Сардор Салим: Камида ўзингизни алдаманг, ёлғонда яшаманг

Эски даврлар қайтяпти деган гапларни кўп учратяпман шу кунларда. У даврлар ҳеч қаерга кетмаган эди, аслида. Кетмайди ҳам, чунки у даврларни қайтмаслигини кафолатлайдиган зарурий ақлий ва аҳлоқий жаҳдни биз уддалолмадик.

Президентлар алмашгани, умуман олганда, ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Имитация эмас, ҳақиқатдан ҳам ижобий ўзгаришлар сиёсатдан ҳам муҳимроқ нарсаларга боғлиқ. Ҳусусан, ўзбек жамиятига янги аҳлоқ керак. Бизнинг таназзулимиз иқтисодий ёки сиёсий эмас, аҳлоқий таназзулдир. Бу фақат бизнинг эмас, бутун пост-совет ҳудуднинг муаммоси. Поляк диссиденти Адам Мичник “Коммунизмнинг энг ёмон жиҳати- у ўзидан кейин қолдирган меросдир” деганда мана шу аҳлоқий бўшлиқни назарда тутган. “Важнее чем политика” деб гугласангиз, бу борадаги рус жамиятида бўлаётган бахсларни кўрасиз.

Ҳозирги олигархик ёввойи капитализм, зулм, адолатсизликлар, зар билан зўрнинг ҳукмронлиги жамиятдаги аҳлоқий бўшлиқ ва ориентирлар йўқолганининг мантиқий ҳосилидир.

Бизнинг фожиамиз, мустақил бўлгандан кейин ҳам янги аҳлоқни шакллантириш масаласига жиддий ёндашмаганимизда. Иқтисодни бирламчи деб билдик ва адашдик.

Ким янги аҳлоқни шакллантиради? Президент, умуман амалдорлар синфи бунга қодир эмас. Хоҳласа ҳам, амалдор қўлидан “манавият ва маърифат” каби фуфло чиқади.

Мен бир пайтлар диний уламолардан умид қилар эдим. Лекин на сарой уламолари, на норасмий диндор етакчилар бунга қодир эмаслиги кундек равшан бўлиб турибди. Дунёвий зиёлилар ҳам бу ишни эплайдиганга ўхшамайди.

Хуллас, постдан мақсад…давлатдан, имомлардан, журналистлардан ва ҳкзлардан ҳеч нарсани кутманг. Файласуфлардан бири айтганидек, давлат муаммоларингизни ҳал қилмайди, давлатнинг ўзи – муаммо. Уламо ҳам муаммо, рус тилига расмий мақом сўраган ўзбек зиёлилари ҳам.
ДEМАК, ҳар ким ўзини ўзи ислоҳ қилсин, ҳозирча қилинадиган ягона иш шу. Қандай қилиб? Масалан, камида ўзингизни алдаманг, ёлғонда яшаманг.

Sardor Salim