Дадахон Ёқубов: ИККИ ОҒИЗ ҲАЁТИЙ ГАПЛАР…

Шу кунларда икки оғиз ҳаётий гаплардан ўғлим Зафарга гапириб қўйишни лозим топдим.Унинг бугун туғилган куни. Уни қутлаб, дуо қилиб ишга, телестудияга жўнатдим. Ҳа, у ҳам ота касбини танлади. Журналист! Аммо унинг фарзандлари, менинг набираларим– Азиза ва Иззат бу касбни танлайдими, йўқми, Яратган билади. Лекин барча ирмоқлар шу чашмадан сув олишига ишонаман.
Бу ҳаётий гапларни тўқиб ўтирмайман. Фарзандларим билан ҳижронли дамларда қалам ва қоғоз ёрдамида ҳаёлан мулоқат қилган эдим. Шу тариқа “Бугунги кунлар” романи дунёга келган. Роман автобиографик маълумотларга қурилган, деярли барча образлар, қаҳрамонлар қилмиши ва исмлари ўзича қолдирилган,менинг қиёфам эса Ҳазрат Қодирийнинг Отабек Юсуфбек хожи ўғли қиёфасига яқинлаштирилиб, Дадахон исми Отабекка, Ёқубжон (отамнинг исми) Юсуфбек номига ўзгартирилди. Қисқаси романдан келтирилган парчада ўғлимга Зафарга айтилган “Икки оғиз ҳаётий гаплар” акс этган. Роман 2010 йилда қўлёзма тарзида ёзиб, тугалланган.
“Отабекнинг ёши олтимишларга яқинлашиб қолган бўлса ҳам эски қолибда, китобларда ўқиган, ота-боболардан ўрганган эзгу фазилатлар қолипидан чиқа олмас эди. Кўп ҳолларда ўғли Зафар ҳам отасидаги ўта кўнгилчанликни сезар, унинг ҳаммага ҳам ишонавериши ва болаларга хос самимий хислатларидан панд еб қолиши мумкинлигини айтгиси келарди. Аммо у ҳеч қачон отасининг райига қарши бора олмасди. Шу туфайли кўп гапларни ичига ютарди. Унга гап қайтармас, фикр ҳам билдирмас эди. Чунки отаси ўғли Зафар учун ижодкорларга хос кўп фазилатлари билан ибрат эди. У отасидан университетларда эшитмаган, журналистик фаолиятнинг ўзига хос сир-асрорларини болалигиданоқ руҳига сингдирган эди. Аммо тижорат, хайрия, пул ва молияга алоқадор ишлар ўғлига ёқмас, отасининг чор-атрофини фирибгар, ёлғончи, очкўз ва худбин одамлар ўраб олганлигини билиб, жаҳли чиққанда икки оғиз сўз билан “фириб” ёки “фуфло” деб қўяр эди.
Зафар телевизион ижодга болалигидан қизиқар, отаси муҳбир бўлиб ишлаган пайтларида унинг ёнида юришни, суратга олиш жараёнларини томоша қилишни яхши кўрар эди. Оилавий альбомларида бир сурат сақланиб қолган экан. Уни фотомуҳбир Асқар Саматов суратга олган бўлиб, Отабек сайёҳ журналист Тошмамат Рўзибоевга микрафон тутиб, ундан интервью олмоқда. Тасвирчи Рафаэль Камолов буни суратга туширяпти. Беш ёшлар чамасидаги болакай томоша қилиб турибди. У Отабекнинг ўғли Зафар эди.
– Ота, мен ҳам журналист бўлсам, муҳбирлик қилсам бўладими? — деб сўради болакай.
– Бўлади, албатта бўлади — деди Отабек ўғлига тушунтирар экан. — Аммо бу оғир ва жуда кўп меҳнат талаб қиладиган касб. Машаққати бор, машаққати кўп, ўғлим.
– Машаққат нима?
– Ўғлим, биз бугун ана шу машаққатни суратга олаяпмиз.
Ўшанда Отабек Тошмамат Рўзибоев ҳақида “Излаганлар…” деб номланган телеочерк тайёрлаган дамлар эди. Сайёҳ журналист Тошмамат Рўзибоевнинг ўзига хос саёҳати ўз даврида улкан жасорат деб баҳоланган . Тошмамат Рўзибоев 1969 йилда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари Шароф Рашидов номига В.И.Лениннинг 100 йиллиги муносабати билан “Ленин изидан…” деб номланган саёҳатга чиқиш нияти билан мурожаат қилади. Унинг истаги ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланади. Тошкентда уни катта тантаналар билан кузатишади. У Қозоғистон орқали Сибирга, сўнгра Қозон, Нижний Новгород, Москва, Ленинград, Выборг, Ульяновск каби шаҳарларга пиёда саёҳатга чиқади. У ёлғиз ўзи тахминан ўн минг километрча масофани босиб ўтиб, йўл очеркини ёзади. Унинг бир неча йўл очерклари, таассуротлари ёш журналист Шароф Убайдуллаев таҳрири остида “Совет Ўзбекистони” газетасида чоп этилиб туради.
Тошмамат Рўзибоевга ушбу саёҳат муваффақият олиб келмади. У яқинларидан узоқлашади. Оилавий муаммолар пайдо бўлади. Аниқроғи, оиласи барбод бўлди. Сафар чарчоқлари билан йўл азобини бошидан кечирган ижодкор учун ижодий изланишлари ҳам кўнгилдагидек натижа бермайди. Унинг устида давлат ҳам омадсиз одамни ҳамиша ҳам қўллаб-қувватлайвермаслиги аниқ бўлиб қолди. Катта “шов-шув” билан бошланган тадбир тез фурсатда унутилади. Орзулар саробга айланади.
Совет империяси идеологияси найрангларидан қанчадан-қанча нисор қалблар азият чекди. Улардан бири “Совет Ўзбекистони” газетасининг мухбири Тошмамат Рўзибоев эди. Отабек ўшанда унинг оила аъзолари билан учрашиб, рафиқаси билан яраштиришга уриниб кўради. Кўрсатув намойиш қилингандан сўнг, одамлар яна шундай фидойи инсонлар борлигини билдилар. Бир неча йиллардан сўнг Отабек яна Тошмамат аканинг хонадонига борган эди. Маълум бўлишича, у оиласини қайта тиклай олмабди. Сайёҳ журналист Тошмамат Рўзибоев Сирдарё вилоятининг қишлоқларидан бирида ёлғиз яшаб дунёдан кўз юмиб кетибди. Бутун бир жамиятнинг инсон тақдирига шунчалар бефарқ қараганлиги Отабекни чуқур ўйга толдирган эди, ўшанда. “Излаганлар…” деб номланган ушбу телеочеркдан қолган ягона хотира, ана шу сурат.
Бу юртдан не-не журналистлар чиққан. Ҳамма ҳам Шароф Рашидов каби таниқли ёзувчи, журналист ва давлат арбоби бўлиб етишавермайди. Айтишларича, бу касбдан оғир касбнинг ўзи йўқ. Турли бахтсиз ҳодиса сабабли ҳалок бўлган шахтиёрлар сонидан ҳалок бўлган журналистларнинг сони кўпроқ экани қайд этилган. Бу оғир касбни Отабекнинг ўғли ҳам танлади. Зафар ҳам бир сўзли, қатъиятли. Лекин унга ўхшаган журналистларга талаб кам. Миллий университетнинг магистратурасини тугаллаган бўлса ҳам, ҳали тайинли иш топгани йўқ. Отабекнинг ўзи ҳам кейинги йигирма йиллар давомида бирорта таҳририятдан кўнглига ёққан, аниқроғи, қўлидан келадиган иш топган эмас. Ўзбекистон телерадио ташкилотига, Кино агентлигига, Ҳужжатли фильмлар студиясига ўз лойиҳаларини тақдим этиб, ўн йиллар давомида кўп марталаб оддий иш сўради. Аммо хеч ким унга эътибор ҳам қилмади. Бу идораларда ўшандан
буён раислар, бошлиқлар алмашаверди, Отабекка боғлиқ муаммо эса қолаверди, ечилмади. Унга ҳам алам қилади. Отаси Ёқубжон ота бод-бод такрорлаган гапни эслайди: “ Ўғлим, иложини топсанг, телестудиядан қетма, ҳатто қоровул бўлиб ишласанг ҳам розиман!” Бўзчи белбоққа ёлчимас”, деган мақол журналистлар учун айтилган бўлса ажаб эмас.
1990 йилнинг 21 март куни Ўзбекистон телевидениесида биринчи марта “Наврўз” узлуксиз телемарафони ўтказилган эди. Ушбу кўрсатув ўзбек халқининг меҳр-шафқат чақириғи бўлиб, бутун элни бир мақсад сари бирлаштирди. Ёрдамга мухтож қариялар, бева-бечоралар, кўп болали оилалар, етим-есирлар, ногиронлар ва беморлар учун, энг аввало, меҳр рамзи сифатида миллионлаб сўм маблағ йиғилди. Одамларни савобли ишларга чорловчи умумхалқ бонги, айтиш жоиз бўлса, жамиятни ғафлатдан уйғотувчи озон бўлди. “Наврўз” кўрсатуви йигирма беш соату, тўққиз дақиқа бетўхтов давом этди. Кўрсатув муаллифи ва олиб борувчиси Отабек эди. Унга катта шон-шуҳрат ва муваффақият келди, элнинг улуғ олқишига сазовор бўлди. Ўша кунларнинг бирида унинг хонадонига ўнлаб мухбирлар келишди. Унинг ғарибона кулбаси одамлар билан гавжум.Мухбирлардан бири суратга олиш жараёнида унинг оила аъзолари билан суҳбатлашди. Хотини Ферузабонуга мухбир савол билан мурожаат қилди:
— Турмуш ўртоғингизнинг бу муваффақиятида Сизнинг ҳам улушингиз бор деб ўйлаймиз, шундайми?
— Билмасам. Мен уч фарзанд билан уйдаман. Ўзим туғруқхонада доя бўлиб ишлайман. Эрим қувонса, қувонамиз, истироб чекса, куямиз. Оғир экан. Худога шукур. Унинг бу ютуғи кўп марта, йиллаб қилган ижодий ишланишлари, бедор тунларининг ҳосили бўлса керак, — деб Ферузабону йиғлаб юборган эди, ўшанда. Сўнгра мухбир микрафонни беш ёшдаги Зафарга тутди:
— Ўғил бола, сен катта бўлсанг ким бўласан, ким бўлмоқчисан?
— Мен Отабек Юсуф бўламан, — деб жавоб берди у. Унинг бу сўзини миллионлаб томонабинлар кўрдилар. Баъзилар бу гап болакайга атайлаб ўргатилган, деган фикрга ҳам келди. Аслида бу ўйламасдан, кутилмаганда айтилган жавоб эди. Онаси уни шифокор бўлиши хоҳларди. Мен ўғлимнинг ҳуқуқшунос бўлишини истардим. Унинг назарида отаси энг яхши одам, эзгу ишларни қилувчи инсон. Тоғаси Шуҳрат заводда инженер бўлиб ишлайди. — Сени даданг “жиннича” телестудияда ишлайди, нима иш қилиши аниқ эмас, иш вақти ҳам белгиланмаган, кеч тунда уйга кириб келади. Баъзан неча кунлаб келмайди ҳам. Даб-дурустдан сафарларга кетиб қолади, — дерди. Зафарнинг — Отабек Юсуф бўламан, — деган нияти унинг вужуди билан улғайиб, руҳи билан юксалиб борди. Шу ният сари интилди.
— Зафар, ўғлим, — деди Отабек. — Сен бошқа касбни танламайсанми? Журналистликдан бойиб кетган бирор кимсани билмайман. Ҳеч бўлмаса сартарош, чилангар ва чеварликни ўрганиб қўйсанг, ҳаётда асқотади. Мен ҳам Тошкент зилзиласи йилларида, талабалик вақтимда қоровул бўлиб ишлаганман, қурилишда плиткачи бўлиб ҳунар ўрганганман. Журналистнинг иши осон эмас. Баъзан керак бўласан, баъзан эса, кераксиз.
Кунларнинг бирида Миллий университет журналистика факультети талабалари билан Отабекнинг учрашуви бўлган эди. Учрашувда талабалардан бири унга савол билан юзланади: —Ҳурматли устоз, сизга анъанавий савол билан мурожаат қилмоқчиман. Қайта дунёга келсангиз яна, албатта, шу касбни танлайсизми?
—Саволингиз ўз жавоби билан эканлигини сезганга ўхшайсиз. Кеча телевизорда Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова билан ижодий мулоқот бўлди. Кўпчилик кўрган бўлса керак. У “Яна қайта туғилсам, албатта, яна хонанда бўламан”, деди. Аллоҳ таоло яна қайтадан яшаш имконини берса, мен бошқа касбни танлар эдим. Чунки журналист сифатида мен қўлимдан келганича хизмат қилдим.
Талабалар Отабекнинг сўзини давом эттиришга йўл қўймадилар. Кўпчилик бу жиддий жавобдан таажжубга тушса, кўпчилик шунчаки ҳазил жавоб деб қабул қилдилар. Талабалар ўз саволларига аниқроқ жавоб кутардилар. —Унда айтинг, қайси касбни танлаган бўлар эдингиз? “Мен прокурор бўлар эдим”. Отабекнинг бу жиддий жавобини, барча журналист талабалар тушундилар. Улар бу жавобдан қониққан эдилар.
Ўғли Зафар масаласига келсак, у ҳам ана шундай руҳда тарбияланган, қолаверса, улғайган эди. У отасининг саволига, — мен миллионлаб одамларга телевизор орқали беш ёшимдаёқ Отабек Юсуф бўламан деб ваъда берганман. Демак, журналист бўлишим керак. Сизнинг ишингизни давом эттиришим ҳаётимнинг мазмунидир. Аллоҳ ҳар бандани ўзи яратади, ўзи ризқлантиради. Бир амаллаб болаларимни боқиб оларман, — дея жавоб қайтарарди. — Иншааллоҳ болам, орзуларинг ўшалсин. Мени ва касбимни улуғлаяпсан, сени Аллоҳ улуғласин, эл-юрт эъзозласин, ижодий ютуқлар сенга хамиша ёр бўлсин, — дея Отабек ўғлини дуо қилади.
Отабекнинг ўғли ҳам Миллий университетнинг журналистика факультетида тақсил олгани учун бўлса керак, доим отасини огоҳлантирарди:
— Дада, “фалон” фандан дарс берувчи ўқитувчи талабалардан баҳо эвазига пора олади. Уни ҳеч ким ҳурмат қилмайди, — дерди.
— Нима, сен мени шундай тубанлик қилишим мумкинлигига ишонасанми? Биласанку, мени!,— Отабек ўғлини койиди.
— Йўқ. Ишонаман, аммо ўртада шайтон бор. Ахир, менинг ўқишим учун шартнома маблағини ҳам бир амаллаб тўлаяпсиз, оиламизда фақат ўзингиз ёлғиз ишлайсиз. Онам ишламаса. Менинг аҳволимни ўзингиз кўриб турибсиз.
— Ғам қилма ўғлим, мен келажакдан пора оламанми ёки сенинг юзингни ерга қаратаманми?
Буюк ёзувчи Чингиз Айтматовнинг катта ўғли Санжардан газета мухбирлари сўраб қолишади: “Отангизнинг дунёда машҳур асарларидан қандай фалсафа ёдингизда қолган?”. У жавоб беради: “Сиз мендан отамнинг фалсафасидаги умуминсоний қадриятларни куйлагани, дунёнинг миллат ва чегарабилмас адибига айлантирди, деган жавобни кутмоқдасиз. Аммо мен унинг “Фудзиямага кўтарилиш” пъесасидаги “ бугунги кунларда инсон қандай қилиб, инсон бўлиб қолиши керак!”, деган ҳитобининг мағзини
чақишга интиламан. Асарда илгари сурилган ғоянинг қудрати ҳам шунда”,— деган эди Санжар Айтматов.
Ҳа, инсон инсонлигича қолиши керак.
Абу Лайс ас-Самарқандий “Танбеҳ-ул ғофилин” деб номланган асарида касб офати ва ҳаромдан ҳазар қилиш деб номланган бобида шундай айтади: “Бу гапни бир зоҳид тафсир қилган: Амирлар халқнинг тартибини сақлашади. Олимлар пайғамбарларнинг меъросхўрлари. Улар халққа охиратни англатиб туришади ва одамлар уларга эргашади. Қуролли аскарлар Аллоҳнинг аскарлари. Улар мусулмонлар тинчлигини сақлаш учун керак. Аммо чўпон бўрига айланса, подани ким боқади, ким сақлайди? Олимлар илмни ташлаб, дунё билан шуғулланиб кетишса, халқ кимга эргашади? Аскарлар юқори мансабга интилса ва таъма учун чиқса, халқини душмандан қандай ҳимоя қилади? Касб эгалари ҳиёнат қилсалар, одамлар улардан қандай омонлик топишади?”
Истайсизми, йўқми, журналист бу — олим, олим бўлганда ҳам ҳар куни, ҳар он, ҳар лаҳза кашф қилувчи олим. У одамларни эзгу ишларига бошлайди. Эзгулик манзили томон етаклайди. Гоҳида амирлар мисоли ўз ижоди билан халқ тартибини сақлайди, одамларни ҳалолликка чорлайди. Керак бўлса, эл бошига иш тушганида кўкрагини қалқон қилади. Чўпонларнинг бўри бўлмаслиги учун қайғуради. Агар улар ўз касбларини ташлаб кетишса, халқ кимга, нимага эргашади. Ҳақни, ҳақиқатни, адолатни топиш осон эмас. Бу йўл, ҳавф-хатарли йўл. Аммо жаннат йўлидир. Аллоҳнинг ўзи бу йўлда мададкор бўлсин. Барча ёмонликлардан ўзи асрасин. “Ўғлим Зафар муродига етсин. Иншаллоҳ, элнинг севимли ижодкори бўлсин”.
Энди икки оғиз ҳаётий гапни Куни кеча KAMALAK–PRESS нашриётида босмадан чиққан “РАВО” деб номланган шеърий тўпламимдан иқтибос келтириб, фикримни якунласам…

