Рўзибoй Азимий: Тушунолмайман…

Менимча, президент Шавкат Мирзиёев яқин йиллар ичида устози Ислом Каримовнинг шафқатсиз сиёсатига аниқ-таниқ, холис баҳо бера олмайди. Тӯғри, Президентимиз ӯтган йилларда йӯл қӯйилган камчиликлар хусусида Каримовнинг номини тилга олмаган ҳолда, узоқдан айланиб бӯлса ҳам баралла гапиряпди, аёвсиз танқид ҳам қиляпди. У даврлар ӯтиб кетганини, эҳҳе, у бошлар нелар кӯрмаганини, омон бӯлса биз халқига ӯтган қаро кунлар хусусида айтиб беражагини минбарларда туриб алоҳида урғулаяпди. Деярли ҳар бир нутқи орқали яқин ӯтмишнинг қора доғларини фош қиляпди. Бироқ барча нутқларида гарчи Каримов тутган сиёсатдан воз кечишга интилиш аломатлари сезилса ҳам Каримовнинг номига гард юқтирмаяпди асло. Хатосини хато, тӯғрисини тӯғри демаяпди. Бунга Шавкат Мирзиёевнинг 9-май Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан сӯзлаган нутқи ҳам мисол бӯла олади.
Шу куни амалдаги Президент ӯзбек халқини 9-май Хотира ва қадрлаш куни билан эмас, Ғалаба куни билан табриклади. Холбуки, бу кун Ислом Каримов томонидан Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилинган ва халқимиз 9 май санасини бир неча йиллардан бери Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонлаб келмоқда. Демак, Мирзиёев расман тасдиқланган байрам номини расмий номи билан тилга олиши керак эди.
Президент кейинги йили Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан Тошкентда Ғалаба боғи барпо этилажаги ҳақида гапирдилар. Шунга қараганда Хотира ва қадрлаш куни ӯрнини Ғалаба куни қайта эгаллаши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Бунинг замирида балки тарихни орқага қайтариш мумкин эмаслигига доир ғоялар мужассам топгандир. Лекин шундай бӯлса-да, юқорида айтганимиздек, давлат раҳбари ҳар қандай расмий номни, расман бекор қилинмагунга қадар расмий номи билан аташи шарт ва зарур!
Яна бир гап. Бу Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилояти ҳокимлигида ўтказилган фаоллар йиғилишида сӯзлаган нутқига тегишли. Президент нутқи давомида таълим соҳасидаги муаммоларга тўхталиб, шундай деди: «…Андижонда нима қилсак, мактабнинг, ўқитувчининг обрўйини ошириш мумкинлиги ҳақида ўйланглар. Кейин Андижон тажрибасини республикага қўллаймиз.
Шу кунларга етказса, мактаб ўқитувчисининг ойлигини минг долларга етказмоқчимиз.
Нима учун шунча йил давомида бизда йўлдан адашганлар пайдо бўлди, турли оқимлар пайдо бўлди? Таълим йўқ эди, билим йўқ эди, мактаб йўқ эди. Деворлар бор эди.
Бу соҳада муаммоларимиз кўп. Шароитимиз оғир. Ўқитувчи – жамиятнинг пойдевори». (Манба Kun.uz дан олинди).
Хӯш, ӯқитувчиларнинг ойлигини нега минг долларга етказиоқчи? Саккиз ярим миллион сӯмга эмас? Ахир Ӯзбекистоннинг миллий валютаси АҚШ доллари эмас, ӯзбек сӯмику?!
Фуқароларнинг шахсий уй-жойларини долларда сотиши тақиқланаётган, автомобилларни долларда сотишга барҳам берилаётган бир пайтда Президентнинг минбарда туриб, миллий валютамиз бӯлмиш сӯмни бир тийинга илмасдан “ӯқитувчилар ойлигини минг долларга етказамиз”, дейишларини қандай тушунсак бӯлади? Қани миллий ғурур? Қани миллий валютамизга бӯлган муҳаббат?
Президентимиз минбарда туриб доллар тарғиботи билан шуғуллангандан кейин миллий валютамизнинг қадри ҳозиргидан яна бешбадтар қадрсизликка юз тутмайдими? Миллий валютамизнинг қадрини ошириш ӯрнига уни пинакка олмай гапириш замирида нималар мужассам топган. Ёки келгусида Ӯзбекистон ҳудудида миллий валютамиз сӯм билан бирга АҚШ доллари ҳам расмий муомалага киритиладими? Тушунолмайман… Ҳамма нарса қоришиб кетгандек… Бир томонда 9-май байрами рамзи бӯлиб келган Григор тасмасига қарши кураш кетаётган бир чоғда, иккинчи томондан эса 9-майда “Ӯлмас полк” юриши тантанали равишда ӯтказилишига расмий рухсат берилади. Бир томонда доллар билан савдо қилганлар жавобгарликка тортилса, доллар минбарда тарғибот қилинади…

Ruzibay Azimiy
%d bloggers like this: