КОНСТИТУТСИЯ

Конституция муқаддас китоб эмас. Конституция ғайб олами хабарларини бериш, яхшилик ва ёмонлик, шаръий ҳалол ва ҳаром нима эканлигини ажратишни даъво қилмайди. Конституция бу бирон давлат ҳудудида яшовчи одамларнинг ўзаро келишиб қабул қилган қоидалар тўпламидир.

Конституциянинг асосий мавзулари: халқнинг ҳуррияти ва инсоний ҳуқуқлари кафолати (1) ва шунингдек ҳокимиятанинг чегаралари ҳақида бўлади (2).

Конституциянинг 3-асосий мавзуси халқнинг умумий манфаатлари, халқ ичидаги катта гуруҳлари манфаатлари, озчилик гуруҳлари ва алоҳида шахснинг манфаатларини мувозанатда сақлаб қолишни таъминлишга қаратилган. Манфаатларга моддий ва маънавий, жумладан динийлари хам киради. Жамият турли дин, миллат, ирқ, жинс, ёш, касб ва ижтимоий ҳолат вакилларидан иборат. Турли қатламларнинг манфаатлари ўзаро конфликтга кириши табиийдир. Бу низоларни бартараф этишда қон тўкилиши ёки эркинликларни бузуишга олиб келмайдиган қарорлар қабул қилиш тартиблари айнан Конституцияда белгилаб олинади. Шунинг учун Конституцияни турли кодекслар (фуқаролик, меҳнат, жиноий, оилавий, сайлов, солиқ, ер, мулк, транспорт, божҳона, суд ва ҳк) пойдевори деиш мумкин.

Яхшилаб қарайдиган бўлсак, Конституция моҳиятан бу ижтимоий ШАРТНОМАДИР. Шу давлатнинг ватандоши (фуқароси, ситизени, граждани) бўлиб қолмоқчимисиз, марҳамат бу қоидаларга риоя қилиб яшанг. Ичида баъзи бандларига рози бўлмасангиз ёки умуман янги Конституция билан алиштиришни ҳохласангиз уларни шу қомус ичида битилган қоидалардан чиқмай ўзгартиришга ҳаракат қилишингиз мумкин.

Конституцион ижтимоий шартноманинг асосий (демократик) ёндашуви қуйидагича:

– Кўпчилик хоҳишига биноан, шу билан бирга озчиликнинг манфаатларини риоя қилган ҳолда алоҳида шахс эрки/бахтига тўғаноқ бўлмай ҳамжиҳатлик билан яшаш..Конституцияга мен ёқтирган яхши мисол бу – йўл ҳаракати қоидалари. Йўл тизими бир. Аммо пиёдалар ва турли транспорт воситалари вазнлари, тезликлари, манзиллари ва йўналишлари турлича. Қўйиб берса ё зўравонроқлари бошқаларни четга суриб, итқитиб, эзиб мазза қилиб пойгада ғизиллаб юради, ёки барча йўловчилар/хайдовчилар ўзаро келишиб ЙҲҚни ишлаб чиқадилар ва уларнинг ижросини таъминлаш учун назоратчилар тайинланади. Конституция айнан “ўнг қўл қоидаси, светофор, белгилар, йўл чизиқлари, йўналиш устуворлиги” каби шартнома бандларини ўз ичига олади.

Ўзбекистон ҳудудида яшовчи халқ турли тарихий босқичларни ўтиб, йирик ва майда подшоҳликлар остида, сўнг катта империянинг колонияси, ундан кеин совет давлатининг бир қисми бўлиб шаклланди ва Аллоҳнинг марҳамати билан мустақил давлатга айланди. Бу давлатнинг аъзолари конституция тамоилларига биноан республика форматида истиқомат қилишга рози бўлдилар. Бу кимгадир ёқиши ёки ёқмаслиги мумкин. Лекин бу факт. Ундан яхшисини таклиф қилишдан ҳеч ким тўсмайди.

Таклиф шартлари:
1) Муносиб муқобиллик. Яъни Конституциянинг принципиал бандларини нима билан ўзгартирмоқчисиз ва уларнинг аввалгиларидан афзалликлари.
2) Реаллик. Яъни «комунизм» каби фантастика бўлмасин.
3) Замонавий аналогиялар мавжудлиги.
4) Тўлақонлик. Яъни “олдин биз айтган бўлсин кеин яхшилигини кўрасанлар” бўлмасин.
5) Тушунарлилик. Оддий инсон ақлига мослиги.
6) Таклиф зўравонлик ва шантаж билан бўлмаслиги.
7) Зарар ва фойда тарозусида тортилганлиги. Жамият шу таклифларни қабул қилганда нима йўқотиб, нима фойда топади.

Шартномага/Конституцияга ўзгартириш киритмоқчи бўлган тарафнинг бўйнида асослаб бериш мажбурияти ётади. Асослаб бера олмай таклифи ўтмаса ё сабр қилиб яшайверсин, ё мамлакатни тарк эта олсин. Шатртнома аҳдини очиқ ёки махфий суратда бузиш орқали ниятига эришмоқчи бўлса қоидабузарликдан келадиган оқибатга тайёр тураверсин.

Jamshid Muslimov