МАНФААТ ТОПГАЙ…
( ўғлим Зафарга)
Дўст деб кўнглинг очмагил, маккорлар манфаат топгай,
Эй ўғлим, борингни сочмагил, бекорлар манфаат топгай.

Билиб-билиб ишингни қил, мақсад сари йўл топарсан,
Кўплар сенга бўлар одил, ночорлар манфаат топгай.

Бу дунё қасти ўрмон бил, шеру йўлбарс оч назардир,
Эртакда ўша Сусамбил, айёрлар манфаат топгай.

Тўрт тараф оҳуга чимбил, бўри мақоми баковул,
Тулкилар доим ясавул, дастёрлар манфаат топгай.

Юз-бети қаттиқлар жоҳил, рибодин бойлик йиғсалар,
Имонин унутган ғофил, беорлар манфаат топгай.

Тарози палласи икки бил, жаҳаннам унда ҳам бунда,
Экканидин йиғиб ҳосил, нисорлар манфаат топгай.

Одамлар яшар турфа хил, ҳар ненинг жавоби восил,
Ўзни савобга муҳтож бил, беморлар манфаат топгай.

Яратганни сирдош бил, гуноҳ нима бўлгин огоҳ,
Сабр-ла жонинг асрагил, дўсти ёрлар манфаат топгай.

Оқибатни ажир деб бил, Дада Зафар отанг, сўзим,
Меҳринг қуёшидин кўп дил, ашъорлар манфаат топгай.

Дадахон Ёқубов