«ТЕСКАРИ ТЕНГЛАМА» ёхуд ИККИЧИЛАР АЪЛОЧИЛАРДАН ОМАДЛИРОҚМИ?

Болалигимда ота-онам яхши яшаш учун яхши ўқиш кераклигинини кўп бора такрорларди. Шу боис, зўр бериб китоб ўқишга илм олишга интилар эдим. Биринчи партада ўтирар, дарсларда фаол бўлар, хуллас аълочи ўқувчи бўлишга тиришар эдим. Шу хатти-ҳаракат инъкоси улароқ олийгоҳга кирдим, сўнгра ўқишни битириб ишга жойлашдим. Назаримда ҳаммаси жойида эди, токи ҳаётимда бир воқеа содир бўлмагунга қадар. 

Мактабда дарсим бор, бунинг устига синф раҳбарман болаларнинг давомати яхши бироқ ҳар пайшанба куни синфнинг яримидан кўпи дарсга келмайди. Улар билан турли методларда гаплашиб кўрдим, тўғри тушунтирдим, илтимос қилдим ҳаттоки дўқ ҳам урдиб кўрдим айбдорона бош эгиб, “Ҳўп”- дейишади-ю, аммо фурсат етганда яна эски ҳаммом эски тос?!
Бир куни дарсимни бошқа бир ҳамкасбимга омонат қолдириб уларни ахтариб йўлга тушдим. Биронтасини уйидан тополмадим, синфимда қолган ўқувчиларнинг тавсияси билан пайшанба, якшанба куни бўладиган ўша мактабга яқин ҳудудда жойлашган эски бозорга қараб йўл олдим.
Дарҳақиқат, уларнинг ҳаммаси бозорда, бири арава тортар, бири писта, бири ичимлик сотарди яна бири бошқа нарса…
Ҳаммасини енгидан тортиб мактабга олиб келдим ва тарбиявий соат ўта бошладим. Шунда ўқувчиларимдан бири тилга кирди.
– Устоз сир бўлмаса қанча ойлик оласиз.
Тўсатдан нега бу саволни берганига тажжубландим. Ўқитувчининг ўртача маоши ўша пайтларда 360-400 минг сўм атрофида эди. Кўнглим бир нарсани сезгандек, жўртага ошириб айтдим.
– 500 мингдан ошиқ маош оламан, хуш бу сенга нимага керак?
– Йўқ шунчаки, ҳафтада бир кун дарсга қатнашмасак нима бўпти…? Биз бу билан саводсиз бўлиб қолмаймиз-ку! Ота-онамизга, оиламизга озироқ ёрдам қилишга ҳаракат қилаяпмиз? Кейин ўқиб сизларга ўхшаб ойига 500 минг учун ишлаб юраманми, мен бу пулни бир ҳафтада топаман устоз!
Ҳайратланганимдан “–йўғ-ей”, деб юборишимга оз қолди.
Ичимдагини сиртимга чиқармасликка тиришиб уларга, худди ота-онам бир замонлар айтганидай:
– Яхши яшаш учун яхши ўқиш кераклигинини, улар учун ҳозир пул эмас, ўқиш муҳим эканлигини, тушунтира кетдим.
Бироқ бу фикрларни забоним сўзлардию, аммо ичимда нимадир дарз кетганди, айтаётган сўзимга ўзим ишонмасдим, чунки Алберт Камюнинг “Мактаб бизни дунёда мавжуд бўлмаган ҳаётга тайёрлайди” деган хитоби хаёлимдан бот-бот ўтарди.
Дарҳақиқат, мактабни битирганимиздан буён ўн беш баҳор келиб кетган, анча сувлар оқиб ўтганди.Ўйлаб қоламан мен сингари мактабда ва кейинчалик ҳам аъло баҳоларга ўқиганларни хаёлан бугунги кунига назар ташлайман.Баъзилари ҳали рўзғорини алоҳида қилишга улгурмаган, баъзилари номи улуғ супраси қуруқ чориғини зўрға судраб юрибди.Мен кабилари портфильини қўлтиқлаб, бир неча чақримлаб мактабга қатнайди.Энг қизиқ томони шундаки, мактабда эплаб исмини ёза олмайдиган синфдошларимизнинг аксари уйларини қаср монанд юксалтириб, қўша-қўша мошина олишга улгурган эди.
Алам қиларли жиҳати бир баҳонаи сабаб синфдошлар йиғилганда бир умр дафтарингдан кўчириб мактабни битирган бола сенга “ақл” бўла бошлайди.
Нима учун иккичиларнинг аксари иқтисодий ва бошқа жиҳатдан яхши яшайди.Нима учун аълочилар бундай ҳолатга тушиб қолишади.Шу кундан бошлаб ана шу “нима учун”ларга жавоб ахтара бошладим.
Интернетдан олган маълумотларимга кўра бу саволга Британия Олий университети профессорлари ҳам жавоб излаб кўришган экан.
Унга кўра иккичилар ҳаётда жуда кўп нарсани ўйлаб сиқилавермас экан. Бу эса уларга кейинчалик дуч келган ишга жойлашиб кетишга кўмак бераркан. Улар бу ишда ўсаманми, йўқми деган саволни деярли ўзларига беришмас экан. Яна бир қизиқ жиҳати иккичиларда уят деган ҳиссиёт унча ривожланмаган ёки ота-оналарнинг, ё атрофдагиларнинг танбеҳини эшитавериб ўрганиб қолган бўлар экан. Бундан ташқари иккичилар ҳеч қачон таваккал қилишдан қўрқишмас экан. Сабаби уларнинг йўқотадиган нарсаси ҳам бўлмас экан-да!
Шунингдек, иккичилар доимо сувдан қуруқ чиқишар экан. Уларни ҳеч ким пайқамас, ҳеч нарсага жавобгар қилмас экан. Улар билан ҳеч кимнинг иши бўлмаганлиги сабабли, иккичилар индмайгина ўз ишларига эга бўлишар ва бир жойда узоқ вақт ишлайвериш орқали яна ҳам баланд пағоналарга ўсишлари учун замин яралар экан. Дарҳақиқат, бу сўзнинг исботини ўқитувчилар жуда яхши билишади. Айниқса четки ҳудуддаги мактабларни ўрганишга борганингизда юз нафарга яқин педагогик жамоадан бармоқ билан санарли ўқитувчиларни такрор ва такрор педагоглар фаолиятини ўрганувчи ишчи гуруҳларига рўбаро қилишаверишади. Ишчи гуруҳнинг вазифаси шу барибир камчилик топилади. Энг қизиғи ўша бармоқ билан санарли ўқитувчилар ҳам ишни қилишади ҳам гапни эшитишади. Директор ва унинг ўринбосарлари ҳомийлигидаги хат-ҳужжати-ю, саводи ғовлаган иккичилар гуруҳи эса, ҳар доимгидек хавф тўғилиши билан дом дараксиз йўқолиб қолишади.
Бўрон тиниб, ишхона шаффофлик рўдасига бурканганда, момақалдироқдан қўрққан қўзиқоринлардай, муҳтарам иккичилар бирин кетин, қаддини ғоз тутганча ёруғ юз билан ишхонада пайдо бўлишади.Ва одатдагидек, комиссия келганда кўксини қалқон қилиб, ишхонаси ва жамоаси учун курашган ўша бармоқ билан санарли “ишёқмас”ларни раҳбарият томонидан жазоланишини қарсак чалиб кузатишади.Бу борада минглаб мисол келтириш мумкин, яна асосий гапга қайтадиган бўлсак. Масаланинг яна бир томони борки, иккичиларнинг аксари ёшлигида ўзига тўқ оилаларда катта бўлади! Бундай оилаларда ота-она фарзандига ҳаётда ўз ўрнини топишга ҳам моддий ҳам маънавий томондан ёрдам беради. Улар яхши яшаш учун фақат яхши ўқишнинг ўзи етарли эмаслигини балки, аввал иқтисод кейин сиёсат эканлигини уқдиришади. Ва улар ўз навбатида ўқувчилик давридаёқ, турли йўллар билан мустақил равишда пул топиш ҳаракатини бошлаб юборишади. Бироқ аълочилар мана шу оддий ҳақиқатни англаб етишлари учун бир неча ўнлаб йилларни бой бериб қўяди…
Хаёлимдан шу фикрлар ўтар экан, бугун бозорга чиқмай, дарсларни ҳам қолдирмай, қулоғини динг қилиб, бутун вужуди билан билим олишга берилган синфимдаги аълочи ўқувчиларни кузатиб туриб беихиёр уларга раҳмим келиб кетди…
Абдулла ЧИМИРЗАЕВ

Abdulla Chimirzayev