ИСЛОМХЎЖА

Ўз вақтида етарлича шов-шувга сабаб бўлган Исломхўжа тарихий фильмини кеча ваниҳоят томоша қилишга муваффақ бўлдим. Оддий бир томошабин сифатида ушбу фильм ҳақидаги фикрларимни сизлар билан бўлишмоқчиман.

Ютуқ томонлари
1. Қандай бўлишидан қатъий назар тарихий фильмлар, қолаверса у ўша халқ вакиллари томонидан ишланган бўлса бу ҳурматга сазовор иш деб ҳисоблайман. Мана шу ишга қўл урганлари учун фильм ижодкорларига аввало ўз ташаккурларимни билдириб қоламан.
2. Фильмда тарихий саҳналар декорациясига жуда катта эътибор берилгани диққатга сазовордир. Диққат билан томоша қилдим. Тўғриси айтсам, ўша давр учун ноодатий бўлган бирор бир жиҳатни ёки декорация элементини сезмадим. Фильмдаги костюмлар бўйича мутахассисларга респект  !
3. Режиссиёр қаҳрамонлар характерини очиб беришда уларнинг ташқи кўриниши билан биргаликда уларнинг ҳаракатлари ва нигоҳлари устида қаттиқ ишлагани таҳсинга лойиқ. Боир Холмирзаев фильмда жуда кичкина эпизодда ўйнаган бўлса ҳам ўз ишини маромига етказиб бера олган. Профессионал барибир яхшида!
4. Фильм давомида тарихий воқеаларни батафсил шарҳлаб борилгани шахсан мен учун фильмнинг ютуқли тарфларидан бири бўлди, сабаби айни вақтдаги китоб ўқишдан узоқ бўлган томошабинлар қатлами оз бўлсада ўша даврга оид ҳақиқий илмий маълумот билан қуролланади.

Камчиликлари
1. Бош ролдаги тадқиқотчининг роли фильм бошидан тишга тега бошлади то охиригача! Биринчидан актёрнинг ташқи кўринишида илм билан шуғулланувчи одамнинг манераси йўқ. Сочни пешонагача тушириб кўзойнак тақиш билан одам илмий тадқиқотчи бўлиб қолмайди. Хивага борганида тарихчи гид билан кўришди. Нима гиднинг ундан қарзи бор эдими? Қанақа муомала у? Илмий тадқиқоқчилар шунақа гапирар эканми? Хуллас, мана шу диалог ҳақиқатдан узоқ ҳолатда тузилган. Бу борада фильм режиссиёри илм одамларини кузатган ҳолда образ яратиши лозим эди.
2. Яна мана шу бош ролдаги эпизод. У фаолият юритадиган жой уйими ёки илмий текшириш институтими? Ҳар иккиси бўлганда ҳам хато! Уй эмаслиги шундоққина кўриниб турибди, унинг атрофидаги кутубхона картотекалари бундан далолат бериб турибди. У қандайдир илмий текшириш институтнинг қадимий қўлёзмалар ёки шунга ўхшаш ертўладаги кутубхонасида ўтирибди. Қадимий қўлёзмалар сақланадиган жойда бемалол шақирлатиб сув қайнатиш мумкинлигини энди кўришим. Агар шундай бўлса у ерда фильмда кўринганидек ҳолатда ишлаш мумкинми? Йўқ, ҳеч қанақасига. Фильм ижодкорлари илмий муҳитни яратамиз деб ўйлашгану лекин реалликдан узоққа кетиб қолишган.
3. Худди шунга ўхшаш яна бир эпизод бор (𝟭𝟵:𝟮𝟱). Унда бош қаҳрамон (унинг исми йўқ, фильмда уни исми айтилган жойни топа олмадим) иш жойига келиб телефонга келган қўнғироқларни эшитиш учун унинг тугмасини босади. Телефондан Хивадаги гиднинг овози келади, у тадқиқотчига ўша даврда нашр қилинган «Туркестанский курьер» газетасининг 1911 йил 17 апрель сонини юборгани ҳақида айтади. Тадқиқотчи эса столига ўтириб қанақадир конверни очиб ичидан ўша газетанинг асл нусхасини олиб ўқийди. Мана шу ерда иккита мантиқсизлик мавжуд: биринчиси конверт иш столига қандай келиб қолди? Почта ўша ергача олиб бормаса керак ҳар ҳолда. Иккинчиси қандай қилиб хивалик гид тадқиқотчига тарихий ҳужжатнинг асл нусхасини юбориши мумкин. Ҳеч йўқ нусхасини деганда ҳам ишончлироқ чиқар эди. Музей ёки қадимий тарихий ҳужжатлар сақланувчи институтлар, кутубхоналардан бундай ҳужжатларнинг асл нусхасини ҳеч қанақасига олиб бўлмаслигини илмий тадқиқот билан шуғулланувчилар жуда яхши билади.
4. Яна номувофиқлик хивалик тарихчи гид бир ўринда тадқиқотчимизни сизлаб гапиради, бир ўринда сенлайди, бироз ўтиб яна сизлайди. Бу ҳолда фильм давомида бир неча маротаба такрорланади. Бу ҳам жуда ғалати ҳолат.
5. Фильмда иккита жойда муҳим гап айтилган вақтда актёрлар кўзидаги кўзойнагини ечиб ҳайратини ифодалайди, бу ҳам хато. Чунки бунақа вақтда кўзойнак ечилмайди, аксинча яхшироқ ўрнаштириб тақиб олинади (шахсий тажриба 😁 ). Фильм охиридаги бош қаҳрамоннинг қандайдир аудиториядаги маърузасида ҳам шундай жой бор, бу ҳам хато. Чунки миопияси бор одам аудиторияга гапираётган вақтда ҳеч қачон кўзойнагини ечиб гапирмайди. Бундай кичик деталлар фильм асосий мазмунига таъсир қилмаса ҳам унинг профессионаллигига таъсир кўрсатмасдан қолмайди.
6. Хива хони Ферузхон Исломхўжани вазир этиб тайинлаш саҳнасида ҳам бир ғалатилик бор. Қандай қилиб хондан паст даражадаги одам хонга орқа ўгириб яна қўлини орқасига қилиб оли*б раиятга гердайиб қараши мумкин? Хоннинг олдидая?!
7. Хивалик гиднинг ҳаракатлари, умуман унинг образи анча ишонарсиз чиққан. Ҳошим Арслонов ўз ролини яхши ижро этган, лекин бу ердаги камчиликлар асосан режиссиёрга тегишли. Гид гапириб турган вақтда унинг атрофидагилар ундан ҳатто 10 қадамча орқада иккита-иккита бўлиб юрибди. Гид кимга гапиряпти ўзи? Қолаверса мен бирорта ўзбекнинг Хивага борганида гид ёллаб томоша қилишини бироз қабул қила олмадим. Маълумот беришнинг бошқачароқ, ҳаётий, мантиққа яқин йўлини топиш керак эди.
8. Фильм бошидаги чет элликларнинг Хивадаги рақсининг фильмга нима дахли бор? Режиссиёр бу билан нима демоқчи бўлди? Фильмда деворга осилган милтиқ кўрсатиб ўтилдими демак у фильмнинг қаеридадир отилиши керак. Бошқача ҳолатда уни шунчаки кўрсатишдан маъни йўқ.

Фильмни томоша қилар эканман ушбу сюжетдан бемалол камида 35-40 сериялик, ҳар бир серияси 1-1,5 соатлик сериал суратга олиш мумкинлиги ҳақида ўйладим. Воқеалар ривожи бундай имкониятни бера олади, фақатгина уни амалда ошириш учун ишга жиддий, профессионал ёндашилса кифоя. Биргина хонлик вазирининг ҳаёти мана шундай сериал учун асос бўла олар экан, қолган катта потенциал, жумладан Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Қўқон хонлиги, Алишер Навоий, Ибн, Сино, Бухорий ҳаёти ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Юқоридаги фикрлар оддий бир томошабиннинг субъектив фикрлари эди. Фильмни ҳали томоша қилмаганларга тавсия қиламан.

П.С. дарвоқе, мен фильми тарихий фильм эмас, аксинча ҳужжатли фильм деган бўлар эдим. Ҳар ҳолда кўрган одам бу гапимни тушунади.

%d bloggers like this: