М. Йўлдошев: УРФ-ОДАТ, УДУМ ВА АНЪАНАЛАРНИНГ ИЖТИМОИЙ
КЎРИНИШЛАРИ ҲАМДА УЛАРНИНГ БУГУНГИ КУНДАГИ
ЯШОВЧАНЛИК СИРЛАРИ
Ҳар бир халқнинг тарихи турли воқеа ва тажрибаларга шунчалик бойки, у зарур ҳолларда ҳар қандай муаммонинг ечимини ўша тажриба ва билимлардан тегишли хулоса чиқариб ҳал қила олади. Тарихда ҳодиса ва мисоллар шунчалик мўл такрорланганки уларнинг кўпчилик қисми одамлар руҳига турғун, ўзгармасдан сингишиб кетган. Айнан мана шу турғун ва ўзгармасдай бўлиб кетган кўникмаларда урф-одат, удум ва анъаналарнинг кучи ва камчилиги ётади. Чунки урф-одат, удум ва анъанага айланиб кетган бу кўникмаларни одамлар тўғри келган пайти ва жойда ҳеч қандай ўй-хаёлга бормасдан тўлиқ амалга ошираверади. Айнан мана шу ҳолатда урф-одат, удум ва анъаналарнинг ижобий ва салбий, кучи ва камчилиги яширинган бўлиб у айни пайтда ижобий натижа кутилган ҳолатда салбий натижалар бериши мумкин.
Урф-одат, удум ва анъаналарнинг кучи шундаки, улар одамларнинг муайян, мутаносиб ҳолатларда ким бўлишидан қатъий назар бир хилда, ўйлаб ўтирмасдан ҳаракат қилишига шароит яратади қолаверса шунга мажбурлайди. Айтайлик, маҳалладан кўчага чиқаётган ҳар қандай киши, шоҳу гадо, вазиру чилангар таъзия бўлса ўша жойга бориб, ўтириб фотиҳа ўқиб ўтади. Демак, жамиятнинг ҳар қандай аъзоси унинг бошқа аъзосидан таниш ҳолатда таниш ҳаракатни кутади. Бу ўринда жамиятнинг ҳар қандай аъзосидан нотаниш, бошқалар кутмаган ҳаракатни ҳеч ким кутмайди. Агарда ушбу одам жамият, одамларга ўрганиш бўлиб қолган ҳаракатдан бошқасини қилар экан, аввало унинг ўзи одамлар орасида қаршилик, норозиликка учрайди. Бу норозилик ўз ўрнида кичик ушбу шахсни инкор қилишдан бошланиб то жамиятнинг алоҳида гуруҳидан, катта бир ижтимоий қатламидан, ҳатто бутун жамиятдан сиқиб чиқаришгача етиб бориши мумкин.
Урф-одат, удум ва анъаналарнинг камчилиги шундаки, уларнинг фаолият доирасида жамиятнинг эркин аъзоси бўлмиш алоҳида шахс ўз ўрнида қисман эркинлигини, шахсий иродасининг эркин намоён қилинишини йўқотади. У баъзан ўзи хоҳламаган, ички кўникма ва тушунчаларига зид келадиган ҳаракатларни энг бўлмаганда хўжа кўрсингагина бўлса ҳам бажаришга мажбур бўлади.
Урф-одат, удум ва анъаналар жамиятнинг тараққиёт йўлидан ҳар хил ўзгариш ва тўфонлардан ўз аъзоларини сокин, мўътадил ўтказишда ёрдам бериши билан бир вақтнинг ўзида тарихий давр ва ҳолатга бирқадар эскириброқ етиб келадида шахснинг янги ижтимоий ҳолатидан келиб чиқиб ҳаракат қилишига тўсиқлик қилади. Бу эса айни шу жамиятнинг ижтимоий, маънавий ва маданий ўсишларида тўсиқ бўлади. Жамиятнинг янги ижтимоий ҳолатидан келиб чиқиб тараққий қилишига қаршилик кўрсата бошлайди. Бу ҳолатни бизнинг шароитда, яъни яқиндагина бошимиздан ўтган социалистик жамият қолдиқларидан янги ижтимоий шароитга ўтаётган пайтимизда кўплаб мисоллар билан тасдиқласак бўлади.
Урф-одат, удум ва анъаналарнинг ижтимоий аҳамияти жамият ҳаётидаги ўрни шунчалик каттаки, ҳар қандай янгиликнинг бу тизимга кириб келиши жуда қийин кечади. Баъзан, маълум доиралар томонидан гўёки ушбу жамиятнинг фойдасини кўзлаб қилинган жуда катта ҳаракатлар, у ёки бу янгиликни киритиш бўйича олиб борилган ташкилий тадбирлар кутилган натижани бермайди. Чунки, урф-одат, удум ва анъаналарда маълум бир ижтимоий-иқтисодий муҳитда яшаган жамиятнинг ўша давр ва ҳолатига мос келадиган кўникмалари шаклланиб одатга айланган. Демак, бундай ҳолатга киритилаётган янгилик ижтимоий ва айниқса иқтисодий жиҳатдан ҳам кенг асосланган бўлмоғи керак. Акс ҳолда киритилишига уринилган янгилик қанчалик ушбу жамият учун зарур ва ҳозирги ҳаётига мос бўлмасин барибир унинг учун бегона бўлиб қолаверади. Бу ўринда жамиятимиз ҳаётига тўйлар ва уларнинг ижтимоий, маълум маънода ўзгартирилган йўналишларини киритишга, жамиятимиз кўпчилигининг, ҳатто давлатимиз томонидан кўрилган уринишларнинг керакли натижа бермаганликларини айтиш мумкин.
Умуман олганда жамиятнинг ҳар қандай ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ўзгариши амалда қўлланиб келинаётган урф-одат, удум ва анъаналар нормасини янгилаши табиий ҳолдай кўринилмоғи керак. Аммо, урф-одат, удум ва анъаналар халқнинг маънавий бойлиги сифатида жуда катта тажрибага асосланиб, узоқ келгусини ўйлаб ўта донолик билан яратилади. Энг аҳамиятли томони яна шундаки, жамиятнинг ҳар қандай ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ўзгаришлари халқнинг бой тажрибаси асосида яратилган урф-одат, удум ва анъаналарни моҳирона такомиллаштиришга асосланган бўлади. Бу жойда такомиллаштириш ва янги шароитга мослаштиришни янгилик киритиш билан аралаштирмаслик керак.
Урф-одат, удум ва анъаналар жамият ҳаётида маълум вақт қўлланилиб келинганидан кейин халқ тажрибасида такомиллашиб ва охири ижобий амалиёт сифатида секин аста ушбу халқнинг талаб ва эҳтиёжини қондира оладиган норма, яъни, урф-одат, удум ва анъана сифатида ҳатто ёзилмаган қонунига айланиб кетади. Бу ўринда бизда қадимдан қўлланиб келинадиган «Шариат, шариат шуни талаб қилади», деган иборалар айни шу фикрни исботлайди.
Ҳар қандай урф-одат, удум ва анъаналар қонун даражасидаги талабга айланганича жамиятнинг ҳаёт фаолиятида секин аста такомиллашиб боради. Ушбу такомиллашув жараёнида урф-одат, удум ва анъаналар халқнинг тарихий тажрибасига, унинг маънавий ва маърифий дунёқарашига ва блошқа кўплаб ахлоқий нормаларига таянади. Ўз ўрнида ушбу халқнинг минтақавий, ҳатто табиий яшаш шароитигача мос келадиган унсурларни ўзича инобатга олиб такомиллашиб боради. Бу ўринда оддий мисол келтирадиган бўлсак, марказий осиё халқларининг меҳмондўстлиги ва айниқса меҳмонни бир пиёла чой билан зиёфат қилиб кейин меҳмондорчиликни бошлашини келтириш мумкин. Чойнинг келтирилиши, қайтарилиши (уч маротаба), биринчи пиёла чойни мезбоннинг ўзи олиши ва шунга ўхшаш бевосита чой ва меҳмондорчиликка алоқадор урф-одатлар.
Илмий адабиётларда биз икки хилдаги урф-одат, удум ва анъаналарга дуч келамиз – «анъанавий» ва «замонавий». Халқнинг, жамият аъзоларининг ижтимоий хулқини бошқарувчи ушбу атамалар илгари асосан ижтимоий-тарихий ва этнографияга тааллуқли фанларда қўлланилиб келинган ва охирги пайтларда улар ижтимоий-психологияда ҳам кенг қўлланилмоқда.
Анъанавий урф-одатларнинг фаолияти ва умуман мавжудлиги «замонавий» урф-одатларнинг пайдо бўлишини ва аксинча «замонавий»лари «анъанавий»ларнинг борлигини замонага мослаштирилишини инкор қилмайди ва улар баъзи ҳолларни олмаганда бир бирларига унчалик қаттиқ қаршилик кўрсатмайди. Ҳамма замонларда ҳам улар бўлган, ўзаро ижобий таъсир кўрсатиб замонага мослашишларида бир бирларига ёрдам беришган.
Анъанавий урф-одат, удум ва анъаналарнинг ижобий томонлари билан бир қаторда салбий томонлари ҳам бўлиб ижобий томонлари билан янги анъаналарнинг кириб келишига, уларнинг шароитга мослашишига, эски урф-одатларни сиқиб чиқаришга ёки уларни янги шароитга мослаштиришга, янгича шакл беришга ёрдам беради. Бир сўз билан айтганда замонавий урф-одат, удум ва анъаналар жамиятнинг тараққиётига хизмат қилади. Аммо, замонавий анъаналарнинг салбий томонларидан бири шундаки, улар анча анъанавий эски урф-одатларнинг барчасини, баъзан ҳатто ўта шиддат билан, халқ тарихий, маънавий бойлиги бўлган қадриятларни ҳам инкор қила бошлайди. Натижада, жамият орасида бундай ўзгаришларга қаршилик кўрсатиш нохуш шаклга кириб кетиши мумкин.
Урф-одат, удум ва анъаналар, торроқ маънода олганда, бу бирор кўникма, ҳаракат ва маросимни қандай бажариш нормаси, қоидаси бўлиб, ўсиб келаётган авлодга ундан олдингиларининг ижтимоий ҳаётий тажрибасини, билимини, замондошларнинг бир бирига бўлган муомала тартибини, стандарт ҳаракатларини белгиланган қоидалар кўринишида ўтказиш услуби.
Урф-одат ва удумлар халқнинг оммавийлашган тарихий тажрибаси бўлиб унинг ўз ижтимоий ҳаётида кенг қўллайдиган жамиятдаги ёзилмаган ахлоқий яшаш нормалари. Улар халқ томонидан ҳимоя қилинади, бойитилиб борилади, лекин анъаналарга қараганда қўлланилиш доираси торроқ, улар ҳали кенг омма орасида (айтайлик бутун халқ миқёсида) етарли норма, қонуниятга айланиб улгурмаган бўлади. Урф-одат ва удумлар халқнинг бир қисми томонидан бир шаклда амалга оширилса, бошқа бир қисми томонидан сал бошқачароқ амалга оширилиши мумкин.
Шу билан бир қаторда анъаналар, урф-одатлар, удумларнинг аниқ чегараларини белгилаш қийин. Улар баъзи бир шароитларда, масалан, янгироқ урф-одат бўлишига қарамасдан, маълум кишилар томонидан афғонларнинг «Пуштунвала», бизнинг «Шариат», Доғистондаги «Адат» каби ёзилмаган қонуният даражасида амалга оширилиши мумкин.
Урф-одат, удум ва анъаналар ҳар бир шахс, бутун жамият томонидан ушбу жамият қўллаб қувватлаган, уни маълум қонуният даражасига кўтарган доирада ахлоқ ва хулқ нормаси кўринишида бажарилишини таъмин қилади. Алоҳида шахс ушбу урф-одатларни норма даражасида ўзи бажарар экан, уларнинг маълум белгилар доирасида бажарилишини бошқалардан, бутун жамиятдан кутади. Агарда ушбу нормаларнинг бажарилмаётганини кўрса шахс бу ҳолатни ўзига нисбатан ҳурматсизлик, деб қабул қилиши мумкин ва у дарҳол удум ва анъаналарнинг ҳимоячисига айланади. Бу ҳолда шахсдаги кўникма, анъаналарнинг кучи таъсир қилади. Демак, урф-одат, удум ва анъаналар нормасидан тойиш, уларни бажармаслик алоҳида шахс, бутун жамият томонидан қораланади, салбий қабул қилинади ва бузувчига нисбатан маълум чораларни қабул қилишгача олиб келиши мумкин. Албатта, одамлар, жамият бундай ҳолларда кўпинча бузғунчининг шахсини, жамиятдаги мавқесини ҳисобга олишни ҳам унутишмайди. Шундай бўлишига қарамасдан, барибир урф-одат, удум ва анъаналарни бузувчилар назардан четда қолмайди. Шунинг учун ҳам урф-одат, удум ва анъаналарнинг жамиятдаги ижтимоий хулқга регуляторлик роли доимо кучли ҳолатда давом этиб келади.
Урф-одат, удум ва анъаналар халқ орасида жуда кўплаб жамиятни бошқаришга доир ролларни бажаради. Биринчидан, маданий бойлик сифатида ахлоқий, ижтимоий, хулқий, ҳатто эстетик дид ҳимоячиси ролини бажаради. Иккинчидан, шахс ва жамият томонидан намоён қилинадиган ижтимоий хулқ нормалари ҳимоячиси роли. Учинчидан, ҳар бир шахсдан, бутун жамиятдан маълум хулқ нормаларини талаб қилиш билан ушбу халқнинг миллий ўзлигини кўрсатади ва уни ҳимоя қилади. Айнан мана шу урф-одат, удум ва анъаналарда халқнинг миллийлик хусусияти кўпроқ сақланиб келади. Мисол учун, туркий халқлар, ислом дунёси ва исломий туркий халқлар жуда кўп бўлишига қарамасдан улар орасида ўзбеклар, ўзбек халқи ўз ўзлиги билан жиддий бошқалардан фарқ қилади. Ушбу фарқда унинг урф-одат, анъана ва удумларининг роли беқиёсдир. Бу эса ўз ўрнида «биз» ва «улар» тушунчасини келтириб чиқаради ва ёрқинлаштиради, унга алоҳида колорит, ранг беради.
Бир халқнинг турли давр ва хилдаги тараққиёт даврида бир хилдаги урф-одат, удум ва анъаналарнинг қисман ўзгарган турлича ёки бир хилда намоён бўлиши шуни кўрсатадики, демак улар бир вақнинг ўзида ўз талаб нормалари таркибида рационал белгилар билан бир вақтнинг ўзида иррационал, ижобий талаблар билан бир пайтда салбий талабларни ҳам олиб юришида. Шунинг учун ва айни шу ҳолатдан келиб чиқиб жамият аъзоларига бир вақти, тарихий бир даврда у ёки бу урф-одатнинг, удум ва анъананинг ижобий томони ёқса, маълум даврда унинг салбий томони ёқади ва ўша халқ томонидан қўлланилади. Бундай ҳолларга мисол қилиб турлди ўтиш даврларини, бизнинг ҳозирги ҳолатимизни ҳам келтириш мумкин. Бундай пайтларда жамият урф-одат, удум ва анъаналарнинг бирон иррационал, салбий томонини олиши ва бу билан асрий қўлланилиб келаётилган нормалардан воз кечиши мумкин. Аммо бундай ҳоллар бекорига кечмайди, халқ, жамият ўз келажаги учун фойдалироғини оладида албатта шундай йўлга боради.
Урф-одат, анъана ва удумларнинг яна бир хусусияти шундаки, улар ўта яшовчан бўлишади. Жамият хулқини бошқарувчи ва ҳимоя қилувчи функциялари билан улар бир вақнинг ўзида ҳам катталар, ҳам ёшлар орасида бирдай фаолият кўрсатади.
Маълумки, жамиятда авлодлар алмашинуви сезилмасдан амалга ошади. Шунинг учун кекса авлод тарихий хотира элтувчилари сифатида албатта урф-одат, удум ва анъана нормалари ҳимоячилари ролини тиришиброқ бажаришади. Ёш авлодни бу нормаларни бузмасликка чақиради, бузганларини жазолаб боради. Бу ҳол албатта урф-одат, анъана ва удумларнинг ижобий томонларини тарғиб қилиш билангина олиб борилади. Аммо, кекса авлодга ижобий туюлган кўпчилик нормалар янгича ижтимоий шароитда ёш авлодга ижобий туюлмаслиги мумкин. Айни шу ҳол тараққиётнинг абадий ҳамроҳи бўлмиш оталар ва болалар муаммосини келтириб чиқаради. Бундай ҳолларда ёшлар кўпинча катталар олдида бирор нормани бажарсада, ўз гуруҳи, ёшлар даврасида янгиликларни қўллаб, уларга ўрганиб боради. Аммо, уларга кўп ҳолларда ҳаёт тажрибаси ҳали камлик қилади. Шунга қарамасдан ёшлар янгича шароитда янгича яшашга уринади, бу эса ўз ўрнида улар орасида ҳурфикрлиликни келтириб чиқаради. Янгича ҳаракатлар, қадимий урф-одат ва анъаналардан ёшлар орасидаги бош тортиш кексалар томонидан жазо чорасини қуллашга олиб келади. Бу ҳолларнинг келиб чиқишида аслида урф-одат, удум ва анъаналарнинг салбий томони, ҳаёт тараққиётига қаршилик қилувчи камчилиги ётади.
Ушбу камчиликларга қарамасдан урф-одат, удум ва анъаналар жамиятнинг тўплаган тажрибасини шахсга ўтказувчи, шахсни ижтимоийлаштирувчи жамиятда қабул қилинган яшаш ижтимоий ва маданий нормаларини ўргатувчи восита сифатида ўз ўрнини йўқотмайди. Урф-одат, удум ва анъаналарнинг ушбу томони, яъни шахсни ижтимоийлаштирувчи факторлардан бири сифатида у ижтимоий психология фани учун жуда катта қизиқиш уйғотади.
Урф-одат, удум ва анъаналарнинг жамиятдаги бошқарув ролини эътироф этар эканмиз, бу ҳолда жамиятни бошқаришдаги катта воситалардан бири бўлмиш диний урф-одатлар, удум, анъана ва ақидалар, яъни диний нормалар ва жамоатчилик фикри тушунчасини таъкидлаб ўтиш лозим. Кўпчилик ҳолларда шахс бутунлай ушбу нормалар ва жамоатчилик фикрига бўйсунган ҳолда тобеликка тушади, ўз шахсий тушунча ва хулосаларига амал қилолмайди. Бу ҳол айниқса урбанизациялашмаган қишлоқ шароитларида ўта кучли кечади. Ҳар қандай эркин фикр, мустақилликка интилиш жамият томонидан қораланиб бидъат (янги пайдо бўлган одат) киритиш, ғайрификрлилик, деб қабул қилинади. Маълум ҳолларда уларнинг тарафдорларига нисбатан жазо чораси тайинланади ва қўлланилади. Бу ҳол биринчидан шахсни эркин фикрдан қайтариш бўлса, бошқа ҳолларда уни ижтимоий гуруҳдан, жамиятдан четлаштириш, қувиш бўлиши мумкин. Маълумки, ҳар қандай шахс учун ижтимоий гуруҳсиз, унинг фикрисиз жамиятда яшашнинг имкони йўқ. Чунки, шахс ижтимоий жонзот, шахс сифатида у ижтимоий муҳитсиз яшай олмайди. Бу ўринда шахс учун унинг жамиятга фаол кириб келиш даври билан, фаол ижтимоий ҳаётдан четлашиш даври ўта муҳим пайти ҳисобланади. Фаол ижтимоий ҳаётга кириб келиш даврида у жамият томонидан қабул қилинмаса шахс суицидгача бориб етади. Баъзида ёшларнинг суицидга бориб етиш сабаби асли мана шунда бўлади. Айни шуни ҳисобга олган ҳолда исломда суицид ақида сифатида қаттиқ қораланади ва бу жамиятнинг аъзоларини суициддан сақлашга хизмат қилади. Фаол ижтимоий фаолиятдан четлашаётган шахс эса яна ўзини оғир аҳволда сеза бошлайди, ўзича ижтимоий ҳаётдан четлашишни хоҳламайди ва натижада жамиятдан четлашишнинг ҳар қандай турларини ички ҳаяжон, қаттиқ кечинмалар билан қабул қилади. Натижада у шундай пайтларда турли дардларга, жумладан ижтимоий тажанглик, стрессга берилиши ва бунинг оқибатида юрак хасталикларига чалиниши кўп учрайди. Айни шу пайти шахс баъзи ҳолларда жамиятдан мажбуран четлатилганлигини ҳис қила бошласа, бу ишдан, айниқса юқори лавозимлардан четлатишлар билан боғлиқ ҳолларда, жамиятнинг ғайрификр гуруҳларига қўшилиб алоҳида танқидчи, жамият ва унинг бошқарув тизимларини танқид қилувчига айланиб қолиши кўп учрайди.
Бу деган сўз, албатта, агарда шахсни ўз ижтимоий гуруҳи енгилгина қўйиб юборса, уни шундайича ўша референт, ғайрификр гуруҳлар ҳам енгилгина қабул қилади дегани эмас. Одатда ғайрификр гуруҳлар ҳам баъзиларни тезгина ўз қаторларига қўшса, бошқаларни улар ҳам қабул қилишмайди. Шундай ҳолларда шахснинг янги ҳолатга ижтимоийлашуви жуда қийин кечади. Бу ўринда унинг ўз руҳига сингдирган ижтимоий, касбий одатлари, кўникмалари унга салбий таъсир кўрсата бошлайди.
Айни шундай ҳолларда шахснинг хулқида девиант хулқий кўриниш, хулқининг бир бирига қарама қарши келадиган ҳаракатларини кузатиш мумкин. Бундай ҳолда шахс ҳали ўз ижтимоий одат ва кўникмаларидан қутулган эмаслиги, янгича ижтимоий шароитга тўғри келадиган янги кўникмалари йўқлиги билан ажралиб туради. Шунинг учун унинг хулқи девиант кўринишни намоён қила бошлайди. Умуман олганда инсон ҳаётида девиант хулқ кўп бор содир бўлади. Улар унчалик оғир кечмайди. Аммо, ижтимоий фаол ҳаётдан четланиш даври ўта оғир кечади. Бундай ҳоллар шахс ҳаётида катта лавозимдан тушиш, фаол ижтимоий ҳаётдан четлашиб пенсияга чиқиш пайтларига тўғри келади. Бундай ҳолларни психология фани орқали тушунтирадиган бўлсак, бу мотивлар, майллар курашуви, имконият ва хоҳишнинг номутаносиблигидан клиб чиққанини кўрамиз. Бу деган сўз шахс ўз психологик комфорт, ёқимли ҳолатини йўқотишни хоҳламаслик, ижтимоий «мен»ни йўқотмасликка уриниш, кам куч ва харажат сарфлаб янги комфорт ҳолатни эгаллашга интилиш. Аммо, бундай ҳолда шахсни ижтимоий гуруҳ инкор қилмоқда, шахснинг «мен»и янгича шарт-шароитга тўғри келмаяпти ва шахс интилаётган комфорт ҳолат ёки банд (кўп ҳолларда шундай бўлади ҳам) ёки бу ҳолатга интилаётган шахсда имкониятлар етарли, мавжуд эмас.
Шахс шундай ҳолларда ички мотив, майллар кураши таъсирида девиант хулқ намоён қилибгина қолмасдан ҳатто жамият билан, жамият фикри билан низога бориши мумкин. Бундай низо тагида шахснинг ижтимоий «мен»ини қутқариш иштиёғи ёки ўзи ҳақидаги ижобий хулосани жамоатчилик салбий фикридан ҳимоя қилиш ҳисси ётиши мумкин. Баъзан, шахс ўзи билиб билмай бирор ижтимоий гуруҳнинг манфаатларини ҳимоя қилиши мумкин ёки бирор ижтимоий гуруҳ орасида обрў қозониш мақсадида бошқа бир ижтимоий гуруҳ билан низога боради. Айни мана шу ҳолатлардан шахснинг аксилижтимоий хулқига сабаб ва моҳият излаш лозим. Бу ҳолат одатда, шахснинг анъанавий урф одат ва удумларга қарши чиқиши билан бирга олиб борилади. Сабаби, шахс анъанавий «қотиб» қолган урф-одат, удум ва анъаналар нормаларини ўзига, ўз манфаатларига, ўзининг фикрига, янги шароитларга мосламоқчи бўлади. Урф-одат, удум ва анъаналар нормаси эса қачонлардир умумжамият манфаатидан келиб чиқиб ўрнатилган, уларни ўзгартиришга фақат жамиятнинг ўзигина мутасадди ҳисобланади.
Урф-одат, удум ва анъаналар алоҳида қаттиқ ҳимоя қилинадиган ҳоллари бу уларнинг диний ақидалар билан «ўралган» шаклларидир. Бу ўринда ислоим ҳам бошқа динлардан устун бўлса устунки, аммо қолишмайди. Диний ақидалар одатда шахснинг моддий ва маънавий оламини буткул эгаллашга ҳаракат қилади.
Ислом оламида шахснинг моддий ва маънавий томонидан ташқари шахслараро муносабатлар ақидалаштирилган бўлиб маълум диний тартиб қоидаларга бўйсундирилган бўлишии мумкин. Шунинг учун динлаштирилган урф-одат, удум ва анъаналарнинг жамиятни бошқариш роли бошқа умумтарих кўникмалардан анча устун туради. Кўпгина ҳолларда шахснинг туғилишидан то қабрга боргунича йўли айни шу динлаштирилган урф-одат, удум ва анъаналарга бориб тақалади. Натижада шахс эркинлигига имконият жуда тораяди. Шахс бундай шароитда мавжуд урф-одат, удум ва анъаналарнинг механик бажарувчисига айланиб қолиши мумкин. Айни шу шарт-шароитлардан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, урф-одатлари, удум ва анъаналари ўта динлаштирилган давлатларда алоҳида типдаги хулқли фуқаролар вужудга келади. Худди шунинг учун ҳам исломий, насроний, буддавий ва бошқа типдаги хулқли фуқароли давлатлар мавжуд. Яшаш ижтимоий ҳаёти, сиёсати ва бошқа жамият нормалари динлаштирилган давлатларда умумижтимоий тараққиёт секинлашиб боради ва улар умумжаҳон тараққиётидан бирқадар четлаб яшаётганини кўпинча сезмай ҳам қолади. Бундан албатта ҳурфикр ва илғор кишилар мустасно.
Айни шу ўринда бутун жаҳон аҳлининг диний қарашларга, динийлаштирилган удум ва ахлоқий нормаларга муносабати ўзгариб бораётганини кўриш мумкин. Мана шу ҳолатни ўта сезгирлик билан илғаган жаҳон буддизмининг бошлиғи Далай Лама ўз ўрнида 21 асрда ахлоқий нормаларни дин, динлар елкасига осмаслик керак, деган тезис билан майлонга чиқмоқда.
Бугунги кундаги ўта динийлашган давлатларнинг фуқаролари хулқидан маълум диний ақидага мос ҳаракатни кутиш ўз ўрнида ҳеч кимга янгилик бўлмайди. Чунки, диний қобиқларга ўралган урф-одат, удум ва анъаналар шахс хулқини маълум йўналишда бошқаришни қачонлардир ҳал қилиб улгурган, эркинликка йўл қўймайди. Шахс бундай ҳолларда аждодларга ишонган ҳолда ҳаракат қилади. Унинг эркин ҳар қандай ҳаракати бидъат, маълум нормадан чекиниш, деб қаттиқ қораланади.
Бу борада Шарқ халқларининг яна бир хусусияти, катталар олдида уларнинг обрў-эътиборини жойига қўйиш диний ақидаларнинг янада кучайишига олиб келади ва замонавий муносабат турларининг кириб келишига катта тўсиқликлар уюштиради.
Жамиятдаги урф-одат, удум ва анъаналарнинг руҳий таъсир механизми шу даражада мустаҳкам ишлайдики, шахс онги, фикрлаш доираси ва бошқа ахлоқий олами ушбу нормалар чегарасидан кам ҳолатлардагина ташқари чиқиши мумкин. Шахс ўзини доимо жамият назари остида сезади. Бу ҳам етмагандай динийлаштирилган урф-одат, удум ва анъаналар таъсирида у доимо Тангри, Оллоҳ, Бог, Буддалар назари остида эканлигини унутолмайди. Бундай диний урф-одат, удум ва анъаналарга дустаман кетган фуқароларни тўғри йўлдан четга уришда ҳар хил ақидапарастлар, диний оқимлар, турли хил тизим бошқарувчилари кенг фойдаланишлари мумкин.
Инсон руҳидаги динийлашган урф одат, удум ва анъаналарнинг намоён бўлиши
Умумий психология инсон руҳи намоён бўлиш жараёнини, фаолият йўналишини ўрганадида унинг моҳияти билан унчалик қизиқмайди. Яъни, тафаккур, ирода ҳис-туйғу ва бошқа руҳий жараёнлар асл моҳият жиҳатидан инсон хулқини ташкил қилиши фақатгина кўзда тутилади.
Диндор шахс хулқининг хусусиятларини эса унинг руҳидаги ишонч орқалигина тўлиқроқ аниқлаш мумкин. Бу деган сўз, унинг руҳида «Илоҳий» тушунчаси қанчалик кучли, ўрта ёки кучсиз мавқега эга эканлиги алоҳида ўрин тутади. Шунинг учун ҳам диндор шахслар алоҳида бир тип, туркумни ташкил қилади ва уларнинг ижтимоий хулқини тушуниш учун албатта ижтимоий муҳитдан ташқари қачон ва қаерда, деган саволга ҳам жавоб бериш зарур.
Ҳар бир инсон шахс сифатида Тангридан, Оллоҳдан маълум руҳий меъёрни олар экан у албатта жамиятда яшаб ўз атрофига мослашади, яъни ижтимоийлашади. Аммо бу ўринда унинг Илоҳдан олган асл меъёрий хусусиятлари алоҳида рол ўйнайди. Шу ўринда жамиятнинг ҳам унга таъсир даражасини унутмаслик керак. Бу ўринда ёшлигида ҳайвонлар қарамоғида қолиб кетган ижтимоий муҳитдан узилган инсон болалари тақдирини четлаб ўтиб бўлмайди.
Аммо, шу билан бирга атроф муҳит, жамиятнинг шахсга таъсир кучини марксчилардай биринчи ўринга кўтариш ҳам хато эканлиги тарихий исботланган, дейиш мумкин. Яъни, марксчилардай ҳамма бирдай тенг имкониятлар билан туғилади, шахснинг фақат ижтимоийлашиш даражасигина унинг ҳаёт тақдирини аниқлайди, дейиш ҳам шахс руҳий даражаси ва унинг моҳиятига нотўғри ёндошиш бўлади. Демак, марксчи моддиюнчилар педагогикасининг хато жойи ҳам асли шу жойдага ўхшайди. Ахир, марксчилар шахсни жамият тарбиялайди ва охир оқибат уни жамият шахс қилиб етиштиради, деб ҳукум чиқарар эди. Бу ўринда идеалистларнинг шахс тушунчасига ёндошиши анчагина ҳақиқатга доимо яқин турар эди. Аммо бу йўналишнинг ҳам ўзига яраша салбий томонлари борлигини унутмаслик керак. Яъни, улар жамиятнинг, ижтимоий муҳит ва даврнинг шахсга таъсирини инкор қилмас эди. Аммо, шу билан бир вақнинг ўзида, баъзи ҳолларда, шахс тушунчасини, унинг руҳи ва айниқса хусусиятларини ҳам фақат Илоҳдан дейишга ўтиб кетишган пайтлари, уларнинг ҳам муаммога бир томонлама ёндошаётганлиги кўриниб қолар эди. Демак, моддиюнчилар шахсни фақат ижтимоий, деб қарашлари билан, идеалистларнинг шахс тушунчасидаги ижтимоий таъсирни баъзан инкор қилишлари ўз ўрнида уларнинг иккаласининг ҳам илмий, назарий қарашларига ноаниқлик киритганини кўрамиз.
Бизнингча шахснинг диний дунёқарашини тушунишдаги асосий нуқталардан бири ҳам мана шунда. Агар ушбу томонларни инобатга оладиган бўлсак, марксчиларнинг ижтимоий назарияси ва идеалистларнинг, жумладан, Фрейднинг фикрлари бир жойда туташиш ҳолатини, яъни, муҳтожлик, зарурат, эҳтиёж ва уни қондириш тушунчаларида кўрамиз.
Психологияда шахсни ўрганиш тур ва йўналишлари бугунги кунда етарли, деса бўлади. Аммо, диндор шахс руҳиятини ўрганиш ҳали ҳам маълум қийинчиликлар билан боғлиқ. Уларнинг руҳини ўрганиш диндорлар назарида Оллоҳ берган руҳий хусусиятларга аралашиш, деб тушунишга ўтиб кетгандай бўлаверади. Бу ўринда шахснинг руҳий олами, унинг руҳидаги илоҳий ибтидоларнинг борлиги ҳақида биратўла ҳукум чиқариш ҳам ёки бу йўналишдаги тортишувлардан умуман ўзни тортиш ҳам тўғри йўл эмаслиги ҳақида Т. Флурнуа ёзган эди. (1) Т. Флурнуа. Принципи религиозной психологии. Киев, 1913. С. 34.)
Бу фикрни тушунишимизга белгиялик олим А. Тодепнинг, «Дин шахснинг Яратгувчи билан алоқа воситасидир» деган фикри катта ёрдам беради.
Диний ишонч ҳар бир шахснинг мутлақ хусусий иши экнлигини инобатга олсак, шахсдаги диний изланиш ҳам ўта ноёб эканлигини тушунамиз. Шунинг учун ҳам, дин ва динлар ҳаётда жуда қадим қадимдан бўлиши билан бир вақнинг ўзида ҳар бир шахс ўзига Яратгувчи томонидан берилган онг, тафаккур, хулқий хусусиятлар доирасида яшайди.
Шахсдаги диний тушунча илк бор ушбу тушунчанинг йўқлигидан келиб чиқди, деса бўлади. Яъни, у оламга, ҳаётга келиб Яратганни излаганлигидан. Диний тажриба эса шахснинг ҳаёт, атроф муҳит ва бошқа жонзотлар билан, шу жумладан, бошқа инсонлар билан бўлган муносабатидан, десак хато қилмаймиз. Бу ўринда марксчилардан Д.М. Угринович «Руҳ моҳиятининг намоён бўлиши унга, шахсга борлиқ дунёнинг таъсири ва унинг акси, шу жумладан ижтимоий муҳитнинг ҳам» 2 (Угринович Д. М. Психология религии. М.1986.) дейди. Айни шу қарашни табиатшунос Мичурин, Лисенко ва педагог Макаренколарда ҳам кўриш мумкин. Аммо бу олимлар идеалистлар деб аталувчиларнинг фикрларини четлаб ўтишини ҳам унутмаслик керак.
Аммо, диний тушунчаларнинг асл томирини З. Фрейд фақат «шахснинг онгсиз қондирилмаган хоҳиш ва иштиёғида» 3 (Фрейд З. Будушее одной иллюзии. Атеист, 1928 № 92, с. 79.) дейиши ҳам ўта бирёқламалашиб қолганлигида кўрамиз.
Фрейднинг диний ишонч кучи шахснинг иштиёқ кучидадир, дейишида, ҳар ҳолда жон бор. Диний ишонч томирларини мушоҳада қилар эканмиз, биз бу борада ўз боболаримизнинг қарашларига эътибор бермоғимиз зарур. Бу ўринда Ибн Сино ва Абу Ҳомид Ал Ғаззолийнинг фикрлари ўта теранлигини кўрамиз. Улар инсонда беш сифатни ажратишган. Биринчидан, улар инсонда ҳайвондан фарқ қилувчи, билимни қабул қилиш имкониятини айтади. Бу деган сўз инсон ўз-ўзидан бирон нарсани билади, дегани эмаслигини ҳам уқдиради.
Иккинчидан, боланинг баъзи туғма билимлари, бу билимлар ўта ҳаётий муҳитда нима қилиш мумкин ёки мумкин эмаслигини билдирувчи кучлиги.
Учинчидан, тажриба йўли билан олинган билимлар.
Тўртинчидан, бор маълумотлар ёрдамида ҳаракат натижасида зоҳир бўладиган натижанинг йўналишини олдиндан билиш ва шунга қараб фаолиятни режалаштириш.
Бешинчидан, Илоҳий билим инъоми. (Илоҳий руҳ).
Ибн Синонинг ушбу беш илмий назарига таяниб ислом диндорининг хулқини олдиндан фараз қилиш мумкин. Ибн Синонинг бу назари Абу Ҳомид Ал Ғаззолий қарашларида ўта мукаммаллик, тўлиқлик топган. Яъни, Ғаззолий айтади: У (муслим) ўзи учун мушоҳада юритиб ихтиро, таҳлил қилиши ва далиллар келтиришга мажбур эмас. У иккиланмасдан, қалбан ҳаяжонланмасдан, шак-шубҳасиз қулоқ солиш ва такрорлаш орқали инонса бас. 1 (Абу Ҳомид Ал Ғаззолий Воскрешение наук о вере. М. 1980, с. 89.)
Шуларни инобатга олган ҳолда диндорнинг хулқига уч нарса тўғри келмайди, яъни, очкўзлик, ҳирсга берилиш, мағрурлик. Демак, диндорнинг хулқидаги кўп ҳаракатларни унинг тобеълиги, Оллоҳ каломини ички ишонч билан қабул қилиши, ҳирс, очкўзлик ва мағрурликдан пок бўлиши билан изоҳласа бўлади. Айни шу ҳолатни кўзда тутган ҳолда Ғаззолий айтади «Билим қўрқишликда, билимли киши ул ким, Оллоҳни билувчи» 1 (Ғаззолий 95 бет. )
Демак, Ғаззолийнинг фикрига таянар эканмиз, шахс хусусиятидаги билим, Оллоҳни билиш унинг урф-одат, удум ва анъаналарни бажаришидаги ҳаракат ва кўникмалар асосий муслимлик бурчига айланади. Бу бурчни бажариш эса муслим шахс томонидан Оллоҳдан қўрқиш борасида бажарилиши шарт, деб тушунилади. Бундан хулоса, муслимдан аниқ шароитда аниқ ҳаракатни кутиш ўринли эканлигини кўрсатади. Мутафаккирлардан Ғаззолий, Бухорий, Термизийлар муслим хусусиятидаги хоҳишни ҳаракатдан юқори қўяди. Бу ўринда ҳам муслим, бирон ҳаракат қилишидан олдин хоҳиши бўлган тақдирда ҳам ўта ўйлаб иш тутиши аниқлигини билдиради. Демак, диндорнинг руҳияти унинг ҳаракати билан эмас, унинг хоҳиши билан белгиланади. Шундай экан, бу ўринда Ғаззолий «Берилган нарсани ман қилиб бўлмайди ва ман қилинган нарсани, бериб бўлмайди» дейди. (Ғаззолий 100 бет.) Бу эса кўп ҳолларда диндорнинг ҳаракат дастурига айланади.
Диндорлар орасида динлар тарқалгандан буён баҳс мунозараларнинг асосийларидан бири, бу шахс ўз ҳаракатида эркинми, йўқми, деган муаммо. Тортишувлар ҳалигача интиҳо топган эмас. Шу жумладан исломда ҳам ва диндорнинг ҳатти–ҳаракатини таҳлил қилишда ҳам бу муаммо ўз фаоллигини йўқотган эмас. Демак, диндорнинг урф-одат, удум ва анъаналарни ижро этишидаги эрк масаласи урф-одатлар доирасида янада тораяди. Юқорида келтирганимиздек, диндорнинг руҳида ишонч устун туради. Унинг онггида гумон, шубҳали ўй ва ҳасад бўлмаслиги керак. Мана шу ҳолатлар туғилмаслиги учун у дилидаги асосий хоҳишни, яъни, Оллоҳга етишишни устун қўйган ҳолда ҳаракат қилади. Ушбу ҳолатларни инобатга олган ҳолда Ғаззолий айтади: «Гумон қилдингми, текширма; ёмон фикрга бордингми – ўзингни торт; ҳасад қилдингми – хоҳишингни сўндир» (Ғаззолий 141 б.)
Диндорнинг хулқига жиддий таъсир қиладиган, унинг ҳатти-ҳаракатини маънан бошқарадиган ҳислардан бири, бу қарздорлик ҳисси. Диндор ўзини Яратгувчининг олдида қарздор, деб ҳисоблаганидан айнан мана шу ҳис орқали бошқа, моддий қарзларга ҳам ўта масъулдорлик билан қарайди. қарздорлик ҳиссидан кейин унинг ижтимоий ҳисси, жамият ва яқинларининг уни тан олиши. Шунинг учун диний эътиқоди кучли кишилар уйларига меҳмон келмай қўйганини сезишса ўзларини бахтсиз сезишади ва ушбу ҳолатдан келиб чиққан ҳолда жамиятдаги урф-одат, удум ва анъаналарга ўта жиддий қарашади. Ўша урф-одатларга жиддий қарашлар унинг ҳар бир ҳаракати икки фаришта томонидан доимо назоратда эканлигига аминликда. Диндорнинг ижобий ва салбий ишлари доимо ёзилиб боришига у ишонади.
Бугунги кунда урф-одатлардан келиб чиққан ҳолда одамларнинг руҳиятида бойлик, бойлик орттиришга қандай қаралади, деган савол туғилиши ўринлидир. Бу борада мусулмон давлатлари, умуман муслимлар орасида бойликка ижобий қаралганлигини қайд қилиб ўтиш кифоя. Чунки, Пайғамбар бу борада «қашшоқлик салкам динсизликдир», деган ҳадис қолдирганлигида. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Ғаззолий бу фикрни «Мени қашшоқликда тирилтир – қашшоқликда жонимни ол», деган иборага қарама-қарши эмас, деб таъкидлайди. (Ғаззолий 197 б.) Чунки, ҳақиқий диндор бойлик орттириш ва бойликка ҳирс қўйишни бошқача тушунади. Бу ўринда бойлик, диндорнинг ўзига, ўз қарамоғидагиларга бир йилга етарли заҳира миқдорида тушунилади. (Ғаззолий 195 б.)
Демак, диндорнинг хулқи унинг бугунги ҳаёти, қариндош уруғларининг бир йиллик таъминоти орқали белгиланади. Бу ўринда у ўз хулқида зоҳидликни кўз-кўз қилишдан йироқ бўлмоғи лозим. Шунинг учун Ғаззолий зоҳидликни намойиш қиладиган зоҳид зоҳид эмас, деб уқдиради. Айни шу ҳолатнинг ўзи диндорнинг хулқи, унинг хулқида урф-одат, удум ва анъаналарнинг нақадар намоён бўлиш дастури даражасига кўтарилади.
Бу ўринда зоҳидлик мутафаккирлар назарида уч шартга асосланишини айтиб ўтмоқчимиз:
1. Борликдан қувонмаслик, йўқликда қайғурмаслик.
2. Ҳақоратловчи ва мақтовчи зоҳид учун бир хил.
3. Яратувчига юрагидаги нурий яқинлик ва унга бўйсунишдан қувониш.
Бу севги Ғаззолийнинг мисолига кўра жом ва ундаги ҳаво ёки сувга ўхшайди. Шунинг учун ҳам дунёни бир келинчакка тимсол келтиришадилар: унга етишишни хоҳловчи – уни қўймайди; ундан воз кечган – уни қоралайди; билгувчи эса Яратувчидан бошқа нарсани хаёлига ҳам келтирмайди. Демак, диндорнинг хулқ-атвори, ҳатти харакати мана шу асосларга, мана шу удумларга таянади.
Ушбу жойда ўринли савол туғилади, яъни муслим урф-одат, удум ва анъаналар доирасида қандай қилиб эркин ҳаракат қила олади, деган. Биз бу ўринда юқорида ҳам ирода ва эрк муаммоси бутун динларда асосий муаммо, деб ўтган эдик. Энди ушбу масалага Ғаззолий фикри билан ёндошиб кўрайлик. Абу Ҳомид Ғаззолий шундай дейди: «қандай қилиб одам бир вақтнинг ўзида мажбур бўладида ва шу вақнинг ўзида эркин танлай олади», ва ўзи жавоб беради: «Парда сал очилганда сен билар эдинг, чунки у эркин иродага мажбурланган, яъни у эркин танлашга мажбур» (Ғаззолий 220 б.)
Маҳмуд Йўлдошев,
Психология фанлари номзоди
Filed under: 1.BOSH SAHIFA |