Маддоҳнинг мағзаваси

Мақташ ва маддоҳлик бошқа-бошқа нарса. Бировни истеъдоди, қобилияти, юксак ижроси, маҳорати учун мақтаймиз. Чунки бизга ёқади, ҳузур бағишлайди. Биз миннатдорлик ҳиссини мақтов йўсинида тилга келтирамиз. Бу инсониятга хос бўлган азалий фитрат.
Аммо маддоҳлик бошқа нарса. Бу ҳукмдорда мавжуд бўлмаган қобилиятни бор деб ишонтиришга уриниш, ёлғонни рост, оқни қора, қорани оқ, ҳаромни ҳалол, ўғрини тўғри деб ҳатто ҳукмдор қилмаган ишлари-қуруқ гаплари учун уни кўкка кўтариб мадҳ этиш, унда бўлмаган хислатларни унга ёпиштириш, озгина қилган ишини “оламшумул”, “инқилобий”, “мисли йўқ”, “курраи заминда танҳо”… деб халқни алдашдир.
Ҳар икки ҳолатга бундан ҳам кенг тушунча юклаш мумкин. Фақат маддоҳлик таърифи борасида яна икки оғиз сўз.
Маддоҳлик – бу одамнинг ўзини ўзи сотувга қўйиши, шаъни, ғурури, ўзлигини ўзганинг оёғи тагига ташлаши. Маддоҳлик иллатини суғорадиган бир қанча “канализация” бор. Масалан:
1.Мансаб. Баъзилар тепадагига қуллуқ қилиб, унда бўлмаган хислат ва фазилатлар ҳақида бўкириб, мансаб олишга уринишади.
2. Пул. Кимдир пул топиш илинжида ўзини мансабдорнинг остонасига занжирбанд этади.
3. Имтиёз. Сув кўрмаган офтоба, сув кўрганда қуриллар, дегандек кимдир озгина имтиёз учун подшонинг этагини ўпади.
4. Мукофот. Орден, медал ва унвон олиш учун биров қўтир эшак мисоли кўчани чангитади.
5. Ҳаром. Ҳаромни ҳалол қилиб кўрсатиш учун маддоҳликни қора “қозонга қопқоқ” сифатида ишлатишади.
6. Жиноят. Таъмагирликдан тортиб, порахўрликкача бўлган жиноятларига маддоҳликни қалқон деб билишади. “Подшони улуғласак, бизга ҳеч ким теголмайди” шоири билан яшайдилар.
7. Ҳар эҳтимолга қарши маддоҳлик. Буни қорқоқларнинг шамсияси.
Давом эттиравериш мумкин. Аммо мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, маддоҳ учун халқ, халқ манфаати ва келажаги бир тийин. Унинг ўз манфур мақсадлари бўлади. Буни кўриб, сезиб турамиз, ҳукмдор ҳам кўриб туради. Аммо маддоҳ оби зам-зам деб бошидан тўкадиган мағзавага баъзан ҳукмдор мазза қилиб чўмилиб кетаверади. Oқибат- халқ наздида ифлос бўлиб кўринади.
Демак, ўзини тоза тутмоқчи бўлган ҳукмдор, маддоҳлардан узоқ турмоғи керак.

Жаҳонгир Муҳаммад

%d bloggers like this: