Мутахассисларимиз кўп йиллаб раҳбар-фуқароларни самарали лақиллатиш стажига эга

Тадбиркорликка кенг имкониятлар очилгани ва давлат хизматлари аутсорсинг қилиниши – давр талаби эканини ҳисобга олган ҳолда:

“Халтўра Мухлўфка Шамғалат” МЧЖ маъсияти чекланмаган жамияти қуйидаги хизматларни таклиф этади:

Олий тоифали раҳбарларни муносиб кутиб олиш, жойлардаги кам-кўстларни ва оқиб ётган шалтоқларни самарали яшириш йўналиши:

1. 24 соат ичида катта йўллар четида сохта иссиқхоналар барпо этиш ва ичини кўкариб тургандек кўринишга келтириб қўйиш.
(Узоқдан кўриниб турса бўлаверадиган арзончи вариант танлаш имкони бор. Бунда иссиқхона атрофи ишлатилган ярим чириган полиэтилен билан номига ўраб чиқилади ва бир қисмига яшил краска теккизиб чиқилади. Тўкилиб кетмаслик муддати – 3 кунгача.)

2. Раҳбарлар ўтадиган йўллар четига, борадиган жойларга вақтинчалик гул ва арчаларни 24 соат ичида қаторлаб суқиб-тиқиб қўйиш хизмати. Қовжираб-сўлиб қолмаслик муддати – ёзда 2 кун, қишда 3 кунгача.
(Эконом вариантда илгари бошқа жойда экилган ва сўлий бошлаган гул-арчалардан фойдаланиш имкони кўзда тутилади. Раҳбар бир неча ҳудудни айланиб чиқаётган бўлса, бир жойга “экиб”, у жойдан кетган заҳоти кўчатларни кавлаб олиб, кейинги ҳудудга етиб бормасидан илгарироқ бориб худди ўша кўчатларни янги жойга қайтадан суқиб чиқиш – “карусель” операцияси тавсия этилади. Бу раҳбарни “лох” қилишни бир неча баробар арзонлаштиради.)

3. Кортеж ўтадиган йўллар четидаги пахталар чаноғига қўшимча момиқлар жойлаб серҳосил қилиб кўрсатиш. Ёки баҳорий мавсумда шафтолилар новдаларига пушти гулқоғоз ёпиштириб чиқиб, қийғос гуллаш эффектини бериш хизматлари.
(Пачоқроқ раҳбар ўтадиган бўлса, эски увада пахта лахтаклари ва пуштига бўялган хожат қоғозларидан фойдаланиш арзонга тушади. Иш шошилинч 12 соат ичида бажарилиши керак бўлса, ёпиштирувчи дронлардан фойдаланилади, икки баробар қимматроқ. Қўл меҳнатида – 24 соатда бажарилади. Шамолда титилиб кетиш муддати – 3 кунгача.)

4. Йўл четидаги хонадон деворларини бир томонини яшилга бўяш; томнинг йўл тарафини қизилга бўяш; симёғочларни, тут-тўнкаларни ва молқозиқларни оҳаклаб ташлаш хизмати. (Ранги унниқиб кетмаслик муддати – 7 кунгача.) Бунга ажратилган пуллар аллақачон “жой”ини топиб кетган бўлса, яқин атрофдаги тадбиркорлардан пул суғуриш, коллекторлик хизматлари. Қайси тадбиркор қанча бера олишини ва соғиш потенциалини аниқлаб бериш, тижорий айғоқчилик хизматлари – бепул бонус сифатида тақдим этилади.

(Жуда шошилинч ва арзон вариантда, ёки худуд ландшафти абжағи чиқиб ётган ҳолларда – девор ва томларга вақтинчалик қоплаб қўйиш учун яшил ва қизил фонли кенгформат босмали баннерлар ишлатиш тез ва самарали танлов. Бу баннерларни кўп марталаб кўзни шамғалат қилишда ишлатиш мумкин, бу раҳбарни лақиллатишни арзонлаштиради.)

5. Асосий йўлни 24 соат ичида наридан бери асфальтлаб ташлаш ва кўз илғайдиган ён кўчаларни 100 метргача асфальтсимон алламбало қотишма билан қоплаб қўйиш хизматлари. Титилиб яроқсиз бўлмаслик муддати – 15 кунгача.

Бу энг серхаражат тадбирлиги ҳисобга олган ҳолда, муҳандисларимиз ишлаб чиққан янгича “эконом” услуб таклиф этилади. Яъни бузилган-қўпорилган кўчалардан чиққан эски асфальт бўлакларини сал майдалаб, бир сидра сепиб чиқиб, устидан юпқа янги мазут қоплама билан маскировка қилиб қўйиш. Агар раҳбар ўтиши 10-15 кун аввалроқ маълум бўлса, бу чиқинди асфальт қатлами олдиндан ғадир-будир сепиб қўйилади ва текисланмайди. Ўтган-кетган автоуловлар сакраб-сакраб юриб ўтиб, ўзи 10-15 кун ичида бу қопламани текислаб қўяди ва шу билан асфальт ётқизадиган махсус транспорт харажатлари ҳам тежалади.

6А. Йўллар четига ёш болалар-қизалоқларни офтоб тиғига қатор териб қўйиб, қўлига байроқ ушлатиб қўйиш хизмати. Гўёки мартабали меҳмонни интиқлик билан кутиб олаётган беғубор ёш авлод эффекти ҳосил қилинади. Ота-оналардан ортиқча шикоятлар олдини олиш учун иссиққа чидамли, чўлда ўсган чурвақаларни меҳрибонлик уйларидан танлаб олиш варианти ҳам мавжуд.

6Б. Йўллар четига қария отахон-онахонларни қатор териб қўйиб, гўёки ўтаётган улуғ зотни дуо қилиб тургандек эффект бериш хизматлари. Арзон вариантда қариялар бомжлардан ва вино-водка дўконлари тагида думалаб ётган фуқаролардан саралаб олиниши кўзда тутилган.

7. (Новинка! Янги хизмат!) Раҳбарлар хавфсизлигини таъминлаш хизматининг йилдан йилга ирганчиқ бўлиб кетаётгани ҳисобга олган ҳолда, йўл четидаги уйларнинг хожатхоналарига мўралаб, текшириб чиқиш хизмати 2019 йилдан жорий қилинди. Ҳар бир хожатхона учун 1 доллар фикс-прайс. Бунинг ичида: хожатхонада террорчилар ёки снайперлар беркиниб олмаганига ишонч ҳосил қилиш, ўра (унитаз)лар ичига махсус чангак ва сим тиқиб ёт жисмлар йўқлигини текшириш ва раҳбар ўтиб кетгунча ҳеч кимни хожатга чиқармасдан, чангаллатиб бўлсаям ушлаб туриш киради.

Бизнинг сервислар ишончлилиги ва бирон мартаям “палево” бўлмаганлиги билан ажралиб туради. Мутахассисларимиз кўп йиллаб раҳбар-фуқароларни самарали лақиллатиш стажига эга. Энг қалтис вазиятларда ҳам сувдан қуруқ чиқишингизга кафолат берилади! Бизга мурожаат қилинг ва кўп бош оғриқлардан қутулиб қолинг!!

Azamat Andreev