Миртемир истеъфога чиққандан кейин хусусий “Турон” ижодкорлар уюшмасида ишлай бошлади. Уюшма хусусий бўлгани учун мадрасанинг бир хонақоҳида фаолият кўрсатарди. Кошинлари нураб тушган, муқарнасларидан узоқ тарихнинг кўзлари жовдираб турган мадраса хонақохи зах, ҳавоси биқиқ бўлса-да, кишини айри бир дунёларга етакларди. Рутубат Миртемирнинг душмани эди. Хонақоҳга кириши билан оёқлари зирқираб оғрий бошласа-да, хаёллари уни олис-олисларга етакларди.
Бизга ўз тарихимизни ўргатмадилар, деб ўйларди Миртемир. Асосан бошқаларнинг тарихини ўргандик. Ўз тарихимизни эса бегоналар ёзган асарлардан ўқитдилар. Уларни асар дейиш мумкинмикан?! Ахир уларнинг аксарияти маълум бир манфаат учун ёзилмаганми? Назаримда биз тарих ёзишни севмайдиган халққа ўхшаймиз. Кошоналар тиклаймиз, савашларда музаффарлик қиличини кўтарамиз, лекин тарих ёзишга қолганда ҳамду санодан нарига кетолмаймиз. Подшоларни мақташ тарихчиларимизнинг каломи аввалларидир. Подшоларга ҳамду сано ўқиш тарихчиларимизнинг орзу-муддаоларидир. Ўтмишини билмаган келажагини йўқотади. Ўтмишини танимаган келажагини ҳам таний олмайди. Менимча ҳамма ишни тарих ёзишдан бошлаш керак. Continue Reading











