Эркин Норсафар: Мен бор йўғи Шахс бўлишга ҳаракат қилаяпман.

Баъзида майда-чуйдаларнинг: “Бу одам театрни булғаб келган, эҳтиёт бўл, санинг тагингга ҳам сув қўяди” деганларини узоқ-узоқ (иккинчи, учинчи оғиз) дан эшитиб қоламан.
Бу гапга 5 йил давомида сабр қилиб келдим ва мусулмончилик андишаси сабаб жим юргандим, аммо орқаравотдан мен ҳақимда ҳар хил гаплар болалайвергач бугун ушбу “пост”ни қўйишга ва холислар билан Театрдаги “иш”им билан боғлиқ ҳақиқатни бўлишмоқни ихтиёр қилдим…
Қорори эса ихтиёрингизга ҳаворла! Агар ушбу сўзларим ёлғон ва туҳмат бўлса, марҳамат Сурхондарё вилоят мусиқали драма театри мени Судга беришсин!
Мен драматург сифатида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзосиман. Ёзган 15 та драмадан 7 си саҳналаштирилган. Битта асарим кўнглимдагидек саҳналаштирилмагани учун ўзим воз кечганман.
Иккитаси, бири асар сифатида, иккинчиси спектакл сифатида (2014 ва 2018 йиллар) республика миқёсида ўтказилган театрлар фестивалида 1 – ўринни олган.
Ёзувчи сифатида 3 томлик ҳикоя ва қиссалар тўпламларим бор. Нокамтарлик бўлса-да, қаламимнинг кучига ишонаман, асарларим мени ўқувчилар ва ижодкорлар ҳузурида уялтирмайди. Ушбу асарларимни ёнимдан харажат қилиб китоб чиқаришни ор биламан. Шу боис, даври келишини кутаяпман.
2008 йилнинг май ойидан, 2015 йилнинг 1 августига қадар М. Уйғур номидаги Сурхондарё вилоят мусиқали драма театрида адабий маслаҳатчи бўлиб ишладим. Театрда “ўйин” ва кўзбўямачиликлар кўп бўлди. Раҳбариятга қарши турдим. Саҳналаштирилаётган бир нечта спектаклларни талабга жавоб бермаганлиги учун йўққа чиқардим. Театр бош режиссёри Мансур Равшанов ва театр директори Муяссар Қорақуловалар билан бир йилдан ошиқроқ вақт қаттиқ тортишдим.
Келинг, оддий далиллар билан фикрларимни асослайман:
1) Раҳматли Рисхивой ака Муҳамаджоновнинг «Ойдин» номли асарини театр бош режиссёри, Ўзбекистон санъат арбоби, 55 йиллик (стаж) тажрибага эга, 80 ёшли Мансур Равшанов қариндошлари, ёш йигитчалар (О. Муҳитдинов ва А.Жумаев) га саҳналаштирди. Спектакль жанр талабларига мутлақо жавоб бермасди. Адабий маслаҳатчи сифатида халқ ва давлат олдидаги вазифам, ҳақиқатни айтиб, театр Бадиий кенгашида ушбу спектаклни йўққа чиқардим, аммо тан олишмади.
«Эътироф-2014» да ушбу спектакль «Йилнинг энг яхши спектакли» номинацияси ғолиби бўлди.
Кўпчилик қатори мен ҳам ҳайратда эдим!
«Мана, Эркин Норсафар ўзини ақлли санайди, Республикада аҳмоқлар ўтиргани йўқ! У спектаклни «Ноль»га чиқарган бўлса, бошқалар «Йилнинг энг яхши спектакли» номинациясини беришармиди. У театрнинг душмани!» деб айюҳаннос солишди.
Бир муддат ўтиб, Тошкентдаги ижодкорлар ўртасида фестивалдаги бу каби ноҳақлик борасида норозилик пайдо бўлди.
«Маънавият ва маърифат» телеканалида Шоира Раупованинг «Премъерадан сўнг…» деб номланган кўрсатувида (2015 йил) ушбу («Ойдин») спектакли томошабин ва иштирокчилар томонидан қаттиқ танқидга учраб, йўққа чиқарилди.
Ёш режиссёрлар нима деб жавоб беришни билмай, актёрларни айблашди. Бу нотўғри гап эди. Чунки театрда жуда забардаст актёрлар борлигини ўзим эътироф этаман! (Ўша кўрсатув 3 маротоба эфирга узатилди)
2) Муҳаммад Бобоевнинг ҳазрат Баҳоуддин Нақшбандий ҳаётларига бағишланган «Оқ ёмғир» деб номланган спектакли Мансур Равшанов томонидан саҳналаштирилди.
Мен Равшановга спектакл талабга жавоб бермаслигини, уни саҳналаштирмасликни айтдим. Чунки, бу ҳам вазифамга киради. У мени эшитмай, 3 ой давомида спектаклни саҳналаштирди.
Ушбу спектаклни театр Бадий кенгашида 56 та хатосини санаб бериб, йўққа чиқардим.
(Ушбу жараён Сурхондарё вилоят телерадиокмопанияси томонидан ёзиб олинганди. Эшитишимча, бир нусхаси вилоят МХХ да сақланмоқда.)
Бу катта жанжалга айланиб кетди. Узоқ чўзилган можарога Маданият вазирлиги, «Ўзбектеатр» ИЧЧБ си, Диний идоралар ва ҳатто МХХ ҳам аралашди.
..Ниҳоят, мен ғолиб бўлдим, «Оқ ёмғир» спектакли репертуардан олиб ташланди.
Бу мен билган, сизга билдирмаётган ҳақиқатнинг юздан бири, холос.
Улар мени жамоанинг олдида ёлғончи, туҳматчи ва ғийбатчига чиқаришгани учун ҳақлигимни исботлаш, шаънимни булғалишдан сақлаш мақсадида Ўзбекистон Маданият вазирлигига, Сурхондарё вилоят ММХ га, “Ўзбектеатр” ИИЧБга, Сурхондарё вилоят Маданият ва спорт ишлари бошқармасига театрдаги кирдикорлар борасида 36 варақ хат йўлладим.
Ўша, 36 варақ хатда ҳамма-ҳаммаси батафсил ёзилган.
Вазирлик ҳам, “Ўзбектеатр” ИИЧБ ҳам, вилоят Маданият ва спорт ишлари бошқармаси ҳам эътибор беришмади. Натижада, 2015 йилнинг 1 август куни, меҳнат таътилида юрган вақтимизда ноҳақлик, турли тазйиқлар ўтказиб, ишдан кетиш ҳақимда аризамни ёздириб олишди.

Хўш, шундан кейин ҳам мен театрни булғаган бўлиб чиқаманми? Мен халқ ва мамлакат манфаатини ҳимоя қилдим. Бу-бурчим эди. Менга «Сен ўзи нима иш қилдинг» деб иддаолар қилишди. Мен ҳамма жойда вазифамни ситқидилдан бажаришга ҳаракат қиламан. Юқоридаги, театр билан боғлиқ ҳақиқат эса, фикримнинг яна бир далилий исботи. Қолгани, вазирлик ва ҳукумат вакиллари, давлат органларининг иши!
Банк тизимида ишлаб юрганимда ҳам кўп ноҳақликларга дуч келдим. Тўғри гапим учун мени у ерда ҳам сиғдиришмади. Ўша вақтда мени Банкда сиғдирмаганларнинг барчасининг кейинчалик қинғирликлари фош бўлиб, Банк тизимидан ҳайдалишди. Ҳозир бир нечтаси таксичилик қилиб, ёки у ер бу ерда майда ишлар билан кунларини ўтказиб юришибди.
Мени ҳам ҳозир бир ҳовуч нусхалар «Матбуотни булғаяпсан» деб сиғиштиришмасликка ҳаракат қилишаяпти. Менинг ягона айбим, Матбуотнинг жамиятимизда ўз ўрнига эга бўлишини истайман!
Каримов даврида Матбуот қул эди. Йўқ эди. Югурдак эди. Аммо, Муҳтарам Юртбошимиз Матбуотга катта эътибор қаратиб, унинг жамиятда ўз ўрнига эга бўлишини, мамлакат тараққиёти ва халқ фаровонлиги, маданияти ва маънавиятида ўз ўрнига эга бўлишини истаяпти.
Аммо жойлардаги раҳбарлар Матбуотни ҳали ҳануз ўз каръераси учун хизмат қиладиган югурдакка айлантиришмоқчи бўлишаяпти. Менга қарши бўлган баъзи, раҳбарлардан манфаатдор, лаганбардор журналистлар эса буни қўллаб-қувватлашаяпти.
Мен эса бунга йўл қўйишни истамайман. Сабаби, матбуотда эркинлик бўлмас экан, у жамиятдаги ўз вазифасини тўлақонли бажара олмайди! Мен Матбуотни битта-иккита «раҳбар»нинг каръераси учун эмас, Президентимиз истаётганларидек мамлакат манфаати учун хизмат қилишини истайман!
Ижтимоий тармоқда ва Матбуотда бир нечта танқидий чиқишлар қилиб, дейлик: «Ижодкорлар уйи», «Маданият ходимлари учун» қурилган уйлар, «Шеробод туман ҳокимининг қилмишлари» борасида, мажбурий обуна билан боғлиқ: Матбуот ва «Матбуот тарқатувчи»лардаги ўйинлар ва яна ҳокозолар орқали бир зўрнинг думини босиб қўйдим. Энди эса, унинг гумашталари, югурдаклари мени ёлғизлатиш, тизимдан йўқотиш учун эртаю кеч бош қотиришмоқда.
Чунки улар ўша «улуғ»идан манфаатдор!
Мен ҳам раҳбарларнинг оёғини ялаб, лаганбардорлик қилсам, жим юрардим. Атрофимда фитна ҳам бўлмасди. Ишлардан қувилиб, йиллаб ишсиз юриб, еяримга нон топа олмай қолар даражада муҳтожликни ҳам бошимдан кечирмаган бўлардим.
Одам табиатидан айро бўла олмайди! Ноҳақлик ва адолатсизликни кўрсам, қандай қилиб бошимни балолар уясига тиққанимни билмай қоламан!
Мен бор йўғи Шахс бўлишга ҳаракат қилаяпман. Талай ҳамкасабалрим сингари жимгина ҳашарот бўлиб яшашни истамайман. Фаровонликда ҳашарот бўлиб яшаганимдан кўра, ярим оч Шахс бўлиш мен учун шараф! Мен бор-йўғи, мамлакат тараққиётига нимадир иш қилиб, ўз ҳиссамни қўшни истайман.

Шу ўринда, «Театрни булғади» ва «Нима иш қилдинг, қўлингдан нима келади», деяётганлар учун яна бир гап!
Вилоят мусиқали драма театрида Фарҳод Болтаев исмли иқтидорли ва салоҳиятли актёр ва режиссёр бор! Марҳамат, Маданият вазирлиги эътибор қаратиб, шу йигит билан менга театр саҳнасини бир мартага бўшатиб берсалар, спектакль қандай саҳналаштирилишини кўрсатардик!
Маданият вазирлиги ушбу спектакль учун менга ажратадиган 10 миллиондан ортиқроқ бўлган маблағдан воз кечаман!
Бизга имконият беришсин, ишни кўрсатамиз!

%d bloggers like this: