Абдуқодир МЎМИНОВ: Шуми халқ бўлиш, шуми адолат қилиш?

Бу ўзбек тили, ўйинчи ёки ўликлар тилимас — билиб ол, у халқнинг юзи ва ҳаёти, ёқмаса нари кет.

Мен “миллатчи” эмасман, кўрган-кузатганларимни баён қиламан. Ва аввало айтаманки, кўпроқ тилни билишимиз ўзимизга фойда албатта, аммо…

Яқинда ўзбек тилининг мақомини ўзгартириш ва бошқа тилларга ҳам давлат тили деб қараш ёки ўзбек тилининг мавқеъини бошқа тиллар билан бир ўринга қўйиш каби гап-сўзлар ўрчиб кетди. Ваҳоланки, ўзбек тилининг ҳақиқий аҳволи ва уни кимлар шу ҳолга олиб келгани, келаётгани ҳақида ўзини манаман деб билгувчи журналист (татқиқотчи), блогер, ҳатто тилшунос ва бошқалар ҳам аниқ-тиниқ таҳлиллар билан эмас, енгил-елпи ёки бошқа бурчакни кўзлаган, четлаб ўтган ҳолда ўртамиёна ва ўзини “қайси томондалигини исботлаб” қўядиган мулоҳазаларини билдирди, маълум қилди. Мавзу доирасида уларнинг айримларини эслаб ўтишимиз ҳам мумкин. Хуллас, ўзбек тилининг ҳаёти ва унга боғлиқ жиҳатлар ҳақида бошладик.

Аввало, ўзбек тилидан қаерда кенг ва асосий мулоқот тили сифатида фойдаланилади, шундай қаралади? Келинг, нега шундайлиги ҳақида икки оғиз гапирсак. Албаттаки, бу тилдан Ўзбекистонда кенг фойдаланилади ва бу қунун билан давлат тили деб белгилаб қўйилган ҳам. Давлат тили бўлишига сабаб нима? Мана шу ерда демократияга асосан иш тутилган, яъни кўпчиликнинг(шу юрт фарзандларининг) хоҳиш-истаги билан ўзбек тили давлат тили бўлиши талаб қилинган ва бунга эришилган. Тўғри, Ўзбекистон кўп миллатли ва кўп тилда сўзлашувчи мамлакат, аммо аксари қайси тилда гаплашади? Йўқ деганда ҳам бутун бошли халқнинг 70-80 фоизи ўзбек тилида гаплашади, шу тил истемолчиси ҳисобланади. Шу ўринда айрим фахми ўзига маълум зиёли ёки ўша журналист ва блогерларнинг битта “ақлли” гапига эътибор қиламиз: рус тилини билса ўзига яхши, мактабда рус тилини яхши ўзлаштирсин эди, тил билмаган ва саводсиз бўлгандан кейин ўзи айбдор. Қизиғи шундаки, нега Ўзбекистон фуқароси бўлган, аммо ўзбек тилини (яхши ёки умуман) билмаган ўрисга ёки бошқа ҳар қандай кишига бу каби даккилар (сен ўзбек тилини билмайсан, нега мактабда ўзбек тилини ўзлаштирмадинг, саводсиз в.ҳ.лар) айтилмайди? Нега давлат тилини билмаган одам эмас, бошқа тилни ўзлаштирмаган (ўзлаштиролмаган) шу мамлакат фуқароси бу гаплар билан ўз юртида камситилиши, муаммога учраши керак? Нега мустақил бўлганимизга, тил бўйича қонун қабул қилганимизга 30 йилча бўлиб қолди-ю, жуда кўплаб ўрислар (айниқса маданият марказимиз ёки Ўзбекистонни юраги деб билишимиз керак бўлган пойтахтимиздаги аксар ўрислар) ўзбек тилини билмайди, билишни истамайди, бунга ўзларини на бурчли ёки ўзбек (ўзбеклашиб кетган) халқига бироз бўлса-да оқибатли бўлиш кераклигини ўйлаб ҳам кўрмайди? Яна қизиқ бир жиҳат шуки, оми деб қабул қилинадиган ўзбекларнинг аксари керак бўлса, жойи келса русчани руслардан яхши талаффуз қилади, унда мулоқот қила олади. Аммо русларчи, улар ўзбек тилини ўзбеклардай талаффуз қила оладими, олаяптими, шунақаси бўлса неча фоизни кўрсатади, 0000000.1 фоиз кўрсатадими? Жавоб топиш қийин. Хўш, биз кимни ҳурмат қиляпмиз ўзи? Қарийсан, қартасан, ўз наслингга тортасанларними(узр, оддий ҳақиқат бу)? Ўлда-жўлда қилиб таҳлил қилаётган бўлсам, бетартиб келтириб ёзаётган бўлсам узр яна!..
Ҳар хил бўлаётган воқеа ва ҳаракатларга ўзини холис, зўр ва очиқ-ошкора таҳлилчи журналист, лингвист ва ҳоказоман деб биладиган Элдар(Элдор) Асанов(Эсонов) бир неча марта шунақа фикр билдирган: қайсидир тилни (инглиз-рус тилиними) билишинг учун улар яшайдиган мамлакатнинг қанчалик урф-одатларига, ҳаёт тарзига ва уларнинг ўзлигига кириб борсанггина, ўша тилни тез ва осон ўзлаштирасан в.ҳ.лар. Руслар ўзбек урф-одатларини қабул қилдими, ҳаёт тарзини ҳурмат қилаяптими? Шахсан мен “Ха, албатта” дея олмайман. Айнан руслар ўзининг ҳаётий яшаш ташаббуси билан ўзбеклар маданиятини ер билан битта қилаяпти. Нима қиляпти? Бемалол очиқ, калта ва тор кийимлар кияди(русча тарбия кўрган “ўзбек” ва шу кабилар ҳам назарда тутиляпти), умуман ўзбекларга тўғри келмайдиган ҳатти-ҳаракатлар қилади (кўчада бемалол ўпишиб юради, бир бирларини ҳар жойларини ушлаб юради, ўтиради, қўйиб берсанг… ва ҳоказо). Бизнинг давлат Ўзбекистон деб аталадими, унинг ўзига яраша урф-одатлари борми, қадриятлари, каттагина тарихи ва ундаги буюк сиймолари-чи? Бўлса агар, биз кимнинг орқасидан эргашаяпмиз, улар бизни қаерга олиб бораяпти? Наҳотки рус тилини руслардан кам талаффуз қилмайдиган ва анча-мунча олимлари бўлган, уларнинг авлоди яшаб келаётган юрт фарзандлари Ўзбекистонни ривожланган мамлакатлардай юксалтиролмайди? Нима демоқчиман?

Оддий мисол, ўзбек халқини ва унинг шуурини тушунмайдиган айрим чала ақлли руслар, русийзабонлар ҳали-ҳануз ўзбек халқи учун қонунлар ишлаб чиқяпти, халқ рози бўлсаям, бўлмасая бу қонунларни қабул қилишга мажбур яна. Ўша юқоридаги ўзини манаман деб билгувчилар эса битта нарсани иддао қилади: ўзбекни ақли етмайди. Руслар ҳали дуруст яшаш, тоза-озода юриш ва кийинишни билмай юрганда, Амир Тумур буларни кўриб, аскарларини уларнинг олдига боришини таъқиқлаганининг сабаби нима дейсиз? Ёки жадидларнинг мақсади нима эди, улар ўзбекларга дунёвий илм бериш учун ҳаракат қилмадими, Европага нима учун ёш ўзбек йигитларини ўқишга жўнатаётган эди?

Буларнинг бари ўзбек халқини жаҳон мамлакатлари қаторида бўлиши учун қилина бошланган буюк мақсадли ишлар эди-ку. Ким уларни таъқиб қилди, ким жадидларни так-туби билан йўқ қилиб ташлади? Барака топкурлар, бунақа мислолларни келтирай десангиз жуда-жуда кўп топилади. Хўп, бўлган иш бўлди, ўтди-кетди, аммо нега руслар ҳалиям ўзбекларга беписандлик билан қарайди, улар нега ҳалиям Ўзбекистон деб аталмиш мустақил бўлган мамлактнинг фуқароси бўла туриб, асосини ўзбеклар ташкил этадиган халқнинг ичида ўзини алоҳида(юқорида) кўриб яшапти?

Ушбу мақолани ёзаётган пайтимда биз билан бирга ишлайдиган юқори савияли ўзбек (аммо русча тарбия топганроқ) аёли айрим фикрларимни эшитгач шундай деди: “Агар мамлакатимиздан руслар чиқиб кетса, Ўзбекистон ботқоғига ботиб қолади, ўзбеклар ўзини эплолмай қолади, на илм, на бошқа соҳада бирор ишни қилолмайди…”. Мана ичимиздаги яна бир юқори савияли ва онгли кишининг гапи. Шу пайт унинг тирноғи устидаги “безак” учун ёпиштирилган соҳта тирноғига кўзим тушди-да, “Сиз намоз ўқийман дегандингиз, бу ҳолатда таҳоратингиз тўлиқ адо этилган бўлмайди, яъни ҳамма жойингизга сув тегмаган бўлади-ку, намозингиз қабул бўлармикан”, деб сўрасам, у “мен гўзаллик тарафдориман ва ўқиётган намозимни, ичимни худо билса бўлди” дея қисқа жавоб қилди. Яна бир қизиқ ҳолат бўлди. Бироз вақтдан кейин ушбу опанинг ёрдамчиси бўлган ўзбек қизи хонага кириб келган рус ундан ўзбекчада “опа қани, ким эди исми?” деб сўради. Бу қиз эса ўзбекча берилган саволга тўлиқ русчада жавоб берди, ваҳоланки опа билан бўлган ушбу суҳбатимиздан кейин бу қизга ҳам ўз тилимиз, ўзлигимиз ва уни ўзбек тилини истамайдиган, шу халқ ичида яшаб келаётган, аммо лоқайдлар ҳақида баҳс ҳам қилган эдик. Мана навбатдаги ҳолат. Хуллас, хулоса ўзингиздан…

Яна “қанчангиз” шундай фикр юритасиз, у аёл кўтараётган “байроқ”қа эргашасиз? Балки Ўзбекистон номини русча сўз билан номлашни таклиф қилиб чиқарсиз?

Яқинда ўткир қалам соҳиби бўлган журналист Гулчеҳра Умарова билан Маданият вазирлиги қошида ташкил этилган жамотчилик кенгашида бўлган давра суҳбатидан чиққач гаплашиб қолдим, мавзу ўзбек театрларининг аҳволи хусусида бўлган эди. Шунда у гап орасида қуйидаги кузатувини маълум қилди: “Биз театрга ва шу юртга фидойилик ҳақида гапиряпмиз-у, унда кимларни кўряпмиз? Бу гапга кимлар ҳаққоний, кимлар сохта ёки бир томонлама қараяпти? Буни ҳам тилга олишимиз керак. Оддий мисол келтираман: актёр Афзал Рафиқовнинг рус тилидаги спектаклларда роль ижро қилганини кўп кўрганмиз, албатта, бундай актёр-актрисаларимиз кўп. Аммо ўзбек театрларида рус актёрларининг ўзбек тилида (равон) нутқ билан роль ижро этганини бирор марта кўрмадим. Буни очиқ айтсангиз, айримлар “Миллатчилик қиляпти” дейди, аслида эса бу шунчаки ҳақиқат. Афсуски, ушбу ҳолат мазкур йиғилишда ҳам кузатилди. Ўзбек тилини билмаган ёки дуруст тушунмаган актёр ўзбекни яхши ҳис этади, дея оламизми? Мен “йўқ” деб жавоб бераман! Бу муаммолар бугун пайдо бўлгани йўқ, 10-15 йилдан буён кузатиляпти. Уларга баҳамжиҳатликда ечим излаш зарур”. Кўряпсизки, ҳамжиҳатлик сўраляпти, аммо ўзбеклар ҳамжиҳатми? Келинг тил борасида кўриб чиқамиз. Оддийгина бир мисол, аксар пойтахтга келган ҳар хил вилоятлик ўғил-қизларнинг тили тошкентчасига буралиб қолаяпти. Тили буралиб қосаям муйли, бир йил ўтар-ўтмас ярим-яланғоч ёки калта ва тор кийимларда, умуман ўзбек “имижини” бўғадиган кўринишларда, ҳар хил оммавий маданиятдан дарак берувчи ҳатти-ҳаракатларда кўрасиз. Адабий тил эса ҳар томонлама “энасини кўради” бу пойтахтда. Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирда кўплаб хусусий телеканаллиримиз, керак бўлса давлат телеканалларда ҳам тошкентча ёки ўзининг вилоятича шевадаги суҳбатларни, гап-сўзларни эшитяпмиз, кўряпмиз. Давлат телеканаллри, айниқса хусусий телеканаллар кундан кун савиясиз кўрсатув ва “шоу”ларни олиб чиқишга ўтиб кетди. Унда қимориям бор, фохишаликни тарғиб қиладиганиям ва ҳоказолариям… Аммо таълим, технология, иқисод, сиёсатга оид тортишувли, баҳсли кўрсатув ёки натижа берадиган намойишларни деярли(умуман) кўрмай қолдик. Баъзан буларга тикилиб туриб, бу тв.лар халқни манқуртга айлантиришга бел боғламадимикан, деган фикрга ҳам боришинг тайин. Айниқса хусусий тв.лар.

Шу билан бирга афсуслар бўлсинки, бизнинг (қисқа қиламан) ортиқча ҳотамтойлигимиз (битта бўлса ҳам ўзбек тилини билмайдиган (Ўзбекистон фуқароси бўлган) журналистлар ва бошқалар ўтириб қолган даврада ўзбек тилини унутиб қўйишимиз, унга “ўзбек тилини бил керак бўлса” дея олмаслигимиз), мантиқсиз тўйлар қилиб ўзимизни кўз-кўз қилишимиз, бизни “писанд этмайдиган руслар”нинг айрим яхши ҳислатларини(масъулият билан холис иш юритишини, ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қила олиши ва бунда ҳеч кимни аяб ўтирмаслигини, ҳатто “георги лентаси” пайти Бош вазир топшириғига қарши бориб, ўзининг қадриятларини ҳимоя қилиб чиқишини) олмасдан, асл мақсад нима эканини бирлашиб ҳал қилиш ўрнига нимагадир кўз тикиб, унга ҳалолми, харомми, хуллас, қайси йўл билан бўлсаям эришишни ўйлаб, амалда намоз ўқиб, масжидлар томонга боришда эса бир қанча ноҳакликларни билсак-да, жимгина, қўйдай ювош бўлиб ибодат қилишни ва бошқа яшаш тарзни одат қилиб юришни канда қилмаяпмиз. Ҳокилар халқни алдаса, устидан кулса, ҳақорат қилса, уйини, мол-мулкини тортиб олса ёки берган ваъдасини бажармаса индмай юрамиз. Ваҳоланки битта киши ҳам ҳокимият биноси олдига бориб норозилик кўрсатмайди, бино эшигининг такигига ётиб олмайди, халқ ҳам буни кўриб туриб ёрдам бермайди, муносабатини билдирмайди. Шуми халқ бўлиш, шуми адолат қилиш? Шундай экан, Худо ёки унинг бирор бандаси “ма, ол” деб ҳамма нарсани муҳайё қилиб берадими? Албатта, ЙЎҚ. Халқ ўзини ва ўзлигини билдирмас экан, ҳукумат ҳам, сиёсатчилар ҳам, амалдорлар ва албатта руслар ҳам бундай оламонни ҳурмат қилмайди, шунақа пайт фақат фойдаланиб қолади, “Ўзим хон, кўлангкам майдон”, деб яшашда, ишлашда, мақсадларини амалга оширишда давом этаверади.
Тил масаласида яна бир бор эслатма: давлат ўзи қонун билан тасдиқлаган тилини химоялаб қўя олмасакан, уни амалда бажармасакан, биз тўлиқ ва кучли мустақил давлатмиз деб бонг уриш қайси мантиққа тўғри келади? Давлат мустақил бўлган ва у камида 20га тўлган бўлса, барча фуқароси қонун доирасида қабул қилинган тилни билиши шарт ва зарур. Чуни эртага бир давлатда яшаб туриб, унинг кўпчилик томонидан мақулланган мулоқот тилида гаплаша олмаса, мана шунақа жиддий таҳлилдаги мақолалар, эътирозлар ва ихтилофлар келиб чиқаверади.

Абдуқодир МЎМИНОВ

Manba:Abduqodir Muminov

Мухтор Худойқулов: ТАРИХ – АНИҚЛИКНИ ТАЛАБ ҚИЛАДИ

Жаҳонгир Муҳаммаднинг “Қувғин” тарихий романи ҳақида айрим фикрлар

Жаҳонгир Муҳаммад истеъдодли журналист, публицист, ёзувчи ва сиёсатчидир. У Тошкент Давлат университети Журналистика факультетини тугатган, матбуотда хизмат қилган, Ўзбекистон мустақиллиги учун қўлида қалами билан курашган, Олий мажлис депутати бўлган, масъул лавозимларда ишлаган, кейин эса ўз эътиқоди ва сиёсий қарашлари туфайли истеъфога чиқиб чет элга кетган. Ёзувчи ўзининг “Қувғин” деб номланган тарихий романида мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки йилларида ўзи кўрган ва гувоҳи бўлган воқеаларни, бу воқеаларда иштирок этган кишиларнинг фаолиятлари, ҳатти-ҳаракатларини қаламга олган. Албатта бундай асар ўқувчида қизиқиш уйғотиши табиий. Мен ушбу романни тўла ўқиб чиқа олмадим, шу боисдан унинг айрим жиҳатлари ва ўринлари ҳақида ўз фикримни билдирмоқчиман.

Романда ўлкамизнинг ўз мустақиллигига эришиши воқеалари ва унда иштирок этган кишилар қаламга олинади. Асарнинг бош қаҳрамони – муаллифнинг ўзи, аммо негадир у тўқима номда – Миртемир деб юритилади, бошқаларнинг эса аниқ исму фамилиялари келтирилади. Агарда муайян воқеларда қатнашган бошқа одамлар ва уларнинг бош қаҳрамон билан муносабатлари, гап-сўзлари ҳақида ҳикоя қилинар экан, бош қаҳрамон биринчи шахсда – “мен” шаклида келмоғи шарт, чунки бу воқеаларда қандайдир тўқима образ эмас, муайян одам қатнашаяпти. Иккинчидан аниқ одамлар билан боғлиқ воқеаларни муаллиф ўзи ҳоҳлаганча тасвирламасдан аниқ, қандай бўлса шундайича бериши керак, муайян одам қилмаган ишни қилди, айтмаган гапни айтди дейиш ноаниқликларга олиб келишгина эмас, туҳмат бўлиб қолиши ҳам мумкин. Агар асарда тасвирланаётган қаҳрамон тўқима бўлса ва воқеалар ҳам тўқима бўлса унда мантиқ талаби қолади холос, аниқ ва муайян одамларнинг ҳаракатлари, гапларини эса ўзи ҳоҳлаганча тасвирлаш ҳуқуқи ёзувчига берилмайди. Шундай ҳодиса романда келтирилган ва 1992 йил 16 январда Тошкентнинг талабалар шаҳарчасида бўлиб ўтган талабалар қўзғолони пайтида Ўзбекистон президенти И.А.Каримов билан Тошкент давлат универрситети Маданият саройининг кичик залида бўлиб ўтган учрашув ва унда президентнинг мен билан мулоқоти асарда шундай тасвирланади:

Миртемир Талабалар шаҳарчасидаги Маданият Саройига келди. Учрашув кичкинагина хонада бўлди. Каримов бу ерда ҳам фаоллар йиғилишидаги гапларини айнан такрорлади. Домлалардан айримлари уни қўллашди.

–- Менда бир савол бор,- дея ўрнидан турди ҳажвчи Мухтор Худойқулов.

–Талабаларни отишга ким рухсат берди? Сиз мамлакатнинг бошида ўтирибсиз, бу нарсани билишингиз керак.

– Ёшингиз неччида? – сўради Каримов ундан.

– Сиз билан бир йилда туғилганмиз,- деди у.

– Э, яшанг Мухторжон! Тенгқур эканмиз, қани айтинг-чи, нега талабаларни қайтариб қолмадингиз?

Каримов ўзига хос “манёвр” билан Мухтор Худойқуловнинг саволини четлаб ўтиб, ўзини нишонга олди.

– Журналистика факултетининг талабалари очлик эълон қилишди. Уларга “Болаларим, тўққиз қатли бинонинг устида ўтираверманг, бўйрагингиз шамоллаши мумкин”, дедим.

Мухтор Худойқулов гапини Каримов бўлди:

–Уларнинг буйраги эмас, мияси шамоллаган, миясини даволаш керак! Билдингиз-ми, Мухторжон. Буйрак шамолласа, гўр ҳам чалмайди!

–Гўр чалиш, чалмаслиги нималигини билмадим-у, лекин…

Унинг гапини яна Каримов кесди:

– Мана менинг ҳам буйрагим касал…

Энди Мухтор Худойқулов Каримовга мудоҳала қилди:

– Бизга келажакда буйраги соғлом раҳбарлар керак. Ўшанда уларнинг мияси ҳам шамолламайди.

Мен ўша учрашувда бўлганман, сўзга чиққанман, И.Каримов билан бироз мулоқот бўлган, аммо Миртемир (Жаҳонгир Муҳаммад) айтгандай эмас. Воқеа тушунарли бўлмоғи учун мен ўзимнинг нашр этилмаган хотираларимдан парча келтираман, унда бўлган воқеа аниқ ва тўғри тасвирланган:

 “Бу йилларда менинг жуда эсимда қолган ва тақдиримни тубдан ўзгартириб юбориши мумкин бўлган воқеа 1992 йил 16 январда юз берган талабалар қўзғолони бўлди. Мен бу воқеани эртасига эшитдим. Борсам – шаҳарчада аллақандай фавқулодда ҳолат, талабалар дарғазаб тусда уёқдан-буёққа тўп-тўп бўлиб жадаллаб ўтишяпти. Нариги катта кўча томондан эса: “Ур-р, ур-р!”га ўхшаган овозлар келаяпти. Йўл-йўлакай кўрган-билганлардан нима гаплигини сўраб-суриштира бошладим. Билишимча ўша пайтда ҳукумат кетма-кет пул алмаштириб аллақандай купонга ўтилган, бу купонлар билан савдо қилиш ҳам тузук йўлга қўйилмаган эди. Афтидан бир неча талаба ёшлар шу ердаги дўконга нон олиш учун киришган, сотувчи ё купонга сотмаган, ё яна бирон нарса деган, хуллас жанжал чиққан. Бир томондан талаба ёшларнинг қизиққонлиги, иккинчи тарафдан энг асосий нарса – нон масаласидаги расмиятчилик уларни норози қилган ва улар бир-бирига бу гапни айтиб, тўпланишиб, жунбушга келишган, кейин тўп-тўп бўлишиб кўчада юриш қилишган, дўконларнинг ойналарини уриб синдиришган, машиналарга ўт ёқишган, хуллас жоҳил оломоннинг қўлидан нима келса шуни қилишган. Бу воқеани бостириш учун ОМОН етиб келган, улар талабалар устига бостириб келишган, калтаклашган, турган гапки, талабалар ҳам қараб туришмасдан қўлларига нима тушса тошми, юқори қаватлардан эса курсими жазолавчиларга қараб отишган, кейин милиционерлар уларни қувиб, қаватма-қават, хонама-хона юриб уларни уришган, қамашган, ҳатто қуролларини ҳам ишга солишган, натижада бир неча талаба ўлган… Хуллас, иш жиддий эди.

Мен борганда талабалар шаҳарчасининг ўртасидан ўтган катта кўча ёшлар билан тўла, нарироқда баланд бир жойдан туриб кимдир нималардир деб бақирар, бунга жавобан талабалар эса “Йўқолсин!” “Қотиллар!” ва яна нималардир деб бақиришар, ора-сира: “Ур, ур!” овозлари ҳам янграб қоларди. Мен ёнимда туриб алланарсалар деб бақираётган бир талабадан: “Кимни “ур-ур” деяпсизлар?”– деб сўрасам: “Кимни бўларди, милиционерларни-да!”– деди. Мен: “Ур-сур” билан иш чиқмайди, талабларинг бўлса ёзма равишда баён қилсанглар яхшироқ бўлади”,– дедим. Аммо ҳалиги талаба ва унинг ёнидагиларнинг бу гапларга қулоқ солгилари йўқ эди. Мен учраган бошқа талабаларга: “Нон деб шунақа тўполон қилишларинг яхшими, бутун дунёдаги одамлар нима дейишади, бундай жоҳилликнинг нима кераги бор, яхшиси битта раҳбар сайланглар, у сизларнинг талабларингни юқорига етказсин”,– деб кўрдим, аммо ҳеч ким менга қулоқ солмади. Ора-сирада яхши кийинган, бошларида қундуз телпакли одамлар ҳам кўриниб қолар, улар талабаларга: “Бўш келманглар, чекинманглар…”– деб қутқу солишарди. Мен уларнинг кимлигини, қайси кучларнинг одамлари эканлигини билмасдан бошим қотди. Ўз факультетимда ўқийдиган талабаларни кўрганимда уларга: “Ҳаддан ошманглар, бошларингга бир бало орттирманглар”,– деб маслаҳат берганим ҳам эсимда. Улар: “Тўғри, шундай қилаяпмиз”,– дейишиб, бўлган воқеалар ҳақида кўрган-билганларини айтиб беришди. Талабаларимдан битта чапдастроғи менинг ёнимда бўлди. У менга: “Домла, қаранг, ОМОНчилар яна бостириб келадиганга ўхшайди”,– деб кўчанинг нариги тарафини кўрсатди. Биздан сал нарида бошларига темир қалпоқлар кийиб, қўлларига темир қалқонлар ва резина таёқчалар тутган, қуролли ОМОНчилар кўчани тўлдириб саф тортиб туришар ва аста-секин бу томонга, талабалар устига яқинлашиб келишарди. Шунда ҳалиги талаба менга: “Домла, булар бостириб келишса яна тўполон бўлади, яна қон тўкилади, буларни кўриб талабалар ғазабга минади, келинг, командиридан сўраймиз, уларни сал орқароққа суриб туришсин”,– деди. Мен рози бўлдим ва аскарларга яқинлашиб келиб: “Командиринглар ким?”– деб сўрадим, бир ҳарбий: “Мен, хўш, нима гап?”– деди. Мен унга: “Илтимос, аскарларни сал орқароққа сурсангиз, сизларни кўрган талабалар яна жунбушга келиб бир кор-ҳол бўлмасин, майли, уларни сал узоқроқдан қўриқланглар”,– дедим. Қаранг-ки, ҳалиги ҳарбий бу маслаҳатга кўнди ва унинг буйруғи билан ОМОНчилар анчагина орқага сурилишди.

Шу зайлда талабаларни тинчитиш учун уриниб-уриниб кейин университет томонга юрдим. Бу ерда ҳам вазият ёмон, талабалар дарғазаб эдилар. Факультетимизнинг бир гуруҳ талабалари университетга кираверишда очлик эълон қилиб ўтиришган экан. Мен уларнинг олдига келиб, нима гаплигини сўрадим. Шунда улар ўзларининг қатор талабларини айтишди. Мен уларга: “Очлик эълон қилиш осон эмаслигини биласизларми, бироздан кейин кеч тушади, ҳаво совуқ, ҳаммангнинг буйрагингни совуқ уриб кетади.”,– дедим., бу орада кеч тушди. Шу аснода талабалар ётоқхоналари томонидан “тар-р-тар-р” ўқ овозлари, дод-вой, шовқин-сурон эшитилди, ўша ёқдан югуриб келган бир таниш талаба: “Уёқда талабаларни яна отишяпти!”– деб қичқирди. Мен шунда ректорат томонга югурдим ва тўққизинчи қаватдаги ректорнинг кабинетига шахт билан кириб бордим, орқамдан мен билан бирга бўлган икки-уч ўқитувчи ҳам бор эди. Мен кирасолиб: “Бу ерда ким Ички ишлар министрлигидан?!”– деб қичқирдим. Рўпарада ўтирган ректор – Эркин Юсупов бизнинг бундай берухсат бостириб киришимиздан жаҳли чиқиб: “Нима гап?”– деб сўради. Мен: “Талабаларни яна отишяпти! Отишмани тўхтатинглар!”– дедим. Шунда Эркин Юсупов: “Пахтаванд ўқ билан отишяпти!”,– деди. “Сиз қаердан биласиз, яна бир қанчасини ўлдириб қўйишса ҳисобми?”– дедим унга дарғазаб. Кейин яна ўша ерда ўтирган бир нотаниш кишидан: “Сиз ички ишлар министрлигининг вакилимисиз?”– деб сўрадим. У киши: “Ҳа”,– деди. Мен: “Трубкани кўтаринг, буйруқ беринг, талабаларни отишмасин!”– деб бақирдим. Қарангки, ҳалиги одам менинг важоҳатимни кўриб индамасдан трубкани кўтарди ва кимгадир қисқа, нимадир деб буйруқ берди. Шунда ўша томондан келаётган, ярим очиқ деразадан эшитилиб турган отишма овози тўхтади, шовқин-сурон ҳам бироз пасайди. “Ана, бўлдими?”– деди ректор Эркин Юсупов. Мен унга: “Раҳмат, домла, пастда бир тўп бизнинг талабаларимиз очлик эълон қилиб ўтиришибди, улар бунинг нималигини яхши билишмайди, бекорга совуқ уриб кетмасин, сиз тушиб уларнинг талабларини эшитиб, жавобини берсангиз”,– дедим. У рози бўлди ва биз билан пастга тушиб, ҳалиги талабалар олдига келди. Аммо талабалар ректорнинг сўзларига қулоқ солишмади,Эркин Юсупов индамасдан жўнаб қолди, мен ҳам бироздан сўнг кетдим.

Бу воқеаларнинг эртасига Ўзбекистон президенти Ислом Каримов талабалар шаҳарчасига бориб университет жамоаси билан учрашди. Бу учрашувга мен ҳам аранг кириб қолган эдим. Унда сўз олган университет ректори Эркин Юсупов воқеалар ҳақида гапиратуриб ўйламай-нетмай: “Журналистика факультетининг битта ўқитувчиси талабаларни очлик эълон қилишга ўзи ундаб кейин менинг олдимга чиқди”,– деди. Гарчи у фамилиямни айтмаган бўлса ҳам ўша ишлар учун мен айбдор бўлиб жавобгарликка тортилиб кетишим ҳеч гап эмас эди. Шу боисдан ректор ўз сўзини тугатгач Президент: “Ким сўзлайди?”– деганда мен сўз сўрадим. Рўпарада ўтирган Ислом Каримов менинг ҳаяжонланаётганимлигимни сезди шекилли: “Қани, мана шу кишига сўз берайлик-чи, жуда куйиб-ёниб ўтирибди”,– дегани эсимда. Мен ҳеч бир тайёргарликсиз сўзга чиқдим ва тахминан (афсуски, ўша кунги воқеаларни ва сўзлаган нутқимни бирор қоғозга тушириб қўймаган эканман) шундай дедим:

– Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич, сиз иш бошлаганингизда сиздай ғайратли, жонкуяр инсоннинг республикамизга раҳбар бўлганидан жуда хурсанд бўлдим, чунки сиздаги куч-ғайрат, сиздаги шижоат ҳеч кимда йўқ десам ишонаверинг. сиз Ўзбекистонимизнинг тинчлигу осойишталиги, мустақиллиги, келгусидаги тараққиёти учун жон куйдираяпсиз. Аммо сиздан илтимос, барчага баравар президент бўлсангиз, фақат ўз тарафдорларингизга сўзларингизни маъқуллатиб кетавермасдан бошқаларнинг фикрларига ҳам қулоқ солсангиз. Республикамизнинг янги уйини қураётган эканмиз, уни пойдеворидан мутаҳкамлаб, кейин бузиб қуришга ҳожат қолдирмайдиган қилиб қурсак нима бўлади? Сиёсий, иқтисодий соҳаларда жуда катта ўзгаришлар бўлаётган экан, ўша демократияни ҳам ҳозирдан тиклаб кетаверсак бўлмайдими? Яна йигирма-ўттиз йиллардан кейин кимдир “э у замонларда ундай бўлган эди, бундай бўлган эди”, деб танқид қила олмаса. Сиз ҳам тарихда бир идеал шахс бўлиб қолсангиз.

Бу ерда университетимиз ректори нотўғри маълумот бердилар. Мен ўша очлик эълон қилган талабалар совуққа қолишмасин, буйракларини совуқ уриб кетмасин деб у кишини ўшаларнинг талабларини эшитишга чақириб тушган эдим…

Гапим шу ерга келганда менинг сўзларимни диққат билан эшитиб ўтирган Ислом Каримов менга бурилиб қаради ва шундай савол берди:

– Домла, сиз студентларнинг буйрагини ўйлабсизу, аммо мияларини ўйламабсиз-да,– деди у мазкур саволнинг жавобини ҳам ўзи бериб, мени мот қилганига комил ишонч билан. Аммо мен мот бўлмадим, илло мот бўлишим мумкин эмас эди.

– Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич, биз талабаларнинг миясини, онгини ҳам роса ўйлаймиз,– дедим мен.– Биз уларга қўлингларга тош эмас, қалам олинглар, ҳаётни тасвирланглар, ижод қилинглар деб таълим берамиз. Мана, бизнинг ўқувчиларимиздан бири телевидениега сурат олаяпти, – деб камерага суратга олаётган собиқ студентимга ишора қилдим мен. – Иккинчиси эса ана, радиога ёзиб олаяпти, газеталардан келган журналистлар ҳам бизнинг талабаларимиз. Қани, милиция раҳбарларидан бўлса айтсин, ўша тўполонларда бизнинг талабалардан қўлига тош олган бирортасини тутишибдими? Ҳа, бизнинг студентларимизнинг онглари жойида…

Уёғига нима деганим эсимда йўқ, сўзимни бемалол тугатдим ва ўз жойимга ўтирдим. Шунда президент менга синчиклаб қараб олдин: “Мухторжон”, кейин эса яна бир қараб: “Мухтор аканинг гаплари тўғри, биз у киши айтганларни, демократияни ҳам албатта қиламиз”,– деди. Президентнинг менга синчиклаб қарагани – менинг ёшимни аниқламоқчи бўлганлиги эди (у одам мендан бир ёш кичик) ва самимийлик билан исмимни айтгани, ва “у мендан каттароқ бўлса керак”, деган фикрда “ака” сўзини қўшиб айтганидан хурсанд бўлдим. Энг муҳими – мен ректорнинг туҳмат гаплари билан бошимга келган ёмон балодан омон қолдим, бунинг устимга ўз фикрларимни очиқ-ошкор баён қила олдим.”

Ана, кўриниб турибди-ки мен Жаҳонгир Муҳаммад ўз романида айтди, деб ёзган гапларни айтганим йўқ, у эса бу учрашувнинг тафсилотини қаердандир эшитиб (ўша учрашувда Жаҳонгир Муҳаммад йўқ эди, бўлса кўрган ва фикр олишган бўлардик), тахминий қилиб, ўзига мослаб олган. Бундай қилиш эса туҳматга яқинлашиб қолади. Мен Жаҳонгир Муҳаммадни яхши биламан, журналистика факультетида дарс берганимда у истеъдодли ўқувчим бўлган, чапдаст публицист бўлиб етишди. Аммо ҳаёт ҳақиқатини бузиб  ёхуд тахминий кўрсатиш ҳечкимга фойда бермаган. Ўйлайманки, муаллиф китобини нашр этишда ёхуд интернетга қўйишда юқоридаги қисмига керакли ўзгартиришлар киритади ёхуд бу қисмини олиб ташлайди. Бу мақолани ўқиганлар ҳам шундай фикр билдиришди.

Мухтор Худойқулов,

филология фанлари доктори, ёзувчи.

***

Устозга мактуб

Ассалому алайкум, муҳтарaм устозимиз! Сиздан хат олиб бениҳоя мамнун бўлдим. Сиз Университетнинг илк куниданоқ бизга адолат шамшири бўлгансиз. Сизни бир умр ҳурмат қилганман ва бундан кейин ҳам бизга ибратсиз. Узоқ умр кўринг, ҳар доим дуо қиламан ва ибрат сифатида номингизни давраларда эслаб юраман.
Китобга келсак, бу китоб хотиралар янгилигида – 1992-1993 йилда ёзилган. Шу китобнинг нусхасини топишгани учун ИАК қатағонга олган, қамоққа тиққан. Каримов ўлдирмоқчи бўлгандан кейин дўстларим ёрдами билан қамоқдан қочганман.
Китоб 1993-1997 йилда илк бор нашр этилди. Қисман “ЭРК” газетаси ва тўла “Ҳаракат” журналида. Шундан бери интернетдаги бир неча сайтда ўн марталаб қайта эълон қилинди.
Китоб ҳолида эса 2005 йилда босмадан чиқди. Орадан 2 йил ўтиб қайта нашр бўлди.
Миртемир умумлаштирилган образ.
Бутун дунёда тарихий романлар шундай ёзилади. Умумлашган ёки тўқима қаҳрамон доирасида тарихий шахсларнинг ўзи қолади. Александр Дюмадан тортиб, Юлиан Семёновга қадар адиблар битган тарихий романларда тўқима ёки умумлашган қаҳрамон ўша даврдаги асл одамлар билан бирга яшайди.
Китобимдаги кўп воқеаларда ўзим гувоҳ бўлганман. Жумладан, Талабалар шаҳарчаси воқеаларига ҳам. Талабалар шаҳарчасидаги Маданият саройининг кичкинагина хонасида ўтган мажлисда ҳам бор эдим ва сиз билан саломлашгандик. Қолаверса, ёзганларимни асосан тасдиқлаганингиз учун миннатдорман.
Мақолангизни воқеа умуман тўғри ёзилганини эътироф этиш деб тушундим. Миннатдорман устоз!
Мажлисдаги ҳамма гапларингизни сўзма-сўз беролмаган бўлсам, узримни қабул қилинг!

Ҳурмат билан,

Жаҳонгир Муҳаммад

Prezident Mirziyoyev janoblariga savol

Jinoyatchilar avf etildi.

Karimov rejimi mansabdorlari oqlandi. Jihodchilarning oilalarini olib kelish uchun uchoq yuborildi.

1990 yil 20 iyunda O’zbekiston Mustaqillik deklaratsiyasini e’lon qilgan va IAK davrida siyosiy qatag’onga uchraganlar-chi? Ularga reabilitatsiya yo’qmi?
***
Жиноятчилар авф этилди.Каримов режими мансабдорлари оқланди.

Жиҳодчиларнинг оилаларини олиб келиш учун учоқ юборилди.

1990 йил 20 июнда Ўзбекистон Мустақиллик декларациясини эълон қилган ва ИАК даврида сиёсий қатағонга учраганлар-чи? Уларга реабилитация йўқми?