни тушинишмоқда, чунки сиз буни исботлаб бўлгансиз, қолаверса 1991 йил, 30 сентябрдаги 7 сессияни ҳалигача одамлар унутишмаган. Шунингдек, ҳозирда Ўзбекистондаги ҳукумат ҳам ўзининг нималарга қодирлигини кўрсатиб бўлди (“армия кимнинг қўлида бўлса ҳокимият ўшаники, ҳеч ким бизга тажоввуз қилолмайди” қоидаси ҳукм сурмоқда). Савол: Сиз 2008 йилда барча имкониятларни ишга солган тақдирда ҳам Ўбекистон демократик давлатга айланади деб уйлайсизми?

Диктатура (бу ерда айнан бир шахс назарда тутилган) боши берк кучага киритиб қўйган давлатни яна изга тушириш учун анчагина вақт кетишини ҳам биласиз, чунки худди шундай вазиятда 1991 йилда И. Каримов одамларни ишонтиришни уддалади, яни 90 йиллар охирларигача одамлар унга ишонишди (кейинчалик ишонтиришнинг бошқа йўлларини ўйлаб топишди -1999, 16 феврал).

Хўш, янги бўладиган ҳукумат халқни ўзига ишонтиролишига ишонасизми? Айниқса, ҳозирги халқ кимнинг орқасидан эргашишниям билолмаётган пайтда.

Яни, демоқчи бўлганим, одамлар ҳукумат деган нарсадан, ёки “демократия” сўзини, худди шунчаки бир “қуруқ гап” деб уйлаб, ҳеч нарсадан умид қилмай қўйган пайтда. Масалан, мен ҳар йили Ўзбекистонга бориб тураман, шу ёзда борганимда ҳам кўрдим, ҳар доимгидек тўйлар бўлиб турибди, лекин қишлоқнинг деярли бутун эркаклари Россияда ёки Қозоғистонда. Шунинг ҳисобига тўйлар ва “жаноза”лар бўлиб турибди. Одамлар билан гаплашсам, кўпчилиги “оч қорним- тинч қулоғим” нақлини айтишади. Бундан келиб чиқадики, ҳукуматга ким келиши улар учун муҳим эмасдек вазиятга тушиб қолишган.

Хуллас, ёзаман деса Жаҳонгир ака, савол ва муаммолар кўп , қолганларини кейинги мактубларда ёзармиз. Ҳурмат билан ШЕР.

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Журъат этиб биринчи мактубни ёзган одам кейингисини ҳам ёзади ва шунинг ўзи сиз каби ёш иқтисодчини ҳам бевосита бўлмасада билвосита сиёсатга бошлайди. Чунки сиёсат ва иқтисодни бир биридан ажратиш нотўғридир. Бу худди бош(сиёсат) ва қорин(иқтисод) ни биридан узишдек гап. Ленин шу йўлни танлаганди. Унинг издошлари-ю жумладан Каримов ҳам шу йўлдан бориб катта хато қилдилар. Шунинг учун ҳам сиз каби ёшлар ҳозирданоқ буни англаб олишларингиз мутлоқ ижобий ҳолатдир.

Менга жуда катта баҳо бериб юборибсиз. Бунинг учун раҳмат. Лекин мухолифат деганда жуда кўпчилик тушунилади. Мени Каримовнинг ҳақиқий мухолифларидан бир десангиз қабул қилишим мумкин. Чунки мен Ўзбекистонда “диктатура” дейилганда “Каримов”ни тушундим ва унга қарши курашни диктатурага қарши кураш деб билдим. Буни хато деганлар ҳам кўп.

Баъзилар вақтида Каримов номини ишлатмай “ҳукумат” деб ҳам кўришди, “давлат” деб кўришди, ҳатто “халқ” ҳам деб кўришди. Аммо бугунга келиб иллатларнинг илдизи Каримовда эканлиги ҳаммага аён бўлди.

2008 йил ҳақида сўраяпсиз. У пайтда балки ҳали Каримовниг ўзи тахтда бўлар? Балки унинг издоши. Чунки у ўзи каби яна бир икки диктаторни етиштирди. Шулардан бири Мирзиёевдир. Агар у ҳокимиятни қўлга олса, Ўзбекистон Шимолий Кореяга айланиши мумкин.

Хўп, фалакнинг чархи айланиб, Ўзбекистон демократия томонга юз бурди ҳам дейлик. Лекин 2008 да Ўзбекистон демократик давлат бўла олмайди. Бир режимдан унинг акси бўлган режимга ўтиш учун жуда машаққатли йўлни босиб ўтиш керак. Бу йўл узоқ ёки яқин бўлиши сизнинг авлодга, сиз каби демократияни англаб етганларнинг оз ёки кўплигига боғлиқ.

Бугунги мухолифат ёшини яшаб, ошини ашаб бўлган, унинг ҳокимиятга келишидан умидим йўқ. Шунга қарамай уларни жунбушга келтиришга уриниб тураман. Асосий диққатни эса, сиз каби ёшларга йўналтирганмиз. Демократик Ўзбекистон Конгресси ўз олдига қўйган асосий мақсад ҳам ана шу – Ўзбекистоннинг келажагини қутқазадиган ёшларга бизнинг авлод қилган хатоларни такрорламасликни ўргатишдир. Бугун ҳукуматнинг қора ишларига ва мухолифатнинг жанжалларига аралашмай турган ёшлар жуда кўп ва ишонч уларда.

Энди халқ масаласига келсак. Минг йиллардир зулм остида ушлаб турилган халқдан бир ўзгариш келади, деб ўтирсангиз, яна минг йил кутасиз. Аслида ҳеч қачон ўзгаришларни бутун халқ қилмаган. Унинг жуда оз қисмигина буни амалга оширган ва қолганлар шу билан муроса қилганлар. Гап ана ўша оз қисмдан чиқадиган лидерларда. Агар уларнинг кўнглида халқ деган ҳикмат ётса, демак бу халқни ҳаракатга келтириб, унга унинг ҳақларини берадилар. Агар кўнгилларида “ўз”лари ётган бўлса, бу халқнинг ҳақларини ўзлаштирадилар. Иккинчиси Шарққа хосдир ва шунинг учун ҳам ҳатто демократлар ҳам якка лидер билан эмас, лидерлар командаси билан иш тутишни намоён этсалар уларга ишониш мумкин.

Энди халқни ишонтириш масаласига келсак, халқ ҳамма нарсага бир муддат ишонади. Каримовдан кейин келадиган ҳукуматнинг у ҳатто Каримовнинг хос одами бўлса ҳам халқни ишонтириш учун битта йўли бор – у ҳам бўлса Каримовни қоралашдир. Ана шу пайтда демократик мухолифатга қисман йўл очилади ва у жамиятни тўғри йўлга буриш имконига эга бўлади деб ўйлайман. Бу узоқ эмас ва бунга бугундан бошлаб тайёр бўлиш керак. Акс тақдирда бу ҳам қўлдан кетади.

Manba: www.jahongir.org 

Leave a comment