Каримберди Турамурод: Дунёда радио жуда кўп…

Одамларимизнинг шахсий фикри йўқ! Биров сўкишни бошлаб берса, расвосини чиқариб сўкишади, мақташни бошлаб берса, маддоҳликка ўтишади.

Биттаси “Қаернинг радиоси эканини биламиз, падарига лаънат” деб юборибди.

Лаънат айтишдан олдин озгина фикр қилинг, шурадионинг озгина бўлса ҳам Ўзбекистон равнақ топишига, СЎЗ ЭРКИНЛИГИ таъминланишига, Ўзбекистонда АДОЛАТ тантана қилишига ҳиссаси қўшилаяптими йўқми? Агар қўшилмаяпти, десангиз, бурнингиздан нарини кўролмайдиган одам экансиз. Қўшилаяпти, десангиз, лаънатламанг!

Прага радиосини лаънатласангиз, Берлин радиоси, Вашингтон радиоси, Москва радиоси, Киев радиоси, Брюссел радиоси ва бошқа юзлаб радиолар қолиб кетаяпти-ку?

Прага радиосининг мақсади Ўзбекистонни обрўсизлантириш-у, қолганларники ОБРЎЛАНТИРИШми? Саволни бундай қўйишнинг ўзи нодуруст.

Дунёда радио жуда кўп. Ёққанини тингланг, ёқмаса, ўчириб қўйинг, олам гулистон!

Шахсан менга “Озодлик” радиоси неча марта мурожаат қилган бўлса, неча марта жонли эфирдаги суҳбатларида иштирок этган бўлсам, бирор марта ҳам менинг сўзларимни қайчилашмаган ҳам, бошқача талқин ҳам қилишмаган. Бир нарсани унутманглар, мамлакатимизда халқимиз фаровон яшаши учун тўсқинлик қилаётган иллатларни кўпинча ўз радиомиз, ТВ миз “Индама жим” деб турганида худди шу “Озодлик” биринчи бўлиб олиб чиққан.

Жуда кўп муаммолар “Озодлик” аралашуви билан ижобий ҳал бўлган! Марҳамат, энди мени ҳам “Озодлик”ка қўшиб, маломат қилишларингиз мумкин!

Мен адолат учун курашиб, жоним хатарда қолганида энг аввал менинг ҳимоямга “Озодлик” чиққан. Аммо ҳисбни 1:1 қилиб қўйиш учун буларни ёзганим йўқ, зеро, бугун “Озодлик” менга ўхшаган бир-иккитанинг ҳимоясига муҳтож ҳам эмас!

Каримберди Турамурод

%d bloggers like this: