Темур Малик: Илоннинг қушлар инига ҳужумини ҳеч кўрганмисиз?

Илоннинг қушлар инига ҳужумини ҳеч кўрганмисиз? Илон қушлар инига кириб олади ва у ердан қушларнинг тухумларини бирма-бир еб чиқади. Қушлар шу пайтда илон атрофида гирдикапалак бўлишади, унинг ёнида учиб, дод-вой солишади. Тухум ичидаги тирик жон – уларнинг боласи, ўз боласини ҳимоя қилиш учун жон ҳолатда ташланишади. Аммо минг афсуски, қушлар қанча чирилламасинлар барибир фойдаси бўлмайди, илонга уларнинг кучи етмайди.

Бугунги блогерларимизни ҳам шу илон атрофида чириллаётган қушчаларга ўхшатаман. «Илонлар шарофати» билан бирма-бир қамалаётган блогерларнинг ҳимояси учун иложи борича дод соламиз, постлар ёзамиз, кимлардандир ёрдам сўраймиз. Худди шу тариқа биз аввал Акром Маликни, кейин Рустам Каримни, ҳозирда эса Саид-Абдулазиз Юсуповни бой бериб келяпмиз. Улар ҳозир қаерда, аҳволлари қандай бизга қоронғу. Қўлимиздан фақатгина мақола ёзиш, фарёд солиш, «илонлар» атрофида гирдикапалак бўлиш келади холос. Акром Маликни қамашганида, унинг «чет элдаги қора кучлар билан тил бириктиргани» маълум бўлди. Рустам Карим Президентни масхара қилган «шоввоз» бўлиб чиқди. Саид-Абдулазиз Юсупов эса «фирибгар». Хўш, кейингилари-чи? Нишонда ким қолди яна? Бу сафар блогерларга қарши қандай важлар билан «дело» очишаркин?

Энди асосий гапга ўтсам. Яқинда бир админимиз мен билан боғланди. Унинг айтиши бўйича, ўзини ДХХ ходимлари деб таништирган бир неча киши уни сўроқ қилишибди. «ФайзбоғУз» ҳақида саволлар беришибди. Турли усуллар ёрдамида қўрқитишга уринишибди. Уларнинг иддаоси бўйича, биз «Президент обрўсини тўкиш учун ҳаракат қилаётган бир кампания» эканмиз. Қизиқ, Президент обрўсини тўкишга арзигули нима иш қилиб қўйдик? Ҳижобга рухсат бермаган бизми? Болаларни масжиддан қувганлар бизми? Судда ғирромлик қилганлар бизми? Бутун дунёга Ўзбекистонни шарманда қилган ва қилаётганлар бизми? Йўқ, биз эмас. Биз фақатгина атрофимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни ёритиб бердик, холос. Ўзимиздан қўшмадик, боттириб ёзмадик. Биз ўзимизнинг ва бошқа бир қатор ўзбек блогерларининг шахсий фикрларини ёритдик. Мадомики Президент обрўси тўкилаётган экан, унда шунга яраша унинг обрўсини кўтаришга, уни халқ олдида шарманда қилмасликка ҳаракат қилишингиз керак. Хатолар устида ишлашни ўрганинглар, хатони юзингизга айтадиган инсон ҳеч қачон сизга душман бўлмайди. Биз ҳам кўпчилик қатори шу юрт фарзандларимиз, юртимиз ривожланиб кетишини ҳоҳлаймиз. «Суриш керак» идеологияси «қайтиш керак»ка ўзгаришини истаймиз. Президентнинг ўзи танқид қилинглар деб турган пайтда, нега сизлар бизнинг админимизга босим ўтказасизлар? (Қўшимчасига, бугун деярли барча админларимизга бир кишидан номаълум линк смс-хабар тариқасида юборилди. Тузоққа тушириш режаси натижа бермади.)

Ёдингизда бўлса, бундан аввал бир неча маротаба бизга ҳеч қандай босим ёки тазйиқлар бўлмаганлигини, биз бемалол ўз фаолиятимизни юритиб келаётганлигимизни айтиб, юртимизда сўз эркинлигини таъминлаш замирида олиб борилаётган ислоҳотларни олқишлагандик. Аммо бугунги нохуш янгилик кўнглимизни хира қилди. Умид қиламизки, бу шунчаки оддий бир тушунмовчилик бўлиб қолади ва бундан кейин олдингидек сўз эркинлиги тўлиқ кафолантирилади.

Темур Малик
%d bloggers like this: