Мухтор Худойқулов: ТАРИХ – АНИҚЛИКНИ ТАЛАБ ҚИЛАДИ

Жаҳонгир Муҳаммаднинг “Қувғин” тарихий романи ҳақида айрим фикрлар

Жаҳонгир Муҳаммад истеъдодли журналист, публицист, ёзувчи ва сиёсатчидир. У Тошкент Давлат университети Журналистика факультетини тугатган, матбуотда хизмат қилган, Ўзбекистон мустақиллиги учун қўлида қалами билан курашган, Олий мажлис депутати бўлган, масъул лавозимларда ишлаган, кейин эса ўз эътиқоди ва сиёсий қарашлари туфайли истеъфога чиқиб чет элга кетган. Ёзувчи ўзининг “Қувғин” деб номланган тарихий романида мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки йилларида ўзи кўрган ва гувоҳи бўлган воқеаларни, бу воқеаларда иштирок этган кишиларнинг фаолиятлари, ҳатти-ҳаракатларини қаламга олган. Албатта бундай асар ўқувчида қизиқиш уйғотиши табиий. Мен ушбу романни тўла ўқиб чиқа олмадим, шу боисдан унинг айрим жиҳатлари ва ўринлари ҳақида ўз фикримни билдирмоқчиман.

Романда ўлкамизнинг ўз мустақиллигига эришиши воқеалари ва унда иштирок этган кишилар қаламга олинади. Асарнинг бош қаҳрамони – муаллифнинг ўзи, аммо негадир у тўқима номда – Миртемир деб юритилади, бошқаларнинг эса аниқ исму фамилиялари келтирилади. Агарда муайян воқеларда қатнашган бошқа одамлар ва уларнинг бош қаҳрамон билан муносабатлари, гап-сўзлари ҳақида ҳикоя қилинар экан, бош қаҳрамон биринчи шахсда – “мен” шаклида келмоғи шарт, чунки бу воқеаларда қандайдир тўқима образ эмас, муайян одам қатнашаяпти. Иккинчидан аниқ одамлар билан боғлиқ воқеаларни муаллиф ўзи ҳоҳлаганча тасвирламасдан аниқ, қандай бўлса шундайича бериши керак, муайян одам қилмаган ишни қилди, айтмаган гапни айтди дейиш ноаниқликларга олиб келишгина эмас, туҳмат бўлиб қолиши ҳам мумкин. Агар асарда тасвирланаётган қаҳрамон тўқима бўлса ва воқеалар ҳам тўқима бўлса унда мантиқ талаби қолади холос, аниқ ва муайян одамларнинг ҳаракатлари, гапларини эса ўзи ҳоҳлаганча тасвирлаш ҳуқуқи ёзувчига берилмайди. Шундай ҳодиса романда келтирилган ва 1992 йил 16 январда Тошкентнинг талабалар шаҳарчасида бўлиб ўтган талабалар қўзғолони пайтида Ўзбекистон президенти И.А.Каримов билан Тошкент давлат универрситети Маданият саройининг кичик залида бўлиб ўтган учрашув ва унда президентнинг мен билан мулоқоти асарда шундай тасвирланади:

Миртемир Талабалар шаҳарчасидаги Маданият Саройига келди. Учрашув кичкинагина хонада бўлди. Каримов бу ерда ҳам фаоллар йиғилишидаги гапларини айнан такрорлади. Домлалардан айримлари уни қўллашди.

–- Менда бир савол бор,- дея ўрнидан турди ҳажвчи Мухтор Худойқулов.

–Талабаларни отишга ким рухсат берди? Сиз мамлакатнинг бошида ўтирибсиз, бу нарсани билишингиз керак.

– Ёшингиз неччида? – сўради Каримов ундан.

– Сиз билан бир йилда туғилганмиз,- деди у.

– Э, яшанг Мухторжон! Тенгқур эканмиз, қани айтинг-чи, нега талабаларни қайтариб қолмадингиз?

Каримов ўзига хос “манёвр” билан Мухтор Худойқуловнинг саволини четлаб ўтиб, ўзини нишонга олди.

– Журналистика факултетининг талабалари очлик эълон қилишди. Уларга “Болаларим, тўққиз қатли бинонинг устида ўтираверманг, бўйрагингиз шамоллаши мумкин”, дедим.

Мухтор Худойқулов гапини Каримов бўлди:

–Уларнинг буйраги эмас, мияси шамоллаган, миясини даволаш керак! Билдингиз-ми, Мухторжон. Буйрак шамолласа, гўр ҳам чалмайди!

–Гўр чалиш, чалмаслиги нималигини билмадим-у, лекин…

Унинг гапини яна Каримов кесди:

– Мана менинг ҳам буйрагим касал…

Энди Мухтор Худойқулов Каримовга мудоҳала қилди:

– Бизга келажакда буйраги соғлом раҳбарлар керак. Ўшанда уларнинг мияси ҳам шамолламайди.

Мен ўша учрашувда бўлганман, сўзга чиққанман, И.Каримов билан бироз мулоқот бўлган, аммо Миртемир (Жаҳонгир Муҳаммад) айтгандай эмас. Воқеа тушунарли бўлмоғи учун мен ўзимнинг нашр этилмаган хотираларимдан парча келтираман, унда бўлган воқеа аниқ ва тўғри тасвирланган:

 “Бу йилларда менинг жуда эсимда қолган ва тақдиримни тубдан ўзгартириб юбориши мумкин бўлган воқеа 1992 йил 16 январда юз берган талабалар қўзғолони бўлди. Мен бу воқеани эртасига эшитдим. Борсам – шаҳарчада аллақандай фавқулодда ҳолат, талабалар дарғазаб тусда уёқдан-буёққа тўп-тўп бўлиб жадаллаб ўтишяпти. Нариги катта кўча томондан эса: “Ур-р, ур-р!”га ўхшаган овозлар келаяпти. Йўл-йўлакай кўрган-билганлардан нима гаплигини сўраб-суриштира бошладим. Билишимча ўша пайтда ҳукумат кетма-кет пул алмаштириб аллақандай купонга ўтилган, бу купонлар билан савдо қилиш ҳам тузук йўлга қўйилмаган эди. Афтидан бир неча талаба ёшлар шу ердаги дўконга нон олиш учун киришган, сотувчи ё купонга сотмаган, ё яна бирон нарса деган, хуллас жанжал чиққан. Бир томондан талаба ёшларнинг қизиққонлиги, иккинчи тарафдан энг асосий нарса – нон масаласидаги расмиятчилик уларни норози қилган ва улар бир-бирига бу гапни айтиб, тўпланишиб, жунбушга келишган, кейин тўп-тўп бўлишиб кўчада юриш қилишган, дўконларнинг ойналарини уриб синдиришган, машиналарга ўт ёқишган, хуллас жоҳил оломоннинг қўлидан нима келса шуни қилишган. Бу воқеани бостириш учун ОМОН етиб келган, улар талабалар устига бостириб келишган, калтаклашган, турган гапки, талабалар ҳам қараб туришмасдан қўлларига нима тушса тошми, юқори қаватлардан эса курсими жазолавчиларга қараб отишган, кейин милиционерлар уларни қувиб, қаватма-қават, хонама-хона юриб уларни уришган, қамашган, ҳатто қуролларини ҳам ишга солишган, натижада бир неча талаба ўлган… Хуллас, иш жиддий эди.

Мен борганда талабалар шаҳарчасининг ўртасидан ўтган катта кўча ёшлар билан тўла, нарироқда баланд бир жойдан туриб кимдир нималардир деб бақирар, бунга жавобан талабалар эса “Йўқолсин!” “Қотиллар!” ва яна нималардир деб бақиришар, ора-сира: “Ур, ур!” овозлари ҳам янграб қоларди. Мен ёнимда туриб алланарсалар деб бақираётган бир талабадан: “Кимни “ур-ур” деяпсизлар?”– деб сўрасам: “Кимни бўларди, милиционерларни-да!”– деди. Мен: “Ур-сур” билан иш чиқмайди, талабларинг бўлса ёзма равишда баён қилсанглар яхшироқ бўлади”,– дедим. Аммо ҳалиги талаба ва унинг ёнидагиларнинг бу гапларга қулоқ солгилари йўқ эди. Мен учраган бошқа талабаларга: “Нон деб шунақа тўполон қилишларинг яхшими, бутун дунёдаги одамлар нима дейишади, бундай жоҳилликнинг нима кераги бор, яхшиси битта раҳбар сайланглар, у сизларнинг талабларингни юқорига етказсин”,– деб кўрдим, аммо ҳеч ким менга қулоқ солмади. Ора-сирада яхши кийинган, бошларида қундуз телпакли одамлар ҳам кўриниб қолар, улар талабаларга: “Бўш келманглар, чекинманглар…”– деб қутқу солишарди. Мен уларнинг кимлигини, қайси кучларнинг одамлари эканлигини билмасдан бошим қотди. Ўз факультетимда ўқийдиган талабаларни кўрганимда уларга: “Ҳаддан ошманглар, бошларингга бир бало орттирманглар”,– деб маслаҳат берганим ҳам эсимда. Улар: “Тўғри, шундай қилаяпмиз”,– дейишиб, бўлган воқеалар ҳақида кўрган-билганларини айтиб беришди. Талабаларимдан битта чапдастроғи менинг ёнимда бўлди. У менга: “Домла, қаранг, ОМОНчилар яна бостириб келадиганга ўхшайди”,– деб кўчанинг нариги тарафини кўрсатди. Биздан сал нарида бошларига темир қалпоқлар кийиб, қўлларига темир қалқонлар ва резина таёқчалар тутган, қуролли ОМОНчилар кўчани тўлдириб саф тортиб туришар ва аста-секин бу томонга, талабалар устига яқинлашиб келишарди. Шунда ҳалиги талаба менга: “Домла, булар бостириб келишса яна тўполон бўлади, яна қон тўкилади, буларни кўриб талабалар ғазабга минади, келинг, командиридан сўраймиз, уларни сал орқароққа суриб туришсин”,– деди. Мен рози бўлдим ва аскарларга яқинлашиб келиб: “Командиринглар ким?”– деб сўрадим, бир ҳарбий: “Мен, хўш, нима гап?”– деди. Мен унга: “Илтимос, аскарларни сал орқароққа сурсангиз, сизларни кўрган талабалар яна жунбушга келиб бир кор-ҳол бўлмасин, майли, уларни сал узоқроқдан қўриқланглар”,– дедим. Қаранг-ки, ҳалиги ҳарбий бу маслаҳатга кўнди ва унинг буйруғи билан ОМОНчилар анчагина орқага сурилишди.

Шу зайлда талабаларни тинчитиш учун уриниб-уриниб кейин университет томонга юрдим. Бу ерда ҳам вазият ёмон, талабалар дарғазаб эдилар. Факультетимизнинг бир гуруҳ талабалари университетга кираверишда очлик эълон қилиб ўтиришган экан. Мен уларнинг олдига келиб, нима гаплигини сўрадим. Шунда улар ўзларининг қатор талабларини айтишди. Мен уларга: “Очлик эълон қилиш осон эмаслигини биласизларми, бироздан кейин кеч тушади, ҳаво совуқ, ҳаммангнинг буйрагингни совуқ уриб кетади.”,– дедим., бу орада кеч тушди. Шу аснода талабалар ётоқхоналари томонидан “тар-р-тар-р” ўқ овозлари, дод-вой, шовқин-сурон эшитилди, ўша ёқдан югуриб келган бир таниш талаба: “Уёқда талабаларни яна отишяпти!”– деб қичқирди. Мен шунда ректорат томонга югурдим ва тўққизинчи қаватдаги ректорнинг кабинетига шахт билан кириб бордим, орқамдан мен билан бирга бўлган икки-уч ўқитувчи ҳам бор эди. Мен кирасолиб: “Бу ерда ким Ички ишлар министрлигидан?!”– деб қичқирдим. Рўпарада ўтирган ректор – Эркин Юсупов бизнинг бундай берухсат бостириб киришимиздан жаҳли чиқиб: “Нима гап?”– деб сўради. Мен: “Талабаларни яна отишяпти! Отишмани тўхтатинглар!”– дедим. Шунда Эркин Юсупов: “Пахтаванд ўқ билан отишяпти!”,– деди. “Сиз қаердан биласиз, яна бир қанчасини ўлдириб қўйишса ҳисобми?”– дедим унга дарғазаб. Кейин яна ўша ерда ўтирган бир нотаниш кишидан: “Сиз ички ишлар министрлигининг вакилимисиз?”– деб сўрадим. У киши: “Ҳа”,– деди. Мен: “Трубкани кўтаринг, буйруқ беринг, талабаларни отишмасин!”– деб бақирдим. Қарангки, ҳалиги одам менинг важоҳатимни кўриб индамасдан трубкани кўтарди ва кимгадир қисқа, нимадир деб буйруқ берди. Шунда ўша томондан келаётган, ярим очиқ деразадан эшитилиб турган отишма овози тўхтади, шовқин-сурон ҳам бироз пасайди. “Ана, бўлдими?”– деди ректор Эркин Юсупов. Мен унга: “Раҳмат, домла, пастда бир тўп бизнинг талабаларимиз очлик эълон қилиб ўтиришибди, улар бунинг нималигини яхши билишмайди, бекорга совуқ уриб кетмасин, сиз тушиб уларнинг талабларини эшитиб, жавобини берсангиз”,– дедим. У рози бўлди ва биз билан пастга тушиб, ҳалиги талабалар олдига келди. Аммо талабалар ректорнинг сўзларига қулоқ солишмади,Эркин Юсупов индамасдан жўнаб қолди, мен ҳам бироздан сўнг кетдим.

Бу воқеаларнинг эртасига Ўзбекистон президенти Ислом Каримов талабалар шаҳарчасига бориб университет жамоаси билан учрашди. Бу учрашувга мен ҳам аранг кириб қолган эдим. Унда сўз олган университет ректори Эркин Юсупов воқеалар ҳақида гапиратуриб ўйламай-нетмай: “Журналистика факультетининг битта ўқитувчиси талабаларни очлик эълон қилишга ўзи ундаб кейин менинг олдимга чиқди”,– деди. Гарчи у фамилиямни айтмаган бўлса ҳам ўша ишлар учун мен айбдор бўлиб жавобгарликка тортилиб кетишим ҳеч гап эмас эди. Шу боисдан ректор ўз сўзини тугатгач Президент: “Ким сўзлайди?”– деганда мен сўз сўрадим. Рўпарада ўтирган Ислом Каримов менинг ҳаяжонланаётганимлигимни сезди шекилли: “Қани, мана шу кишига сўз берайлик-чи, жуда куйиб-ёниб ўтирибди”,– дегани эсимда. Мен ҳеч бир тайёргарликсиз сўзга чиқдим ва тахминан (афсуски, ўша кунги воқеаларни ва сўзлаган нутқимни бирор қоғозга тушириб қўймаган эканман) шундай дедим:

– Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич, сиз иш бошлаганингизда сиздай ғайратли, жонкуяр инсоннинг республикамизга раҳбар бўлганидан жуда хурсанд бўлдим, чунки сиздаги куч-ғайрат, сиздаги шижоат ҳеч кимда йўқ десам ишонаверинг. сиз Ўзбекистонимизнинг тинчлигу осойишталиги, мустақиллиги, келгусидаги тараққиёти учун жон куйдираяпсиз. Аммо сиздан илтимос, барчага баравар президент бўлсангиз, фақат ўз тарафдорларингизга сўзларингизни маъқуллатиб кетавермасдан бошқаларнинг фикрларига ҳам қулоқ солсангиз. Республикамизнинг янги уйини қураётган эканмиз, уни пойдеворидан мутаҳкамлаб, кейин бузиб қуришга ҳожат қолдирмайдиган қилиб қурсак нима бўлади? Сиёсий, иқтисодий соҳаларда жуда катта ўзгаришлар бўлаётган экан, ўша демократияни ҳам ҳозирдан тиклаб кетаверсак бўлмайдими? Яна йигирма-ўттиз йиллардан кейин кимдир “э у замонларда ундай бўлган эди, бундай бўлган эди”, деб танқид қила олмаса. Сиз ҳам тарихда бир идеал шахс бўлиб қолсангиз.

Бу ерда университетимиз ректори нотўғри маълумот бердилар. Мен ўша очлик эълон қилган талабалар совуққа қолишмасин, буйракларини совуқ уриб кетмасин деб у кишини ўшаларнинг талабларини эшитишга чақириб тушган эдим…

Гапим шу ерга келганда менинг сўзларимни диққат билан эшитиб ўтирган Ислом Каримов менга бурилиб қаради ва шундай савол берди:

– Домла, сиз студентларнинг буйрагини ўйлабсизу, аммо мияларини ўйламабсиз-да,– деди у мазкур саволнинг жавобини ҳам ўзи бериб, мени мот қилганига комил ишонч билан. Аммо мен мот бўлмадим, илло мот бўлишим мумкин эмас эди.

– Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич, биз талабаларнинг миясини, онгини ҳам роса ўйлаймиз,– дедим мен.– Биз уларга қўлингларга тош эмас, қалам олинглар, ҳаётни тасвирланглар, ижод қилинглар деб таълим берамиз. Мана, бизнинг ўқувчиларимиздан бири телевидениега сурат олаяпти, – деб камерага суратга олаётган собиқ студентимга ишора қилдим мен. – Иккинчиси эса ана, радиога ёзиб олаяпти, газеталардан келган журналистлар ҳам бизнинг талабаларимиз. Қани, милиция раҳбарларидан бўлса айтсин, ўша тўполонларда бизнинг талабалардан қўлига тош олган бирортасини тутишибдими? Ҳа, бизнинг студентларимизнинг онглари жойида…

Уёғига нима деганим эсимда йўқ, сўзимни бемалол тугатдим ва ўз жойимга ўтирдим. Шунда президент менга синчиклаб қараб олдин: “Мухторжон”, кейин эса яна бир қараб: “Мухтор аканинг гаплари тўғри, биз у киши айтганларни, демократияни ҳам албатта қиламиз”,– деди. Президентнинг менга синчиклаб қарагани – менинг ёшимни аниқламоқчи бўлганлиги эди (у одам мендан бир ёш кичик) ва самимийлик билан исмимни айтгани, ва “у мендан каттароқ бўлса керак”, деган фикрда “ака” сўзини қўшиб айтганидан хурсанд бўлдим. Энг муҳими – мен ректорнинг туҳмат гаплари билан бошимга келган ёмон балодан омон қолдим, бунинг устимга ўз фикрларимни очиқ-ошкор баён қила олдим.”

Ана, кўриниб турибди-ки мен Жаҳонгир Муҳаммад ўз романида айтди, деб ёзган гапларни айтганим йўқ, у эса бу учрашувнинг тафсилотини қаердандир эшитиб (ўша учрашувда Жаҳонгир Муҳаммад йўқ эди, бўлса кўрган ва фикр олишган бўлардик), тахминий қилиб, ўзига мослаб олган. Бундай қилиш эса туҳматга яқинлашиб қолади. Мен Жаҳонгир Муҳаммадни яхши биламан, журналистика факультетида дарс берганимда у истеъдодли ўқувчим бўлган, чапдаст публицист бўлиб етишди. Аммо ҳаёт ҳақиқатини бузиб  ёхуд тахминий кўрсатиш ҳечкимга фойда бермаган. Ўйлайманки, муаллиф китобини нашр этишда ёхуд интернетга қўйишда юқоридаги қисмига керакли ўзгартиришлар киритади ёхуд бу қисмини олиб ташлайди. Бу мақолани ўқиганлар ҳам шундай фикр билдиришди.

Мухтор Худойқулов,

филология фанлари доктори, ёзувчи.

***

Устозга мактуб

Ассалому алайкум, муҳтарaм устозимиз! Сиздан хат олиб бениҳоя мамнун бўлдим. Сиз Университетнинг илк куниданоқ бизга адолат шамшири бўлгансиз. Сизни бир умр ҳурмат қилганман ва бундан кейин ҳам бизга ибратсиз. Узоқ умр кўринг, ҳар доим дуо қиламан ва ибрат сифатида номингизни давраларда эслаб юраман.
Китобга келсак, бу китоб хотиралар янгилигида – 1992-1993 йилда ёзилган. Шу китобнинг нусхасини топишгани учун ИАК қатағонга олган, қамоққа тиққан. Каримов ўлдирмоқчи бўлгандан кейин дўстларим ёрдами билан қамоқдан қочганман.
Китоб 1993-1997 йилда илк бор нашр этилди. Қисман “ЭРК” газетаси ва тўла “Ҳаракат” журналида. Шундан бери интернетдаги бир неча сайтда ўн марталаб қайта эълон қилинди.
Китоб ҳолида эса 2005 йилда босмадан чиқди. Орадан 2 йил ўтиб қайта нашр бўлди.
Миртемир умумлаштирилган образ.
Бутун дунёда тарихий романлар шундай ёзилади. Умумлашган ёки тўқима қаҳрамон доирасида тарихий шахсларнинг ўзи қолади. Александр Дюмадан тортиб, Юлиан Семёновга қадар адиблар битган тарихий романларда тўқима ёки умумлашган қаҳрамон ўша даврдаги асл одамлар билан бирга яшайди.
Китобимдаги кўп воқеаларда ўзим гувоҳ бўлганман. Жумладан, Талабалар шаҳарчаси воқеаларига ҳам. Талабалар шаҳарчасидаги Маданият саройининг кичкинагина хонасида ўтган мажлисда ҳам бор эдим ва сиз билан саломлашгандик. Қолаверса, ёзганларимни асосан тасдиқлаганингиз учун миннатдорман.
Мақолангизни воқеа умуман тўғри ёзилганини эътироф этиш деб тушундим. Миннатдорман устоз!
Мажлисдаги ҳамма гапларингизни сўзма-сўз беролмаган бўлсам, узримни қабул қилинг!

Ҳурмат билан,

Жаҳонгир Муҳаммад

%d bloggers like this: