Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир

Фейсбукда ажойиб ва баъзида жуда керакли бир функция бор. Буни фойдаланувчилар жуда яхши билишади ва кенг қўллашади. Шахсан ўзим хам шу функцияни кўп ишлатувчилар қаторига кирсам керак. Бу албатта игнор яъни сухбатдошни блоклаш ёки ўзбекча қилиб айтганда тўсиқ қўйиш, дийдорини ўчириш, думини тугиш ва хокозо.

Игнор қилиш бу ( инглиз тилидан ignore ) бирор бир онлайн сухбат ёки форумда сухбатдош билан сухбатлашишдан бош тортиш. Уни гаплашиш имконига тўсиқ қўйиш.

Фейсбукданда фаол реал хаётда, айнан биз яшаб турган жамиятда айнан мана шу функцияда жуда кўп хукумат, бошқарув ва назорат органлари фаол фойдаланишади. Масалан бирор хукумат, бошқарув ташкилотга янги рахбар келди, дейлик. Аввало баланд панжаралар ва қорайтирилган ойналар ортига беркиниб халқни игнор қила бошлайди. Ундан кейин яшил ёки харбий формалар ортига беркинади. Ундан кейин баланд бинолар, мустахкам ва очилиши қийин бўлган эшиклар ортига беркинади. Яширинади. Иқрор бўлайлик жуда кўп Ўзбекистонни бошқаришда катта хиссаси бор фигураларни яқин – яқингача хеч қайсимиз умуман танимас эдик. Хали хануз кўпчилигини билмаймиз. Сабаби нимада?

Улар ана шу тўсиқлар ортида халқдан, умуман ташқи оламдан алоҳида бўлиб хотиржам кўнглига келган ишни қила олиши, кўнгил ёзиши ва бизга маълум номалум одатларини баҳузур амалга ошира олиши керак. Халқ имкони борича безовта қилмаса, уларга шикоят қилмаса, уларнинг *зона комфорта * сини бузмаса – мана шу уларнинг мафкураси.

Масалан, пастда турган рахбарларга битта вазифа юклайди. Имкони борича муаммо шу ерни ўзидаёқ хал бўлсин, юқорига, яъни, унга бу муаммо етиб бориб уни беҳаловат қилмасин. Хар сафар текширув ва назоратга борилганда исталган вазир ёки прокурор ўзидан қуйида турувчи бошқарув органларига нимани тайинлайди? Нима қилсанг қил , муаммо менгача етиб келмасин, деган маслакда иш олиб боради.

Игнорни турлари кўп. Масалан, эшитиб – эшитмасликка олиб игнор қилиш. Бу хам кенг қўлланувчи услублардан бири. Хозирги кунда халқнинг оддий муаммоларини, масалан, свет, газ, коммунал муаммоларни билмайди деб ўйлайсизми? Хақиқат шуки улар халқни игнор қилишади. Дийдалари, виждонлари қотиб кетган. Бу қотган виждонларни арзи дод, йиғи – сиғи, хаттоки юзлаб ўлимлар хам юмшата олмайди. Албатта, коррупция деган ажойиб калит орқали бу мўжизавий қалбларга йўл топса бўлади. Қолган калитларни умуман тан олишмайди.

Нега бирор вазир, сенатор, прокурор, хокимлар халқ билан очиқ мулоқотдан қўрқади, хайиқади? Охирги пайтларда Тошкент шахар хокими Ж. Ортиқхўжаев, Самарқанд вилояти хокими, Наманган хокимидан бошқа сенатор, вазирликлар, умуман бошқарув, назорат органлари халқ билан юзма юз келишдан қочадилар негадир. Фейсбукдаги сахифаларини қўяверинг.

Эй мард бўлсангизлар майдонга чиқинглар! Шу она ватанингиз, шу халқингиз учун озгина жон куйдиринглар. Токайгача ўша чиройли ёпиқ хоналарда халқни игнор қилиб яшайсизлар? Етар энди. Халқ номидан гапира олганни борки пусиб келиб ишдан бўшатасиз, ёмонлик қиласиз, қўрқитасиз қамоққа тиқасиз. Игнор қиласиз, оғзини ёпасиз. Ахир чегараси борку хар нарсанинг.

Хеч бўлмаса Президент айтган, ўргатган, сенга ишониб ваъда берган ишларини амалга ошир, хозиргача шу ишларни 30-40 фоизи хам амалга ошганда хаётимиз бутунлай бошқача бўлар эди. Онлайн қабулхона, ишонч телефонлари ортига хам беэътибор, халқни умуман ўйламайдиган ходимларингни қўйиб қўйдинглар.

Нима қилайлик сизларни олдингизга кириб бўлмаса, телефон қилолмасак, хат ёза олмасак. Гапимизни, дардимизни, муаммоимизни кимга айтайлик? Игнор қилавериб чарчамадингизми? Игнор қилинган халқ фақат битта йўл билан ханузгача яшашга мажбур. Ичига ютиш, чидаш, енгилиш, синиш ва албатта соқов бўлиш. Неча мардларни маддоҳга, соқовга айлантирдингиз. Ватангадо қилдингиз қанчасини. Менимча бас қилиш керак.

Бу блогпостга Чўлпонни шеъри якун ясаб беради. Нега бундайлиги ва нима қилиш кераклиги хам бу шеърда бор.

ХАЛҚ

Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир.
Халқ исёндир, халқ оловдир, халқ ўчдир…
Халқ қўзғалса куч йўқдир, ким тўхтатсин.
Қувват йўқ, ким халқ истагин йўқ этсин.
Халқ исёни салтанатни йўқ қилди.
Халқ истади, тож ва тахтлар йиқилди…

Халқ истаги: озод бўлсин бу ўлка,
Кетсун унинг бошидаги кўланка.
Бир қўзғалур, бир кўпирар, бир қайнар,
Бир интилур, бир ховлиқар, бир ўйнар,
Йўқликни-да, очликни-да йўқ этар,
Ўз юртини ҳар нарсага тўқ этар…

Бутун кучни халқ ичидан олайлик,
Қучоқ очиб халқ ичига борайлик!
1921 йил, 7 Сентябр, Бухоро.

Игнорларни очиб – қучоқ очиб халқ ичига келинглар!

Абдулазизхон Акрамов (FBdan)