ОҒИЗЛАРДАЁҚ ЎЛАЁТГАН АДОЛАТ, ҚОҒОЗЛАРДАЁҚ СЎЛАЁТГАН ҲАҚИҚАТ!

Ўзбекистон Республикасининг президенти Шавкат МИРЗИЁЕВга халқаро журналист Бердиёр ЖУМАЕВ томонидан

О Ш К О Р А  М У Р О Ж А А Т

Жаноб президент! Бу – менинг сизга қарата йўллаётган биринчи мурожаатим эмас. Бундан илгари ҳам «СОҲИБҚИРОН ШАЪНИГА – ИСНОД, РУҲИГА – ҲАҚОРАТ!» ҳамда «ЭРКСИЗ МАТБУОТ – ТАРАҚҚИЁТГА ЁВ, ТАМАДДУНГА ЁТ!» сарлавҳалари остида ўзингизга очиқ хатлар ёзганман ва халқаро матбуотда такрор-такрор эълон эттирганман. Аммо, таассуфлар-ки, уларнинг бирортасигаям ҳеч қанақанги тарзда жавоб қайтарилган эмас. 

Турли қонунсизлик ҳолатлари боисидан, сизнинг виртуаль қабулхонангизга, Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – молия вазирига, Ўзбекистон Бош прокурорига, Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раисига, шунингдек, Қашқадарё вилоятининг ҳокимига юборган, шахсан етказиб берган қатор мактубларимнинг-да тақдирлари ушмундоқ тарзда аянчли кечди.

Мана, бир неча йиллардан буён, сиздан бошлаб, Ўзбекистон Олий Мажлиси раҳбарияти-ю, Ўзбекистон Ҳукуматининг раисигача: қаерда эълон этилишидан қатьий назар, оммавий ахборот воситаларидаги чиқишларда кўтарилган муаммолар юзасидан, албатта, зарурий чора – тадбирлар кўрилмоғи, уларнинг эгаларига тегишли равишда жавоблар қайтарилмоғи шарт, дея қайта-қайта уқтирилаётганлигига қарамасдан, шундай ҳолатлар рўй берди ва бундай лоқайд аҳвол давом этмоқда.

*    *    *

Дастлаб, янги ташкил этилган пайтларида, халқ учун ҳақиқий маънодаги «нажот қалъаси» сифатида хизмат қилган «президент портали», эндиликда, аксарият ҳолларда, ўзига келган аризаларни-ю шикоятларни, шунчаки, қайддан ўтказиб, номигагина жавоб (отписка) ёзадиган ёхуд уларни, яна тағин, устларидан арз ёки шикоят қилинган шахсларнинг ўзларига қайтариб жўнатиш билангина шуғулланадиган бир даргоҳга айланиб қолди.

Халқнинг беҳисоб маблағлари сарфланиши – харжланиши эвазига ташкил топган турли мақомдаги қабулхоналар, эндиликда, қўлларидан ҳеч нарса келмайдиган манзилгоҳларга айландилар, ўзларини мутлақо оқламай – ёқламай қўйдилар. Кўтара олмасанг – қўшиб боғла, деганларидек, халқнинг дарди устига чипқон қўшмасдан туриб, бунақанги фойдасиз қабулхоналарни тезда тугатиб – йўқотиб юбормоқ даркор.

Хуллас, эндиликда, Ўзбекистонда ҳаммаёқни арз – шикоят, дод – фарёд, ҳақсизлик – қонунсизлик босиб кетди-ю, бироқ, уларни англовчи-ю тингловчилар, муаммоларни ҳал қилувчи-ю масалаларни ечгувчилар йўқ, барча ҳудудларда адолат-у ҳақиқат, умуман, жойида қарор топмаётир. 

Мамлакатдаги мавжуд нуқсонлар ҳамда қусурлар сонининг, ҳаддан ташқари бисёрлиги, уларга беэътиборлик залворининг ўта оғирлигидан келиб чиқилгани ҳолда, ҳозирги Ўзбекистонни халқнинг оҳлари-ю нолаларига, арзномалари-ю мурожаатларига нисбатан, мутлақо муносабатсиз – жавобсиз давлат, дея атамоқ жоиз бўлаяпти.

*    *    *

Ўзбекистон сиёсати, иқтисодиёти, ижтимоиётидаги юқоридаги каби ҳамда бошқа салбий ҳолатлар, антиконституциявий ва аксилқонуний хатти – ҳаракатлар президент сифатида, бевосита, шахсан ўзингиз жавоб қайтаришингиз зарур бўлган қуйидаги саволларни кун тартибига олиб чиқмоқда:

1. Нима учун Ўзбекистонда мамлакат мақомидаги 20 тага яқин (Конституциявий суд, Олий суд, Олий Мажлис палаталаридаги махсус қўмиталар, Бош прокуратура ва унинг ҳузуридаги департамент ва МИБ, Давлат хавфсизлик хизмати, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Молия вазирлиги, Ҳисоб палатаси, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Миллий гвардия) назорат ҳамда текшириш органлари, жойларда уларнинг юзталаб бошқармалари ва бўлимлари бўлатуриб, коррупция ҳамда унинг кўринишлари бўлган порахўрлик, ўғирлик, талон – торожлик, непотизм, жиноятчилик кескин камайиши ўрнига, билъакс, жадал кўпайиб бормоқда?

Хитой Халқ Республикасининг раиси Си Цзиньпин таърифи бўйича икки хилдаги коррупциябозлар мавжуд бўлиб, улардан биринчиси: «пашшалар»; иккинчиси: «йўлбарслар» экан.

Ушмундоқ мезондан келиб чиқилса, Ўзбекистонда ҳозирча, фақат, коррупциячи «пашшалар»гина, бу ҳам онда – сонда, қўлга тушмоқда, коррупциячи «йўлбарслар» эса, ҳеч кимсадан ҳайиқмай, ҳеч нарсадан тап тортмай, хазинани ўпиришга ҳамда давлатни қўпоришга интилмоқдалар ва ғаразли мақсадлари-ю зарарли муддаоларига бемалол етмоқдалар. Нима учун шундоқ?! 

Яна тағин, эл – юрт орасида кенг тарқалган: «Бизнинг давлатимизда коррупцияга қарши курашилмайди, билъакс, коррупцияга қарши курашаётганларга қарши курашилади!» – дейилган иддаоларни қандай изоҳлаган бўлардингиз?

2. Нега Ўзбекистонда президент раҳбарлигидаги ягона ҳокимият эмас, балки, Бош прокуратура, Олий суд, Ички ишлар вазирлиги тимсолларидаги, бошбошдоқлик билан «ўзлари-ча ўрнатилган», бир нечта «ҳокимиятлар» ҳукм сурмоқда ва элнинг – юртнинг бошига балолар ёғдирмоқда?  

Ахир, халқнинг ҳисобидан яшаётган кучишлатар тизимлари-ю ҳуқуқ – тартибот органларининг ходимлари, айнан ўзлариям халқнинг ҳисобидан кун кечираётган ҳокимиятдорлар-у ҳукуматдорларни халқнинг ҳақли норозиликларидан-у эътирозларидан, Конституция ва қонунларга бутунлай зид равишда, нотўғри муҳофаза қилаётганликлари яққол кўриниб турибди-ку!

3. Яхши маълумки, Ўзбекистон ҳеч кимнинг бобосидан қолган мулк ёинки отасидан қолган мерос эмас. Шундай экан, Каримов даврида ўзларининг ва фарзандларининг ҳаётларини сақлаб қолиш учунгина, чорасизлик – иложсизликдан хорижларга кетган, чет элларга қочишга, атайлаб, мажбур қилинган, аслида, аллақачонлар мамлакатимизга бемалол қайтишга тўлиқ Конституциявий ҳақлари ва қонуний ҳуқуқлари бўлган минглаб беайб – бегуноҳ ватандошларимизга Ўзбекистоннинг дарвозалари нечук ёпиқлигича қолаяпти?

Нима, улар чорак асрнинг нариси-ю берисидаги ихтиёрсиз дарбадарликлари камлик қилгандай, энди, ўша ёқларда ўлиб кетишлари, жасадлариям ўзга етти ёт – бегона тупроқларда қолиши керакми?! Афсуски, амалда шундай бўлаяптиям…

4. Нечун Ўзбекистоннинг бош расмий оммавий ахборот воситалари ҳисобланмиш «Халқ сўзи» газетаси, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги (ЎзА), Ўзбекистон миллий телерадио компанияси (МТРК), шунингдек, «Ўзбекистон овози»га ўхшаган партия нашрлари халқ ҳаётидан ва ҳаёт ҳақиқатидан бутунлайин йироқдалар. Уларнинг асл мажбуриятлари ва масъулиятлари, фақат, эл – юртнинг манфаатлари учун хизмат қилиш эмасми?!  Мазкур ОАВлар нега, аксинча, яъни шунчаки – юзаки, енгил – елпи фаолиятлар билан шуғулланиб келмоқдалар?

Ўзбек матбуотининг аянчли аҳволи тўғрисида шахсан ўзингизга 2 бора йўлланган «Эрксиз матбуот – тараққиётга ёв, тамаддунга ёт!» сарлавҳали мурожаатимдаям батафсил тўхталганман. Атоқли журналист томонидан, ҳаққоний равишда, «ўлик газета» – дея таърифланган «Халқ сўзи»нинг эса, парламентнинг ахборий варақасигинами ёинки ҳукуматнинг деворий газетасигинами эканлиги ҳақидаги 2 та танқидий мақолам халқаро ОАВда такрор-такрор ёритилган бўлса-да, у ҳануз «ўлик»лигича, айни таҳририятдаги мавжуд аҳвол эса, ҳали – ҳамон эски тос-у эски ҳаммомлигича қолаётир-ку!  

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 январдаги қарори билан ЎзАга, ниҳоятда улкан имкониятлар, жуда катта шароитлар яратиб берилганлигига қарамасдан, қўшни давлатлардаги фаолиятларидан анча-мунча воқиф бўлганим мазкур мақомдаги агентликларга нисбатан, эл – юртнинг дардлари-ю оғриқларини, долзарб муаммоларини ёритиш борасида, у сезиларли даражада ортда қолиб кетган.

Шу билан биргаликда, ҳанузгача ЎзА, ҳатто-ки, Тошкентдаги айрим хусусий электрон ОАВчалик ҳам фош этувчиликка, тезкорликка ва оммавийликка эга эмаслиги айни ҳақиқатдир. Ушбу хусусда бундан бир йилча муқаддам ЎзА бош директори Абдусаид Кўчимовнинг ўзигаям ёзиб юборгандим-у, лекин, ундан на эътирозли ва на эътирофли жавоб қайтмади.

Неча ойлардан буён: «Сайт тест режимида ишлаяпти. Ноқулайликлар учун узр сўраймиз» – дейилган ниқоб остида «ишлаб», оддийгина техник қусурларниям бартараф эта олмасдан келаётган Ўзбекистон миллий ахборот агентлигидан бошқа ниманиям кутиш мумкин?!   

Ўзингизга йўлланган илк мурожаатимда, холислик нуқтаи назаридан, Россия либералларининг «отаси» Владимир Жириновскийнинг Ўзбекистон миллий телерадио компанияси (МТРК) «фаолияти»га берган одилона баҳосини келтиргандим. Эндиликка келиб эса: МТРКдаги «ишлар» аввалгидагидан ҳам баттарлашса баттарлашгандир-ки, бироқ, зинҳор ижобий тарафга ўзгарган эмас!

Ахир, XXI асрнинг шиддатли – суронли суръатларига муносиб бўлабилмаётган, ҳозирги замондан, ниҳоятда орқада қолиб кетаётган шунақанги бетаъсир, беэътибор, сафсатабоз, мадҳиябоз «ғоявий қуроллар» билан «Янги Ўзбекистон» – дея аталаётган давлат қачон ҳамда қандай қурилади?!

5. Ўзбекистонда, сўнгги чорак асрда, қонунчиликнинг қовунчиликчалик қадри-ю қиммати қолмади-ку! Бундай деяётганимнинг сабаби: сиёсий партияларга асос солишга Конституция ва қонунларда рухсат берилгани ҳақиқат-ку, шунингдек, мамлакат ичида шаклланадиган мухолифатга тўсиқ қўйилмаслигини ўзингиз оммавий равишда эълон қилганингиз бор гап-ку! Унақада, Ўзбекистонда тузилаётган «Ҳақиқат ва тараққиёт» социал – демократик партиясига кучишлатарларнинг антиконституциявий ва аксилқонуний кўринишларда, тиш – тирноқлари билан қаршилик кўрсатишларига не учун йўл қўйиб берилмоқда?

Қонунчиликнинг қовунчиликдан-да беқадр этилаётган эканлигига, хоҳлаган соҳада ёинки жабҳада, бундан бошқа мисоллар – тимсоллар ҳам тиқилиб ётибди…

6. Нега оддий одамларга қолганда бор таъсир кучи, ҳатто, ортиқчаси билан қўлланиладиган чоралар ҳамда жазолар амалдорлар-у мансабдорлар, вазирлар-у ҳокимларга келганда эса, жудаям ҳаддан ташқари юмшаб қолади?

Ёки Конституция ва қонунлар олдида, ким эканлигидан қатъий назар, ҳеч қандайин шахсга имтиёз берилиши мумкин эмаслиги борасидаги умумжаҳоний қоида Ўзбекистон учун истисноми?

7. Сиз доимо халқни рози қилиш тўғрисида кўп ҳамда хўб гапирасиз-у, бироқ, қўл остингиздаги лавозимдорларингиз-у вазифадорларингиз, нуқул, албатта, бунинг тескарисини қиладилар? Бу нима – президентга қарши саботажми, ёки давлат раҳбарига нисбатан нописандликми, ёинки ими-жимидаги қўпорувчиликми ёхуд ўзбекистонликлар англаб етмайдиган бошқа жумбоқми?

Хўш, қани, бирорта мулозим, вазир, амалдор, мансабдор ёхуд ҳоким борми – элнинг ҳузурига дадил чиқиб: мен халқни рози қилаяпман, дея оладиган? Ишонч билан айтиш мумкин-ки: бунақаси йўқ ва ҳозирги тузумда – тутумда бўлишиям амримаҳолдир!

8. Қачонлардир кундалик фаолиятда «Сўз ва иш бирлиги» – деган тамойил бўларди ҳамда унинг қандай даражада рўёбга чиқарилиши қатъий назорат остига олинарди. Мундоқ ўйлаб қаралса, кейинги 30 йил мобайнида ушбу талабга амалиётда, деярли риоя этилмаётгани ойдинлашади. Сўрамоқчи бўлганим: қай сабаб-ки, бизда «Сўз ва иш бирлиги» тамойилига, умуман, риоя қилинмай қўйилди?  

9. Кейинги пайтларда луғат бойлигимизга «бузиш», «йиқитиш» маъноларини англатадиган «снос» сўзи кириб келди ҳамда унинг оқибатида кўпчилик инсонлар бошпаналаридан айрилдилар, хонумонларидан жудо бўлдилар, шафқатсизларча кўчаларга ҳайдаб юборилдилар, ҳатто-ки, «снос» ўзини ўзи ўлдиришларга-ча боис бўлди.

Нима учун Ўзбекистонда тузишлардан кўра, бузишлар бисёр?

10. Азал-азалдан кадрларнинг савияси, салоҳияти, Ватанга нақадар содиқлиги ҳамда эл – юрт учун фидойилиги ҳар қандай давлатнинг ҳаёт – мамотини белгилаб берган. Эндиликда, Ўзбекистондаги вазиятни мазкур нуқтаи назардан баҳолайдиган эсак, демократик давлатларда қатъий амал қилиниб келинадиган кадрларни одилона танлаш ва холисона жой-жойига қўйиш сиёсатига зид борилаётганлиги аёнлашади.

Республика бўйлаб, бозор иқтисодиёти тартиб – қоидаларига қарама-қарши равишда янги вазирликлар, қўмиталар, идоралар тузилаётгани ҳолда, уларга бошчилик қилаётган шахсларнинг раҳбарлик қобилиятлари ҳаминқадар эканлигиям ана шунинг оқибати эмасми?  

11. Иш ўринлари йўқлиги туфайли, меҳнат қилишга ва унинг орқасидан тирикчилик кечиришга ҳожатманд бўлган миллионлаб юртдошларимизнинг айни ҳаётий эҳтиёжлари қондирилмаслиги Ўзбекистоннинг энг тузалмас бош оғриғидир. Очиғи, кейинги 4 йил мобайнида жойларда янги иш ўринларини яратиш борасидаги топшириқларингизнинг бажарилишиям ўлда – жўлда қолиб кетди.

Бунақанги шароитда, яқинда Россия тарафидан, жорий йилнинг 15 июнига қадар, олиб чиқиб кетилиши талаб қилинган 332 минг нафар ноқонуний ўзбек муҳожирлари, ҳадемай, мамлакатга қайтишса – уларнинг бу ердаги қисматлари қандай кечади?

12. 2021 йилнинг 1 февралидан эътиборан, Ўзбекистон ҳудудида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 747,3 минг сўм қилиб белгиланибди. Бу ҳозирги расмий курсда ҳисоблаганда 72 АҚШ долларигаям етмас экан. Ушмундоқ шароитда асосли – асоссиз, арзирли – арзимас муносабатлар баҳонасида урчиб кетаётган ҳар хил жарималар нега ойлик маошлари Ўзбекистондагидан кўра, камида 5-6 баравар кўп бўлган Ғарб давлатларидагидан-да баланд, яъни «осмон қадар» даражада белгиланмоқда?

Нима учун бизларда, биринчидан: «тўлов қобилияти» имкони яратилмайди; иккинчидан: мана шунақанги турлича «тўла-тўла»лар, турфача жарималарни белгилашда аҳолининг «тўлов қобилияти» мутлақо эътиборга олинмайди?

*    *    *

Жаноб президент! Жойлардаги ҳокимлар ҳамда ҳокимчалар, қулай фурсатлардан фойдаланганлари ҳолда, ўзлари-ча ўзларидан «худолар»ни ва «худочалар»ни ясаб олишиб: «Ўзим биламан!», «Хоҳлаганимни қиламан!» қабилида йўл тутиб, кўнгилларига келган номаъқулчиликлар билан шуғулланмоқдалар.

Мана, шуларнинг яққол тимсоллари тариқасида, ўзим ва ота – боболарим макони саналмиш Чироқчи тумани ҳамда Қашқадарё вилоятининг ҳозирги раҳбарларини келтириб ўтмоқчиман.

Сизнинг топшириғингизга кўра, 2019 йилнинг 23 июль куни вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимидан урилган – сурилган Хуррам Жўраев, орадан 3 ойдан ортиқроқ вақт ўтгач, ўзингиз берган охирги имконият тариқасида, Чироқчи туманига ҳоким қилиб жўнатилганди. У 2019 йилнинг 1 ноябридан эътиборан, ҳокимлик вазифасига киришган эди. 

Айни тайинланишдан бир ой фурсат ўтиб, халқаро матбуотда «ЧИРОҚЧИДАГИ ЧАТОҚЧИЛИКЛАР…» сарлавҳаси остида «Чироқчи туманининг янги ҳокими Хуррам ЖЎРАЕВга қаратилган ошкора огоҳнома!» – деган мақоламни эълон этдим.

Орадан бирмунча вақт кечиб, Хуррам Жўраев ҳамда Давлат хавфсизлик хизматининг Чироқчи тумани бўйича раҳбари Рустам Сапарбаев иштирокида, сўнгроқ эса, Олий Мажлис депутати Шарофиддин Назаров қатнашчилигида айни чиқишда кўтарилган масалалар ва муаммоларни, мунозарали равишда, бир неча соат муҳокама қилдик. Мен махсус огоҳномамда баён қилинган қуйидаги муаммоларни уларнинг олдиларига кўндаланг қўйдим:

«Туманда халқ таълими тизими коррупциянинг уясига айланган, тиббиёт бирлашмасиям ундан қолишмайди, банкларда кредитларни расмийлаштириш билан боғлиқ порахўрликлар авж олган, бюджет маблағлари талон – торож қилинаяпти, кам таъминланган ва етим – есирлар учун мўлжаллаб қурилаётган уйларнинг аксарият қисми мазкур тоифаларга мутлақо ёт бўлган одамларга пора эвазига сотилмоқда, йўлларни ва кўчаларни созлаш учун ажратилаётган маблағларнинг кўплаб қисми ўғирланаяпти, беш юз нафар атрофида меҳнат ўринлари бўлган ободончилик идораси, дея аталадиган корхонада «ўлик жонлар» ҳисобига юз миллионлаб пуллар талон – торож қилиниб, ўзлаштириб юборилмоқда…

«Обод қишлоқ» ҳамда «Обод маҳалла» дастурларининг ижролари ўлда – жўлда қолиб кетган, соҳаларда-ю жабҳаларда қонунчиликни таъминлаш ўзига яраша. Суд, прокуратура, давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари эса, бошқа жойлардаям бўлганидек, баланд-баланд панжара деворлар ҳамда тиканли сим тўсиқлар билан ўзларини халқдан иҳоталаб – муҳофазалаб олганлар…

Амир Темурнинг аждодлари, ўзи ҳамда авлодлари билан боғлиқ Дунётепа ҳарбий – стратегик объекти давлат муҳофазасига олинган бўлишига қарамасдан, мазкур ёдгорликнинг юқори қисми анча йиллардан буён айрим кимсалар томонидан бошбошдоқлик ва зўравонлик билан эгаллаб – ўзлаштириб олиниб, ўша жойда уйлар, ҳатто, молхоналар-у сомонхоналаргача қурилган, теварак кавлаб – қазиб ташланган.

Соҳибқирон таваллудининг 660 йиллиги санаси муносабати билан, у кишининг хотирасига бағишлаб тикланган ҳайкалда Амир Темурнинг боши танасидан жудо қилиниб, ўрнига масхарабозларникига монанд калла қўйилган.

Ўшанга яқин жойдаги Фармонтош тарихий обидаси, тоғнинг тепасидаги Амир Темур ғориям чорак асрдан буён хароб ҳамда ябоб ҳолича қолиб келмоқда. Ҳолбуки, ушбу тарихий ёдгорликларнинг барчаси халқаро туризм йўналишларига киритиш учун ўн бора арзигуликдир»…

Аммо, афсус-ки, мана шу муҳокамалар якунидаги келишувларга тўхталиб, бироз олдинга кетган ҳолда, надоматлар билан билдирмоқчиман-ки, ҳоким ўшанда берган ваъдаларининг бирортасиниям уддалай олмади ёинки, янаям аниқроғи, бажаришни атайлабдан хоҳламади…

*    *    *  

Мазкур ўринда ғалати парадокс кузатилади, бир томонда: Амир Темурни бош миллий қаҳрамонимиз сифатида доимо улуғлаймиз ва шарафлаймиз, Чироқчи туманидаги Тарағай қишлоғи мисолида эса, у кишининг шаънига ўрнатилган ҳайкалнинг калласини танасидан жудо қиламиз ва шу ҳолатида 20 йиллар мобайнида сақлаб келамиз, ўша жойдаги Соҳибқироннинг аждодлари, ўзи, авлодлари билан боғлиқ тарихий ёдгорликларни вайрон – яксон айлаймиз, улар учун асрлар мобайнида муҳим ҳарбий – стратегик объект бўлган Дунётепада молхоналар қурамиз, сомонхоналар соламиз.

Иккинчи тарафда: биринчи президент Ислом Каримов даврининг устидан йўғон-йўғон қоп-қора чизиқлар тортиб, собиқ юртбоши тузуми ва тутуми оқибатларини буткуллайин ёмонлаб қўйганимиз вазиятда, унинг ўзини эса, кўкларга кўтариб мақтаймиз, мақбарасини қурамиз, номини ҳеч қанақанги қуюшқонларга сиғмайдиган миқёсларда абадийлаштирамиз, бунинг учун, ҳатто, Абу Райҳон Берунийнинг номидан-да воз кечамиз…

Бу недир – мунофиқликми ёки иккиюзламачиликми ёинки бутунлай ўзга нарсами?!

*    *    *

Чироқчидаги ўша мунозаралардан буён Х. Жўраев билан бир неча марта юзма – юз учрашиб, унга юқоридаги нуқсонларни-ю қусурларни бартараф этишга киришилмаётганлиги юзасидан эътирозларимни билдирдим, ёзма равишда ҳам қайта-қайта эслатдим. У эса, ўзининг хоҳиши-ча, шахсий истаги-ча йўл тутаверди.

Дарвоқе, тумандаги 1,5 йиллик фаолияти давомида, ҳоким сифатида, Чироқчи шаҳрининг марказидаги биттагина кўприкниям қуриб тугаттира олмаган, ҳечқурса, энг асосий йўллардаги – кўчалардаги ҳар қадамда учрайдиган ўйдим – чуқурликларни бартараф қилдира билмаган, билъакс, бу борадаги аҳволнинг янада баттарлашишига йўл қўйиб берган Х. Жўраевга, эндиликда, чироқчиликларнинг ишончлари батамом сўниб улгурди. Илло, Чироқчи тумани қамровида қанча километрлик йўллар борлигини билмадим-у, лекин, уларнинг бирор километри ҳам ҳозирги замон талабларига жавоб бермаслиги бор гапдир.

*    *    *

Тумандаги аҳвол ўнгланавермагач, кейинчалик, Қашқадарё вилоятининг ҳокими Зойир Мирзаевга вилоят ҳокимлиги тарафидан, назорат тариқасида, махсус комиссия тузилиб, Чироқчи туманида комплекс текширишлар ўтказилишини, унинг натижалари оммавий шароитда эълон этилишини талаб қилиб, такрор-такрор ёзма равишда мурожаатлар қилганимда, у Чироқчидаги мавжуд муаммоларга эътиборини қаратиш нариги ёқда турсин, ҳатто-ки, бирортасига жавоб қайтаришниям эп кўрмади.  

З. Мирзаев ҳамда Х. Жўраевнинг олдиларига кўндаланг қўйилган саволлардан тағин биттаси: нечун 2013 йилда Чироқчи тумани ҳокимининг иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган Эркин Бобоқулов, ўша санада, порахўрлиги учун узоқ муддатга қамалиб кетган эса-да, орадан ҳеч қанча вақт ўтмасидан туриб, у яна нега, ниҳоятда шубҳали равишда, айнан, Чироқчи тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимига «кўтариб» қўйилди? Нимага, қачонки, ушбу хусусда гап очилса, Х. Жўраев ўзи вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосарлиги даврида мазкур вазифани жумбоқли тарзда эгаллаган Э. Бобоқуловни жон-жаҳди билан ҳимоя қилади?!

Илло, айтишлари-ча, қонунан олганда, бунақанги «тайинлов» амалдаги тартиб – қоидаларга бутунлай тескари бўлиб, кечаги жиноятчининг бугун янада юқорироқ мансабда ўтириши, минбаъд, йўл қўйиб бўлмайдиган ҳодиса!

Шунингдек, турмада ётиб чиққанлиги Бобоқуловга, сираям сабоқликка ярамади, у ҳоким Жўраев билан ўзаро жиноий «тандем» тузганлари ҳолда, Чироқчи туманида коррупция, ўғирлик, талон – торожчилик ҳамда қариндош – уруғчилик, таниш – билишчиликни янада «гуллатиб – яшнатмоқда». 

*    *    *

Хулласикалом, Қашқадарё ҳамда Чироқчи ҳокимларидан мазкур вилоятликлар ва айни туманликлар, умуман, рози эмаслар. Зойир Мирзаевнинг Қашқадарёдек юксак потенциалли, улкан имкониятли вилоятнинг қудратини намоён айлашга, тараққиётини таъминлашга эриша олмаётганлиги ва бошқа бисёр камчиликлари ҳар хил доираларда танқид остига олиб келинаётир.

Чироқчидаги турли соҳалардаги коррупциябозликлар, турфа жабҳалардаги қонунбузарликлар, раҳбарлар қилаётган адолатсизликлар, бедодликлар, талон – торожликлар, ўғирликлар тўғрисидаги арзлар-у шикоятлар ҳам ҳамма ёқни, шу жумладан, ижтимоий тармоқларниям тўлдириб – тошириб юборди.

Ҳар иккала ҳокимнинг қандай   «баракали – самарали» фаолият кўрсатаётганликлари ҳақида яқин кунлардан битта ёрқин мисол:

– Маълумки, тадбиркорлик равнақининг даражаси ҳар қандай ҳудуднинг иқтисодий – ижтимоий тараққиёти суръатларини белгилаб беради. Айни нуқтаи назардан ёндашилганда эса, Қашқадарё вилояти ҳам, Чироқчи тумани ҳам мамлакат вилоятлари ва туманлари орасида энг охирги ўринлардан бирини эгаллаб келаяпти. 

Айнан шундай эканлигини исботлаш учун қуйидаги расмий манбага назар ташлаймиз: «Ҳуқуқий ахборот» каналида таъкидланиши-ча: Ҳукуматнинг қарори билан, Ўзбекистон Адлия вазирлигига жойлардаги тадбиркорликнинг ривожланганлик мезонларини аниқлаш вазифаси юклатилган. Шунга биноан, ҳудудларнинг 30 та индикатор бўйича шакллантириладиган «Бизнес рейтинги» кўрсаткичлари «b-indicator.uz» сайтида ёритилиб борилмоқда,

Тегишли манбада 2020 йилнинг якунлари бўйича айни борада эълон этилган маълумотларга кўра, Қашқадарё тадбиркорлик тараққиёти бўйича – республикадаги 14 та вилоят орасида 4,5 балл билан охиридан иккинчи, яъни 13-ўринда, Чироқчи ҳам тадбиркорлик тараққиёти бўйича – вилоятдаги 15 та туманлар ва шаҳарлар ўртасида 7,1 балл билан охиридан учинчи, яъни 13-ўринда турибди.  

Ажабланарли жиҳати шунда-ки, Қашқадарё вилояти 2019 йилда мана шу кўрсаткичлар борасида 7-ўринни, Чироқчи тумани эса, 12-ўринни эгаллашга эришган экан.

Бу – Қашқадарё ва Чироқчига янгидан тайинланган ҳар иккала ҳокимнинг раҳбарликлари даврида, атиги, бир йил ичидагина, уларнинг шарофатлари биланми ёхуд касофатлари биланми, мазкур вилоятдаги ва айни тумандаги ўта муҳим йўналишда кескин ортга чекиниш юз берди, деганидир.

Ҳолбуки, Х. Жўраев Қашқадарёда, айнан кичик бизнес ҳамда тадбиркорликнинг аҳволи хароблашиб кетганлиги учун, жазо тариқасида, мазкур вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари вазифасидан бўшатиб юборилган эди. 

*    *    *    

Маълумки, Хуррам Жўраев Чироқчи туманига, сизнинг топшириғингизга мувофиқ, сўнгги имконият тариқасида ҳоким қилиб жўнатилган эди. Аммо, унинг 1,5 йиллик ишларидан аёнлашмоқда-ки, Х. Жўраев ушмундоқ жиддий синовли муддатни Чироқчи туманининг равнақи ҳамда чироқчиликларнинг фаровонлиги учун сарфлаш ўрнига, билъакс, ўзининг шахсий манфаатлари йўлида фойдаланишни устун кўрди. У ўзининг айни салбий хатти – ҳаракатлари билан сизнинг ишончингизга путур етказди. Хўш, давлат раҳбарини назарига илмайдиган мана шунақанги кадрнинг чораси қандай бўлмоғи керак…

Жаноб президент! Юқоридагидек нохуш вазиятлар, номақбул шароитлардан келиб чиқилгани ҳолда, мен З. Мирзаев бажаришдан бош тортган тадбирни амалга оширишни сиздан сўрамоқчиман: мамлакат мақомидаги битта махсус комиссия туздириб, Чироқчи туманидаги барча соҳалар қамровида комплекс текширув ўтказдирсангиз ҳамда унинг натижаларидан кенг жамоатчилик ҳам воқиф этилса. Ахир, бу – Х. Жўраев сизнинг ишончингизни нақадар даражада оқлаганини аниқлаш учун ҳам керак-ку!

Аслида, Қашқадарёдагидек вазиятлар ҳамда шарт – шароитлардан келиб чиқилса – мазкур вилоят миқёсидаям ана шундай қилиниши даркор ҳамда зарурдир…  

*    *    *

Юқорида бирма-бир санаб ўтилган ҳамма муаммолар, барча жумбоқлар, антиконституциявий қилмишлар ҳамда аксилқонуний хатти – ҳаракатлар Ўзбекистонда, мабодо, рамзий тарзда тавсифлайдиган бўлсак: адолатнинг оғизлардаёқ ўлаётганидан, ҳақиқатнинг эса, қоғозлардаёқ сўлаётганидан далолат кўрсатмайдими?!

Илло, Ўзбекистоннинг янги ва яхши йўлга кираётганига ишонаётган жаҳон жамоатчилигининг, эндигина елкасига офтоб, кўкрагига шамол тегаётганига инонаётган ўзбекистонликларнинг умидлари ўлгани-ча, илинжлари сўлгани-ча йўқ!

Жаноб президент! Ҳалиям кеч эмас, гарчи, ўзингиз хоҳласангиз, ҳозиргача оғизларда пайтидаёқ ўлаётган адолатни яна тирилтиришингиз, қоғозларда вақтидаёқ сўлаётган ҳақиқатга қайта жон бағишлашингиз мумкин. Ушбу борада сизга инсоф ҳамда тавфиқ тилайман!

*    *    *

Ошкора мурожаатимнинг ниҳоясида «ҚАЙДАСАН, АДОЛАТ?! ҚАНИСАН, ҲАҚИҚАТ?!» сарлавҳали қисқагина шеъримниям келтириб ўтаяпман-ки, у ҳам бўлса, кўтариб чиқилаётган ва кўндаланг қўйилаётган муаммоларимизга бевосита дахлдордир.

Қайдасан, адолат?! Ўзбек учун азалий ушалмас армон,

Неча даврлар-ки, ўзингни излаб, ҳалқумларга келди-ку жон,

Вассофларинг оғизда адл, аммо, амалда золим, жобир, ёвуз,

Илло, бизларда сендан кўра, анқо тухмини топмоқ осон!

                                        *    *    *

Қанисан, ҳақиқат?! Ўзинг йўқ, лек, номинг тилларда жарангдор,                                                                                         

Ки, кундузиям чироқ ёқиб, кўлкангни-да пайқамоқ душвор.

Ҳатто, сени қўмсовчилар ҳам таъқиб – тазйиқ комида, зеро,

«Ҳақиқат осмонда – ноғораси ерда!» нақли эмас бекор…

%d bloggers like this: