Жаҳонгир Муҳаммад

АССАССИН

Тарихий-замонавий роман (Янги таҳрирда)

ЎН ИККИНЧИ БОБ

2000 йил

Нилуфар Дубайдаги зиндонда беш нафар жувон билан бирга азоб чекмоқда. Аммо уни Нодирхоннинг ҳузурига олиб келишганда кўрган хўрлиги олдида буниси ҳеч нарса эди.

-Сен қанжиқ ниманга бино қўйдинг, нега бу қадар ноз қиласан?,-деди ўшанда Нодирхон унинг юзига тарсаки тортиб.

У юзидан чиққан оловнинг тафтида бир зум қоврилди-да, кейин хонадан қочиб чиқмоқчи бўлди. Бироқ Нодрихон бир сакраб унинг сочидан тортиб, айлантириб юборди. У хонанинг бир четидаги диванга шундай урилдики, гўё суяклари майда-майда бўлиб кетгандек ҳис қилди ўзини.

-Мен қизларни қийнашни яхши кўраман,-деди Нодирхон.-Уларни алдаб-сулдаб ўтирмайман. Бу ҳезалакларнинг иши. Иккиюзламачилик қила олмайман. Барибир айтганимга рози қиламан. Сен ҳам барибир рози бўласан. Фақат яна бир-икки тарсакидан кейин. Нафратинг қанча кучли бўлса, эҳтиросинг ҳам шу қадар баланд бўлади. Ҳатто ўзинг ялина бошлайсан. Сени бугунгача алдашди. Мен эса, сенга ҳақиқатни кўрсатаяпман. Ҳақиқат мана шу! Сен энди бузуқсан! Билиб қўй, бузуқлар баъзан соғлардан яхши яшайдилар.

Биламан ҳозир сенга яшашнинг қизиғи йўқ. Аммо яшашга ўрганасан. Бузуқ бўлиб яшашга ўрганасан…

Ўша кун Нодирхон Нилуфарни жуда қийнади. Охирида зўрлади. Ҳаммаёғини эзиб, тишлаб, момоталоқ қилди. Унга ҳеч таскин бермади.

Нилуфар учун ҳаётнинг қизиғи қолмади, лекин негадир яшагиси, Нодирхон ва бошқалардан ўч олгиси келди. Унинг учун ота-она, бувиси ёки келажак ҳаётнинг зарра қадар ўрни қолмаган эди. Бу китобнинг саҳифалари ёпилганди. Янги китоб очилганди. Қасд олиш.

Қасоскорлик одамнинг руҳида бўлар экан. Аммо руҳнинг жуда тубида, уйғонмас бир ҳолатда ётар экан. Уни мана шундай даҳшатли ҳолатлар уйғотаркан. Бу руҳ йиқилган одамни қайтадан оёққа қўяр экан.

Нилуфар нодирхонлар билан яхши бўлиш ва пайтини топиб, уларни жазолаш ҳақида ўйлай бошлади. Continue reading

Жаҳонгир Муҳаммад

АССАССИН

Тарихий-замонавий роман (Янги таҳрирда)

ЎНИНЧИ БОБ

2003 йил

Бирдан Каримовнинг кўзи тиниб, боши айланиб кетди. Кейинги кунларда у ўзини ҳолсиз сезар ва дўхтири берган кучлантирувчи дориларидан ҳам наф сезмаётган эди. Аввалига ичкиликдан деб ўйлади ва бир икки кун ичмай қўйди. Аммо мажолсизлик тинмади. Кейин нашанинг таъсири деб ўйлади. Уни ҳам камайтириб кўрди. Бўлмади. Балки кўп ишлаяпман, дея бир неча кун ишга чиқмай, дала ҳовлида қолди.
Бирдан ёдига Сталиннинг дўхтирлардан шубаҳа қилгани тушди. Балки бу гапда жон бордир? Агар бир гап бўлмаса, нега бу қадар ҳолсизман? Нега дўхтирларим сабабини топа олмаяптилар? Ёки билсалар ҳам мендан яширмоқдаларми?
Мана энди яна боши айланиб, кўзи тиниб кетди. Хайриятки, бу ҳол халқнинг кўз олдида юз бермади. Аммо мана булар сезиб қолишди. Ҳатто Алматов билан Иноятов икки томондан келиб қўлтиғимга киришди. Балки буларнинг дўхтирлар билан тили бир бўлса-чи?
Каримов ҳолсизланиб ётар экан, Алматовни чақиртирди.
-Ҳов бола, сандан бошқага ишонмайман, буни биласан! Дўхтирлар билан гаплаш, улар мендан ниманидир яширмоқдалар. Агар ростдан ҳам шундай бўлса, оналарини кўрсат!
Алматов Каримовнинг оқариб қолган юзига қараб “хўп” ишорасини қилди-да ташқарига чиқар экан, Каримов ўзининг асл
-Бор, ўзинг ёнида тур,-деди.
Улар дўхтирларни тўпладилар. Каримовнинг касаллик варақаларини келтиришди.
-Икки марта ҳемаройдан амалиёт қилдик,-деди Гайран,- ўзим қилдим ва мана икки йилдирки ҳеч қандай муаммо йўқ. Ўтган йил ўзим эндоскопия ва колоноскопия қилгандим. Ичак йўлларини тозалагандим. Яқинда яна бир марта такрорламоқчи эдим, аммо очлик қилиш жараёнига дош бера олмадилар. Теннис ўйнаб турганларида аҳволлари анча яхши эди, лекин теннисни ташлаб юбордилар, гапимизга қулоқ солмадилар…,-деди Гайран.
-Қон анализлари қандай?-дея сўради Алматов. Дўхтирлар қоғозларга қарар эканлар Ҳайдаров жавоб қилди
-Холестерин миқдори баланд чиқмоқда. Аммо Англиядан янги дори олиб келтирдик ва унинг фойдаси бўлмоқда…
-Лекин бу дори холестеренни камайтиргани билан жигарга зарари бор,-деди Гайран.
-Жигарларини текширдингларми?-деб сўради Алматов.
-Текширдик. Серроз белгилари кўринмоқда. Аммо унчалик хавфли эмас…
-Сиз биласизми, бу одам бутун бир мамлакатнинг боши, бутун халқнинг умиди шу одамда, бугунимиз ҳам, келажагимиз ҳам шу одам билан боғлиқ, сиз бўлсангиз қандайдир шубҳалар ҳақида гапириб ўтирибсиз,-деди Алматов ўта жиддийлик билан.
-Бошқа мамлакатларда ҳар қандай шубҳа беморга очиқ айтилади ва у билан бир қарорга келинади. Бизда эса шубҳани тилга келтиришга қўрқамиз,-деди Гайран.
-Сиз ҳам мухолифатчи экансиз-ку?-дея кесатди Алматов.
Алматов ҳеч кимга бақирмас, ҳеч кимни сўкмас, фақат мулойим гапириб, ўзини яхши кўрсатадиган одам эди. У нима иш қилса ҳам, орқадан қилар эди. Бировнинг юзига қараб “Акажоним” дея қучоқлаб, у кетиши билан “Бу аблаҳни йўқотларинг!” дерди. Юзма-юз гаплашганда жуда жаҳли чиқса, юмшоқ кесатиқ қиларди. Гайран буни яхши биларди. Чунки отаси узоқ йиллардан бери Алматовнинг қўлида ишлайди ва улар яқин дўст. Шунинг учун ҳам унга очиқ гапирмоқчи бўлганди, аммо у ҳам эшитишни истамади. Лекин нима қилсин? Каримовниг ўзига айтишга қўрқади. Булар эса эшитишни исташмайди. Индамаса вазият ёмонлашиб бормоқда. Continue reading

Жаҳонгир Муҳаммад

АССАССИН

Тарихий-замонавий роман (Янги таҳрирда)

ТЎҚҚИЗИНЧИ БОБ

1998 йилнинг охири

Янги йил байрамидан бир кун олдин Миртемирга Америкада узоқ йиллардан бери яшаётган Чол телефон қилди. Миртемир Америкага ҳали яқинда келгани учун Чолни унча яхши билмас эди. Аммо ҳамма Чол ҳақида гапирарди. Ҳеч ким унинг номини айтмас, ҳамма уни Чол дер эди.
Кимдир уни ҳар қандай ишни уддасидан чиқа олади, деса яна кимдир ҳар қандай одамга ҳар қандай туҳматни қилишдан қайтмайди, жуда кўп одамни қон қақшатган дер эди. Миртемир узоқ йиллардан бери мухолифатда. Туркияда эканлигида Ўзбекистон газеталаридан бирида Чол ҳақида танқидий мақола чиқди. Шунда радиодан телефон қилиб, Миртемирдан мазкур мақолага фикр сўрашди. У бундай мақолалар қандай тайёрланиши ҳақида гапириб берди. Кўп ўтмай Чолдан миннатдорчилик мактуби олди. Орқасидан эса Чолнинг Каримовга қарши иш қилмагани ҳақида ёзган очиқ хатини ўқиди.
Шу боис у Чолдан узоқ туришга ҳаракат қилди. Аммо Америкага келган куниёқ остонасида Чол пайдо бўлди. Олис бир мамлакатда эшикдан кириб келган ватандошга ким ҳам қучоқ очмайди. Чолнинг билмаган нарсаси йўқ экан. Тўғрироғи ўзини ҳамма нарсани билгандек қилиб кўрсатар экан. Сталиндан гап очилса, у билан қайси йили қаерда ва қайси соатда учрашганини айтса, Нерудан гап бошланса, унга қандай маслаҳат берганини ҳикоя қиларди. Дунёдаги ҳамма лидерлар билан учрашган, ҳамма воқеаларнинг ичида бўлган ва ҳатто бошқариб турган қилиб кўрсатарди ўзини.
Оддий одам унинг соатма-соат, дақиқама-дақиқа қилиб айтиб берган гапларига шубҳа қила олмас эди. Унинг хотирасига қойил қолмасдан илож йўқ эди. Худди компютер каби ҳамма хабарлар ва номларни ўз хотирасида сақлар ва жойида қўллана оларди. Аммо Миртемир унинг “мағзи”ни тезда чақди. Бир куни унга мамлакатдан бир дўстидан олган хабарни айтди. Бу хабарни фақат у ва дўсти биларди, холос. Орадан уч кун ўтиб, Чол унга телефон қилиб, “Ҳозиргина бир муҳим хабар” олдим дея ўша Миртемирдан эшитган гапни унинг ўзига айтиб берди.
Миртемир дўстига хат ёзиб бу хабарни кимгадир айтиб-айтмаганини сўради. Хабар ҳали тарқалмаганига ишонч ҳозил қилгач,
-Чолданми?-деди.
-Э, сизга ҳам айтдиларми?-деди ҳалиги одам.
Шундан кейин у Чолни кузатса, мана шу йўл билан ўзини аҳамиятли шахс деб танитар ва ҳамманинг диққат марказида бўлар экан. Пенсияда бўлгани учун вақти кўп. Турли газеталарни ўқийди. Радиоларни эшитади ва ўзи тўплаган маълумотлар асосида ўзи ҳам турли хабарларни тўқир экан. Америкада яшаётган ватандошлар ишхона ва уйнинг йўлидан бошқа нарсани билмаганлари учун унинг оғзига қараб ўтирар эканлар. Continue reading

Жаҳонгир Муҳаммад

“Қувғин”, 3-китоб, (тарихий роман)
65. ЙЎЛДОШ

Миртемирни қўналғада яқин дўсти Йўлдош Суюнов кутиб олди. У вилоят ҳокимиятида ташкилий-кадрлар бўлимининг мудири эди.

-Нима гап? – деб сўради Миртемир Йўлдошдан.

-Ҳозирча ҳеч гап. Агар бирор воқеа бўлса Сизга мен ўзим етказаман, р…ростдан ҳам… – деди Йўлдош “р”ни айтишга қийналиб.

-Олий Кенгаш раёсати номидан аллақачон қарор ҳам тайёрлаб қўйишибди-ку?

-Бизга келган эмас, акс тақдирда мени сизни кутиб олишга чиқаришармиди?

-Мен ҳеч кимга айтмасдан йўлга чиққандим. Булар йўталга қараб исмингни айтиб берадилар…

-Шунақами? – ажабланди Йўлдош.

-Сизнинг ажабланишингизни кўриб мен ҳам ажабланаяпман, – деди Миртемир.

-Ахир имзо тўплашибди-ку?!

-Йўғе, мен эшитишим керак эди.

Миртемир Йўлдошнинг гапига ишонди. Чунки бу бинода ишлаётганлардан икки нафарига ишониш мумкин бўлса, булардан бири Йўлдош, деб ўйларди бир пайтлар. Ўрусиятдан жумҳуриятга келган “тозаловчи”ларнинг қармоғига тушган инсонлар орасида Йўлдош ҳам бор эди. Ўшанда Йўлдош вилоят ижроқўмида умумий ишлар бўлимининг мудири эди. Шаҳар партия қўмитасида аъзоликка қабул қилинувчилардан пора исталганини мажлисда айтиб қўйгани учун кўчага қувилди. Continue reading

Жаҳонгир Муҳаммад

“Қувғин”, 3-китоб, (тарихий роман)
64.ЭРК

Каримов аста-аста золим ҳукмдорга айланиб қолди, деб ўйлади Миртемир. Ҳали яқиндагина мухолифатдан ҳайиқарди, лекин энди мухолифатнинг лидерларини калтаклаяпти, қамоққа ташлаяпти, сургун қилаяпти. У одимба-одим босиб келаяпти. Лекин мухолифат нега чекинаяпти? Миртемир ўзича ана шу саволнинг жавобини қидирди.

Кунларнинг бирида Миртемирга Шавкат Темур телефон қилди:

-Эшитишимча, Сиз Эрк партиясига аъзо бўлибсиз,-деди у. – Юз бераётган воқеаларни кўраяпсиз. Бизнинг орамиздаги воқеалардан хабарингиз бўлса керак, парчаланиб кетаяпмиз. Бирлашмасак, ҳолимиз вой бўлади.

-Мен ҳали партияга аъзо бўлганим йўқ, – деди Миртемир. – Лекин бугун бир бўлиб курашмоқ учун партияга аъзо бўлиш керак, деб ҳисоблайман. Қолаверса, Олий кенгашда мухолифат фракциясини тузишимиз керак. Кучга айланмасак, битта-битта синдиришмоқда.

-Фикрларимиз яқин экан. Бир учрашиб гаплашайлик, – деди Шавкат Темур. Continue reading

Жаҳонгир Муҳаммад

63.БОЙМИРЗА ҲАЙИТ

Миртемир истеъфога чиққандан кейин хусусий “Турон” ижодкорлар уюшмасида ишлай бошлади. Уюшма хусусий бўлгани учун мадрасанинг бир хонақоҳида фаолият кўрсатарди. Кошинлари нураб тушган, муқарнасларидан узоқ тарихнинг кўзлари жовдираб турган мадраса хонақохи зах, ҳавоси биқиқ бўлса-да, кишини айри бир дунёларга етакларди. Рутубат Миртемирнинг душмани эди. Хонақоҳга кириши билан оёқлари зирқираб оғрий бошласа-да, хаёллари уни олис-олисларга етакларди.

Бизга ўз тарихимизни ўргатмадилар, деб ўйларди Миртемир. Асосан бошқаларнинг тарихини ўргандик. Ўз тарихимизни эса бегоналар ёзган асарлардан ўқитдилар. Уларни асар дейиш мумкинмикан?! Ахир уларнинг аксарияти маълум бир манфаат учун ёзилмаганми? Назаримда биз тарих ёзишни севмайдиган халққа ўхшаймиз. Кошоналар тиклаймиз, савашларда музаффарлик қиличини кўтарамиз, лекин тарих ёзишга қолганда ҳамду санодан нарига кетолмаймиз. Подшоларни мақташ тарихчиларимизнинг каломи аввалларидир. Подшоларга ҳамду сано ўқиш тарихчиларимизнинг орзу-муддаоларидир. Ўтмишини билмаган келажагини йўқотади. Ўтмишини танимаган келажагини ҳам таний олмайди. Менимча ҳамма ишни тарих ёзишдан бошлаш керак. Continue reading

Жаҳонгир Муҳаммад

“Қувғин”, 3-китоб, (тарихий роман)
62.МУКОФОТ

Каримов ҳам эрталабгача ухламади. Олий ўқув юртларини вилоятларга кўчириш ҳақидаги фармонларни имзолади, ўнлаб раҳбарларни ишдан олиб, ўрнига янгиларини тайинлади. Баъзи вилоят раҳбарларини эса сайловда Исо Холисга рўйхотирлик қилди, деган баҳона билан ишдан қувди. Ҳатто Талабалар шаҳарчасини темир панжаралар билан ўраб олиш масаласидан то талалабаларни автобусларга миндириб, уй-уйларига қадар етказиб қўйишгача – барча тадбирлар билан ўзи шуғулланди. Шаҳарчани темир панжара билан ўраб олиш учун бюджетдан махсус пул ажратди. Тонг бўзариб қолганда, Алматов билан Урайимжонга:

-Миршабларнинг маошини икки марта оширдим. Мана учинчи фармонга ҳам қўл қўяпман. Буни овоза-дарвоза қилманглар,-деди.-Шундай ҳам миршабларнинг маоши бошқаларникидан беш-олти марта кўп эди. Бунинг устига улар ҳар бир дарахтдан пул теришади. Тишларидан остоналаригача олтин бўлди. Шунда ҳам содиқ бўлишмаса, йўқотиб юбораман ҳаммасини.

-Ҳаммаси сизга содиқ, – деди Алматов. – Мажлисларда ота-оналари сизни тинимсиз дуо қилишганини айтишади. Бизнинг орамиздан нонкўр чиқмайди. Сизга хиёнат қилсак, кўзимиз кўр бўлади.

Суҳбатни индамай тинглаб ўтирган Алиев ҳам қўлидаги қоғозни Каримовга узатди.

-Ҳуқуқ-тартибот органлари бир вужуд. Талабалар шаҳарчасида бизнинг ходимларимиз ҳам фидойилик кўрсатдилар. Уларга ҳам бир оталик қилинг,-деди Миллий хавфсизлик қўмитаси бошлиғи Алиев.-Миршаблар қатори маошларини оширганингиз учун, қуллуқ. Шу беш-олти кишига мукофот берсак дегандим.

Каримов қўлидаги қоғозни имзоларкан:

-Буни яхши эслатдингиз,-деди. – Нафақат Талабалар шаҳарчасида, балки сайловда ҳам ҳаммангиз ўзингизни кўрсатдингиз. Мен мустақил давлатнинг мустақил раҳбариман энди. Орқада халқнинг кучи бор. Сиз ҳам ана шунга яраша бўлишингиз керак. Бугун Алматов, Абдуғаниев, Алиев сизларга генерал унвони бераман.

Каримов шундай деб, Темир Алимовга дарҳол фармон лойиҳаси тайёрлашни буюрди:

-Рухсат этсангиз, бир таклифим бор эди. Урайимжон ҳали подполковник. У кишига полковник унвони берсак. Бироздан кейин эса… Continue reading