Икки ҳил стандарт
Икки ҳил стандартни визуал кўриниши.
Яъни, чапани қилиб айтганда, иккиюзламачилик!
Аслида мен диндорман, лекин унга амал қилмайман.
Аслида мен ҳақиқатни улуғлайман, лекин уни айтмайман.
Аслида мен зулмга қаршиман, лекин келганда жимман.
Аслида мен одамларга фақирлик афзаллиги ҳақида, мискин улуғлар ҳаёти ҳақида гапириб, бойлик, пул ёмон нарса экани, инсонларга фақат ибодат ва яхши амалларга диққат қаратишни тарғиб қиламан, лекин ўзимда пул кўп, ишлаб-чиқариш, бизнес, яхши кафе ва ресторанлардаги суратлар билан яшайман.
Аслида мен ибодатлар ҳақида кўп ёзаман, кўп ҳикматли сўзлар қўяман, лекин ўзим ҳаётда дунё ишларидан ортмайман.
Аслида мен хўжакўрсин, риё, мақтанишни ёмонлиги ҳақидаги таълимотни ўқиганман ва ундан сақланишга ҳаракат қилиш кераклигини биламан, лекин ёзган чиройли гапларим, қилган яхши ишларимнининг суратларини одамлар кўрсин учун қўйиш менга ҳузур беради ҳамда унга билдирилган фикрлар, ва лайклар мени қизиқтиради.
Аслида мен рамазон ойи овқатдан тийилиш, нафсни тарбиялаш даври эканини жуда яхши биламан, лекин шу ойда негадир айнан одамларга овқат улашганимни суратлар билан ёйгим келади, ифторликка ва саҳарликка қандай овқатлар қилиш қизиқтириб қолади.
Аслида мен камтарлик тақводан эканини биламан, лекин кўп жойларда диндор бўлиб гапиргим, одамларга бу тўғри, бу нотўғри деб ҳакамлик қилгим келаверади.
Аслида Аллоҳнинг олдида гуноҳим кўплигини биламан, лекин ўзимни эмас кўпроқ бошқаларни гуноҳини танқид қилгим келаверади.
Аслида мен диндорман, лекин унга амал қилмайман..
Muzaffar Ne’matov
Filed under: 1.BOSH SAHIFA |